Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Марат Кабаев: «Денисов россияда узоқ вақт қолиб кетмайди»

Баҳо:
+ | -

Маълумки, ўзбек футболининг ХХ аср 90-йилларидаги машҳур вакилларидан бири Марат Кабаев айни пайтда Россиянинг «Рубин» клубида фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда маълум муддат мураббийлик қилган ҳамюртимиз Қозон клубининг селекция бўлимида катта мураббий лавозимида ишлаяпти. 

Биз Марат Вазихович билан 2012 йилнинг кузида БААда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати, ўтган йили эса Туркия мезбонлик қилган U-20 жамоалари иштирокидаги жаҳон чемпионатида учрашгандик. Ўшанда Марат Кабаев «Рубин» клуби номидан ҳар икки мусобақага истеъдодли футболчиларни кузатиш ва мураббийлар штабига ҳисобот бериш учун жўнатилганди. Ҳамюртимизнинг тавсияси билан бир неча футболчи билан шартнома имзоланди. Масалан, эронлик ёш ҳужумчи Азмун ҳам айнан Кабаевнинг тавсияси билан «Рубин»га таклиф этилган. Бундай футболчилар етарли, бунга суҳбатимиз асносида ўзингиз ҳам амин бўласиз. Аммо «Рубин»га кўп йиллар давомида устозлик қилиб келган таниқли мутахассис Қурбон Бердиев истеъфога чиқарилгач, жамоада жуда кўп нарса ўзгарди. Афсуски, бу ўзгаришлар «Рубин» клубида ишлаб келаётган яна бир ҳамюртимиз Андрей Фёдоровнинг ҳам Қозон клубини тарк этишига сабаб бўлди. Демак, эътиборингизга Марат Кабаев билан уюштирилган эксклюзив интервьюни ҳавола этамиз.

- Марат ака, Қурбон Бердиев жамоадан кетгач, «Рубин»да қандай ўзгаришлар юз берди? Шахсан сиз туркманистонлик таниқли мутахассиснинг истеъфосини қандай қабул қилдингиз? - Бой тажрибага эга мутахассиснинг кетиши ва ундан кейинги бўй чўзаётган асоратлар жуда кўп нарсаларда намоён бўлиб бормоқда. Масалан, жамоанинг ўйинга танланадиган тактикаси, футболчиларнинг кайфияти, психологияси кескин ўзгарган. Чунки, футболчилар Қурбон Бекиевични ҳурмат қилишарди. Табиийки, бир неча йиллик биргаликдаги ҳамкорликдан сўнг ҳамма унга ўрганиб қолганди. У қўлидан келганича одамларга яхшилик қилишга уринарди. Шу пайтгача қанчадан-қанча футболчиларни кашф этиб, янги ҳаёт сари етаклади. Унинг қўл остида «Рубин» икки бор Россия чемпиони бўлди. Бундан ташқари, мамлакат кубоги, суперкубогида ҳам зафар қучди. «Барселона»ни «Камп Ноу»да мағлуб этиш ҳамма жамоага ҳам насиб этавермайди. Шахсан мен ўша пайтдаги ғалабани тасодифга йўймаган бўлардим. Ўша мавсумда «Рубин» Испания грандидан 4 очко тортиб олганди. Ўз уйида ҳам мағлуб бўлмаганди. Яқин ўн йилларда Россия клублари бундай натижани уддалай олмасликлари аниқ. Лекин Бердиев «Рубин» билан бунга эришганди. Ўша тарихий ютуқдан сўнг Қозонда футбол яна бир поғона юқорига кўтарилган эди. Афсуски, исм-шарифи катта ҳарфлар билан ёзиладиган шундай кучли мутахассисни истеъфога чиқаришди. Агар бу истеъфо жамоа муваффақиятига ёрдам берганида ҳам бунга ачинмасдим. Лекин деярли ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.
