Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

"Футбол-МЕД"да нима гап?

Баҳо:
+ | -

Футболда ўйинчининг соғлиғи муҳим аҳамият касб этади. Юртимизда йилдан-йилга спорт, хусусан, футбол тиббиёти ривожланиб бормоқда. Бундай айниқса, “Футбол-МЕД” шўъба корхонасининг ўрни беқиёс. Тиббий марказ фаолиятини бошлаган илк йилида клубларимизнинг танқиди остида қолиб кетган эди. Ҳозирда ҳеч бир жамоа вакили марказга нисбатан эътирозли фикрлар билдираётгани йўқ. Аксинча мақтов сўзларни эшитяпмиз. Сешанба куни “Чиғатой”га бориб, марказ раҳбари Муаззам Мелиеванинг фикрлари билан қизиқдик.

Марказнинг бугунги куни ҳақида  
- “Футбол-МЕД”даги ўзгаришлар ҳақида гапирадиган бўлсам, 2013 йилнинг декабрь ойидан бошлаб марказимизда нафақат футболчилар, балки бошқа спортчилар ҳам кўрикдан ўтишмоқда. Хусусан, оғир атлетика ва ўқ отиш каби федерацияларнинг спортчилари тиббий кўрикдан ўтиб бўлишди. Қолаверса, структурамизда ҳам ўзгаришларни амалга оширдик. Физиотерапевтик реабилитация бўлимини кенгайтирдик. Замонавий магнит терапия ва ултратовуш аппаратларини сотиб олдик. Бу жароҳат, шикастланиш, пай чўзилишдан кейин реабилитация ўтказиш имконини оширади.

Бугунги кунда марказимизда иш қизғин. Чунки олий лига клублари навбатма-навбат кўрикдан ўтишмоқда. Қувонарлиси шуки, турли терма жамоаларда тўп сурадиган футболчиларимиз мусобақалардан кейин келиб, тиббий кўрикдан ўтишмоқда. Толиқиш, чарчаш ва интерсив жисмоний юкламадан сўнг танада бўладиган ўзгаришларни ўз вақтида тиклаш учун тиббий муолажалар олишмоқда. Аҳамиятлиси, улар ўз хоҳишлари билан келишмоқда. Бундай усулда ишлаш иқтидорли, қобилиятли футболчиларимизнинг организмини ўз вақтида тикланишига ёрдам беради ва улар тўлақонли соғлом бўлиб янги мавсумни бошлашади. Марказимизнинг тиббиёт ходимлари бир нарсага амин бўлдик, йилдан-йилга футболчиларимизнинг тиббий маданияти ошиб бормоқда. Улар ўзларининг соғлиғига катта эътибор беришмоқда. Ўйинчилар ўзларининг назорат кундалигини тутиб олишганини гувоҳ бўлдик. Бу нафақат тиббиёт ходимларига, балки ўзларига ҳам мавсумни кўнгилдагидек, соғлом ҳолда ўтказишларига ёрдам беради.

Айтишим керак, бугунги кунда нафақат футболчилар ва мураббийларни, балки ҳакамлар ҳамда назоратчиларнинг саломатлигига ҳам эътиборни кучайтирганмиз. Бундан асосий мақсад, футбол соҳасида фаолият юритаётган бу инсонларни саломатлик даражасини яхшилаш ва уларнинг умрини узайишига ёрдам беришдир. Нега назоратчилар деган савол туғилиши табиий. Сабаби, бу касб эгалари ортиқча жисмоний юкламаларни бажаришмайди. Аммо инспекторларимиз бевосита ҳакамларнинг фаолиятини назорат қилишда турли хил қийинчиликларга дуч келади. Оддий мисол, уларда кун тартиби ўзгаради. Овқатланиш ва иқлим шароитида ҳам ўзгариш юз беради. Бу назоратчиларнинг саломатлигига эътибор қаратиш, уларга тиббий маслаҳатлар беришни талаб этади. Дарвоқе, назоратчиларнинг ёшини инобатга олиш керак. Илгари улар спорт билан шуғулланишган. Спортни ташлаганларидан сўнг табиий равишда организмда ўзгаришлар содир бўлади. Юрак қон томир тизимида, бўғим ва пайларда ўзгаришлар кузатилади. Қон айланиши сусаяди. Бундай ҳолат уларда турли касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Тиббиёт ходимларининг асосий мақсади назоратчиларнинг актив ҳолатини оширишдир. Чунки бу мутахассислар келажакда шогирдлар, издошларини тайёрлаши керак. Шунинг учун ҳам улар тўлақонли соғлом бўлишлари шарт. Шу кунга қадар олий лиганинг 5 – «Пахтакор», «Насаф», «Машъал», «Олмалиқ», «Локомотив», биринчи лиганинг 1 – «Машъал Академия» ва Ўзбекистон олимпия терма жамоаси аъзолари тиббий кўрикдан ўтишди.

