Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Уругвай билан ўйнашга ким муносиб эди?

Баҳо:
+1 | -

Аввало таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон МТЖнинг ЖЧ-2014га тўғридан-тўғри йўл ололмагани, боз устига, «плей-офф» босқичида омадсизликка юз тутгани мутахассислар ва мухлислар томонидан етарлича муҳокама қилинди.

Бу ҳақда қайта-қайта ёзавериш, фикр билдириш фойдасиздир, аммо терма жамоамиз тақдирига нафақат мураббийлар, балки биз - ишқибозлар ҳам бефарқ қарамаслигимиз даркор. Охирги вақтларда бош жамоамиз бошқарувига хорижлик мураббий тайинланиши тўғрисида гап-сўзлар урчиди-ю, кейин бу мавзу бирданига ёпилди. Агар ҳақиқатдан ҳам, термамизда чет эллик мураббий фаолият юритадиган бўлса, унинг умуман рус тилини тушунмайдиган, яна айтайлик, Заккерони ёки Эрикссон каби номдор, «тош босадиган» мутахассислар тои­фасига кириши талаб этиларди. Асосийси, ўша мураббийнинг мамлакатимиз урф-одатлари ва менталитетини ҳурмат қилиши тақозо этарди. Аммо ЎФФ томонидан Қосимовга катта ишонч билдираётган экан, бу вазиятда хорижлик номзод хусусида гапиришдан маъно йўқ. Энди буларни бир четга суриб, айнан Қосимовни қўллаб-қувватлашимиз мақсадга мувофиқ...

Шахсий фикримча, термамиз мутасаддилари шундай йўл тутишлари керакки, қайсидир мусобақага қуръа ташлангани ҳамоно (ОК ёки ЖЧ саралаши бўладими, фарқи йўқ) бирор мутахассисни гуруҳдаги рақибларни ўрганишга алоҳида боғлаб қўйишлари шарт. Ўша масъул киши рақиблар ўйинларини (хоҳ ўртоқлик бўлсин, хоҳ расмий) бевосита стадионда кузатсин. Чунончи, рақиблар ҳаракатларини дискдаги ёзувлар орқали баҳолаш бошқа, бевосита стадионда бўлиб, ўйинни жонли тарзда томоша қилганча, муайян хулосалар чиқариш бошқа. Умуман, биз айнан рақибларни ўрганиш масаласида ҳам оқсаяпмиз. Шу маънода айтсак, мураббийларимиз термамизнинг ЖЧ ёки ОК саралаш ўйинлари чоғи ҳам рақиблар услубини обдон ўрганишлари мумкин. Айтайлик, маълум вақт рақибга ўзи истаганчалик тўп суриш имкони берилади. Шу аснода кўплаб масалаларга нисбатан ойдинлик киритилади: рақиб ўз ҳужумларини асосан қайси нуқтадан бошлайди, қанотлари кучлими ёки марказ ҳудуди, плеймейкерлик вазифаси кимнинг зиммасида, қайси футболчи қайси оёғида кучли зарба беради ва ҳоказолар... Шундай икир-чикирлар алоҳида эътиборга олинса ва дейлик, танаффус чоғи шунга яраша тегишли кўрсатмалар берилса, ўйлайманки, бунинг нафи тегади, барибир. Йўқ, бу ақл ўрганиш эмас, шунчаки, азбаройи маслаҳат-таклиф ўрнида айтилаётган фикр­лар, холос. Инчунин, рақибларни ўрганиш ишларини яхшиламас эканмиз, якуний муваффақиятларга эришишимиз қийин бўлиб қолаверади.

