Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Бемор футболнинг иситмаси

Баҳо:
+ | -
Араблардан мана шундай орқада қолдик...

2013 йилни руҳсиз кузатган ўзбекистонлик футбол мухлисларининг янги мавсумдан умидлари катта эди. Афсуски, ҳозирча умидлар оқланмаяпти. Шуҳрат Мақсудов шогирдларининг Уммонда ўтказилган Осиё чемпионатидаги муваффақиятсиз иштироклари билан боғлиқ танқидий мулоҳазалар эндигина тинганди.

Аниқроғи, январь воқеасидан сўнг мухлислар ОЧЛнинг февраль ойи саралаш ўйинларини орзиқиб кутишди. Мана, «Насаф» ва «Локомотив» клублари саралаш баҳсларини ўтказиб бўлишди. Ҳа, ўтган замонда сўзлашга мажбурмиз. Зеро, футболчиларимиз саралаш раундини мухлислар қалбини аламларга тўлдириб якунлашди.

Умуман олганда, ўтган шанба ва якшанба кунлари футбол оламида ғалати ҳисоблар қайд этилди. Аввалига «Ливерпуль» асосий рақибларидан бири - «Арсенал»ни ер билан яксон қилди, ҳисоб - 5:1. Кейин «Боруссия» айнан шу ҳисобни меҳмонда ўйнаб ҳам қайд этиш мумкинлигини исботлади. «Ал-Жаиш»нинг Рўзиқул Бердиев шогирдларини шундай ҳисобда мағлубиятга учратгани эса мухлислар бошидан қаҳратонда сув қуйилгандек бўлди. «Арсенал» «ССС» (Суарес, Старриж, Стерлинг)нинг сиқувига бардош беролмади ва Арсен Венгер қайсидир маънода ўзини оқлаши мумкин. Боз устига, «Арсенал» йирик ҳисобда мағлубиятга учрасада, ўзини йўқотмайди. Мануэль Пеллегрини шогирдлари 6:3 ҳисоби билан «канонирлар»га қақшатқич зарба берган бўлишсада, турнир жадвалида ҳамон улардан ортда қолишмоқда. Демоқчимизки, «Арсенал» 1:5 ҳисобини бир силтаниб ортга улоқтириб ташлайди ва яна олға босади. «Насаф»-чи? Қаршилик футболчилар ўз йўлларида шундай давом этишадими? Таассуфки, йўқ. Улар ҳам, «темирйўлчилар» ҳам рақибларининг биринчи зарбидаёқ «нокаут»га учрашди.

