Буюк футболчи Михаил Аннинг биринчи устози билан суҳбат. Ўзбек футболининг буюк намояндаларидан бири Михаил Ан Тошкент вилоятининг собиқ Свердлов колхози мактабида ўқиб юрган пайт унга миллионлар ўйинидан илк сабоқларни мураббий Александр Семёнович Лян берган.
Яқинда таҳририятимиз махсус мухбири Мавлон Шукурзода бетакрор истеъдод соҳиби билан ишлаб, унинг иқтидори юзага чиқишига катта ҳисса қўшган мураббий хонадонида меҳмон бўлди. Александр Семёнович суҳбат чоғи футболчилик фаолияти, мураббийлик иши ва албатта, ўз шогирдлари ҳақида гапириб берди.
Александр Лян 1937 йили Хабаровск ўлкасида туғилган, футболчилик фаолиятини эса Нукусда бошлаган. Аввалига профессионал бўлмаган клублар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоасида ўйнаган. 60-йилларда «Политотдел», «Свердловец», «Дмитровец» (Тошкент вилояти) ва «Спартак» (Андижон) клублари шарафини ҳимоя қилган. Мураббийликда эса 30 йилдан кўпроқ вақт Тошкент вилояти олимпия захиралари (БЎСМ)да ишлади. Шунингдек, Тошкент вилояти ва Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаларига устозлик қилди. Александр Семёнович ҳозирги кунда ҳам спорт кишиси, кўриниши чакки эмас ва рафиқаси Розалия Пак билан нафақа гаштини суриб, невараларини тарбияламоқда.
Профессионал футболчилик фаолиятининг бошланиши
- 1959 йили Нукусдан Тошкент вилоятига кўчиб келдим. Ўша вақт қишлоқ хўжалиги байроқдори - Политотдел бутун мамлакатда таниқли эди. Шу боисми, колхозимизга собиқ иттифоқнинг энг машҳур кишилари тез-тез ташриф буюарардилар. Хўжалик раиси М.Хван футбол билимдони ва ашаддий ишқибози бўлиб, алоҳида жамоа тузганди. Каминага ҳам шу клубда ўйнаш насиб этди. Чунончи, Нукусда яшаганимда Қорақалпоғистон Руспубликаси терма жамоасида тўп сургандим. «Политот-дел»га келсак, ўша вақт унинг шарафини Козеньков, Маленков, Шепер, Климов, Тихонов каби ўзбек футболининг таниқли ўйинчилари ҳимоя қилишарди. Кейин сафимизга Дмитрий Ан ва у каби вақт ўтиши билан Тошкентнинг «Пахтакор» жамоасида етакчилик қилишган кўплаб футболчилар қўшилишди. Мени эса 3 йилдан сўнг Свердлов колхозининг «Свердловец» жамоасига таклиф этишди. Ўша пайтлар айнан шу икки колхоз қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларида ўзаро жиддий рақобат олиб борарди. Бунда футбол алоҳида ўрин тутарди. Ушбу колхоз клубида ҳам етук ва кучли футболчилар тўпланишганди. Шахсан мен икки жамоа ўртасида ҳеч қандай фарқни сезган эмасман. Фақат «Свердловец»да тартиб-интизом масаласига ўта қаттиққўллик билан ёндашиларди.
Юқори кўрсаткич
- Биз 1963 йилги футбол мавсумини бир нафасда босиб ўтдик. Ўша йили «Свердловец» Ўзбекистон вице-чемпиони бўлди. Аслида Туркистон ҳарбий округининг спорт клуби - «Сокол» билан тенг миқдорда очко жамғаргандик. Фақатгина тўплар нисбатига кўра, у биринчи ўринни эгаллади. Бироқ «Сокол» тушунарсиз сабаблар туфайли Ўрта Осиё жамоаларини ўз қанотида бирлаштирган «Б» классига чиқишдан бош тортди. Ушбу масала бўйича собиқ иттифоқ футбол федерациясида йиғилиш бўлиб ўтди ва курашни давом эттириш ҳуқуқи бизга берилди. Шу тариқа колхоз футбол клуби - «Свердловец» Тошкентнинг «Пахтакор» ва Фарғонанинг «Нефтчи»сидан сўнг профессионал даражада ўйнаш ҳуқуқини олган учинчи жамоага айланди. Айнан ўша йили клуб раҳбарияти жонкуярлигим ва яхши ўйиним учун номзодимни собиқ иттифоқ спорт устаси унвонига тавсия этди. Умуман, мен ҳаётим мобайнида бу мақомни 3 марта олишим мумкин эди...
