2014 йилнинг 7-16 март кунлари Россиянинг Сочи шаҳрида XI қишки Паралимпия ўйинлари ўтказилади. Мазкур мусобақада 44 давлатдан 600 нафар спортчи 72 та комплект медаллар учун баҳс юритади. Паралимпия ўйинларида тоғ чанғиси, чанғи пойгаси, слеж-хоккей, биатлон ва керлинг (коляскада) спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилади.
Аввал хабар қилганимиздек, ушбу Паралимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини Евгений Слепов ва Рамил Гаязов ҳимоя қиладилар. Ҳар икки спортчимиз ҳам 2013 йили Голландиянинг Ландграф шаҳрида бўлиб ўтган халқаро мусобақада Паралимпия ўйинлари йўлланмаларини қўлга киритишган.
Евгений Слепов сноуборд мусобақаларида баҳсларга киришса, Рамил Гаязов тоғ чанғи спорти бўйича ўтказиладиган баҳсларда ғолиблик учун кураш олиб боради.
Ҳамюртларимиздан биринчи бўлиб баҳсларни 13 март куни (Тошкент вақти билан соат 17:15да) Рамил Гаязов бошлаб беради. 14 март куни Тошкент вақти билан соат 11:00да Евгений Слепов баҳсларга киришади. Айни пайтда Рамил Гаязов Тошкент вилоятининг “Чимён” спорт базасида, Евгений Слепов эса Бельгия давлатида тайёргарлик кўришмоқда.
Ўзбекистон делегацияси Сочи шаҳрига 4 март куни жўнаб кетади. 5 март куни Тошкент вақти билан соат 16:00да Паралимпия шаҳарчасида Ўзбекистон байроғини кўтарилишига бағишланган маросим бўлиб ўтади.
XI қишки Паралимпия ўйинларининг очилиш тантаналари 7 март куни Тошкент вақти билан 20:00да бошланади. Ушбу маросимда Давлатимиз байроғини Рамил Гаязов стадион узра олиб ўтади.
Маълумот учун. Рамил Гаязов 1985 йилнинг 1 июнь куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида таваллуд топган. 2011 йилдан буён тоғ чанғиси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси.