Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

14 очкодан ҳам кўпроғини кўзлашга туртки...

Баҳо:
+ | -

Ўтган ҳафта футбол воқеа­ларига шу қадар бой бўлдики, дабдурустдан қай бирини эслашга ҳам қийналиб қоласан. Ўзбекистон футбол федерацияси келишилган ўйинларга қарши аёвсиз кураш эълон қилди.

Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган терма жамоаларга таниш-билишчилик асосида футболчи олинишига чек қўйиш борасида қарор қабул қилинди. Жаҳон чемпионатида терма жамоа­дан «сайёҳлик хизмати» сифатида фойдаланганлар ҳақида узунқулоқ гаплар эшитгандик. Энди бундайлар дарҳақиқат, борлиги борасида бемалол гапириш мумкин. Зеро, федерация бунга қарши кураш эълон қилдими, демак, ҳақиқатан ҳам, ниманидир иси чиққан...

Аммо ҳозир эътиборингизни бошқа масалага қаратишни маъқул кўрамиз. Тепадаги гаплар шунчаки, ўзбек футболида рўй берган янгиликларга билдирилган муносабат эди. Бизнинг суҳбатимиз мавзуси эса анча долзарб - бутун Осиё миқёсида кечади. Ишонинг, бу ҳам етарлича қизиқарли мавзу.

ОФК ўтган ҳафта ажойиб янгиликка қўл урди. Бундан буён Осиё кубоги ва жаҳон чемпионатлари учун ўтказиладиган саралаш баҳслари бирлаштириладиган бўлди. Аввалдан айтаман - ажойиб қарор бу. Бунинг ортидан бир қатор оворагарчиликларга барҳам берилади, қитъа футболи ривожига ҳам пойдевор қўйилади. Қандай қилиб? Ҳозир тушунтириб бераман.

Ортиқча оворагарчиликлар барҳам топиши ҳақида кўп гапириб, овора бўлиш шарт эмас. Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Энди терма жамоалар яна битта саралаш мусобақасида иштирок этишдан қутулдилар. Аммо эвазига кўп нарсаларни қўлга киритдилар. Илгари Мальдив ороллари ёки Непал терма жамоасида жаҳон чемпионати саралашида нари борса 2та учрашув ўтказиш имконияти бўлар эди. Бу жамоалар саралаш мусобақасининг гуруҳ босқичига ўтиш учун «плей-офф» баҳсларида иштирок этардилар ва ундан ўтолмасдан, ўз иштирокларини якунлаб қўя қолардилар. Ўзингиз яхши биласиз, Эрон, Жанубий Корея, Япония, Австралия ва ... майли Ўзбекистон каби кучли терма жамоаларга қарши ўйнамас эканлар, Непал ва Мальдив сингарилар ривожланиш ҳақида ўйламасалар ҳам бўлаверади. Қитъа футболида амалга оширилган ислоҳот туфайли мана шу муаммо ўз ечимини топди. Энди Осиёдаги кучсиз жамоалар ривожланиш йўлига ўтишлари, шубҳасиз. Бу эса ҳамма учун яхши янгилик, албатта.

Яхшиликка, яхши янгилик-ку, аммо бир масала ҳам борки, бу ҳақда алоҳида сўз юритмасак бўлмас. Гап шундаки, яқинда тарқатилган хабарларга кўра, Янги Зеландия терма жамоаси ҳам худди Австралия сингари жаҳон чемпионатига Осиё орқали боришга иштаҳа сақлаб турган экан. Фақат, Янги зеландияликлар австралияликлардан фарқли ўлароқ, анча айёр чиқиб қолдилар. Эмишки, улар саралаш баҳсларига фақат охирги босқичдан қўшилишни истаётган эканлар. Бу эса, ойдек равшанки, биз учун унчалик яхши янгилик эмас.

Фаҳмимча, бундан Осиё футболи кўрадиган ягона фойда - Янги Зеландия жаҳон чемпионатига чиқиш учун 0,5та йўлланмага эгалиги ва унинг ОФКнинг «яримта»си билан қўшилиб, бир бутун бўлишидир. Ўшанда қитъадошларимиз Жанубий Америка вакилига қарши «плей-офф»да ўйнаш ва йўлланмани қўшқўллаб бериб юбориш захматидан қутуладилар. Ўз навбатида, Янги Зеландия ҳам «Шимолий Америка балоси»дан қутулишни кўзламоқда. Бу яхши, албатта. Балки ОФК раҳбарлари бунга рози бўлганлари маъқулдир. Аммо фақат бир шарт билан - у ҳам бўлса, Янги зеландия­ликлар охирги босқичдан эмас, бошидан саралаш баҳсларига қўшилишсин. Уларга мана шуни яхшилаб тушунтириб қўйиш керак. Мабодо рози бўлмасалар, ўзлари биладилар, келган жойларига қайтиб кетаверсинлар. Ўзи бу ёқда ФИФА Осиёга кўпроқ ўрин бериш кераклиги ҳақида бонг уриб ётибди. Яна Янги Зеландиянинг яримта ўрнини пеш қилиб, бу фикридан қайтиб қолмасин.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса бу янгиликдан кўп нарса йўқотади, деб бўлмайди. Шунингдек, кўп нарса ютмаса ҳам керак. Шу вақтга қадар терма жамоамиз ҳар доим охирги бос­қичга қадар етиб келган. Кейинчалик ҳам бу борада истисно бўлади, деб ўйламайман. Аксинча, айнан мана шу масала анча енгиллашгандек туюлмоқда. Сабаби, энди илгаригидек охирги босқичда 10та эмас, балки 12та жамоа иштирок этади. Боз устига, Ўзбекистон миллий термаси қуръа жараёнида қитъанинг кучли жамоалари билан бир саватчадан ўрин олиши эҳтимоли жуда катта ва гуруҳда улар билан баҳс юритилмайди. Бу эса жамоамизнинг кейинги босқичга чиқишини анча осонлаштиради. Шунингдек, охирги саралаш мусобақасида бўлгани сингари 14 очко жамғаришни ҳам. Фақат қўрқаманки, энди мана шу 14 очко билан ҳам гуруҳда қолиб кетиш эҳтимоли янада ошиб кетади. Ахир гуруҳда 6та жамоа иштирок этгач, битта терма 10 марта майдонга тушади. Демак, максимал 30 очко йиғиш мумкин. Бу ҳолатда имкони бор очколарнинг 50 фоизидан ками билан натижага эришиш анча мушкул. Шундай экан, энди янада кўпроғини кўзлаймиз. Бошқача айтганда, янада кўпроқ ғалабага шайланамиз. Ғалаба қанча кўп бўлса, футбол шунча чиройли кўриниши эса барчага маълум.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 12:42, 01.02.2014.
Ўқилди: 5294 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.