Иттифоқ давридаги футбол «интрига»лари
- Афсуски, бизнинг хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. 3 ой давомида «Сокол» ўрнини қайси жамоа эгаллаши масаласи кўриб чиқилди. Футбол федерациясининг барча қонунларига асосан, бу ҳуқуқ бизга берилиши керак эди. Аммо федерациянинг кейинги қарорига кўра, «Б» тоифасидаги лигага мавсумни атиги 4-ўринда якунлаган Андижоннинг «Спартак» клуби йўл олди. Бундай адолатсизликка фақат марказнинг аралашуви билангина йўл қўйиш мумкин эди. /оят аламли бўлганди. Ҳеч ким жамоамиз чемпионатдан нега олиб ташланганини тушунтирмади ҳам. Боз устига, биз спорт қўмитасига берган аризамиз жавоби келишини 3 ой кутдик. Бу вақтда маош олганимиз йўқ. Охир-оқибат, ушбу масала биз учун ижобий ҳал этилмади, камига аҳил жамоамизни тарқатиб юборишди. Иложсизликдан барчамиз юрак тирнаб, клубни тарк этдик...
Машҳур мураббий Евгений Борисович Валицкийнинг таклифига асосан, мен Андижон жамоасига йўл олдим. У ерда 1,5 йил ўйнагач, тобора кучайиб бораётган умидли «Дмитровец» клубига ўтдим. Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида ташкил этилган бу жамоада ўша вақт Орлов ва Кольцов каби собиқ «пахтакорчилар» ҳам ўйнашарди. Улар билан 2 мавсум бирга тўп сурдим. Ўз вақтида Евгений Борисов мени Туркистон ҳарбий округи жамоасига ҳам чақирганди. Кейинчалик бошқа бир таниқли мураббий - Сергей Никитович Будагов ҳам мени 4 йил давомида узлуксиз «Сокол» армия клубига чорлади. Уш жамоа Ўзбекистоннинг кўп карра чемпиони эди. Охир-оқибат, Донецк вилояти Жданов шаҳрининг «Азовсталь» клубидан ҳам таклиф олдим. Бироқ оилавий шароитимни ҳисобга олиб, Тошкентга қайтишни маъқул кўрдим.
Мураббийлик иши
- 1966 йили футболчилик фаолиятимга хотима ясаб, мураббийлик ишига ўтдим. Барчасини Свердлов колхозида бошладим. Ўша йиллар колхозда футбол мисли кўрилмаган даражада тараққий этаётган, жамоамиз эса ўз олдига қўйилган мақсадга эришиб, собиқ иттифоқнинг «Б» тоифасидаги лигасида ўйнай бошлаганди. Бошида мени ўсмирлар тайёрлов гуруҳига мураббий этиб тайинлашди. Мураббий сифатида доимо мактабга борардим ва «Чарм тўп» соврини учун ўтказиладиган мусобақаларни диққат билан кузатардим. Шундай ажойиб кунларнинг бирида чаққонгина йигитча эътиборимни тортди. У майдонда алдамчи ҳаракатлари, аниқ тўп узатишлари ва тез-тез гол уриши билан ажралиб турарди. Бу болакай Миша Ан бўлиб, ўшанда 7-синфда ўқирди. Узоқ ўйлаб ўтирмасдан, уни ўз гуруҳимга таклиф этдим.
Миша Ан
- Ўша йиллариёқ гуруҳимдаги 5-6 нафар ёш футболчи маҳорати ва иқтидори билан ажралиб турарди. Лекин уларнинг орасида айнан Миша Ан кўзга яқин эди. У барчадан ёш бўлишига қарамай, футболнинг чинакам ихлосманди бўлиб, сира тинмасди. Айнан шу ҳаракатчанлиги ва ихлосмандлиги унинг буюк футболи бўлишига замин яратди. Бошида Миша билан жисмоний тайёргарлик устида қўшимча ишлашимга тўғри келган. Яна турли услубларни машқ қилардик. Айтайлик, чап оёғида зарба бериши устида алоҳида шуғулланардик. Лекин бундай қўшимча машқлар менга доимо ҳузур бағишларди. Чунки болакай айтганларим, кўрсатмаларимни бир зумда ўзлаштириб оларди. Умуман, болалигидаёқ унинг диспетчерлик салоҳиятини сезганман.
