Nike компаниясининг кўмаги билан «ССФ» мухбири «Барселона» ҳамда Испания терма жамоаларининг ҳимоя чизиғи етакчисидан интервью олишга муваффақ бўлди.
«Пуйоль барчамиз учун отамиз қатори»
- Nike компанияси барча соҳаларда етакчилик, ишончлилик ва исёнкорликни биринчи ўринга қўяди. Футболчи Пикенинг асосий фазилати ҳам етакчиликдир...
- Марказий ҳимоячи етакчи бўлиши шарт. Бу позицияда тўп сурадиган футболчи ўйин жараёнини тўлиқ кузатиш имкониятига эга. Ҳужумчилар, ярим ҳимоячилар ва ҳимоячиларнинг қандай формада эканликлари унга яққол кўриниб туради. Ҳар қандай жамоа эса бошқарувга муҳтож. Демак, унга ўйинга тўғри баҳо бера оладиган, уни яхши тушунадиган футболчи раҳбарлик қилиши керак. Етакчининг асосий вазифаси шу.
- Карлес Пуйоль - «Барселона» ҳимоя қўрғонининг асосий устуни. Етакчилик борасида ундан нималарни ўргандингиз?
- Пуйоль кўп йиллардан бери юксак савияда тўп суради. Унда етакчилик фазилати ҳам, исёнкорлик хислати ҳам аъло даражада. У ўз олдига юксак мақсадларни қўйган ҳар бир ёш футболчи учун намунадир. Жумладан, мен ҳам 21 ёшли пайтимда клубга келгач, Карлесни устоз сифатида қабул қилганман. У бизга кўп нарсаларни ўргатди. Пуйолни қайсидир маънода ота ўрнида кўрамиз. Айниқса, жамоанинг ўйини қовушмай турган кезларда, ўзимизга келиб олишимизга ёрдам беради.
- Аслида сиз жамоа сардори эмассиз. Лекин етакчи эканлигингиз яққол сезилиб туради.
- Футболга болалик чоғимдан қаттиқ меҳр қўйганман. Майдонга тушгандан кейин, ғалаба қозониш учун барча имкониятларни ишга солиш керак деб, ҳисоблайман. Ўйиннинг ёки рақибнинг қандай нуфузга, аҳамиятга эга эканлигининг фарқи йўқ. Клуб ҳар қандай вазиятда ҳам фақат ғалабага интилиши шарт. Шунингдек, мен жамоанинг ғалабага чанқоқлиги жуда муҳим омил эканлигига ишонаман. Техник ва тактик жиҳатлар ҳам муҳим. Аммо урилган голдан, рақибни маҳв этишдан олинадиган завқ ўзгача. Ахир биз мухлисларимиз учун тўп сурамиз, улар мазмунли ва ҳужумкор футболни ёқтирадилар, бунинг учун пул сарфлайдилар. Демак, биз улардан қарздормиз. Буни унутмаслигимиз керак.
- Ўйинларга қай тариқа тайёргарлик кўрасиз?
- Учрашув тақдирини жамоа аъзоларининг маҳорати ва жонбозлиги ҳал қилади, деб ҳисоблайман. Шу сабабли майдонга тушиш арафасида бошқа ўй-ташвишларни унутишга ҳаракат қиламан. Ўйин бошлангунга қадар у ҳақда ўйламаслик бундан ҳам яхшироқ. Учрашувдан бир кун аввал меҳмонхонага етиб келганимизда, жамоадошларим билан суҳбатлашиш ёки қандайдир ўйинлар орқали футболни эсламасликка интиламан. Лекин ечиниш хонасига киргач, бутун эътиборим бўлажак баҳсга, рақиб учун танланган тактик кўрсатмаларни имкон қадар тўлиқ адо этишга қаратилади.
- Матбуотдаги танқидий фикрларни қандай қабул қиласиз?