«Локомотив» битта голни ўтказиб юборгач, «Наполи»-«Милан» учрашуви сценарийси такрорланишини кутгандик. Лекин «Локомотив» «Наполи»га, Ҳаким Фузайлов Рафаэль Бенитесга тенглашолмаслиги яна бир бор ўз исботини топди. Игуаин ҳали «Наполи»га кўплаб ғалабаларни туҳфа айлайди ва Карло Анчелоттининг аламини келтиради. Балотеллининг кўз ёшлари... О, Марио, сен мудом буюк футболчи бўлиб қолаверасан. Чинакам истеъдодларгина ғолиблик ва мағлублик онларида сен каби кўз ёши тўкадилар. Сенинг кўз ёшларинг ҳали «Милан»ни янги марралар сари етаклайди. Ахир сеники каби изтироб изсиз кетиши мумкин эмас. Изсиз кетмайди ҳам. Ўйлаб ўйимнинг охирига етолмайман: агар «Локо» таркибида сен каби 2-3 нафар куюнчак футболчи бўлганида, «Қувайт» СК биринчи голини уролмасди. Биринчи гол урилмаганидан кейин иккинчиси ҳам урилмаслиги мумкин эди. Аммо голлар урилди, урилаверди. Вакилларимиз меҳмонда ҳам, мезбон сифатида ҳам шармандали ҳисобда рақибларига ютқазишди. Араб клублари вакилларимиздан умумий 8:2 ҳисобида устун чиқишди. Бу хоккейча ҳисоб. Футболга хос мағлубият бўлса ҳам майли эди. Дарвоқе, хоккей... Биламизки, бу спорт турини Россия ва Канадада жуда севишади. Бизнинг авлод ҳам Петров-Михайлов-Харламов учлиги, Фетисов-Касатонов-Макаров-Ларионов-Крутов бешлиги ўйинларидан чексиз завқ олгани рост. Хуллас, Сочи-2014 бошланишидан олдин Россия телеканаллари хоккей мавзуси, хусусан, «17-рақамли афсона» («Легенда номер 17») номли фильм тарғиботига алоҳида эътибор қаратишди. Қишки Олимпиада ўйинларида улкан ғалабаларга муштоқ бўлган Россия учун бу каби маънавий куч зарур эди. Шу нуқтаи назардан олиб қарасак, ОАВ ўз вазифасини ортиғи билан бажарди. Шукуҳли онлар оғушида фақат бир жиҳат кўпчиликнинг эътиборидан четда қолди, чоғи. Фикримизча, Валерий Харламов феноменини фақат ватанпарварликнинг ўзи билан изоҳлаб бўлмайди. Бунда беқиёс истеъдод билан бирга шу истеъдодни намойиш этишга бўлган битмас-туганмас иштиёқ ҳам мужассам топганди. Марио Балотелли ҳам «Милан»нинг мағлубияти учун кўз ёши тўккани йўқ. Уни кўпроқ ўз имконларини юзага чиқаролмаслик изтироби йиғлатди. Истеъдод имконларини яхши англаса, шундай йиғлайди. У ватан туйғусининг ўзи билан ғалабага эришиб бўлмаслигини яхши билади. Ҳаммаси ғурурга боғлиқ бўлганида, Россия терма жамоаси Сочи-2014да кетма-кет медалларни қўлга киритарди балки. Зеро, ғурур масаласида рус спортчиларининг олдига тушадигани кам. Бироқ медаллар улар қолиб, норвегиялик спортчиларга кўпроқ насиб этмоқда. Бошқача бўлиши ғайритабиий туюлади ҳам. Негаки, норвеглар қишки спорт ўйинларининг пири ҳисобланишади. Арабларни эса футболнинг пири дейиш ноўрин, албатта. Шундай бўлсада, улар футболнинг устаси саналишмасада, кетма-кет улардан енгилавериш аламли. Тўғри, алам туйғуси «Атлетико» ёки «Челси» мухлисларига ҳам хос хусусият. «Атлетико»га энди кун чиққанди. Келиб-келиб «Альмерия»га ютқазиб ўтирибди. Роналдусиз «Реал» эса мухлислари хавотирини бир четга улоқтириб, «Вильярреал» устидан ғалаба қозонишни уддалади ва ниҳоят, Карло Анчелотти узоқ кутган дамлар етиб келди. Ҳа, бу лаҳзаларни сабр-тоқат билан кутди. Ахир алалоқибат юксак тафаккур ва истеъдод уйғунлиги тантана қилиши керак эди-да. Негаки, клубнинг шунча имкониятлар билан «Атлетико»дан ортда қолаётгани «Реал» мухлисларига алам қилаётганди. Лекин улар бу имконлар бир кун барибир, юзага чиқишига ишонишарди. Шунинг учун аламлари чин маънодаги алам саналмасди. Бизники эса адоқсиз алам. Алам бўлганда ҳам армонга ошно алам. Ахир ОЧЛ поезди «Насаф» ва «Локомотив»ни саралаш бекатида тушириб қолдириб илгарилаб кетди...