Миша 9-синфда ўқиб юрган пайти навбатдаги мусобақалардан бирида Титов номидаги Республика мактаб-интернати мураббийлари эътиборига тушди. Табиийки, улар шогирдимни ўз даргоҳларига чорлашди. Бу вақтда Миша ўзини анча тутиб олган ва мустақил фикрлайдиган даражага етганди. Албатта, мен унинг кетишига қарши эдим, гарчи мактаб-интернатига ўтса, имконияти анча ошишини тушунсамда. Хуллас, Ан 9-синфдан бошлаб, машҳур мураббий Гурам Дараселия раҳбарлигида шуғуллана бошлади. Кейинчалик эса Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида ўйнади. Шу тариқа Мос-квадагилар эътиборига тушди ва собиқ иттифоқ ёшлар терма жамоасига жалб этилди. Бу жамоа билан ёшлар ўртасида Европа чемпиони бўлгани кўпчиликка маълум. Умуман, Миша менинг энг суюкли шогирдим эди...
Суюкли шогирд билан охирги учрашув
- Миша Ан, Володя Фёдоров ва Олим Аширов республика спорт-мактабидаги таҳсилдан сўнг колхозимизга келиб, маълум муддат бизнинг жамоамизда ўйнашди. Ўшанда гўёки, бахтиёрликдан осмоннинг 7-қаватида учиб юрардим. Кейинчалик тажрибали мураббий Вячеслав Соловьёв уларни Тошкентнинг «Пахтакор» жамоасига жалб қилди. Миша айнан «Пахтакор»да ўйнаб юрган кезлари собиқ иттифоқ терма жамоаси сафига кирди. Натижада олий лиганинг энг кучли клублари ҳам унга диққат билан эътибор қарата бошлашди.
1979 йилнинг 9 августи. Жароҳатланган Миша оиласини кўргани Свердлов колхозига келди. Биз ўша куни Олмалиқнинг «Металлург» клуби билан навбатдаги ўйинда майдонга тушгандик. Ўйин давом этаётган пайт бутун бир бўлим Миша билан худди ота ва ўғил сингари гаплашиб ўтирганимиз ёдимда. Қисқаси, дилдан суҳбатлашдик, болалик йилларини эсладик... Миша эса негадир деярли барча дўстларини ёдга олди... Кейин эса ишларим қандай кетаётганини сўради ва Михаил Андек халқаро даражадаги спорт устасини тарбиялаган, яъни биринчи мураббийи каминага нега «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий» унвони беришмаганидан ҳайронлигини таъкидлади. Шунда ҳеч қачон шахсий унвонларга интилмаганим, мен учун шогирдларимнинг муваффақиятлари асосий мукофот эканлигини айтиб, уни тинчлантирдим. Шунга қарамай, Миша мен билан хайрлашар экан, Минскдан қайтгач, Ўзбекистон футбол федерациясига бу масалада мурожаат қилишини айтди. Рости, илиқ ва дўстона суҳбатимиз, Мишанинг руҳан қўллаб-қувватлаши менга чексиз кўтаринкилик бағишлаганди. Эсимда, унга Минск сафарига бормасдан, жароҳатланган оёғини тўла тузатишини маслаҳат бергандим. У эса ўйлаб кўришини айтганди... Ўшанда Мишани охирги марта кўриб турганимни билганимда эди...
1979 йилнинг 11 августи. Августнинг ўша иссиқ кунида биз оиламиз билан Чирчиқ дарёси соҳилига дам олиш учун чиққандик. Фалокатдан хабар топгач, шунчаки, ақлимни йўқотиб қўйганман ва анчагача ўзимга келмаганман... Охирги лаҳзаларгача бундай фожиа юз берганига ишонолмадим. Йигитлар ҳаётлиги, Мишанинг сафарга бормаганидан умидвор бўлдим... Дарҳақиқат, даҳшат. Биз ҳўнграб йиғлаётган Дмитрий, Иннокентий, сингиллари, хотини - Кларани ҳеч тинчлантиролмасдик. Онасига бирор сўз айтишга ҳам журъат этолмагандик. Бу ҳаётимдаги энг даҳшатли кундек кўринганди. Ўшанда яна 34 йилдан сўнг мени яна бир оғир жудолик кутаётганини билмасдим - ёқимтой неварам Наташа автоҳалокатга учраб ҳаётдан кўз юмишини...
У қандай йигит эди...?
