Виталий Денисов ўтган қиш фаслида "Локомотив"га эркин агент сифатида қўшилган эди. Ҳар хил фикрлар ёйилди. Баъзилар у Украина чемпионатининг энг яхши чап қанот яримҳимоячиси деган бўлсалар, бошқалар бу трансфернинг муваффаққиятига ишонқирамай фикр билдирдилар: заҳирага михланади. Денисов бир ярим йил ичида танқидчиларга муносиб жавоб берди ва "темирйўлчиларнинг" асосий ҳимоячисига айланди. "Футбол" ҳафтаномаси (Россия нашри - таъкид std.uz) ундан шарқ экзотикаси, кундалик тутиш тажрибаси ва мухлислар билан дўстлиги ҳақида суҳбатлашди.
Олма олма дарахтидан узоққа тушмайди
Виталий Денисов билан интервьюни кулади, жилмаяди, кўрсатади, каби эскирган қолип сўзлар билан бошлаш мумкин. У ҳақиқатдан ҳам ҳиссиётга берилиб жавоб беради. "Мен суҳбат учун очиқман", - Денисов ўзининг феълига аниқ сифат беради.
- Сиз Тошкентда туғилгансиз. Мен шундай гапларни эшитганманки, ўзбеклар русларни сиғдирмас эканлар...
- Йўқ, келинг, бу мавзуни ёпамиз. Бунақаси бўлмаган, бўлмаяпти ва бўлмайди ҳам. Буни ким сизга айтган бўлса, юзига тупуринг.
- Аммо Ўзбекистонда милиция жуда қаттиққўллиги ростми? У ерда мушакбозликни кўрмайсиз.
- Бизда Россия ва Украинадагидек фанатлар ҳаракатлари йўқ. Ҳар хил гуруҳлар, фирмаларни учратмайсиз. Шахсан мен милиция билан тўқнашмаганман. Менимча у ўз чегарадан чиқмайдиган даражада қаттиққўл ва тушунувчан. Ҳамма ердагидек.
- Отангиз Геннадий Денисов "Пахтакор"да ўйнаган. У футбол мактабига жойлашишга ёрдам берганми?
- У кунни жуда яхши эслайман. Отам иккимиз "Пахтакор" стадионига келдик, у ерда 86-87 йилларда туғилган болалар шуғулланар эди. Бош мураббий Дилшод Нуралиев эди. Кейинчалик билсам, мени қабул қилишни исташмаган экан, чунки, жамоадан бир-икки ёш кичик эдим. Отам "шунчаки югуриб туришимни" сўради. Мен эса ўйнашни бошладим, катта болалар билан бир савияда эдим.
- Таниқли кишиларнинг фарзандлари кўпинча, авлодини яширишга ҳаракат қилади.
- Мен эса, аксинча - фахрланаман. Менинг отам собиқ иттифоқ ҳудудида таниқли шахс ҳисобланади. Унга салом айтишни сўраган инсонларга кўп дуч келаман.Аммо менга айнан шу сабаб бошқача муомала қилишмаган. Отам ҳозир "Олмалиқ" жамоасида иккинчи мураббий, Игорь Шквиринга ёрдам бермоқда.
- У сизни охирги марта қачон койиган?
- Энди, у менинг отам. Агар қандайдир вазият бўлса, унга отам эмас, футболни тушунадиган одам сифатида қарашини сўрайман. Орамизда икир-чикир тушунмовчиликлар бўлмайди. Ёшлигимда майдонда хатога йўл қўйсам, жиддий туриб, бундай қилиш керак эмаслигини айтар эди. Шунинг ўзи етарди.
КХДРга саёҳат
- 35 даража жазирамада машғулот ўтказиш қалай?
- Ўн йил шуғуллансанг - кўникиб кетасан. Танлаш имконияти бормиди? Ёзда ҳарорат 40 даражага кўтарилади, қаердадир 50. Танаффус қилиб, сув ичамиз. Мен шундай шароитда ўсганман, куним кўчада ўтган. Бир-икки марта офтоб урган, аммо ҳаммаси яхши тугаган. Баъзи болалар ҳушидан ҳам кетган.
- Ўзбекистон терма жамоаси билан ўйнаган энг экзотик мамалакат қайси?
- Ахир, бизнинг мамлакатимизнинг ўзи ҳам экзотик эмасми? Амирликларда кўп бора бўлганман, Европалашган бўлсада, Австралия ҳам ёққан. Энг экзотик мамлакат, бу КХДР. Етиб борсанг ҳамма нарсангни олиб қўйишади, ҳатто телефонларимизни ҳам топширишимизни сўрашган. Мен оддий телефондан уйга қўнғироқ қилдим, соғ-саломат эканлигимни айтдим. Бошқа рақамларни эслаб қолмаган эдим. Шокка тушганман. Мутлақо ёпиқ давлат. Кечқурун йигитлар билан айланишга чиқдик, мактаб ёшидаги болалар фонар остида китоб ўқиётганларини кўрдик. Улар ё энергия тежаяптилар, ё қандайдир кўнгиллилар. Ўйинга келдик, у ерда эса ҳамма бир хил кийинган. Кўк сектор, кейин кулранг, ундан кейин қора. Тўп бизга тушганида стадион сув қуйгандек жим-жит бўлиб қолади. Тўп корейсларга тушса - бирдан шовқин ва қарсаклар давом этади. Бу мен учун янгилик эди. Мен учун стадионда куйлашлари, шовқинлар яқинроқ. Бу ерда эса югура туриб ўйлайсан: "Бу ўртоқлик ўйини эмасми? Одам йўққа ўхшайди, аммо улар ўтирибди".