- Танқид эътибор қаратишга арзимайди, деб ҳисоблайман. Чунки матбуот футбол билан нафас оладиган миллионлаб мухлислар учун ёзади. Менимча, футболчилар ОАВни назорат қилишга қодир эмаслар, ўз навбатида, ОАВ ҳам футболчиларни таъқиб қилмасликлари керак. Акс ҳолда, ҳатто малакали журналист ҳам қайсидир футболчига баҳо беришда жиддий хатога йўл қўйиши ҳеч гап эмас.
«Реал» ва «Барса» ўртасида келишмовчиликлар бор»
- 2011 йилда «Реал»-«Барселона» муносабатлари кескин тус олганди. Бу босимни қандай енгдингиз? Ахир сиз мадридликлар билан терма жамоада ёнма-ён тўп сургансиз...
- Маълум даражада босим бўлганлиги ёдимда. Келишмовчиликлар ҳам йўқ эмасди. Ўйлашимча, улар бизнинг «Камп-Ноу»даги йирик (5:0) ғалабамиздан кейин юзага келганди. Бироқ терма жамоага келишимиз билан гина-кудуратлар унутилди. Миллий термага келгандан кейин бирлашиш кераклигини йигитлар тушуниб етишди. Акс ҳолда мақсадга ета олмасдик. Навбатдаги Европа чемпионати яқин эди. Ҳозирги муносабатларимизми? Кимдир яқинроқ муносабатда, кимдир йўқ... Муҳими - ягона мақсад йўлида бирлаша олиш.
- Евро-2012нинг Португалия терма жамоаси билан бўлган учрашувида ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида Серхио Рамос зарбани Паненко услубида амалга оширди. Жамоадошингиз зарбага тайёрланаётганда хаёлингиздан қандай фикрлар ўтди?
- Очиғи, Рамоснинг зарбани шу тариқа амалга оширишини кутмагандим. Хайриятки, у янглишмади. Бу - ўта хавфли усул. Агар дарвозабон тўпни ушлаб олса - тамом. Лекин Серхио ҳам, мен ҳам имкониятдан унумли фойдаландик.
- Португалия дарвозасига «нуқта»дан йўллаган зарбангиз фаолиятингиздаги дастлабки пенальти бўлганлигига кўпчилик ишонмаяпти. Бунинг учун футболчида алоҳида ишонч бўлиши керакми?
- Ўз кучига бўлган ишонч - ҳар қандай спортчи учун муҳим. У футбол бўладими, баскетбол ёки теннисми, фарқи йўқ. Иқтидор қанчалик юксак бўлмасин, агарда спортчида ўзига ишонч бўлмаса, ҳеч нарсага эриша олмайди.
«Садоқатли футболчи сифатида эслашларини истайман» - Фаолиятингизни «МЮ»да бошлаб, «Сарагоса»да ҳам ўйнадингиз. Кейин сизга илк сабоқларни берган «Барса»га қайтдингиз. Жонажон клубингизда муваффақият қозонишингизни аввалдан сезганмидингиз?
- Ҳар бир нарсанинг ўз вақти бўлишини билардим. Бир пайтлар «МЮ» шарафини ҳимоя қилдим. Испанияга қайтиш имконияти туғилганда, ғайратим янада ошди. Қайтганимдан кейин ишлар юришиб кетди. «Барса»да олтинчи мавсумимни ўтказяпман. Ҳар йили ҳеч бўлмаганда битта совринни қўлга киритяпмиз.
- Мухлисларда қандай хотира қолдиришни истайсиз?
- Садоқатли футболчи сифатида эслашларини истайман. «Барса»ни ҳаддан ташқари севаман. Бу муҳаббат болалик пайтимдан бери менга ҳамроҳ (Пике клубнинг собиқ президенти Амадор Бернабеунинг набираси). Бу жамоадан бир умрга қарздорман ва бор куч-маҳоратимни унинг равнақи учун сарфлайман.