- Миша худди акаси Дмитрий каби камтарин эди. Иннокентий эса уларга нисбатан сал шўхроқ бўлган. Уларнинг аҳилликлари кишини лол қолдирарди. Отаси анча олдин вафот этгани учун оилада онаси каби Дмитрий бошлиқ саналарди. Миша онаси ва яқинларини кўриш учун тез-тез келиб турарди - ҳар сафар турли совға-саломлар билан. Бизни ҳам унутмасди. Барчамиз колхозимиздан Михаил Андек буюк футболчи чиққанидан ғурурланиб юрардик. Миша ёшлар ўртасида Европа чемпиони бўлганида, бу ёруғ оламда мендан бахтиёр киши йўқ эди, гўё. Дарҳол шогирдларимни йиғиб, мактабимизда тарбияланган, ҳамшаҳримиз Европа чемпионига айланганини эълон қилгандим. Ўшанда катта давра йиғилганди. Мен эса фахр билан Мишанинг ўсмирлик чоғлари ҳақида сўзлаб бердим, турли услублар устида соатлаб шуғулланганию, тер тўкиб меҳнат қилганини эслатдим. Чунки шогирдларимнинг айнан Миша Анга ўхшашларини хоҳлардим. Ҳозиргача шундай буюк футболчини оёққа туришида бевосита иштирок этганимдан ғурурланаман. Михаил «Пахтакор»да ўйнаган вақт мунтазам стадионга бориб, ўйинларидан завқланардим. У худди қўмондон каби ҳам ўйин, ҳам ҳужумни ташкил этарди. Агар 60-йиллари мухлислар «Красний» (Геннадий Красницкий)ни кўриш учун стадионга ошиққан бўлсалар, 70-йиллар охирида уларни Ан-Фёдоров-Хазипанагис триоси маҳлиё этган.
Михаил Аннинг дўстлари
- Мишадан ташқари, гуруҳимизда Рома Тен ҳам шуғулланарди. У туғма истеъдод бўлиб, келажаги буюк кўринганди. Улар, яъни Миша ва Рома тенгдош ҳамда дўст эдилар, гуруҳимга ҳам бир вақтда қабул қилгандим. Айрим жисмоний ва сифат кўрсаткичлари бўйича Рома ҳатто Мишадан устун эди. Агар эрта кунда вафот этмаганида, биз яна бир Миша Анни кўрармидик...? Рома менга доимо Геннадий Красницкийни эслатарди - бўйдор, жисмонан бақувват, яхши дриблинг соҳиби. Ўша вақтдаёқ ҳимоячилар ундан тўпни олиб қўйишда роса қийналишарди. Тақдир экан, яна бир футбол юлдузини кўриш бизга насиб этгани йўқ. Ҳарқалай, Тен ҳам Миша каби футболнинг ашаддий фанати бўлиб, унга катта умидлар боғлагандим. Афсуски, орзуларим рўёбга чиқмади: Рома менингит (мия пардаси яллиғланиши) хасталиги туфайли ёшлигидаёқ орамиздан кетди... Ўсмирлар жамоамиздаги яна бир иқтидорли йигит - Юрий Шинни вақтида «Политотдел» клубига таклиф этишди. У ҳам туғма истеъдод эди, фақат қизиққонроқ. Айтайлик, захирада қолдиришса, бунга сира тоқат қилолмасди. Шогирдларимдан яна ангренлик Саша Байдашев, Лазер Ким каби кўплаб йигитларни айтишим мумкин.
Лакис Хазипанагис. 1983 йили жаҳоннинг энг яхши футболчиларидан бири, Михаил Аннинг дўсти Лакис Хазипанагис «Ираклис» (Солоники) клубидаги грек ҳамроҳлари билан колхозимизга келди. Бундай меҳмонларни уйимда қабул қилиш ёқимли бўлганди. Кейин дарҳол Михаил Аннинг қабрига боргандик. Лакиснинг қабр устида кўзида ёш билан бошини эгиб турган ҳолати ҳеч хотирамдан кетмайди...
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг бош мураббийи
- Мишадан кейин қўл остимда унинг укаси - Иннокентий ҳам шуғулланди. У иқтидор бобида акасичалик эмасди, лекин айнан Мишага ўхшаш мақсадида кўп ишларди. Умуман, 30 йилдан кўпроқ вақт давомида Олимпия захиралари мактабида мураббийлик қилдим ва Тошкент вилояти термасини бошқардим. Шогирдларим 1989 йили Ўзбекистон чемпиони бўлишди. Ўшанда 1-ўрин учун Тошкент шаҳри ва вилояти жамоалари ўртасида кескин кураш борганди. Негадир ҳамма Титов номидаги Республика спорт-интернати футболчилари ҳисобига кучайган пойтахт жамоасига мухлислик қилганди. Бироқ жиддий рақобатда биз устун келиб, якунда 1-ўринни қўлга киритдик. Мусобақа низомига кўра, ғолиб чиққан жамоа Ўзбекистон термаси номидан Львов (Украина) шаҳри мезбонлик қиладиган бутуниттифоқ турнирига борарди. Хуллас, ғолибликдан сўнг мени Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига бош мураббий этиб тайинлашди.
