Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоасининг Осиё чемпионлар лигасидаги сўнгги иккита ўйинини кўриб, шахсан мени юрагимда хийла илиқлик пайдо бўлди. Юртимиз футболи узра кезиб юрган бироз тушкунликни «қалдирғочлар» сал бўлсада тарқатгандай бўлди. . .
Аввалига “Ал Фатҳ”гақарши учрашув ҳақида:
“Пахтакор” стадионида кечган учрашув тошкентлик футбол мухлисларининг эътиборини тортди, десак сал адашган бўламиз. Ўз бағрига 40 мингга яқин мухлисни сиғдирадиган, не-не ғалабаларни кўрган бу стадион ўша куни анча мунғайиб қолгандай туюлди. Учрашувга тўлиқ тўхталиб ўтирмайман, лекин унинг сўнги 10 дақиқасига алоҳида эърибор қаратгим келди. Жамоамиз 1-2 ҳисобда ортда қолаяпган эди, деярли 100 фоизлик имкониятларни бир нечтаси қўлдан бой берилган, жамоада руҳий тушкунлик шундоқ кўриниб турарди. Лекин шу топда “Бунёдкор”нинг иродаси ишга тушди. Аввалига Олександр Пишур ташлаб берган тўпни Воҳид Шодиев дарвозага йўллади. Ҳисоб — 2-2. Шу паллада жамоамиздаги руҳий тушкунлик ўрнини шижоат эгаллади. Ҳеч қанча вақт ўтмай Алибобо Раҳматуллаев позицион ҳужумни ажойиб зарбаси билан якунлади. 3-2. Шахсан ўзим учрашувни шу лаҳзасида анчадан бери жамоаларимиз халқаро майдонда бунақанги ирода кўрсатишмаганини ҳис этдим. Айнан шу ўйиндаги ғалаба назарий томонидан плей-оффга чиқиш имкониятларини сақлаб қолди. Ўша ўйниндаги воқеаларни кўпчилик тасодифга йўйди, кимдир омадга. . .
Ҳал қилувчи 6- тур учрашуви. Мазур гуруҳдан чиқувчи иккинчи жамоани номи аниқланиши керак эди. “Ал-Жаиш»га қарши сафардаги учрашув оғир бўлишини тасаввур қилиш қийинмас эди. Чунки рақибни дуранг натижа ҳам қаноатлантирар, араблар натижа учун ўйнаганда ҳеч нарсадан тоймаслигини ОФКга аъзо бўлган жамоаларнинг ҳаммаси биларди...
Ўйиннинг 13-дақиқасида учрашув сценарийси ёзилишида катта ҳисса қўшган голни Симоненко “Ал-Жаиш” дарвозасига киритди — 0:1. Шундан сўнг “Бунёдкор” ўйинни умуман топшириб қўйди. 2-бўлим стартида жамоамиз тўп ўтказиб юборди. Марказий ҳимоядаги заифликдан қатарлик ҳужумчи унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди — 1:1. Айнан шу голдан сўнг жуда ҳам кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлгани аниқ. Ўзи шундоқ ҳам ҳимояланишни қойил қила олмаётган “Бунёдкор” энди яна гол уриши керак эди. Лекин ҳа деганда ўйиндаги ташшаббусни қўлга олиш жамоамизга насиб этгани йўқ. Учрашувга ҳакам 4 дақиқа қўшиб берди. Ана шу 4 дақиқанинг деярли 2 дақиқасида жамоамиз ҳеч нарса қила олмади. Қолган 2 дақиқада “қалдирғочлар” нинг тўп киритишига менимча энг оптимист мухлисларимиз ҳам шубҳа қилишган бўлса ажаб эмас. Лекин...
93-дақиқада жамоамиз бурчак тўпи тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Айнан шу вазиятни барча мухлислар юрак ютиб кузатиб турдик. Иккинчи бўлимда тушган Сардор Рашидов узатган тўпни рақибларимиз дарвозалари олдидан узоқлаштиришганда деярли ҳеч кимда ғалабага ишонч қолмагандай туюлди. Лекин шу дақиқани ўзидаёқ ҳаводан жарима майдончасига етказилган тўпни рақиб ҳимоячиси Хайрулла Каримов билан бўлган курашда ўзи билмаган ҳолда Сардор Рашидов томон тепди. Айни шу пайтда Сардор бор иродасини, бор кучини ва ўзбекнинг ориятини жам қилиб, тўпга кучли зарба берди. Бу зарбани қайтариш рақиб дарвозабонининг қўлидан келмади. 1:2!. .
Шу топда учрашувни шарҳлаётган журналистмизнинг ҳаяжон аралаш «гооол» дея баланд овозда гапирган гаплари ўйини кўрган мухлисларнинг қулоқларига кирмаган бўлса керак... Қатарга “Бунёдкор” делегацияси сафида келган барча югуриб тушиб келишди. Бу ҳақиқий ирода эди.
Учрашувнинг бу қадар аҳамиятли эканлигини яна бир сабаби бор. Агар “Бунёдкор” бу йилги турнирнинг гуруҳ босқичидан ўта олмаганда, келаси йили ОФК Ўзбекистонга чемпионлар лигасида 1+2 ёки унданда камроқ ўрин бериларди. Лекин “Бунёдкор” буни удалади. Тўғри улар гуруҳда зўр ўйин кўрсатишмади, мағлубиятларга учрашди, лекин энг сўнгида улар ўзбек кулубларини юзини бутун қитъда ёруғ қилишни қисман бўлса ҳам уддалашди. Тшғри эндиги рақиблар анчайин кучли бўлади. Эндиги ўйинлар янада аёвсиз ва кескин бўлади лекин, агар майдонга Ўзбекистон клуби эканлигини доим ёдларида сақлаб тушишса, ҳеч қайси бир жамоа “Бунёдкор”нинг бу иродасини енга олмайди!
Тўғри, ҳозир бу мақолани ўқиган айрим мухлисларимиз бу 2 дона ғалабага шунча хурсанд бўлиш ярамайди дейишлари мумкин. Балки бир томондан улар ҳам ҳақдирлар. Лекин шуни унутмаслик керакки, ҳозирда “Бунёдкор” нафақат ўзининг обрўйи, балки бутун ўзбек футболининг ор-номусини ўз елкасида кўтариб юрибди. Мен атайин охирги иккита ўйинга алоҳида эътибор қаратдим. Сабаби, авваллари бизнинг жамоаларимизда (МТЖ, ОТЖ, клубларимиз) шу нарса етишмасди. Лекин етишиб чиқаётган авлод бундан мустасно эканлигини Алибобо Раҳматуллаев ва Сардор Рашидов қиёсида айтишимиз мумкин. Агар жамоамиз 5-турда ирода кўрсатишмаганда сўнгги турдаги ғалабадан “Бунёдкор”га ҳеч қандай наф бўлмас эди. “Бунёдкор” омад ёки мўжиза эвазига эмас, балки, кучли ирода ва чинакам меҳнат эвазига кейинги босқичга чиқди. Ҳозирда Волков шогирдлари сизнинг бироз ишончнингизга муҳтож, келинг, қондошим, уларга ишонайлик, насиб этса, бу мавсум “қалдирғочлар”нинг парвози узоқ давом этажак.
Яҳё Улуғхўжаев