Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Миржалол Қосимов: «Амирликлар билан алоҳида ҳисоб-китобимиз бор»

Баҳо:
+1 | -

Эртага Ўзбекистон миллий жамоаси «Бунёдкор» стадионида Осиё кубоги-2015 саралаш босқичи доирасидаги сўнгги учрашувини БАА термасига қарши ўтказади. Ушбу ўйин натижасидан қатъий назар, ҳар икки терма жамоа келаси йил январь ойида Австралия мезбонлик қиладиган Осиё кубогига боради. Шундай бўлсада, бу ўйин шунчаки, расмиятчилик учунгина ўтказилмайди.

Биринчидан, Абу-Дабидаги мағлубиятни шунчаки, унутиб бўлмайди. Реванш олиниши керак ва шарт. Иккинчидан, эртанги баҳс 2014 йил ҳисобидан ягона расмий учрашув ҳисобланади. Бошқа расмий ўйин умуман йўқ. Бор эътибор ФИФА кунларида ташкил этиладиган учрашувларга қаратилади. Профессионал ёндашув асосида иш юритадиган терма жамоалар аллақачон 2 йиллик режаларини тузиб, спарринг-рақиблар билан ўйин саналарини ҳам келишиб олишган. Бизда эса ҳали ҳам ўша эски тос, эски ҳаммом. Чамаси 70та федерацияга бир хил шакл ва мазмунда хатни жўнатиб, ҳамон кутиб ўтирибмиз. Бу кетишда ҳали узоқ кутамиз. Шу боис Миржалол Қосимов бор-йўғи 90 дақиқа давом этадиган шу расмий ўйиндан максимал даражада фойдаланиб қолиши керак. Ниҳоят, учинчидан ва энг муҳими, футболчиларимиз мухлислар ҳаққи-ҳурмати учун эртанги баҳсда ғалаба қозонишлари шарт. Фақат шу орқали мухлисларни яна стадионга қайтариш мумкин. ЖЧ-2014 саралаши улашган аламни ҳали ҳеч ким унутиб юборгани йўқ. Қолаверса, қўшалоқ баҳор байрамлари арафасида қўлга киритилажак ғалаба нафақат хотин-қизлар, балки футболсевар халқимиз учун совға бўларди. Бундан ташқари, мана 4 йилдирки, БАА терма жамоасини мағлуб этишнинг уддасидан чиқолмаяпмиз. Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати финали, Лондон Олимпиадаси саралашидаги аламли мағлубият, 2011 ва 2014 йилги Осиё кубоги саралаш ўйинларидаги мағлубиятлар учун ҳам айнан эртага муносиб «жавоб» бериш керак.

Рақибларимиз делегацияси кеча чартер рейс билан Тошкентга етиб келди. Амирлик футболчилар эртага мағлубиятга учрасалар ҳам, гуруҳда пешқадамликни сақлаб қолишади. Лекин улар ҳам бу ўйинга ўткинчи учрашув назари билан қарашмаяпти. Анчадан бери мағлубият нималигини билмай келаётган БАА термаси бу анъанасини Тошкентда ҳам давом эттириш ниятида.

Энди миллий терма жамоамизга келсак, Миржалол Қосимов аввалдан режалаштирилганидек, 27 февралдан Тошкентда футболчиларни йиға бошлади. Илк кунги машғулотда бор-йўғи 8 нафар ўйинчи иштирок этди. Қишнинг сўнгги куни эса Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров, Баҳодир Насимов, Виталий Денисовдан ташқари, қолган футболчилар билан машғулот давом эттирилди. Ниҳоят, 2 март куни жамоамиз тўлиқ таркибда шуғулланди. Бир кун аввал етиб келган Аҳмедов ва Жепаров сафга қўшилишди. Йиғинга таклиф этилган биргина Анзур Исмоилов йўқ эди. Уни «Чанчун Ятаи» клуби мураббийлар штаби атайин қўйиб юбормабди. Бунга футболчининг жароҳати баҳона сифатида кўрсатилган. 8 март куни Хитой суперлигасининг янги мавсумига старт берилади. Айнан шунинг учун ҳам, Хитой клуби мураббийлари Анзурга жавоб беришмаган, чоғи.

