Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

«Жар» стадионидаги кулгу кечаси

Баҳо:
+11 | -

Ўзбекистон — Уммон ўртасидаги икки учрашувни кўрдим, мириқиб кўрдим. Кўпчилик бу ўйин асабларни бузади, умрни қисқартиради, дейишди. Лекин мен бу фикрга мутлақо қўшилмайман. Чунки ўша эгизак ўйинларни кўриб, маза қилиб кулдим. Ишонасизми, умрим нақ ўн беш йилга узайди-ёв (лекин бунақа чўзилгандан чўзилмаган яхши). Чунки Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболни комедияга айлантириш мумкинлигини исботлаб беришди. Ахир ўзингиз айтинг, шундоқ секингина юмалаб келаётган тўпни ўтказиб юбориш ёки дарвоза яқинида бўла туриб, тўпни осмону фалакка йўналтиришни яна нима дейиш мумкин? Бунақа ҳаракатлар фақат цирк артистларининггина қўлидан келади.

Кечаги ўйинни шарҳлаб борган Зафар Имомхўжаев “Балки, мураббийлар штаби бу ўйинлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, ижобий ўзгаришларни амалга оширар”, қабилидаги гапларни гапирди. Аммо мен бунга унчалик ишонмайман. Чунки мураббийлар штабида вазиятдан тўғри хулоса чиқариб, керакли тактикани жорий қила оладиган даражадаги ақлга, савияга эга бўлган мутахассиснинг ўзи йўқ. Нега дейсизми?!

Энди бу ҳақда батафсилроқ. Миржалол Қосимов миллий терма жамоага кечагина бош мураббий бўлгани йўқ. Анчадан бери жамоани бошқариб келмоқда ва анчадан бери миллий терма жамоамиз бир хил ўйин кўрсатиб келмоқда. Ўша бир хил ўйинлар бизни ЖЧдан мосуво қилди, ўша бир хил ўйинлар қатор мағлубиятларга сабаб бўлди ва мана Уммонга ҳам шармандали тарзда мағлуб бўлдик. Бунчалик бўрттириб юборманг, дерсиз. Аммо Уммон таркибида биз тажрибали футболчиларни деярли кўрмадик. Шу билан бирга, Уммон жа унчалик жон куйдириб ўйнагани ҳам йўқ. Демак, ё ўйинчиларимиз яхши ўйнай олишмаяпти, ёки мураббийлар штаби ноль. Аслида, иккала ҳолда мураббийлар айбдор, чунки ё тажрибали футболчиларни олиб келишсин, ёки мавжуд ўйинчиларнинг бор иқтидорини намоён қилишсин. Кечаги ўйинда бош мураббий ёрдамчиси кимлигини кўриб, ғазабим қўзиди. Чунки Шуҳрат Мақсудов футболга яқинлашиши учун билимини анча ошириши керак.

Энг оғриқли нуқта нималигини биласизми? Унда мен сизга айтаман. Ўзбекистон миллий терма жамоаси кейинги сафар қандай ўйнашини айтайми? Қанотдан Сардор Рашидов рақибларини алдашга ҳаракат қилади, агар эплолса тўпни ҳаволатиб жарима майдончасига узатади, лекин бу тўп ҳужумчига етиб бормайди. Чунки биз аллақачон билган нарсани рақиб ҳам англайди-да, осонликча бартараф этади. Биз эса бу ёқда бош ушлаб қолаверамиз. У қанот, бу қанотдан тўп узатилиши аллақачон ёд бўлиб кетди, аммо мутахассисларимиз бундан бощқа тактикани билишмайди, шекилли. Ёки марказда ўйнай оладиган ўйинчилар йўқми? Наҳотки бутун бир Ўзбекистонда шундай ўйинчилар топилмаса...

Яқинда хорватиялик ёш футболчи Алан Халиловичнинг “Барселона”  сафига қўшилганини эшитдик. Шу ўринда бизни бир савол қийнайди — Жамшид Искандаров ёки Сардор Рашидов каби ўйинчилар Халиловичдан каммиди?! Нега улар хориж жамоаларига кетишмади. Сабабини билмадиг-у, аммо оқибати аён. Жамшиднинг кечаги ўйинини кўриб, унга раҳмим келди. У ҳам нари борса Жепаров ёки Бақоев “савия”сидаги ўйинчи бўлишини тахмин қилдим. Рашидовнинг ҳам тақдири бундан бошқага ярамайди. Боиси ўзбек футболидаги ҳозирги муҳит ривожланишга хизмат қилиши қийин.

Таркибда бир қатор ёш футболчиларни кўриб, очиғи, хурсанд бўлгандик. Лекин кечаги ўйинни кузатиб, ҳафсаламиз пир бўлди. Чунки бу янги футболчилар ҳам эски тактика ботқоғига ботиб қолишяпти. Ахир “ҳайдовчи” уқувсиз бўлганидан кейин “Запарож”ми, “Нексия”ми, “Прадо”ми, нима фарқи бор?

Кеча футболчиларимиз иштирокида жайдари футболни кўрдик. Бизнинг қишлоқда футбол борасида илмий тушунчаси бўлмаган, ҳеч кимнинг қўлида тарбияланмаган, яъни устоз кўрмаган, қишлоқ ишларидан ортмайдиганлар шундай ўйнашади. Йўқ, бундан анча яхши ўйнашади. Икки маҳалла ўйнаганда, агар биринчиси ютқазаётган бўлса, шунақа жон куйдирадики, ҳеч кимни аяб ўтиришмайди, фақат гол уришса бўлгани. Бўлмаса, рақиб бегона эмас, қўшни маҳалла. Ютқазганда ҳам ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Лекин уларда ғурур бор, шаън, ор-номус бор. Улар маҳалла шаъни учун ўйнашади. Бизникиларчи?! Тўғриси, Уммонга қарши ўйинда ортиқча жон куйдиришларни кўрмадим, ватанпарварликни кўрмадим, ҳа, кўрмадим...

Халқимизда “Балиқ бошидан...” деган гап бор. Жуда топиб айтилган шу гап. Биз бугунги мавзуга нега шу мақолни қўшганимизни эса тушунгандирсиз. Бу фикрни хулоса ўрнида ҳам қабул қилаверинг. Айтгандай, агар шу ўйиннинг диски чиқса, “Ҳандалак” ёки “Мирза”дан кўра, ўшани сотиб олинг. Фақат холис мухлис сифатида кўринг, шунақа маза қилиб кўрасизки, асти қўяверасиз...

Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 09:08, 31.05.2014.
Ўқилди: 14874 марта.
Фикрлар: 150 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.