Кўрикдан ўтишни кечиктирмаслик керак!
- Айни вақтда барча клублар ўқув-йиғин машғулотларини бошлаб юборган. Футболчининг бугунги саломатлик даражасини билмай туриб, унга жисмоний юклама бериш спорт тиббиётига тўғри келмайди. Сабаби, бу даврда организмида ўзгариш бор футболчилар интенсив жисмоний юкламаларни бажарса ўзгаришлар чуқурлашиб кетиши мумкин. Натижада даволаниш жараёнини чўзилиб кетади. Ўз-ўзидан ўйинчи мураббий кутган ўйинни намойиш қилиб бера олмайди. Ўз вақтида ўтказилган тиббий кўрик футболчиларни гуруҳларга бўлган ҳолда индивидуал жисмоний юкламалар беришга, босқичма-босқич уларнинг сифатларини оширишга ёрдам беради. Ўйинчиларда жисмоний ўсиш ҳам кузатилади. Функционал ҳолати ўрта даражада бўлган футболчилар эса, бундай юкламаларни бажариш жараёнида жисмоний толиқишга дуч келади. Толиқиш ва зўриқиш албатта юрак қон тизимида ўз изини қолдиради. Шунинг учун ҳам ўқув-йиғин машғулотларидан олдин барча мураббийлар футболчиларни тиббий кўрикдан ўтказиб, тайёргарликни бошласа мақсадга мувофиқ бўлади. Мавсум давомида ўйинчи мураббий талабига тўлиқ жавоб бера олади. Биз ўйинчини тиббий кўрикка қадар, регуляр жисмоний юкламаларни бажаришга тайёр ёки тайёр эмаслиги ҳақида руҳий-физиологик хулосани ҳам берамиз. Бирор бир касаллиги аниқланган ўйинчи вақтинча машғулотларда қатнашишга рухсат берилмайди. Бу уларнинг организмдаги касаллик бартараф қилинмагунича давом этади. Аммо уларни тўлиқ чекламаймиз. Эрталабки югуриш, бадантарбия машқлари, нафас олиш гимнастикаси, сузиш машғулотлари ҳамда ўзларининг финтларини бажаришга рухсат берилади. Айтганимдек, интенсив жисмоний юкламалардан четлаштирилади. Бундан ўйинчилар қайта кўрикдан кейин соғлиғи тикланганлига амин бўлганимиздан сўнггина машғулотларда қатнашишларига рухсат берамиз. Тиббий кўрик кечиктирилса, футболчи мавсумга тайёр бўлмайди. Энг ёмони, мавсум бошланганида у даволаниш билан овора бўлади. Шу нуқтада айрим иқтидорли ва тажрибали футболчиларни йўқотиб қўямиз. Мураббийлар буни тушуниб етишди. Чунки ўзлари амалиёт жараёнида шундай ҳолатларга дуч келишди. Натижасини қаранг, январь ойининг аввалидаёқ 6та жамоа тиббий кўрикдан ўтиб бўлди. Ойнинг қолган қисмида олий лиганинг қолган жамоалари тўлиқ кўрикдан ўтишади.

Футболчиларнинг исм-шарифи яширилиши сабаби нима?
- Айни вақтда марказимизда футболчилар қуйидаги касалликлар бўйича кўрикдан ўтишмоқда: қулоқ, кўз, тиш, жарроҳ, юрак қон томир тизими, нафас олиш тизими, марказий нерв системаси ва руҳий ҳолати, организмдаги ёғнинг фоизи, жисмоний иш қобилияти, жисмоний тайёргарлик даражаси. сийдик ва қоннинг умумий таҳлили ҳамда қоннинг биохимик таҳлили бўйича жами 12та ҳолат бўйича кўрикдан ўтишади. Агар шу текширишлардан сўнг футболчи жисмоний юкламани бажариши мумкин бўлмаган ҳолат аниқланса, унга вақтинча машғулотларда иштирок этишга рухсат бермаймиз. Масалан, қоннинг биохимик таҳлилида жигар ферментлари юқори бўлса, сийдик йўллари ферментлари баланд бўлса. Боиси, ҳар қандай жисмоний юклама жигарга оғирлик олиб келади. Шундай ўйинчиларга гепотопротекторлар берилиши керак. Футболчи тўлиқ текширилганидан кейин жигарида касаллик аниқланмаса, унга рухсат берилади. Узоққа бормайлик, олимпия термасида шундай ўйинчи аниқланди. У “Пахтакор” аъзоси. Футболчи йил давомида жуда катта жисмоний юклама олган. Касаллик аниқлангач, у тикланиш жараёнини бошидан ўтказди, сўнг рухсат бердик. Ўйинчида ишғор кислота баланси, сув-туз баланси бузилиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Бундай пайтда тиббий реабилитациядан ўтилади.