Яна машғулотга қайтсак. Шу куни одатдагидек, дастлаб чигалёзди-енгил машқлар бажарилди. Кейин анча қизиқарли «квадрат» ўйналди. Футболчилар 3та гуруҳга бўлинган ҳолда, навбати билан тўп муомаласига йўналтирилган «квадрат» машғулотини бажаришди. Шундан сўнг икки гуруҳга бўлиниб, дарвозалар олдида қанотлардан уюштириладиган ҳужумлар бўйича ишланди. Бир гуруҳга Қосимовнинг ўзи, иккинчисига эса Шуҳрат Мақсудов бошчилик қилди. Машғулотнинг охирида футболчилар икки таркибга бўлиниб футбол ўйнашди. Биринчи гуруҳдан деярли асосий таркиб футболчилар жой олишди. Дарвозани Игнатий Нестеров қўриқлади. Ҳимоя чизиғидан Ислом Тўхтахўжаев, Виталий Денисов, Шавкат Муллажонов, Даврон Ҳошимов жой олишди. Ярим ҳимояда Сервер Жепаров, Жамшид Искандаров, Азиз Ҳайдаров ва Жасур Ҳасанов ҳаракат қилган бўлсалар, Воҳид Шодиев ва Игорь Сергеев ҳужумда ўйнашди. Шуҳрат Мақсудов бошчилик қилган ва бевосита ўзи ҳам ўйнаган таркиб Элдор Суюнов, Акмал Шораҳмедов, Владимир Козак, Одил Аҳмедов, Фозил Мусаев, Санжар Турсунов, Сардор Рашидов, Дилшод Жўраев, Иван Нагаев ва Баҳодир Насимовдан иборат бўлди. «Қизил» ва «сариқ»лар учрашуви режадагидек, 15 дақиқа давом этди.

Биз машғулот якунида терма жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимовдан алоҳида интервью олдик.

— Миржалол ака, футболчилар терма жамоа ихтиёрига турли вақт ва шароитда етиб келишди. Умуман, муҳим ўйин олдидан уларнинг бугунги ҳолатлари қандай? Сизни қониқтир­яптими?
— Табиийки, бу нарса мени қониқтирмайди. 2 март кунига келибгина тўлиқ таркиб билан машғулот ўтказдик. Қолаверса, аксарият футболчиларимиз тўп тепаётган клублар мавсумолди машғулотларини ўтказишяпти. Ҳали мавсум бошланмаган. Биргина Азиз Ҳайдаров БАА про-лигасидаги ўйинларда майдонга тушиб турибди. Одил Аҳмедов Европа Лигаси дои­расида «Генк» клубига қарши кечган 2та учрашувда ҳам ҳаракатланди. Қолган футболчиларимиз эса ўз клубларининг ўқув-машғулот йиғинлари ва назорат ўйинларида иштирок этишди. Барибир, расмий ўйин билан назорат учрашуви ўртасида катта фарқ бор. Шу нарсадан бироз хавотирга туш­япман. Лекин йигитларнинг кайфияти аъло даражада. Астойдил ишлашяпти. Иккала терма жамоа ҳам Осиё кубоги йўлланмасини қўлга киритиб улгурган бўлсада, 5 март кунги ўйин айниқса, биз учун ғоят аҳамиятли. БАА термаси билан алоҳида ҳисоб-китобимиз бор. Қолаверса, бу 2014 йил ҳисобидан илк расмий ўйинимиз. Боз устига, Тошкентда, ўз мухлисларимиз кўз ўнгида ўйнаймиз. Ҳар қандай ҳолат ва шароитда ҳам, фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Ўзга натижа бизни умуман қониқтирмайди.