- Бердиевнинг кетиши клуб тузилмаси, академия фаолияти, сиз ишлаётган селекция хизматига ўзгаришлар киритмадими? - Ўзгаришлар бўлди ва ҳамон давом этяпти. Минг афсус билан шуни маълум қиламанки, Бердиевдан сўнг ўзимизнинг Андрей Фёдоровни ҳам ишдан бўшатишди. Андрей ўз ишининг профессионали эди. Шунингдек, таҳлилчи - мураббий ҳам истеъфога чиқарилди. Бу икки мутахассис ўз ишларини аъло даражада бажариб келишаётганди. Уларнинг айби Қурбон Бердиев даврида ишга олингани бўлди. Мен ҳам Бердиевнинг таклифига биноан Қозон клубига ишга қабул қилингандим. Селекция бўлимимизга айнан Фёдоров раҳбарлик қилиб келаётганди. Бу бўлимда олти киши ишлайди. Бундан ташқари агентлар ҳам бор.
- Бердиев билан аввалдан танишмидингиз? - «Пахтакор» жамоаси шарафини ҳимоя қилган пайтларимда у «Қайрат» клубида ўйнарди. Бундан ташқари, «Ростов» сафида ҳам ҳаракат қилган. Жамоаларимиз бир-бири билан ўйнаган пайтларда кўришиб турардик.
- Янги бош мураббий сиз фаолият юритаётган селекция бўлимига қандай талабларни қўймоқда? - Улар биз билан деярли ҳисоблашишмаяпти. Мураббийлар штаби жамоадан ҳайдалган клубнинг аввалги бош директори Громов билан алоқа ўрнатиб олган. Айнан Громов мураббийларга футболчиларни тавсия қиляпти.
- Лекин Громов ҳозир жамоада ишламаяптику? - Тўғри. Лекин ҳамма ишни у амалга оширяпти. Четдан туриб бошқаряпти, назорат қилмоқда.
- Фёдоровдан сўнг сизга ҳам босим ўтказишмаяптими? - Йўқ, ҳозирча ҳеч қандай босимни ҳис қилмаяпман. Мен профессионаллик тарафдориман. Ҳар ким ўзи билган иш билан шуғулланиши керак.
- Андрей Фёдоров ҳозир нима билан машғул, ўзига янги иш топдими? - Ҳозирча йўқ. Бироз дам олганидан сўнг ишга қайтади. Андрей каби футбол фидоийлари кўп вақт ишсиз юришмайди. 
- Бош жамоани ҳозирда ким ўйинларга тайёрлаяпти - Маминовми ёки Билялетдинов? - Иккаласи ҳам. «Про» мураббийлик гувоҳномаси бўлгани учун расмий ҳужжатларда Владимир Маминов «Рубин» бош мураббийи сифатида кўрсатилган. Володянинг ҳозирги даражасига кўтарилишига Ўзбекистон терма жамоасидаги ўйинлари ҳам сабаб бўлган, деб ўйлайман.
- Марат ака, «Рубин»нинг ички чемпионатдаги муваффақиятсиз иштирокига нима сабаб бўляпти? - Ҳамма гап, муаммо Громовда. Айнан у «Рубин»нинг «тормоз» бўлиб қолишига сабабчи. Жамоада нопрофессионал ишлар бўляпти. Громов омадсизликнинг бош айбдори, десам асло хато бўлмайди.
- Айтишларича, Бердиев ва Громовни шахсан Татаристон президенти Рустам Минниханов истеъфога чиқарган экан. Шу тўғрими? - Ҳа, худди шундай бўлганди.
- Лекин ким ҳозир Громов билан «ҳамкорлик» қиляпти? - Ҳозирча Минниханов Громовнинг ишларидан бехабар. Аммо яқин орада бу ҳақда хабар топиши аниқ.
