Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Бразилияни мағлуб этамиз, агарда...

Баҳо:
+ | -

Ҳурматли Президентимиз И.А.Каримовнинг ташаббуслари билан спорт, айниқса, футбол давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шунинг­дек, ЎФФ президенти Мираброр Усмоновнинг саъй-ҳаракатлари эвазига футболимизда туб ўзгаришлар юз бермоқда. Ҳеч бўлмаса, шу ижобий ҳаракатлар ҳурмати ЖЧ-2014 йўлланмасини қўлга киритишимиз, дунё­даги 200дан ортиқ мамлакат орасида нуфузимизни янада яхшилаб, «Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз ҳам» шиорини исботлашимиз шарт эди.

Агар футболимизда бугун ва эртага ҳам эскича (тўпни кўп ушлаб қолиш, у билан ҳолатни ҳис қилмай юриш, тўпни жарима майдонига назар солмай узатиш, рақибни мақсадсиз алдаб ўтиш) усулларга ёндашаверсак, унда Осиёда чемпиони бўлиш ва жаҳон биринчилиги финал қисмига чиқиш масаласини кун тартибидан олиб ташлаган маъқул. Бошқача айтганда, ишқибозларни «таҳлика»ли ўйинларни томоша қилишдан озод этиш вақти келди. Санъат ва спорт (футбол) халқ­ники. У халққа олам-олам қувонч ҳадя этиб, маънавий озуқа улашади. Халқ театри томошабин ҳисобига яшаши сабаб, жамоа доимо ижодий изланишда бўлади. Футбол давлат (давлат - бу халқ, халқ - футболимиз бош ҳомийси, ҳам томошабин) маблағи ҳисобига фаолият кўрсатаётгани учун ҳам халқдан, томошабин эса стадионлардан узоқлашмоқда. Халқ ҳомийлик қилишдан очиқчасига бош тортса, футбол ким ва нимага суянади? Бироқ халқимиз дунёда энг кечиримли ва истиҳолали (айбни шартта бетига айтмайдиган)дир. Шундай экан, мураббий ва футболчиларга яна бир бор ишонч билдирайлик. Шоядки, улар ватан ҳиссини қалбларига жо қилиб, ўз (ишқибоз)галар бахти учун ҳаловатларини йўқотиб, фанатларни лол қолдирсинлар, «Жарангдор овоз» ҳамда «Устоз ва шогирд» ҳикоялари мағзини чақиб, айрим бўшлиқларни ҳалол, машаққатли меҳнатлари эвазига тўлдириб, футболимиз ривожига янгича ёндашишсин. Аввало, эслатиб ўтай, ҳар бир соҳага киритилган ўзгариш, янгилик ва технологик жараён доимо мутахассислар томонидан қаршиликка учраши турган гап. Кимдир эскича ишлашни хоҳлайди, «Бу ортиқча ташвиш келтиради» назариясига ёпишиб олади.

Орзунгиз ойга чиқиш-ми? Унда қуёшга интилинг! Шунда ойни забт этасиз! Осиёда «гегемон» бўлмоқчимисиз, аввало, Бразилияни мағлуб этишни ўйланг. Жаҳоннинг 5 карра чемпиони, футбол афсунгарлари ватанида «Тўпни теп» ибораси ўрнига «Тўпни оҳиста сила, оёғинг билан эркала, ардоқла, шунда у (тўп) сенга тобе бўлади. Сен томон узатилган тўпни олдинга ҳаракатланган ҳолда қабул қил, уни ҳаракатда, ердан аниқ ва чиройли тарзда узат. Тўпли ва тўпсиз рақиб (жамоа бўлиб)ларни уларнинг майдонидан бошлаб таъ­қиб қил. Агар тўп рақибинг­да бўлса, уни олиб қўй, тепиб юбор. Хуллас, тўп сенинг жамоангга ўтгунга қадар рақибни таъқиб қилишда давом эт», деб ўргатишади.

Бразилия футболидан андоза олиб, ўйин ва машғулотларни қуйидаги усуллар билан олиб боришни тавсия қиламан: олдинга ҳаракатланиб тўпни қабул қилиш (бир тегинишда тўхтатиш) ва узатиш, майдонда тўпсиз ҳаракатланиш (очиқ жойга чиқиш), тўпни тўхтатмай бир тепишда дарвозага йўллаш, майдон бўйлаб тўпли ва тўпсиз рақиблар (жамоа бўлиб)ни таъқиб этиш. Ўйин давомида жамоа катта тезликда ҳимоя тактикасидан ҳужум услубига ўтиши ва уни самарали якунлаб, дарҳол аввалги схемага қайтиши зарур. Агар рақибни унинг майдонидаёқ таъқиб этишни йўлга қўйсак, вақти келиб Бразилияни-да мағлуб этсак, ажабмас.

Энди тўпни тўхтатиб, бир тепишда узатишдаги нуқсонлар ва ҳаракатда тўпни тўхтатиб, бир тегинишда узатиш афзалликларини кўриб чиқамиз.

1. Ўйинчи ҳаракатсиз ҳолатда тўпни тўхтатганида: а) тўп оёқни ички томонига урилиб, олдинга қочади; б) оёқ тўпнинг пастроғига тегса, у сакраб қочади; в) оёқ тўпни юқори қисмига тегса, у оёқ остида қолади; г) юқоридаги ҳолатларда тўп сакраб мувозанатни йўқотади ва зарба ўта ноаниқ ёки кучсиз чиқади.

2. Ўйинчи ҳаракатда тўпни тўхтатганида: а) ўйинчи ўзига қараб ҳаракатланган тўпни тўхтатмай оёғи билан (таянч оёғи билан эмас) оҳис­та юқоридан пастга «силайди». Тўп футболчидан 80-90 см. олдинда тўхтайди; б) футболчи тўпни ҳаракатда бир тепиб узатишда таянч оёғини пастдан юқори (тахминан ерга нисбатан 45 даража қияликда)га кўтариш пайти уни оҳиста «силаб» кузатиб қолади. Тўп текис ва аниқ ҳаракатланади. Тўпни ҳаракатда тўхтатиш ва узатишнинг яна бир устунлиги шуки, агар футболчи атрофида рақиб ўйинчиси бўлса, у олдинга интилиш ҳисобига таъқибдан осонликча қутулади.

«Жарангдор овоз» ҳикоясидаги кулол бир қарашда арзимаган оддий «пуфлаш» билан лойдан мўъжизалар яратган бўлса, футболчининг ҳаракатда тўпни тўхтатиш ва узатиш, очиқ жойга чиқиш (очилиш), рақибни таъқиб этиш орқали яшил майдонда мўъжизалар кўрсатишига ишончим комил.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 11:58, 24.02.2014.
Ўқилди: 6121 марта.
Фикрлар: 27 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.