Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Рустам Акрамов: «Ноябрда тайёргарлик бошланганида натижа бошқача бўларди»

Баҳо:
+-2 | -

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Уммондаги Осиё чемпионатида ўта муваффақиятсиз тарзда иштирок этиб, гуруҳдан ҳам чиқа олмади. Бу омадсизлик яхшигина танқид қилинди. Натижа ҳам шунга яраша бўлди-да.

Гуруҳдаги учта ўйиндан иккитасида мағлубиятга учраш бундай таркибдаги терма жамоа учун ярашмайди. Бу ерда футболчиларни ҳам, бош мураббийни ҳам айблаш ноўрин. Айбни ЎФФ «Терма жамоалар маркази»дан излаш керак. Айнан ТЖМ мутасаддилари ёшларимизнинг қитъа чемпионатидаги иштироклари учун жавоб беришсин. ОФКнинг бу ёшдаги янги мусобақаси ўтказилиши ва унга Уммон давлати мезбонлик қилиши анча олдин маълум қилинганди. Бу жамоани Алексей Евстафеев саралаш босқичидан олиб чиққан ва табийки, финал раундида ҳам қатнашишимиз аниқ эди. Лекин ҳадеганда тайёргарлик режасидан дарак бўлмади.

Янги бош мураббий тайинланади ва унинг ўзи тайёргарлик режасини тақдим этади, деб кутишди. Шу билан вақт ўтиб кетди. Икки ҳафталик наридан-бери тайёргарлик билан қандай натижага эришиш мумкинлигини Осиё чемпионати амалда кўрсатди. Таркиб кучли ва шу футболчилар билан қитъа чемпионатида совринли ўринлардан бирини бемалол эгаллаш мумкин, деб айтишди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам, таркиб ҳавас қилса арзигулик эди. Лекин тайёргарликсиз ҳар қандай юлдузли таркиб билан ҳам кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Марказнинг энг катта хатоси тайёргарликсиз жамоани Уммонга жўнатгани бўлди. Тошкентдаги салкам бир ҳафта, Дубайда олти кун ўтказилган йиғинни йиғин деб аташ мушкул. Боз устига тайинли ўртоқлик ўйинлари ҳам ташкил қилинмади. Уммон ва БААнинг қуйи лигасидаги аутсайдер клублар билан мамлакат терма жамоасининг назорат учрашуви ўтказиши ўзи шармандалик. Ваҳоланки, БАА ва Яман терма жамоалари манфаатли таклиф билан чиқишганди. Марказимиз эса бунга рад жавобини берди. Энди бу ишга профессионал ёндошиш эмас-да ҳурматли МТЖ мутасаддилари! Агар муносабат ўзгармаса, 2016 йилги Рио-де-Жанейро Олимпиадасини ҳам мухлислар қаторида кузатамиз. Кейин терма жамоамиз устозининг бир гапига қўшилиш қийин. Нима эмиш, бу Осиё чемпионати терма жамоа аъзолари учун катта мактаб бўлганмиш. Жаҳон чемпионатида дунёнинг сараланган терма жамоалари билан ўйин ўтказган футболчилар учун қитъа биринчилиги қандай қилиб тажриба мактаби бўлсин? Уммонда 22 ёшли футболчилар жуда кам эди. Бош-қа жамоалар ҳам биз каби Риони кўзлаб, атайин 20 ёшли йигитлар билан келишганди. Хуллас, гапирса гап кўп. Муҳими, биринчи галда ТЖМ бундан тўғри хулоса чиқариб олиши керак. Бўлмаса жуда қийин.

Биз ЎФФ терма жамоалар техник директори, ёшларимиз билан Уммонга бирга бориб келган мутахассис Рустам Акрамовдан айнан шу мавзуда интервью олдик.

— Рустам ака, терма жамоамизнинг муваффақиятсиз иштирокини бевосита қатнашчи сифатида қандай баҳолайсиз?
— Ҳозир нимаики гапирсам, ўқувчиларга баҳонадек туюлиши мумкин. Лекин айтар сўзларим факт ва буни инкор этиб бўлмайди. Нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё давлатларида ҳам миллий чемпионат ўйинлари ноябрь ойи-да ўз якунига етади. Табиийки, қиш қуруқ ва совуқ келади. Бу пайтда аксарият футболчиларимиз таътилга чиқишади ва асосан январь ойидан машғулотларга қайтилади. Ўзи азалдан январь ойи биз учун ноқулай вақт бўлиб келган. Мен Уммонда ОФК вакиллари билан учрашувимиз чоғида ҳам бу ҳақда айтдим ва январь ойида мусобақа ўтказиб бўлмаслигини қайта-қайта таъкидладим. Кейин бу пайтда клублардан терма жамоага номзод футболчиларни ҳам олиб кетиш нотўғри. Шу масалада Саудия Арабистони футбол федерацияси ва мамлакат клублари ўртасида можаро ҳам юзага келди. Клублар ўз футболчиларини терма жамоа ихтиёрига қўйиб юборишни исташмади. Федерация эса буни талаб қилди. Хуллас, охирида бир тўхтамга келишди. Бундай ҳолатлар бошқа терма жамоаларда ҳам кузатилган. ОФК вакилларига қитъа чемпионатини апрель ойида ўтказиш энг мақбул вақт эканлигини айтдим...

— Шундай дейсиз, лекин миллий терма жамоамиз 2011 йилги Осиё кубогига бир ойдан ошиқроқ вақт мобайнида муносиб тайёргарлик кўриб, якунда ижобий натижа қайд этганди. Буни ёддан чиқармадингизми?
— Тўғри, натижамиз ижобий бўлганди. Лекин мусобақадан кейин асосий таркибнинг бир неча нафар футболчилари жароҳат олиб, сафдан чиқишганди. Бир мусобақага бир ой давомида кучли босим остида тайёргарлик кўрасиз. Бу ўз натижасини беради, аммо март ва апрель ойларига бориб, ўша футболчиларда толиқиш аломатлари кўзга ташланиб қолади. Жароҳат олишга мойил бўлиб қолишади. Буни амалиётда ҳам кўрдик.

— Сизнингча, бош мураббий терма жамоани бошқаришга муносибми?
— Ҳа. Шахсан мен шундай деб ўйлайман. Шуҳрат менинг шогирдим ва мен унинг имкониятларини жуда яхши биламан. Қолаверса, Евстафеев билан ҳам жуда яхши муносабатда. Ўзлари ҳам бу мусобақадан тўғри хулоса чиқариб олишгани аниқ. Ўйинларни кўрган бўлсангиз, учала учрашувда ҳам дарвозани ишғол қилиш учун кўплаб имкониятларга эга бўлдик. Аммо вазиятни голга айлантира олмаслик панд берди. Лекин мутахассис сифатида бир нарсани тан оламан, ноябрь ойидан тайёргарликни бошлаганимизда, натижа умуман бошқача бўларди. Уммондан совринли ўрин ёки биратўла кубок билан қайтармидик? Аммо бунинг ҳисобига футболчиларни йўқотардик. Улар ўз клубларига керак пайтда ярамай қолишарди.

— Муваффақиятсизликдан хулоса чиқариладими?
— Албатта, хулоса чиқарамиз. Биз ОФКга бундай нуфуздаги мусобақаларни январь ойида ўтказмаслик бўйича расмий мурожаат билан чиқмоқчимиз.

— ОФКнинг янги раҳбарияти буни қабул қилишига ишониш қийин. Чунки бу билан тақвимга боғлиқ муаммолар юзага келади. ОФКга аъзо бўлганимизга йигирма йилдан ошди. Шунча йилдан бери шу тизимда бош-қа аъзо мамлакатлар ҳам иштирок этиб келишяпти. Шундай экан, муаммонинг ечимини ўзимиздан топиш ўринлироқ бўлса керак?
— Тўғрику-я, аммо январь ойида бундай нуфуздаги мусобақаларни ўтказиш бизга ўхшаб қиш фаслида чемпионат ўйинларидан холи мамлакат жамоаларига қийинчилик туғдиради. Балки, ОФК буни ҳам ўйлаб кўрар?

Ҳали бу мавзу жуда кўп муҳокама қилинади. Биз кўпроқ бу муҳокамани ЎФФ ҳамда «Терма жамоалар маркази» мутасаддилари қилишларини истардик. Чунки биз таҳлил қилганимиздан фойда йўқ. Уммондаги Осиё чемпионати биз учун яхшигина сабоқ бўлиши лозим. Олдинда Олимпиада ўйинларининг саралаш учрашувлари кутиб турибди. Агар шу зайлда ишлашда ва муносабатда бўлишда давом этилса, натижа қандай кўринишда бўлиши кундек равшан.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 11:43, 23.01.2014.
Ўқилди: 5617 марта.
Фикрлар: 57 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.