- Ўзбекистон Жаҳон чемпионатига чиқиши учун нима етишмаяпти?
- Омад. Пенальти билан боғлиқ воқеани ҳакамлар ўйлаб топди. Футболчи жарима майдонига кириб қолади ва ҳакам эркин тўп белгилайди ўйин дуранг натижа билан тугайди. Жамоамиз кучсиз дея олмайман. Охирги марта ҳам иккита тўп кўпроқ киритганмизда, муаммосиз чиққан бўлар эдик. Эроннинг Жанубий Корея устидан ғалаба қозониши кутилмаган бўлди. Уларнинг мураббийлар муштлашишга яқин эдилар. Албатта, эронликлар бизни ҳам уйимизда ютишган - битта ҳужум ва гол.
- Сиз Ўзбекистоннинг 2013 йилдаги энг яхши футболчиси бўлдингиз. "Олтин тўп"да Франк Риберига мухлислик қилдингизми?
- Ҳаҳ, йўқ. Криштиану Роналду ёки Златан Иброҳимовични маъқул топган бўлар эдим. Ҳа, Риьери ҳамма нарсани ютди: чемпионлар лигаси, чемпионат ва кубок. Аммо соврин якка тартибда. Баҳслашмайман, менга бошқа ўйинчи ёқади. Дид ва ранг танлашдаги каби. Мен якка тартибдаги совринларга хотиржам қарайман.
Резина эмас
- Ўзбекистондан нега кетгансиз?
- Имконият туғилди, менга Москванинг "Академика"си қизиқди. Кўрикдан ўтш учун келдим ва қолдим. "Академика", хусусий клуб эди. Раҳбар Константин Сарсания эди, ёдимда бўлса, Червиченко ҳам. База Подмосковьеда, Чехов шаҳрида жойлашган эди. Москва чемпионатидан бўшаган вақтимизда ҳалқаро мусобақаларда қатнашар эдик. "Аякс" ва "Барселона" каби клубларга қарши ҳам ўйнаганмиз.
- Ўсмир чоғингизда Москвага келганингизда, сизни биринчи бўлиб ҳайратлантирган нарса нима бўлди?
- Ҳажмлар: катта шаҳар, машиналар,тумонат одам, бланд бинолар. Тўғри, бундан аввал бошқа шаҳарларда бўганман. Бу ерда эса "А" пнуктдан "Б" пунктга етгунча ухлаб олишинг мумкин.
- Алан Касаевга биринчи клубида бир ярим минг рубль тўлашган. Сизнинг стипендиянгиз бормиди?
- Бизга 50 доллар тўлашган, кейин икки баробар кўтаришган. Шу билан бирга қандайдир ҳаракатлар учун жарим солишар эди. Кўпинча мен бошқа болалар учун жавоб беришимга тўғри келган. Ўзим билан ҳам бир воқеа бўлган, уни эслагим келмайди, - кулади Денисов. - Ҳозир кляпман, аммо ўшанда кулиб бўлмасди. Одатда, кечикканмиз учун, бошқа форма кийиб олганимиз учун жарима тўлар эдик. Мен бу ишларда мураббий билан шуғулланар эдим, ўзимга жавоб беришга тўғри келар эди.
- Ўша "Академика"дан ҳозир кимлар катта футболда?
- Илья Максимов ҳозир "Анжи"да, Женя Гаврилов "Луч-Энергия"да, Витя Строев Воронежда бўлса керак. Олег Самсонов ҳам биз билан бирга эди. Кимдир биринчиё иккинчилигада ўйнаётгандир.
- Менга Максимовнинг иқтидор бўлганлиги, аммо унинг характери ёмонлиги ҳақида гапириб беришган.
- Билмадим, мен у билан жуда хотиржам муомала қилганмиз, - Виталий муштини кўрсатади. - Ҳа, майли, ҳазиллашяпман. Мен сардор эдим, менга кўпчилик қулоқ солар эди. Балки, ҳаммасига мен жавоб беришим кераклиги сезилгандир. Болалар хонасида сардор - бошқача лавозим. У кийишни айтдими, демак буни бажариш керак.
- Айтишларича, ўша кунлардан кундалигингиз қолган экан. Унда нималар ёзилган?
- Ҳа, уйимнинг қаеридадир ётибди. У пайтда қандай ўйнаганмизни, таркибларни ёзиш қизиқ эди. Машҳур клублар, Бразилия термаси билан ўйнаганмиз, Франция чемпиони "Лион"нинг 85-йилда туғилган футболчиларини ютганмиз. ПСВ, "Малага", "Сент-Этьен - ва шу кабилар билан учрашганмиз.
(Давоми бор)