«ССФ» мухбири билан бўлган суҳбатда «Спартак» клубининг бош мураббийи мавсумнинг ҳал қилувчи босқичи учун кўрилаётган тайёргарлик жараёни ва келажак режалари ҳақида тўхталиб ўтди.
- Таътилга чиқиш олдидан шогирдларингиз бўлажак машғулотлар режаси билан танишиб чиқишганди. Ҳозирда «ортиқча вазн» тушунчаси кун тартибидан олиб ташланган, дейиш мумкинми?
- Футболчиларнинг таътилдан қандай ҳолатда қайтиб келганларидан келиб чиқадиган бўлсак, ҳа, қандайдир ортиқча граммлар билан қайтиб келишларига рухсат берамиз.- Граммлар?
- Ҳа. Шартли равишда олганда, 500 грамм. Кимдадир ортиқча, кимдадир кам. Умуман олганда барча футболчиларнинг кўрсаткичлари талаб даражасида.
- Айтишларича, сиз ўз шогирдларингизнинг кросс машғулотлари орқали эмас, балки ўйинлар орқали спорт формаларини тиклаш тарафдори экансиз...
- Шундай. Лекин бу жисмоний тайёргарликни, жумладан, мушаклар ва бўғимларнинг чидамлилигини оширишга қаратилган машқларни инкор этмайди.
- Мовсисян, Таски, Боккетти, Ромуло ва Бризгалов каби бир гуруҳ футболчилар Испаниядаги йиғинда жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийнинг раҳбарлиги остида шуғулланишди. Улар қачон майдонга тушадилар?
- Аввалдан тузилган режага кўра, Мовсисян билан Таски биринчи йиғинда қатнашмайдилар. Бризгалов, Ромуло ва Боккеттилар майдонга тушишлари мумкин. Ишларимиз режадагидек кетса, уларнинг ҳаммаси иккинчи йиғинда майдонга тушадилар. Жисмоний тайёргарлик билан бевосита ўйинга тайёргарлик ўртасида фарқ катта.
- Таътилга «Спартак» бошқа клубларга қараганда кечроқ йўл олди. «СС»га берган интервьюда сиз агарда жамоа ўтган йилнинг сўнгги беллашувида «Ростов»га имкониятни бой берса, таътил муддати қисқартирилади, деган эдингиз. Сафардаги ғалаба футболчиларга қўшимча дам олиш имконини бердими?
- Йўқ, таътил муддати ўзгаришсиз қолди. Мағлубият уни қисқартириши мумкин эди. Яъни, футболчилар 20 январда эмас, балки 6-10 январда қайтишларига тўғри келарди.
- Ғалаба сезиларли манфаат келтирибди. Яна сиз мавсумга тайёргарлик учун 6-7 ҳафта етарли, деган эдингиз. Айтингчи, футболчилик даврингизда машғулотлар қандай ўтган? Уларнинг энг мураккаби қайси?
- Таллиннинг «Спорт»идаги. Машғулотлар декабрдан апрелгача чўзилганди. Аммо мен буни чинакам профессионал амалиёт дея олмайман.
- Тайёргарликнинг 3та асосий йиғинлари бир-биридан нима билан фарқ қилади? Айтайлик, биринчи йиғин - «физика»га бағишланган...
- Бизда айнан «физика»нинг ўзига қаратилган босқич йўқ. Дастлабки йиғинда тўп билан муомала қилиш, у билан ишлашга мослашиш орқали жисмоний ҳолатни ҳам талаб даражасига олиб чиқишга интиламиз. Чунки 3 ҳафталик таътил давомида футболчилардаги тўпни ҳиc этиш қобилияти издан чиқади, ҳаракатлари аввалгидек мукаммал бўлмайди. Шунингдек, тактик билимимизни ҳам синовдан ўтказамиз. Кейинги йиғинларда бевосита майдондаги ҳамжиҳатликка эътибор қаратамиз. Имкони борича чинакам беллашув муҳитини яратишга ҳаракат қиламиз.
- Ҳозирда «Спартак» ажойиб шароитда яшаб, шуғулланмоқда. Бунинг қадрига етаётган шогирдларингизга қандай қарайсиз? Ахир сизнинг даврингизда бундай қулайликлар бўлмаганку!
- Фақат мамнуният билан қарайман. Ўтмишни эслашдан на фойда? Менинг бувим 8 ёшидан бошлаб фабрикада тер тўккан. Бу ёшдан аллақачон ўтиб кетган фарзандларим эса ялло қилиб юришибди. Қачон ишлашлари ҳам маълум эмас.
- Бу яхшими ёки ёмон? - Бир томондан яхши. Лекин иккинчи томондан унчалик эмас.- Кекса авлод вакилларини меҳнатга ўргатиш осон кечарди...
- Инқилобдан аввалги даврни олсак, 10-12 ёшли болалар батрак бўлиб ишлашарди. Ҳаёт тинимсиз ўзгаришда. Жумладан, футбол ҳам. Масалан, «Старт»нинг йиғинларида биз ювилмаган либосларда машқ қилардик.
- Нима, иссиқ сув йўқмиди?- Бор эди. Лекин ювиниш ёки либосларимизни тартибга келтириш учун бизда вақт ҳам, куч-қувват ҳам етишмасди.
- Динияр Билялетдинов ўзига янги жамоа ахтаряпти. Нима учун унинг «Спартак»ка кераги бўлмай қолди?
- Чунки ҳозир Диниярнинг позицияси ундан кучлироқ бўлган футболчилар билан банд.
- Демак, Динияр сизнинг ишончингизни оқлай олмабди-да?
- Ҳа.- Сергей Ребров Дортмунднинг «Боруссия»сида малака ошириб қайтди. Сиз эса «Бавария»га сафар уюштирдингиз. Буни малака ошириш деса бўладими?
- Қандай истасангиз шундай аташингиз мумкин? - Нима учун айнан «Бавария»?- Чунки у мавсумнинг барча совринларини қўлга кирита олган дунёдаги энг кучли клуб.
- Слуцкий ҳам уни «Космос жамоаси» деб атаганди...- Ана кўрдингизми? Савол беришнинг ҳам ҳожати йўқ. Малака ошириш учун бундан муносиброқ жамоа борми?
- Бу хусусда ким билан келишишингизга тўғри келди? - Гвардиолага қўнғироқ қилиб, ижозат сўрадим.- Испанияда тўп сурганингиз учун у ерда танишларингиз кўп бўлса керак-да?
- Собиқ футболчиларнинг ҳаммасида умумий танишлар етарли. Улар орқали Пепнинг телефон рақамини топдим. Қўнғироқ қилиб, мақсадимни айтдим. У розилик берди. Бу каби илтимосни ҳеч қайси мураббий рад этмайди.