Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Мундиалга олиб борувчи мавҳум йўллар

Баҳо:
+ | -

Шу бу йил ўзбек футболида нимадир бўлиши аниқ. Мабодо ўша «нимадир» кузатилмаса, қачондир бўлиши ҳам шубҳа остида қолади-ку, аммо иш унга қадар етиб бормаслигига умид қиламиз. Ўтган ҳафта ЎФФ президенти Мираброр Усмонов айтган гаплар бундай умиднинг чақнашига туртки берди.
 
Мираброр Зуфарович футболнинг каттаю-кичик мутахассислари, профессорлари ва албатта, «Терма жамоалар маркази» ходимлари иштирокида бафуржа мажлис ўтказди. «Шунга нима?» дерсиз, бундай мажлисларни кам кўрганмизми? Аммо ҳамма гап шундаки, бу сафаргиси ҳар доимгисидан фарқли ўлароқ, «футболимизнинг жадал ривожи ва эришилаётган ютуқлар» эмас, балки жамики яширин ва нояширин муаммоларга бағишланди. Ҳозир мажлисда айтилган барча гапларга батафсил тўхталмоқчи эмасмиз, бу ҳақда газета саҳифаларидан маълумот олишингиз мумкин. Биз шунчаки, ўша муаммоларнинг бир қисмига тўхталиб ўтамиз, холос.

МУАММОНИНГ БИР ҚИСМИ
Хабарингиз бор, бироз вақт муқаддам Ўзбекистон миллий ва ёшлар терма жамоаларининг 2014 йилги тайёргарлик режаси ҳақида маълумот бергандик. Ўша мақолада терма жамоалар тайёргарлик режасида мавҳумлик жуда кўплиги танқид қилинганди. ЎФФ президенти Мираброр Усмонов жумладан, мана шу ҳолатни ҳам эътибордан четда қолдирмади ва «Қаерга қарама, ўқув-машғулотлар йиғини. Майли, ўқув-машғулотлар ҳам керак, аммо шулардан бир нечтасида ўртоқлик учрашувлари ўтказса бўлмайдими? Шу кўпроқ фойда бермайдими?»-дея муносабат билдирди. Дарҳақиқат, агар ўша мақолада келтирилган фактларга эътибор берсак, йиғинлар режалаштирилгани ҳолда, спарринг-рақибларга эътибор жуда пастлигини кўришимиз мумкин.
Аммо бу билан муаммонинг илдизи қуриб қолмайди. ЎФФ президенти танқид қилган ҳолат афсуски, Ўзбекистон U-19 ва U-16 терма жамоаларига ҳам тааллуқли. Биласиз, бу жамоалар олдига жаҳон чемпионатига чиқиш вазифасини қўйилган. Аммо бунинг учун ТЖМ томонидан етарлича шароит яратилганми? Келинг, ҳозир шу ҳақда бироз суҳбатлашсак.
 
U-19 ТЕРМА ЖАМОАСИ
Ўтган ҳафта бўлиб ўтган мажлисда шу ҳам маълум бўлдики, 1995 йили туғилган футболчилардан иборат терма жамоа (бундан буён U-19 терма жамоаси, деб юритилади) бош мураббийсиз қолди. Терма жамоа олдига қўйилган вазифа ҳақида гапирдик. Мана шундай муҳим паллада бош мураббий Алексей Евстафеевнинг лавозимдан озод этилиши вазиятни янада чигаллаштириши турган гап. Аммо бу чигалликда Евстафеевни айблаш ноўрин. Бу мураббий охирги 4 йил давомида жуда тиғиз тақвим остида меҳнат қилди. Аввалига Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси билан жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этди, сўнгра ёшлар терма жамоасида ёрдамчи мураббий сифатида ютуқларни такрорлади. Қўшимчасига охирги вақтларда бир йўла икки жойда - U-19 ва U-22 терма жамоаларида ишлаб келаётганди. Бир мураббий учун бунча масъулият оғирлик қилади, албатта. Шундай экан, ўз вақтида кетишга қарор қилгани учун Евстафеевга раҳмат айтиш керакдир, балки.

Аммо шу вақтга қадар ТЖМ нимани ўйлагани жуда қизиқарли. Энди ташкилот шошилинч тарзда янги бош мураббий топиши лозим. Топганда ҳам унча-мунча эмас, етарлича билим ва салоҳиятга эга мураббий топиши шарт. Албатта, бу ўринда ТЖМ қандай йўл тутиши жуда қизиқ - балки ёшлар билан ишлаш бўйича яхши тажрибага эга Дилшод Нуралиев таклиф қилинар, балки янги бош мураббий топилар. Бу борада ТЖМ қандай қарорга келиши ўз йўлига, аммо Асқар Толибжонов тезроқ ҳаракат қилмаса бўлмайди. Ахир терма жамоани Осиё чемпионатига тайёрлаш учун кўп вақт қолмади.
 