Окулист кўриги ҳақида гапирсам. Футболчиларни ҳар йили 2 марта кўрикдан ўтказамиз. Ўйинчининг кўриш фаолияти ёмонлашиб бораверади. Сабаби, улар бош билан ўйнайди, қолаверса, кўз томирлари шикастланиши мумкин. Кўриш қобилияни сусайган футболчиларни футболдан четлаштирамиз. Ҳозирда чемпионатимизда кўзида ўз вақтида операция қилиб, майдонга қайтган футболчилар ҳам бор. Бошида кўз нурида пасайиш бор бўлган ўйинчиларга рухсат бермаганимизда биздан хафа бўлишганди, кейин хурсанд эканликларини айтишди.

Жарроҳ кўриги тўғрисида тўхталсам, футболчида учинчи даражали варикацеллер – вена қон томирларини кенгайиб кетиши кузатилади. Бу бора-бора бепуштликка олиб келиши мумкин. Футболчи оила қуриш ҳуқуқига эга. Бундай вазиятда ҳам умуман рухсат бермаймиз. Буни касалликни даволатишни кечиктириб бўлмаслигини тўғри тушунтирамиз, даволаниб келишади.

Нега кўрикдан ўта олмаган футболчиларнинг исм-шарифи ОАВдан яширилади? Сабаби, биз гуманитар тизимдаги давлатмиз. Инсоннинг саломатлиги, руҳий ҳолати, жамиятда тутган ўрни биз учун муҳим аҳамият касб этади. Кўрикдан ўта олмасликнинг ўзи футболчига оғир руҳий зарба ҳисобланади. Унга вазиятни сокинлик билан тушунтирамиз. Агар фамилиясини ОАВга айтсак, унга бу ортиқча зарба бўлиши мумкин. Ўзини камситилгандек ҳис қилади. Бизнинг вазифамиз футболчиларнинг саломатлигини таъминлашдир. Соғлом спортчи ҳар доим натижа беради.

Учрашувлар давомида ўйинчиларда “Футбол-МЕД”нинг таъсирини қандай кузатиш мумкин?
- 90 дақиқа давом этадиган учрашувларда футболчининг ҳаракатчанлиги сусаймаса, унда чарчаш, толиқиш белгилари пайдо бўлмаса, оддий ҳаракатларда ҳам йиқилиш ҳолатлари кузатилмаса ва учрашувдан кейин ҳам тўп тепиш иштиёқи сақланиб қолса, демак, бу футболчи тўлақонли соғлом спортчи ҳисобланади. Ҳар бир беллашувдан кейин 3 соат давомида организмни тўлиқ тикланиб, киши ўзини бардам ҳис қилиши саломатликнинг асосий белгисидир. Эрталаб уйқудан туришни хоҳламаслик чарчашни белгисидир. Футболчилар ўйиннинг эртасига бардам, қувноқ ва юқори иштаҳа билан уйғониши керак. Овқат ейишишни истамаслиги ҳам чарчоқни белгиси. Учрашувдан сўнг тиниқиб ухлаши зарур. Уйқу нотинч бўлса ҳам чарчаш аломати ёки саломатлиги ёмонлигидан далолат беради.

Тўғрисини айтсам, тиббий кўрикни эндигина бошлаган даврларимизга нисбатан ҳозир вазият бутунлай ўзгариб кетди. Ўша вақтларда тиббий кўрик керак эмас деган спортчилар онгли равишда кўрикка келадиган даражага етиб келдик. Тиббий кўрик улар учун эканлигини тушуниб етишди. Тартиб-интизом пайдо бўлди. Бирор-бир футболчининг юзида норозилик кўрмаяпмиз. Бошида барчанинг юзида энса қотириш кузатиларди. Ҳозир салом бериб келишади. Ваҳоланки, улар бошида бизнинг саломга алик олишмасди. Бу шифокорлар билан футболчилар ўртасида илиқлик пайдо бўлганлигини англатади.