Ўзбекистонлик футбол мухлислари ОЧЛ гуруҳ босқичида 3та, ҳеч бўлмаса 2та клубимизни кўриб, терма жамоаларимиз келтирган азиятлардан халос бўлмоқчи, овунмоқчи эдилар. Ўхшамади. Ишонган икки етакчи клубимиз мухлисларни овутишни эплолмади. Аслида эпласа бўларди. Лоақал «Локомотив» бу ишни бажариши керак эди. Афсуски, бажармади. Хўш, унга нима тўсқинлик қилдими? Тактиками? Таркибми? Бош мураббийнинг савиясими? Функционал тайёргарликми ёки мавсумнинг ҳали бошланмагани? Таъкидлаш жоизки, юқоридагиларнинг ҳар бири мағлубият учун озми-кўп «ҳисса» қўшди. Бироқ назаримизда, уларнинг ҳеч бири малғубиятда муҳим ўрин тутмайди. Шунчаки, анчадан буён очиқ тан олиш қийин бўлаётган «касаллик» ниҳоят ўзини сездирди. Иситмалаётган футболимизнинг алаҳсирашидан бугун мухлислар қалбида олов гурилламоқда. Алам олови, армон олови у. Миллий терма жамоамизнинг Бразилияга йўл олмаганини тасодиф ва омадсизлик билан изоҳлашди футболимиз мутасаддилари. Ҳатто тўпланган 14 очкога тараққиёт рамзи сифатида қаралди. Панд берган тўплар нисбати Ливан терма жамоаси дарвозасига урилмаган голлар эвазига юз берганини эса ўша мутасаддилар эслашни-да исташмаяпти. Тараққиёт аслида Ливан футболида юз бермоқда, десак, балки тўғрироқ бўлар. Миллий терма жамоамиздан сўнг Шуҳрат Мақсудов шогирдлари футболимиз бошини ерга эгишди. Биз газетамизда улар билан янги умидлар бўй ростлайди, деб ёзгандик ва тарғибот, ғурур бобида россиялик ҳамкасбларимиздан ортда қолмадик, деб ўйлаймиз. Энди маълум бўлмоқдаки, худди улар каби бизда ҳам ортиқча ишонч бор футболчиларимизга нисбатан. Ҳолбуки, футболимиз мухлислар хаёл қилган сарҳадлардан ортда қолиб кетибди. Биздаги катталар футболи катта ғалабаларга эришиши, янги марраларни забт этиши учун жуда катта ислоҳотлар зарур. Бу тўғрида аввал ҳам бир неча бор ёзганмиз. Яна такрорлашга мажбур бўлмоқдамиз. Энг етакчи клубимиз «Бунёдкор» «Бурирам Юнайтед»дан енгилганида, илк бор қалбимизда оғриқ турганди ва футболимизнинг ҳозирги ҳолатига хавотир билан боққандик. Ўшандан буён яна қанча оғриқларни бошдан кечирдик. Мана, энди «Насаф» ва «Локомотив»нинг шармандали мағлубияти қулоқларимиз остида огоҳликнинг сўнгги қўнғироғи янглиғ жарангламоқда. Нима деб ўйлайсиз, «Бунёдкор»нинг ОЧЛдаги иштироки қандай бўлади? Қани қулоқ солингчи, қалбингиз туб-тубидан қандай жавоб садоси келмоқда? Ишончсиз, хавотирли садо, тўғрими? Бу нимадан далолат? «Бунёдкор»га ишончсизлик-ми? Шундай. «Бунёдкор»га ишонмаяпсиз. Биз ҳам ишонмаяпмиз. Савол туғилади: нима, биз келажакка ишонч­сиз боқадиган, жамоаларимизни қўллаб-қувватлашни билмайдиган мухлислармиз-ми? Йўқ, асло. Мухлислик бобида ҳеч кимдан кам эмасмиз. Мухлисликнинг моҳияти фақат стадионларни тўлдириш билан белгиланмайди. Стадионларнинг тўлиб-тошишининг шарти аввало, фусункор футбол ва албатта, ғалаба билан боғлиқ. Демак, «Бунёдкор»га, «Бунёдкор» тимсолида футболимиз келажагига хавотирли боқишга ҳақлимиз.

Ҳа, «Челси» «Вест Хэм» билан дуранг ўйнаганда, унинг мухлислари хавотирга тушишганди. Чунки кейинги турда «кўклар» «Манчестер Сити» билан учрашишар эди-да. Йўқ, Жозе Моуриньо шогирдлари учун барчаси хайрли кечди. Энг муҳим, ҳал қилувчи ўйинда улар ғалаба қозонишди. Сўнгги турда эса Эден Азар «хет-трик»ка эришди. Қарабсизки, «Челси» АПЛда пешқадам! Мухлислар қалбидаги хавотир шу зайл супуриб ташланади ва унга ишонч уруғлари экилади. Бизнинг футболимизда ҳам шундай шукуҳли воқеалар тезроқ юз беришини жуда-жуда истаймиз.

Муҳаммад Вали

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 10:05, 11.02.2014.
Ўқилди: 4514 марта.
Фикрлар: 27 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.