- «Рубин» Россия чемпионатининг навбатдаги турида «Динамо» майдонида дуранг ўйнади. Москвалик футболчилар асосан юқоридан тўп оширишларга таянишди. Шу ўйин ҳақида қандай фикрдасиз? - Йигитлар ёмон ҳаракат қилишмади. Муҳими, аввалги учрашувлар билан таққослаганда, аввалдан ўйланган ўйин чизмаси бор эди. «Динамо» футболчилари ўз майдонларида кечган баҳсда осонликча уч очкони қўлга киритамиз, деб ўйлашганди. Лекин якунда бундай бўлиб чиқмади. Тўғри, мезбонлар учрашувда устунликка эга бўлишди, лекин бугунги замонавий футбол натижа билан ҳисоблашади. Ҳозир чиройли ўйнаш эмас, якуний натижа муҳим бўлиб қолди.
- «Рубин» еврокубокларга, аниқроғи, Европа Лигасига бериладиган ўринлар учун кураша оладими ёки имконият қўлдан бой бериб бўлиндими? - Буни амалга ошириш жуда мушкул бўлади. Ҳамиша гапириш осон, лекин уни рўёбга чиқариш қийин бўлиб келган. Жуда кўп очко йўқотилди. Кутилмаган мағлубиятлар «Рубин»нинг ўзига хос бўлмаган ўринларни эгаллаб туришига сабаб бўлди. Европа Лигасига йўлланма берадиган ўринларда ЦСКА ва «Динамо» клублари боришяпти. Биз бу жамоалардан 12 очкога ортда қоляпмиз. Бу «Рубин» 4та ўйинда ғалаба қозониб, рақибларимиз шунча учрашувда мағлубиятга учраши керак, деган нарса. Лекин бу жуда қийин масала. Москва армиячилари ҳам, кубанлик футболчилар ҳам чемпионатнинг баҳорги босқичини юқори суръатда ўтказишмоқда. «Краснодар» ўз уйида «Спартак»ни, ЦСКА меҳмонда «Анжи»ни йирик ҳисобда мағлуб этганиёқ, бу жамоаларнинг иштаҳаси очилганидан дарак беради. Аммо назарий жиҳатдан имкониятларимиз сақланиб қолган. Бундан эса максимал даражада фойдаланиш лозим. Биринчи галда ўзимиз очко йўқотмаслигимиз, кейин эса рақибларнинг «қоқилиш»ини кутишимиз керак.
- Марат ака, «Спартак»нинг йирик мағлубияти ҳақида гап очдингиз. Тўққиз карра Россия чемпионларининг бундай ҳолатга тушиб қолишларига нима сабаб бўлди, деб ўйлайсиз? - Ҳозир «Спартак» ҳам «Рубин»га ўхшаш ҳолатга тушиб қолган. Карпин кетганидан сўнг вазият қанчалик ижобий томонга ўзгаради, бу бизга қорон-ғу. Черчесовга осон бўлмаслиги аниқ. Менимча, муваффақиятсиз иштирокнинг асосий сабаби мавсумлар оралиғидаги тайёргарликка бориб тақалади. Футболчилар функционал жиҳатдан ҳали юқори суръатдаги ўйинларга тайёр эмаслар. Ўзбекистонда ҳам шундай ҳолат бўлдику! БАА билан Тошкентда кечган учрашувда йигитлар айнан функционал жиҳатдан учрашувга тайёр эмасдилар. Бу эса майдонда яққол кўзга ташланиб қолди. Ўзи ҳамиша январь, февраль ва март ойларида клубларимиз ҳам, терма жамоаларимиз ҳам яхши натижага деярли эришишмаган. «Бунёдкор»нинг ОЧЛдаги ўзига ярашмаган иштирокига ҳам шу омил сабаб бўлса керак. Апрель ойига борибгина вазият ижобий томонга ўзгара бошлайди.      