Шу ўринда ЖЧ-2014 саралаши «плей-офф» босқичи доирасида Иордания ва Уругвай терма жамоалари ўртасида бўлган учрашувларга назар солиб ўтсак. Аммондаги баҳс шуни кўрсатдики, Осиё футболи ҳозирча Жанубий Американикидан анча орқада. Тўғри, иорданияликларнинг кучли рақиб билан баҳсда унчалик чакки кўринишмаганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ҳарқалай, мезбонлар бир қатор хавфли ҳужумлар уюштиришди. Бироқ булардан натижа чиққани йўқ. Нега? Бу энди аввало, тажрибага бориб тақалади. Лекин шахсий фикримча, уругвайликлар айнан рақибни ўрганиш ва унга мос тактика қўллаш ҳисобига илк учрашувдаёқ йўлланма масаласини ҳал қилиб қўйишди. Ўз навбатида, иорданияликлар ҳам термамизни яхши ўрганиш эвазига устун келишганди. Асосийси, улар шу йўл билан ўз мухлисларига чинакам байрам уюштириб беришди. Ҳа, 0:5 - бу хурсандчилик улашмагани аниқ. Лекин иккинчи томондан олсак, ким ҳам Кавани, Суарес, Форлан каби суперюлдузлар иштирокидаги ўйинни бевосита томоша қилишни хоҳламайди? Бу байрам эмасми? Айтайлик, бизнинг жамоамиз шу пайтгача Уругвай даражасидаги қайси терма билан ўйнаган? Қолаверса, Иордания термаси бу ўйинлар орқали бебаҳо тажриба мактабига ҳам эга бўлди. Менимча, мана шу жиҳат Иордания футболининг кейинги ривожига анчайин туртки бериши аниқ.

Энг алам қиладиган томони шуки, уругвайликлар аслида Тошкентга келишлари мумкин эди. Умуман, термамиз халқаро «плей-офф»га муносиброқҳам эди. Зеро, футболчиларимиз савия бобида иорданияликлардан ҳар томонлама устун, кучлилар. Бунга ҳеч ким эътироз билдирмаса керак. Хўш, термамиз Уругвай билан ўйнашга кўпроқ муносиб бўла туриб, нега Иорданияга йўл бўшатди? Кўряпсизми, рақибга етарлича эътибор берилмагани нималарга олиб келди? Иордания термасидан устун келолмасликни яна қандай изоҳлаш мумкин, ахир? Афсуски, бизга рақибни яхши ўрганмаслик панд берди. Айтганча, иорданиялик футболчилар бутун ўйин давомида симуляция ишлатган ҳолда ҳакамни ўз ноғораларига ўйнатишга роса уринишди (бу албатта, салбий ҳолат - бутун Осиё футболи учун). Норвегиялик реферининг бу ёлғонларга умуман учмагани эса таҳсинга лойиқ. Ахир у Осиёнинг ўртамиёна ҳаками эмаски, ҳар бир вазиятга эътибор берса... Ишонинг, агарда юртдошларимиз Уругвай билан тўқнаш келишганида, Иордания каби шармандали ҳолатга тушмасликлари, мағлубиятга учраган тақдирда ҳам, рақибга етарлича қаршилик кўрсатишлари аниқ эди. Шунда асл фидойи мухлисларимиз йигитларимизни янада юксакларга кўтаришармиди? Ҳарқалай, футболчилар майдондан бошларини тик тутган ҳолда чиқиб кетишарди. Шу ўринда баъзи мухлисларимизга ҳам эътироз йўқ эмас. Ўша тиғиз пайт (пенальтилар сериясини айтяпман) ўз термамиз қолиб, иорданияликларга мухлислик қилишган юртдошларимизга кўзим тушди. Наҳотки, улар ўзларини футбол мухлиси, деб ҳисоблашса? Аслида қайси жамоага ён босишларини ҳам билмасалар керак...

Вақтида Тошкентнинг «Бунёдкор» клубида ишлаган ва ҳозирги кунда Бразилия термасини бошқараётган Сколари «Интер Футбол»га берган интервьюсида миллий жамоамизнинг ЖЧ-2014 йўлланмасини қўлга киритишига шубҳаланмагани таъкидлаб ўтибди. Бундан шуни англаш мумкинки, бразилиялик мутахассис юртдошларимизни мундиалда кўришни истаган ва энг муҳими, бунга муносиб эканликларини сезган. Йўқса, бундай демасди. Лекин на илож, тақдиримизга Бразилия мундиалида иштирок этиш ёзилмаган экан.