— Анчадан бери жароҳатини даволаш билан банд бўлган Игнатий Нес­теровнинг бугунги ҳаракатларини кўриб, очиғи, қувондик. Бу мураббийлар штабидагиларни ҳам хурсанд қилса керак. Игнатнинг бугунги ҳолати ҳақида қандай фикрдасиз?
— Ўқув-машғулотлар бошқа, расмий ўйин умуман бошқа. Игнат машғулотларда астойдил ишлаяпти. Лекин ҳали майдонга тушишга 100 фоиз тайёр эмас. У жароҳати сабаб кўп вақтни ўтказиб юборди. Операциядан кейин тикланиш жараёни шундай чўзилиши кутилганди. Машғулотда ишлаши, ҳаракатлари ёмон эмас. Астойдил ҳаракат қилаётганини кўриб, хурсанд бўлдим, албатта. 3 нафар дарвозабон йиғинга таклиф этилган. Улардан энг яхши тайёргарликка эга бўлганига  ишонч билдирамиз.

— «Бунёдкор» стадионининг чими яна панд бераётган экан. Машғулотдан 15 дақиқа ўтиб, майдон ачинарли ҳолатга тушиб қолибди. Ўтган йили ЖЧ-2014 саралаш доирасида Ливан термаси билан бўлган ўйин ҳамда «Бунёдкор»нинг ОЧЛдаги учрашувларида кузатилган манзара такрорланмасмикин?
— Эртага (суҳбат 2 март куни уюштирилган, — муаллиф) «Бунёдкор» стадионининг асосий майдонида машғулот ўтказамиз. Майдоннинг ҳолатини шунда кўриб, баҳо беришимиз ва хулоса чиқаришимиз мумкин.

— Рақиб жамоани ўрганиш жараёни қандай кетяпти?
— Юқорида айтганимдек, БАА кучли жамоа. Олимпия термасига мураббийлик қилган Меҳди Али ўша таркиб билан ҳозир миллий жамоада ҳам ишлаяпти. Ўйинларини кўриб, таҳлил қиляпмиз. Назарий машғулотларимизда йигитларга ҳар бир футболчи ҳақида маълумотлар етказяпмиз. Улар билан кўп бор тўқнаш келганмиз. Йигитларнинг ўзлари ҳам ҳар бир футболчининг нималарга қодир эканлигини яхши билишади.

— Расмий ўйин олдидан яна ўртоқлик учрашуви ўтказилмагани сизни хавотирга солмаяптими?
— Ёқимсиз ҳолат, лекин ўзга чорам йўқ. Терма жамоалар маркази 1 март санасига ўйин ташкил этиб беролмади. Лекин бу биз учун баҳона бўлмаслиги керак.

— Улуғбек Бақоев, Александр Гейнрих ва Темур Кападзе бу сафарги йиғинга таклиф этилмадилар. Бу нарсани таркибни ёшартириш жараё­ни, деб қабул қилиш мумкинми?
— Авлодлар алмашинуви — табиий ҳолат. Лекин Темур Кападзе ҳақида бироз ўзгача фикрдаман. Копанинг жароҳати бор. Шу сабабли уни чақирмасликни лозим топдим.

— 2014 йил ҳисобидан бошқа расмий ўйинимиз йўқ. Бундай ҳолатда ФИФА кунларидан максимал даражада фойдаланиш талаб этилади. Бу борада қандай амалий ишлар олиб бориляпти?
— Май ойига ҳозирча ўйин йўқ. Терма жамоалар маркази шу бўйича иш олиб боряпти. Сентябрь ва октябрь ойларида ФИФА кунидан унумли фойдаланиб, 2тадан ўйин ўтказишимиз мумкин. Умид қиламанки, Терма жамоалар маркази бу кунларга рақиб топиб беради.

— ТЖМга спарринг — рақиб бўлиши мумкин жамоаларни ўзингиз тавсия қиласизми ёки...?
— Терма жамоалар маркази бир неч­та федерацияга мактуб жўнатган. Агар бирор федерация таклифимизга ижобий жавоб берса, ўйиннинг барча жиҳатлари юзасидан музокара олиб борилади. Шахсан мен учун қайсидир терма жамоа билан ўртоқлик ўйини ўтказилса, бас.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 15:32, 04.03.2014.
Ўқилди: 6465 марта.
Фикрлар: 32 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.