ТУРКИЯДАГИ ЎЗГАЧА ЙИҒИН
Бир муаммо ортидан иккинчисини етаклаб келиши ҳақида кўп гапирилган. Ўз навбатида, Евстафеевнинг истеъфоси ҳам бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. U-19 термаси Осиё чемпионатига тайёргарлик режасига кўра, ўтган ҳафта Туркияга жўнаб кетди. Аммо бош мураббий - номаълум! Кутилмаганда Алексей Евстафеевнинг истеъфога чиқиш ҳақидаги қарори ҳам бу йиғинни қолдиришга сабаб бўлмади. Чунки шу вақтга қадар барча ҳужжат ишлари якунланиб, сафар харажатлари ҳам сарфлаб бўлинган. Албатта, бу катта муаммо, аммо ТЖМ ортиқча бош қотириб ўтирмади ва  Евстафеевнинг ўзини йиғинга юбора қўя қолди. Икки кун ичида янги бош мураббий топиш ва унинг хорижга чиқиши учун барча ҳужжатларни тахт қилиш осон эмаслиги важидан балки қарорни тўғри баҳолаш мумкиндир. Аммо бу вазифада ишламаслиги ойдинлашган мураббийнинг хорижда йиғин ўтказиши қай даражада маъносизлик эканини ўзингиз ҳам тушуниб турибсиз, албатта.
Ҳар нима бўлганда ҳам, бизга аёни шуки, терма жамоа режага кўра, Туркиядаги йиғинни ўтказиб келгач, Евстафеев ўз вазифасини бошқа мутахассисга топширади. Янги бош мураббийни эса кўп ишлар кутиб тургани аниқ...
 
ЯНГИ БОШ МУРАББИЙ
Янги бош мураббийга қўйиладиган талаб жуда катта. У октябрь ойида Мьянмада бўладиган Осиё чемпионатига қадар кучли ва рақобатбардош жамоа шакллантириши шарт. Ёшлар терма жамоаси билан ҳар доим бўлиб келганидек, бунинг учун шароитлар етарли, мавҳумликлар эса қачон тугаган...? Аммо келинг, бу ҳақда дарҳол гап очмайлик-да, яхшиси ёшларимизни нималар кутиб турганига эътибор қаратайлик.
 
ТАЙЁРГАРЛИК. АНИҚЛИК ВА НОАНИҚЛИКЛАР
U-19 терма жамоасининг март ойида Тошкентда йиғин ўтказиши кўзда тутилган. Апрель ойида эса тайёргарлик БААда давом эттирилади. Ҳозирча бу йиғинларда қандай ўртоқлик учрашуви ўтказилиши аниқ эмас. Балки яна анъанавий тарзда Тошкентдаги йиғинда «Локомотив» ва «Бунёдкор»нинг ёшлари (терма жамоа асосини «пахтакорчилар» ташкил қилишларини инобатга олсак, бунда ҳам «мантиқ» бор!), БААда эса маҳаллий клублар билан (майлида, қуйи лига вакиллари бўлса ҳам) назорат учрашувлари ўтказилар. Бу борада ҳозирча янгилик йўқ.

Билганимиз фақат шуки, май ойида футболчиларимиз ўртоқлик учрашувда Словения ёшлар терма жамоаси билан куч синашадилар. Аммо бу борадаги аниқлик ҳам шу билан якунига етади. Биздаги маълумотларда бу учрашув қачон ва қаерда ташкил этилиши аниқ эмас. Балки Словенияда уюштирилар, балки Ўзбекистонда, балки умуман бўлмас. Бунисини энди фақат ўша вақтга бориб билиб олишимиз мумкин. ТЖМ кутилмаганда аниқ маълумот бериб қолмаса, албатта.

Шунингдек, июнь ойида Тошкентда ўтиши кутилаётган йиғин тафсилотлари ҳам маълум эмас. Июль ойига белгиланган йиғин эса Дукентда ўтишини биламиз, холос. Август эса ўзбек футболи мухлислари учун ўзгача келиши мумкин - «Терма жамоалар маркази» бу ойда бутун бошли халқаро мусобақа ташкил қилишга ваъда берган. Бироқ бу мусобақада қайси жамоалар қатнашишини ҳам ҳозирча билмаймиз. Яна мавҳумлик.

Сентябрь ойида U-19 термаси футболчиларида ҳам кўрмаган жойларига бориш имконияти туғилади. Терма жамоа бу ойда одатдагидек, Туркия ёки БАА эмас (Дубай ва Анталия йигитлар меъдаларига ҳам тегиб кетгандир), балки Малайзияда йиғин ўтказади. Бу мамлакат иқлими октябрь ойида Осиё чемпионати бўлиб ўтиши кутилаётган Мьянма об-ҳавосига ўхшаш. Шу сабабли ҳал қилувчи тайёргарлик жараёни учун Малайзия танланган.