Энди қанчалик куюнмайлик, ҳеч нарса ўзгармайди. Шундай экан, буё­ғига келажакни ўйлаб иш тутиш лозим. Балки миллионлаб футбол мухлисларимизнинг орзулари 2018 йилга бориб, амалга ошар. Зеро, Россияда бўлиб ўтадиган ЖЧ-2018гача ҳали 5 йил бор. Миржалол Қосимов бу вақт оралиғида жамоамизга бемалол ўзи айтган «янги қон»ни олиб кириш ва унинг етарлича «айланишини»ни таъминлаш имкониятига эга. Бунда ҳар бир позиция учун 2-3 нафардан футболчини тайёрлаб бориш муҳим. Кўрдикки, бош жамоамиз асосий дарвозабон Игнатий Нес-теровсиз анчагина муаммоларга дуч келди. Демак, ҳозирдан Игнатийга муносиб номзод топиш даркор. Умуман, ҳар бир позицияда шунга ўхшаш ҳолат юзага келиши ҳеч гап эмас. Қисқаси, миллий жамоа мураббийи рўйхатида доимо 50-60 нафар номзод бўлиши талаб этилади. Эътирофга арзийдиган жиҳат сифатида айтиш керак, Миржалол Қўшоқович охирги вақтларда айнан рақобат масаласига жиддий эътибор қарата бошлади. Айтайлик, Туркиядаги ЖЧда иштирок этишган бир қатор футболчиларни йиғинларга жалб этиб, уларни амалда ҳам синаб кўришга улгурди. Албатта, бу нарса ҳимоя, ярим ҳимоя ва ҳужумдаги рақобатни кучайтириши тайин. Умуман, ёшларни мунтазам йиғинларга чақириб, уларга катталар билан бирга ўйнаш имконияти берилаётгани қувонарли ҳол. Энди бу хайрли ишни ўртоқлик учрашувлари, ОК-2015 ва ЖЧ-2018 саралаш ўйинлари вақтида ҳам давом эттириш талаб этилади (албатта, тажриба ва ёшлик шижоатини уйғунлаштирган ҳолда). Агарда ишлар шу тахлит ташкиллаштирилса, футболимиз эртаси сифатида эътироф этилаётган Владимир Козак, Жамшид Искандаров, Жавлон Мирабдуллаев, Алибобо Раҳматуллаев, Сардор Рашидов, Аббос Махсталиев, Игорь Сергеев, Сардор Собирхўжаев, Сардор Раҳмонов, Дилшод Жўраев каби ёшларимиз 5 йил мобайнида бемалол миллий термамиз даражасидаги футболчиларга айланишади. Айниқса, Жамшид Искандаров алоҳида кашфиёт саналади. Унинг хатти-ҳаракатлари худда испаниялик футболчиларники каби аниқ ҳисоб-китобга асосланган. Умуман, Жамшидтўғрисида фикр билдирадиган бўлсак, бу энди алоҳида мавзу. Шунингдек, БАА мундиали иштирокчилари ҳисобланган Сарвар Каримов, Иззатулла Абдуллаев, Одил Ҳамробеков, Жамшид Болтабоев, Рустам Ашурматов, Иброҳим Абдуллаев, Отабек Шукуров, Жавоҳир Сиддиқов, Акобир Тўраев, Шоҳжаҳон Аббосовни ҳам айнан Россиядаги ЖЧ баҳсларига қадар тоблаб бориш мақсадга мувофиқ. Қувонарлиси, терма жамоамизда ёш авлод шаклланиб келмоқда. Энди янги куч, янги стратегия устида янада кўпроқ ишлаш, меҳнат қилиш, тактикага бироз ўзгартириш киритиш ва авлодлар алмашувини асло кечиктирмаслик талаб этилади. Зеро, миллий терма жамоамиз етакчилари - Темур Кападзе, Сервер Жепаров, Улуғбек Бақоев, Александр Гейнрих, Жасур Ҳасанов (каттаси) каби тажрибали футболчиларга ўринбосар танлаш вақти аллақачон келди.