- Россия премьер-лигаси юлдузларидан бирига айланиб бораётган ҳамюртимиз Виталий Денисовнинг ўйини барчамизни хушнуд этмоқда. Унинг жамоаси «Локомотив» ҳам бу йил бошқа клубларга нисбатан олиб қараганда кучлироқ кўриняпти... - Ҳа, фикрингизга қўшиламан. Виталий сабабли «Локомотив»нинг ўйинларини кузатиб боряпман. У менга отаси Генанинг ўйинларини эслатиб юборяпти. Отаси каби машҳурликка эришган ўғиллар жуда кам. Кўз тегмасин, Денисов Россия чемпионатига қайтгач, сиз айтгандек, чемпионат юлдузига айланди. Унинг янги ассистентлик қирралари кашф этилди. «Локомотив»нинг ҳозирги мураббийи Кучук аввал Украина клубларида ишлаган ва табиийки, Денисовни «Днепр»даги ўйинларини кўп бор кўрган. Айнан Кучук Витканинг яна ҳам очилиб кетишига сабаб бўлди, деб ўйлайман. Кўз тегмасин, шу темпда давом этадиган бўлса, у Россия чемпионатида узоқ вақт ушланиб қолмайди. У юқори классдаги футбол намойиш этмоқда. «Гол+пас» тизимида ижобий ўсишга эришяпти.
- Сизнингча, «темирйўлчилар» бу йил чемпион бўла олишадими? - Агар ЦСКА ва «Зенит», «Спартак» жамоаларининг нотекис ўйин намойиш этишаётганини инобатга олсак, бунинг эҳтимоли янада ошади. Аксинча, «Локомотив» бу йил бир текис ўйин кўрсатяпти. Дарвоқе, «Зенит» клубини бир неча йилдан бери бошқариб келган Лучано Спалетти ҳам истеъфога чиқарилди. Италиялик мутахассиснинг ўрнига келган Виллаш-Боаш учун ҳали вақт керак. Питер клуби раҳбарияти ҳам буни тушуниб турибди. Улар келаси мавсум учун Боашни ишга олишди. Менга қолса, «Локомотив» чемпионлик шоҳсупасига кўтарилса яхши бўларди. Ўзбекистонлик футболчилар орасида чемпионлар яна биттага кўпаярди. Қосимов, Фёдоров... Денисов, чемпионлар кўпаяверсин.
- Марат ака, «Рубин»даги футболчимиз Вагиз Галиулин узоқ давом этган ва сурункали жароҳатдан сўнг ўзини қандай ҳис қиляпти? Ярим ҳимоячимизни қачон таркибда кўришимиз мумкин? - Айни пайтда у Германияда жароҳатдан кейинги тикланиш муолажаларини олиб боряпти. Насиб қилса, янги мавсумдан ўзини яна кўрсатиши мумкин бўлади. Бу мавсум Вагиз учун якунланди.
- Демак, у жорий мавсумда бошқа майдонга тушмайдими? - Афсуски, шундай. Мавсумолди ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этмаган футболчидан бошқа нарса кутиш ҳам мумкин эмас. Сурункали жароҳатлар Галиулинни шундай ҳолатга солиб қўйди.
- Балки, Вагизнинг ўзи учун муносиброқ жамоага ўтгани маъқулдир? Кучли клуб захирасида ўтиргандан, ўртамиёна жамоанинг асосий таркибида мунтазам ўйин амалиётига эга бўлгани яхшироқ эмасми? - Шубҳасиз, шундай бўлиши керак.
- Ўзи билан шу мавзуда гаплашмадингизми? - Гаплашдик. Мендан кўра, бу ҳақда ўзи сизга айтгани маъқулроқ бўлса керак. Унга ўз фикримни тушунтириб бера олдим. Қандай қабул қилиши унинг ўзига боғлиқ.
- Бугунги кунда селекция жараёни маҳсули сифатида сиз томондан клубга тавсия қилинган футболчилардан кимлар «Рубин»да ўйнаяпти? - Рондон, Натхо, Мвила, Азмун... бу нафақат менинг, балки бутун селекция бўлими томонидан олиб борилган меҳнат маҳсули.