Юлдузларимиз қаерга ғойиб бўлишди?
- Мен доимо ўз давримиздаги футболчилар ва ҳозиргилар ҳаётини ўзаро таққослайман. Ўша вақт «Б» тоифасида ўйновчи клуб футболчилари чамаси 140 сўм маош олишарди - анча кам. Шунга қарамай, биз футболнинг чинакам фанатлари эдик ва уни севиб, доимо биринчи ўринга қўярдик. Стадионлар ҳам ҳозиргидек замонавий эмасди, лекин мухлислар билан тўлиб-тошарди. Футбол куни кўпчилик учун чинакам байрам саналарди. Ўйлашимча, бизда авваллари футбол нисбатан қизиқарлироқ, жозибадорроқ эди, савия ҳам баландроқ бўлган. Ҳозир эса маошлар анча кўп, стадионлар юқори даражада, бироқ ўйин йўқдай... Мухлисларимиз қаерга кетишди? Одамлар нега футболга кирмай қўйишди? Нега ҳалигача Европа даражасидаги футболчиларимиз йўқ? Ахир Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов, Станислав Стадник, Юрий Пшеничников, Владимир Фёдоров, Михаил Ан, Лакис Хазипанагис, Тўлаган Исоқов, Андрей Пятницкий, Марат Кабаев, Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин кабилар айнан шу заминда камол топишганку! Мана, футбол функционерларимиз нима ҳақда ўйлашлари керак...? Менга гоҳида клублар раҳбариятининг мураббий танлаш сиёсатлари сира ёқмайди. Ўзбекистонда доимо буюк мутахассислар ишлашган - Келлер, Елисеев, Якушин, Аркадьев, Соловьёв... Улар ўзбек футболида бутун бир авлод ўйинчилари ва мураббийларини тарбиялашга катта ҳисса қўшишган. Ўйлайманки, мураббийнинг машаққатли ишини қадрлаш керак. Яъни дарҳол натижа талаб қилиш ярамайди - ҳар қандай муваффақият замирида тинимсиз меҳнат ётади. Айнан мураббийлар қўнимсизлиги туфайли кўплаб рақобатбардош жамоаларимизни йўқотдик. «Политотдел», «Дўстлик», «Косонсой», МҲСК жамоаларини бир эсланг. Бундан барча сабоқ чиқариши зарур. Йиллар давомида мураббий сифатида бебаҳо тажриба тўплаган, бироқ бугунда ишсиз юрган мутахассисларимизни эсласам, кўнглим оғрийди. Айтайлик, Юрий Саркисян, Вадим Абрамов... Жамоа муваффақияти ва равнақи мураббийлик ишини тартибли тарзда ташкил этишга бевосита боғлиқ. Ана, «Бунёдкор», «Олмалиқ», «Насаф» ва «Локомотив» клубларига қаранг. Қисқаси, клуб раҳбарларига шундай дейман: «Мураббийга халақит берманг, унга зарур шарт-шароитларни яратиб беринг ва албатта, натижа кўрсатади».
Албатта, футболда ҳеч нарса қилинмаяпти, дейиш фикридан йироқман. Мана, мустақиллик йиллари янги стадионлар, спорт базалари барпо этилди. Яъни тараққиёт сари тамал тоши қўйилди. Захиралар ҳам йўқ эмас, афсуски, натижа ҳозирча кўринмаяпти. Қаранг, бир неча йилдирки, ўсмирларимиз ва ёшларимиз жаҳон чемпионатида иштирок этмоқдалар. Бироқ вақт ўтиши билан катта умид уйғотган ёшлар қаергадир ғойиб бўлишяпти. Яъни оддий футболчига айланиб, мутахассислар ва жамоатчилик назаридан четда қолишяпти. Мухлисларимиз эса 20 йилдан кўп вақтки, миллий жамоамизни Жаҳон чемпионатига чиқишини кутишмоқда ёки футболчиларимизни Олимпиада ўйинларида кўрмоқчилар. Бироқ ҳар сафар нимадир етишмаяпти. Лекин шахсан мен табиатан оптимистман ва мамлакатимиз футболи келажагига ишонаман.
Мавлон ШУКУРЗОДА суҳбатлашди.