Октябрь ойида эса Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини жуда масъулиятли мусобақа кутиб турибди - футболчиларимиз Мьянмада жаҳон чемпионати йўлланмаси учун кураш бошлашлари лозим.
       
ЎСМИРЛАР ТЕРМА ЖАМОАСИ
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг (бундан буён U-16, деб юритилади) тайёргарлик режаси ҳақида ҳам аниқ фикрлар билдириш жуда қийин. Темурхўжа Олимхўжаев бошчилигидаги жамоа сентябрь ойида Таиландда бўладиган Осиё чемпионатида иштирок этади ва унинг олдига ЎФФ президенти Мираброр Усмонов томонидан жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилгани ҳақида айтдик. Вазифа анча оғир, чунки нафақат Ўзбекистон, балки бутун қитъада футбол ривожланиб бормоқда, йўлланмалар сони эса чегараланган - 4тагина, холос. Аммо шунга қарамасдан, мана шу йўлланмалардан бири бизники бўлиши шарт. Бош-қа ҳар қандай натижа U-16 учун таназзул ҳисобланаши муқаррар.
 
ЙИҒИНЛАР
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бу вазифани бажариши учун шароит яратиб бериш мақсадида Таиланддаги мусобақага қадар нақ 7та йиғин ўтказиш режалаштирилган. Бу ўринда биринчи қадам аллақачон ташланди. Ўсмирлар терма жамоаси январь ойида Тошкентда йиғилди ва Темурхўжа Олимхўжаев таъбири билан айтганда, «Йиғиндан тўлиқ қаноат ҳосил қилинди».  Терма жамоанинг бундан кейинги тайёргарлик жараёни ҳам етарлича тиғиз. U-16 терма жамоаси март ойида Туркияга боради. Афсуски, мана шу йиғин билан биргаликда мавҳумликлар ҳам бошланади.

Хусусан, Туркияда 18 мартдан 28 мартга қадар ташкиллаштириладиган йиғин ҳақида маълумотлар у қадар кўп эмас. Билганимиз шуки, ўсмирларимиз Туркияда Наврўз байрамига боғлиқ тасаввурларини бойитиб келишлари мумкин, аммо қайси жамоага қарши қачон ва қандай ўртоқлик учрашувида майдонга тушишларини ҳозирча билмайдилар. Умид қиламизки, яқин вақтлар ичида бунга ойдинлик киритилади.

Апрелда эса вазият бирмунча яхшироқ. Бу вақтда Темурхўжа Олимхўжаев шогирдлари Тошкентда йиғин ташкил қиладилар ва 15 ҳамда 22 апрель саналари ўртоқлик ўйинида майдонга тушадилар. Ҳозирча бу учрашувларда рақиб ким бўлиши ҳақида фақат фараз қилиш мумкин. ТЖМ режасида БАА, Қатар, Уммон, Япония, Жанубий Корея ва Баҳрайн каби терма жамоалар кўрсатилган. Аммо бир ой ичида бунча терма жамоага қарши майдонга тушиш имконсиз эканини яхши биламиз. Демак, бу рақиблардан иккиси танлаб олинади.

Май ойида Ўзбекистон U-16 терма жамоасининг Боку шаҳрида ташкил қилинадиган «Каспий кубоги» турнирида иштирок этиши кўзда тутилган. Терма жамоаларимиз бу мусобақага анъанавий тарзда борадилар ва ундан олинадиган тажриба беқиёс бўлишига шубҳа йўқ.

Аммо июнь ойида Тошкентда ўтказиладиган йиғин терма жамоамизга қандай тажриба бериши мумкинлиги ҳақида фақат тахмин қилиш мумкин. Чунки унинг доирасида кимга қарши ўртоқлик ўйини ўтказилиши номаълум. Шунингдек, июль ойида Дукентда ўтадиган йиғин ҳақида ҳам бирор нарса деёлмаймиз. Августдаги мавҳумлик ҳақида эса гапиришга қўрқади киши. ТЖМ режасига кўра, бу ойда U-16 хорижда чиқиши лозим. Аммо ҳеч нарса маълум эмас - футболчиларимиз ҳозирча қаерга боришларини билмайдилар.

Сентябрь ойида эса Темурхўжа Олимхўжаев бошчилигидаги терма жамоамиз Таиланд мезбонлик қиладиган Осиё чемпионатида кичик мундиал йўлланмаси учун кураш бошлайди. Айнан ўша мусобақа тайёргарлик жараёни қандай кечганига асл баҳони беради.

Абдуллоҳ ЗАРИПОВ

Манба: www.zakovat.uz
Киритилди: 11:08, 09.03.2014.
Ўқилди: 7780 марта.
Фикрлар: 17 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.