«Рома» клубининг бош мураббийи Руди Гарсия France Football муҳаррири Дени Шомье билан ҳамкорликда ўзининг автобиографик асарини ёзиб тугатди. Россиялик касбдошимиз томонидан чоп этилган парчалар франциялик мутахассис хусусида кенгроқ тасаввурга эга бўлишингизга ёрдам беради.
Онам
«Шогирдларим майдон сари йўл олишганида, сукунатда танҳо ўтиришни хуш кўраман. Баъзан пойафзал тозалаш билан банд бўламан, бирорта сигаретани тутатишим мумкин. Кейин қўлимга телефонни олиб, онамга қўнғироқ қиламан. Бу пайтда у телевизор қаршисидан жой олиб, менинг жамоам ўйинини кузатиш учун тайёргарлик кўраётган бўлади. Ўша лаҳзаларда мен ҳам ўзимни худди меҳмонхонадаги диванда ўтиргандек ҳис этаман. «Асабийлашма, ўриндиқда хотиржамлик билан ўтир», - дейди онам телефон орқали. Бироздан сўнг қўшимча қилади: «Сизлар учун шам ёқиб қўйдим, бугун омадингиз келади!»
Абрамович
«2011 йил. «Лилл»нинг Лучинадаги қароргоҳи. Жервиньога Лондондан унинг дўсти, «Челси» ҳужумчиси Дидье Дрогбадан қўнғироқ келди. Дрогба дўстидан Эден Азарнинг қаерда эканини сўради.
- У шу ерда, менинг ёнимда», - деди Жервиньо.
- Илтимос, гўшакни унга бер. Азар билан бир киши гаплашмоқчи.
Бироздан сўнг гўшакда Роман Абрамовичнинг овози янгради: «Лилль»да қанча маош олишингни билмайман. Лекин ўша миқдорни 3 бараварга оширишга тайёрман».
Шундан кейин биз Азарнинг «Лилль»даги шартномасини қайта кўриб чиқиб, маошини оширишга мажбур бўлдик. Бироқ бу тадбир уни жамоада яна бир йил олиб қолишга етди, холос. Кейинги мавсумда Эден «Челси»га йўл олди.
Шароб
«Рома» ўзининг илк таклифидаёқ менинг «Лилл»даги маошим ва барча мукофот пулларини қоплашини маълум қилганди. Клубнинг янги президенти Жеймс Паллотта билан учрашиш учун АҚШга борган пайтимда у «Рома»ни Европанинг энг кучли клубига айлантириш учун астойдил бел боғлаганига ишонч ҳосил қилдим. Музокарага мен ўз ёрдамчим Фред Бомпар билан боргандим. Палотта ундан қандай ичимликни хуш кўришини сўради. Шампан виносининг шайдоси бўлган Фред ҳали жавоб беришга улгурмасдан, унинг қаршисида 2та Dom Perignon пайдо бўлди. «Сизчи, Руди?», - дея менга юзланди президент. Дижон туманида ўсиб-улғайганим учун Бургундия шароблари олдида ўзимни тия олмаслигимни тан оламан. Лекин Паллотта бундан қандай хабардор бўлганлиги мени лол қолдирди. У 1988 йилда ишлаб чиқарилган La Tache Domainede la Romanee-Contiнинг қутисини очиб, ичидаги шиша шаробни менга тутқазди. «Мана буни чинакам совға, деса бўлади», - деган фикр хаёлимдан ўтди. Мазкур шаробнинг ҳар бир шишаси 1500 евро туради.
Қайчи
Автобиографик асарида Руди Гарсия буйраги туфайли жарроҳли столига ётгани ҳақида ҳам маълумот берган. Нохуш воқеа Рудининг ўсмирлик пайтида юз берганди. У ўз қаллиғи билан кинотеатрга ташриф буюриб, фильм тугагандан кейин сеанс давомида уларга шилқимлик қилган безори билан муштлашишга мажбур бўлганди. Жанжал пайтида безори Гарсияга қайчи билан зарба бериб, унинг буйрагини яралаганди. Руди шифокорлар кўмаги билан ҳаётга қайтди. Лекин жиззаки ва дангалчи йигитга айланди. Натижада қиморга қизиқиб қолди. Бир гал казинода 16000 евро (ҳозирги курс бўйича) ютиб олди. Мукофотни ўртоқлари билан баҳам кўрди.
Болалигида Руди ветеринар бўлишни орзу қиларди. Лекин доимо спорт билан, жумладан, дзюдо ва енгил атлетика билан шуғулланиб, бу орзуни унутди. Футболга эса уни Корбейлдаги камтарин жамоага устозлик қилган отаси олиб келди.
Тотти
Дастлабки «смс»ни Тоттига жўнатдим: «Салом Франческо. Хабарингиз бўлса, энди мен «Рома»нинг янги бош мураббийиман. Жамоанинг ҳар бир футболчиси билан гаплашиб олмоқчиман. Жумладан, сиз билан ҳам. Таътилдан қайтиб келганингиздан кейин, албатта. Мазмунли ўйин кўрсатиб, совринларни қўлга киритишимиз учун кўп ишлашимизга тўғри келади. Forza Roma!»
- Мен Америкада дам оляпман. Сизнинг бош мураббий этиб тайинланганингизни интернет орқали билиб олдим. Римга хуш келибсиз! Умид қиламанки, ҳамкорликда биз шонли ғалабаларга эришамиз.
- Сиз ҳозир ҳам ғалабаларга чанқоқмисиз?
- Агарда чанқоқ бўлмаганимда, «Рома»да тўп сурмаган бўлардим.
«Рома»нинг Фергюсони
«Музокаралар пайтида Жеймс Паллотта, жумладан шундай деганди: «Жамоа бош мураббийи лавозимига шу пайтгача Италияда иш олиб бормаган, лекин юксак малакага эга бўлган мутахассисни та-йинлашга қарор қилдим. Талабим шуки, сиз «Рома»нинг Алекс Фергюсони бўлинг!» Олдинда бизни ҳамжиҳатлик билан иш юритиш зарурати кутиб турарди. Биз келишиб олдик: Ҳар қандай трансфер менинг розилигим билан амалга оширилади». У пайтда Бенатианинг келишуви расмийлаштирилган, Де Санктис, Майкон ва Стротманлар хусусида музокаралар давом этаётганди. Кейин биз Пьянич ва Ламела масалаларига ойдинлик киритдик. «Рома»нинг спорт директори Ламелани олиб қолиш тарафдори эди. Бироқ бизнинг янги лойиҳамизга Пьянич кўпроқ мос келарди. Шу сабабли Ламеладан воз кечиб, Пьянични олиб қолдик».