- Турнир жадвалининг энг сўнгги поғонасида бораётган Махачқалъанинг «Анжи» ҳамда аввалги таркибдан қолган ягона «юлдуз» Одил Аҳмедов ҳақида фикрларингиз қандай? Эътиборлиси, махачқалъаликлар ҳозиргача ягоналигини сақлаб келаётган ягона ғалабага айнан «Рубин»ни мағлуб этиб эришишди... - Мен чин дилдан «Анжи» клубининг премьер-лигада қолишини истайман. Ўйлайманки, Сулаймон Керимов жамоаси бу вазифани уддалай олади. Лекин Аҳмедов клубини олдинда ўта мураккаб ўйинлар жадвали кутиб турибди. «Динамо», «Зенит», «Локомотив» жамоаларига қарши кечадиган ўйинларда «Анжи»га осон бўлмаслиги аниқ.
- Марат ака, Осиё ва жаҳон чемпионатларида бизнинг ёш футболчиларни ҳам кузатгандингиз. Бу борада қандай янгиликлар бор? - Ҳозирча янгиликлар йўқ. Лекин ўзим кузатган футболчилар орасидан Владимир Козак, Жамшид Искандеров, Игорь Сергеев сингари ёш футболчиларнинг келажаклари порлоқ. Яқин йилларда бу футболчилар хориж клубларида пайдо бўлиб қолишса, бундан ҳечам ажабланмайман. 
- Селекция бўлимида ишлаш сизга қийинчилик туғдирмаяпти? - Ўзига яраша қийинчиликлари бор. Мисол учун, бир футболчини 2-3та мусобақада кузатиб юрдингиз. Аввалига у сиз айтган клубга ўтишга рози бўлади. Лекин маълум вақт ўтганидан кейин ташқи омиллар таъсирида ўз фикрини ўзгартиради. Бундай ҳолатларда шунча қилган меҳнатингиз зое кетади. Дунёда осон касбнинг ўзи йўқ. Бизнинг селекция бўлимимиздан ташқари клуб академияси мураббийлари ҳам турли халқаро мусобақаларга бориб, истеъдодли футболчиларни излашади. Ҳамдўстлик мамлакатларида ёшлар ўртасидаги футбол турнирлари кўп ўтказилади. Ўзбекистонда ҳам шу нарсани йўлга қўйиш керак. Селекционер мураббийларни имкон қадар кўпроқ мусобақаларни кузатиш учун юбориш лозим. Фақат кимнингдир телефон орқали тавсия қилган арзон-гаров футболчисини олиш билан иш битмайди ахир. Бундай тоифадаги легионерлар клубларимизга фақат зарар келтирмоқдалар. Бунга ўзимиз ҳам гувоҳ бўляпмиз. Россияда селекция ишлари ЦСКА, «Кубань», «Локомотив» каби клубларда яхши йўлга қўйилган, десам янглишмайман. Ўз ўрнида мураббийлик фаолиятимни ҳам соғиндим. Чунки мураббийлик барибир севган ишим. Айниқса, 1991 йили туғилган футболчилардан иборат терма жамоада ишлаган пайтларимни қўмсайман. Ўша пайтда жуда яхши жамоа шаклланганди. Таркибда истеъдодли футболчилар кўпчиликни ташкил этарди. Афсуски, жаҳон чемпионатига йўлланма берадиган ўйинда Саудия Арабистони терма жамоасига имкониятни бой бериб қўйгандик. Бизни мундиалдан бор-йўғи бир қадам ажратиб турганди. Агар жаҳон чемпионатига чиқа олганимизда, ишончим комилки, ҳозир ўша таркибдаги 5-6 нафар футболчи легионер мақомида ўйнаётган бўларди.

Манба: intersport.uz
Киритилди: 09:27, 13.04.2014.
Ўқилди: 7616 марта.
Фикрлар: 15 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.