Шу кунларда Вьетнамнинг Хо Ши Мин шаҳрида ўтаётган футзал бўйича Осиё чемпионатининг гуруҳ босқичи ўйинларига 5 май куни якун ясалди. Ушбу босқич якунларига кўра, чорак финалга “А” гуруҳидан Кувайт ва Вьетнам, “В” гуруҳидан Эрон ва Австралия, “С” гуруҳидан Таиланд ва Ливан ҳамда “D” гуруҳидан Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари йўл олишди.
7 май куни бўлиб ўтадиган чорак финал босқичида Кувайт – Австралия, Таиланд – Япония, Эрон – Вьетнам ва Ўзбекистон – Ливан учрашувлари бўлиб ўтади. Мазкур учрашувлардан бир кун олдин, чорак финалда иштирок этадиган барча терма жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Қуйида Эрон ва Вьетнам терма жамоалари бош мураббийлари билдириб ўтган фикрлар келтирилган:
Хусус Канделас (Испания) – Эрон терма жамоаси бош мураббийи:
— Гуруҳ босқичи якунлангач, барча ўйинларни финал деб аташ мумкин. Эртага, Эрон терма жамоаси Вьетнамга қарши финал учрашувини ўтказади. Жамоамиз Осиёда ўз номига эга бўлса ҳам, бўлажак баҳс биз учун осон кечмайди. Рақибимиз – мусобақа мезбони. Мезбонга қарши ўйнаш эса, доимо қийин.
Бруно Формосо (Испания) – Вьетнам терма жамоаси бош мураббийи:
— Вьетнам терма жамоаси ўз тарихида биринчи бор Осиё чемпионатининг чорак финал босқичига қадар етиб келди. Биз Вьетнам футзалини янги саҳифасини очишга эришдик. Чорак финалда бизга қарши Осиёнинг энг зўр жамоаси ўйнайди. Эрон терма жамоасининг заиф нуқтасини ўзи йўқ. Шунга қарамай, физик, тактик ва техник жиҳатлардан биздан устун бўлган рақибга қарши ўйнашга ва уни мағлубиятга учратишга тайёрмиз. Бизга мухлислар ҳам катта ёрдам беришади деб ўйлайман. Жамоамиз таркибидаги барча ўйинчилар ўзларини психологик жиҳатдан учрашувга тайёрлашяпти.