Ўрни келганда айтиш жоиз, муаммолардан бири - бу ҳамюртларимизда яратилган хавфли вазият, стандарт ҳолатлардан фойдаланиш коэффициенти анча пастлиги. Бу нарса айниқса, Вьетнам ва Гонконг термалари билан учрашувларда яққол кўзга ташланди. Бунинг сабаби ҳам рақиб жамоа бош мураббийларининг вакилларимизнинг ўйин услубларини пухта ўрганиб, таҳлил этишгани билан бевосита боғлиқ. Ҳа, яна айрим вазиятларда футболчиларимиз ўзаро тушуниб ҳаракат қилишда анча қийналишгани рост. Назаримда, терма жамоамизда айнан ҳужумни якунловчи ижрочи етишмаяпти. Ваҳоланки, ўзбек футболи азалдан донгдор ҳужумчилари билан эътиборга тушган. Айтайлик, Игорь Шквирин, Олег ва Максим Шацких, Шуҳрат Мақсудов кабиларнинг ҳаракатлари хотирамизда муҳрланиб қолган. Тўғри, Александр Гейнрих ва Улуғбек Бақоев ҳам яхши таассурот уйғотишди, лекин улардаги маҳсулдорлик барқарорлик касб этмади. Баҳодир Насимов, Фарҳод Тожиев, Иван Нагаев ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Менимча, юртимизда ҳужумчиларни етиштирадиган алоҳида мактаб очиш зарурроқдай. Шу ўринда 2007 йили Осиёнинг энг яхши мураббийи, деб топилган Рауф Инилеевнинг қуйидаги фикрлари диққатга сазовор: «Ички биринчиликка эътибор қаратиш керак. Футболимиз ривожида жиддий талаб қилинадиган жиҳат мана шу, деб ўйлайман». Дарҳақиқат, Рауф Талгатович томонидан анчайин ўринли мулоҳазалар илгари сурилган. Ахир миллий жамоамиз ўзагини легионерлар қатори ички чемпионат клубларидаги футболчилар ташкил этишлари ҳеч кимга сир эмас.

Айтганча, 2015 йили Австралияда бўлиб ўтадиган ОК йўлланмаси ҳам қўлга киритилди. Энди термамиз янги йил бўйи расмий халқаро учрашув ўтказмайди, ҳисоб. Шундай экан, «Терма жамоалар маркази» ФИФАнинг ҳар бир кунидан унумли фойдаланган ҳолда бош жамоамиз учун ўртоқлик ўйинлари ташкил этиб бериши шарт. Ахир жамоанинг ривожланиб боришида ўйин амалиёти ниҳоятда муҳим. Бизда расмий баҳслар йўқ экан, қўл қовуштириб ўтирмасдан, ҳозирдан ҳаракат бошлаш зарур. Кўрдикки, ЖЧ-2014 саралаш босқичининг муҳим палласида миллий жамоамизга айнан ўртоқлик ўйинлари ўтказилмагани панд берди бир ҳисобдан.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш ўринлики, шахсан мен жиддий мусобақага бир ҳафта қолганидагина тайёргарликка киришишни асло ёқламайман. Чунки қисқа вақт ичида футболчиларимиз бир бирларини яхши тушуниб олишга улгурмайдилар ва ўйин пайти бу нарса салбий таъсир ўтказмай қолмайди. Умуман, ЖЧ-2018га ҳозирликни бугунданоқ бошлаш керак. Шундагина кўзланган натижага эришиш мумкин.

Муҳсинжон ЭРМАТОВ, Бағдод тумани
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 17:10, 17.01.2014.
Ўқилди: 8424 марта.
Фикрлар: 61 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.