Эслайман, бошида жамоаларда тиш касаллиги бўйича кўрикдан ўта олмаганларнинг сони 80-85 фоизни ташкил қиларди, бугунги кунга келиб, улар 25 фоизга тушди. Айрим клубларда ҳатто бу 100 фоиз эди. Ҳозирги 25 фоизни асосан янги ўйинчилар ташкил қилишмоқда. Бундан ташқари, илгари айрим клубларда 45 нафар футболчидан 15 нафарида юрак қон томирида касаллик аниқланган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 4га тушди. Айримларида умуман йўқ. Чунки мураббийлар шогирдларининг соғлиғига жиддий эътибор қаратишни бошлади. Шахсан бизнинг ёш бўлса-да, Бахтиёр Ашурматовга нисбатан ҳурматимиз ошди. Ўтган йили “Гулистон” аъзолари тиббий кўрикдан ўтганида бош мураббий бошидан охиригача шу ерда бўлди. Биздан бир қатор маслаҳатлар сўради. Фармокологик дорилар берсам бўладими, деган саволлар билан мурожаат қилди. Унинг иштиёқини кўриб, схема тузиб бердик. Натижасини қарангки, ёзги кўрикда футболчилар 100 фоиз соғлом чиқишди. Сабаби, Бахтиёр футболчиларининг ухлашидан тортиб, овқатланишига ҳам қизиқди. Агар ҳар бир мураббий шогирдига худди фарзандидек муносабатда бўлса, унинг дам олиши, овқатланиши, тиббий муолажаларни ўз вақтида олаётганига қизиқса, шифокор билан ҳамкорликда ишласа, биз қайсидир бўғинда йўқотиб қўядиган футболчилар бўлмайди. Бундай мураббийларимиз қаторига Азамат Абдураимов, Игорь Шквирин, “Металлург”, “Пахтакор”, “Бунёдкор” жамоаси мураббийларини ҳам қўшиш мумкин.

Соғломлаштиришни болалардан бошлаш
- Бу яхши фикр, аммо “Футбол-МЕД”нинг имконияти чегараланган. Бутун мамлакатдаги ихтисослашган мактабларни қамраб олиш имкониятимиз кам. Лекин шундай бўлса-да, Андижондаги футболга ихтисослашган мактаб-интернати тарбияланувчилари, “Металлург” қошидаги болалар жамоалари, терма жамоага жалб қилинган болаларни тиббий кўрикдан ўтказиб келяпмиз. Яқин келажакда вилоятларда “Футбол-МЕД»нинг филиаллари ташкил қилинса, яхши бўлади. Агар бу амалга ошса, республикадаги барча ёшдаги болаларни қамраб оладик ва ўзбек футболининг соғлом пойдеворини яратилади. Президентимизнинг Республикада спорт тиббиётининг илмий амалий марказини ташкил қилиш бўйича фармони чиққан. Айни вақтда марказ қурилиши бошланган. Бу нафақат футболда, балки бошқа спорт турларида ҳам соғлом спортчиларни тарбиялашга катта ёрдам беради.

25 декабрь куни барча спорт турлари шифокорлари билан илмий амалий семинар ўтказдик. Семинардаги саволлар, маърузалар шифокорларнинг билимини янгиланишига, тўлдирилишига, спорт соҳасидаги янгиликлардан воқиф бўлишларига ёрдам берди. Шундан кейин бошқа федерация раҳбарлари ҳам қўнғироқ қилишиб, маслаҳатлаша бошлашди. Спортчиларни тиббий кўрикдан ўтиш учун тайёрлашмоқда. Бундай семинар ва тиббий кўриклар спорт соҳасида фаолият юритаётган шифокорларни жипслаштириш билан бирга ўзаро малака оширишга ёрдам беради. Илмий услубий қўлланма чиқардик. Келажакда спорт шифокорларини ассосициациясини ташкил қилиш, МДҲ ва чет элдаги ҳамкасблар билан алоқани мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва ш соҳада етук олим ҳамда олималарни пайдо бўлишини хоҳлаймиз.

Дилни хира қиладиган ҳолатлар
- Биласизми, “Футбол-МЕД” очилган пайтларда нафақат футболчилар, балки мураббийлар ҳам бизга паст назар билан қараганди. Юрагида ўзгариш бор шогирдининг ўрнига, соғлом ўйинчини жўнатишган эди. Худди биз буни сезмайдигандек?! Ваҳоланки, ўша мураббийларимиз ўзларини ҳурмат қилмаслиги ошкор бўлди. Ҳатто нуфузли кишиларни аралаштириб, ўйинчига рухсат беришимизни сўрашди. Биз футболчининг ҳолатини айтганимиздан ҳурматли кишилар бизни тушунишди, мураббийлар эса, изза бўлишди. Бир йилда икки марта кўрикдан ўтишгани учун футболчилар бизни жуда яхши билиб бўлишган. Спортчиларнинг соғлиғи давлат сиёсати даражасига кўтарилганда, мутахассисларнинг дунёқараши орқада қолиши уятли ҳолат деб ўйлайман.

Бугунги кунда спортчиларнинг саломатлигини яхшилашга катта эътибор берилаётган бир вақтда шундай ҳолатлар кузатиляптики, футболчилар оптимал ҳавода эмас, балки кунинг энг қизиган вақтларида майдонга тушиб, тўп тепишмоқда. Бундай ҳолатлар кўпроқ биринчи лигада кузатилади. Иссиқ ҳавода ўйнаш организмга салбий таъсир қилади. 25 градусгача бўлган иссиқда ўйнаш гигиеник меъер ҳисобланади. Ундан ошиғида тўп сураётганда шароитни ўзгартириш керак. Масалан, тўхтаб сув ичиши мумкин ёки учрашув вақтини камайтириш лозим. Биз спортчиларнинг соғлиғи учун шунча курашсак ҳам, клублар томонидан ижобий томонга силжиш бўлмаса – иссиқ кунда ўйин бўлаверса, беллашув давомида йўқотиладиган сув миқдори қопланилмаса, учрашувдан кейин тикланишга ёрдам берадиган салқин ичимликлар, озиқ-овқатлар, ширинликлар берилмаса, бу футболчилар организмида салбий ўзгаришларга сабаб бўлади. Биринчи ва олий лиганинг айрим клубларида ўйиндан кейин тўлиқ тикланиш олиб борилмайди. Бассейн ва сув муолажалари ўтказилмайди. Натижада бу сурункали толиқишга сабаб бўлади. Футболчини зўрлаб ўйнатиш керак эмас. Унга шундай шароит яратиш керак-ки, унда иштиёқ пайдо бўлсин. Ихтиёрий равишда шароитни оқлаш учун ҳам ўйнасин. Тўғри овқатланишни тизимини йўлга қўйиш керак. Клуб раҳбарларидан мутахассис сифатида илтимос қилишим мумкин. Куннинг иссиқ пайтида сунъий майдонларда тўп тепишни бутунлай кун тартибидан чиқариб ташлашсин. Оптимал ҳарорат, намлик, гигиеник меъёрларга мос келадиган шароитларда ўйин ўтказилишини таъминлашсин. Бу ўз-ўзидан футболчиларнинг саломатлигини сақлаб қолишни таъминлаб беради.

Сўзим охирида бир нарсага ойдинлик киритиб ўтсам. Қачонлардир эшитсангиз ёки кўрсангиз биз ҳақимизда нотўғри хаёлга бормаслигингиз учун икки вазиятга аниқлик киритаман. Биз кўз нурида пасайиш бор футболчиларга линза ўйнашларига рухсат берганмиз. Юрагида ўзгаришлар бор ўйинчилар жиддий текширилади. Юракдаги ўзгариш икки хил бўлади: оғир ва ўрта-енгил. Оғир ўзгариши бор футболчиларга вақтинча рухсат бермаймиз ёки умуман спорт билан шуғулланишини чеклаймиз. Шундай ўйинчилар бўлди. Рухсат бермаганимиздан кейин бутсасини михга илди. Ўрта-енгил ўзгаришли ўйинчилар шифокорлар назоратида бўлади. Уларга оғир юкламалар берилмаслиги, учрашувларда ҳам 90 дақиқа тўп сурмаслиги шарти билан рухсат берамиз.

Ёдингизда бўлса, Юртбошимиз “Бунёдкор” академияси тарбияланувчилари билан учрашганларида болаларга соғлиқларингга эътибор беринглар, дея маслаҳат бергандилар. Чунки спортда соғлиқ катта роль ўйнайди. Аслида саломатлик ҳар бир инсонга зарур нарсадир.

Фурқатбек Нишонов ёзиб олди.

Манба: www.arena.uz
Киритилди: 10:27, 14.01.2014.
Ўқилди: 6430 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.