Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Хоразмдаги масхарабозлик ёхуд инспектор бош ҳакамми?

Баҳо:
+6 | -

Президентимиз футболни ривожлантириш учун бир қанча қарорлар чиқармоқда. Бу албатта қувонарли ҳолатдир. Яқинда ПФЛ директори Фарҳод Магомедов ўйинни «бузган» ҳакамларга қарши жиддий чоралар кўрилиши ҳақида айтиб ўтган эди. Бироқ буларнинг бари шунчаки бир гап сифатида қолиб кетаётгандек, гўё.

Олий лигадаги ҳакамлар ижросидаги сўнгги «масхарабозлик»лардан кўпчиликнинг хабари бор. 1-лигада ҳам бундай «масхарабоз» ҳакамжонларнинг ишлаётгани ғоят ачинарли ҳолдир. Қуйи лиганинг 2-давраси илк турида мухлислар ажойиб, ўзига хос дерби гувоҳи бўлишди. Хивада «Хоразм» ва «Орол» жамоалари ўзаро рўбарў келишди. Нукусда кечган учрашув жуда шиддатли ва жанговор руҳда кечган эди. Хивадаги баҳс ҳам бундан қолишмади. Ўйинни Наим Қосимов исмли ҳакам бошқариб борди. Келинг, яхшиси ўйиндаги вазиятларга тўхталиб ўтсам.

5-дақиқада мезбонлар посбони Ғайрат Ўдаев меҳмонлар ҳужумчиси Шукурулла Қуттибаев билан тўқнашиб кетди. Кейинчалик Ўдаев дарвозабон эканлигини унутиб, ўзини боксчилардек ҳис қилди шекилли, йиқилиб ётган рақибини 2 марта урди. Ҳакам эса вазиятни «кўрмади». Орадан бироз вақт ўтгач, «Хоразм» ҳимоячиси Шаҳзод Маннонов  «Орол» ҳужумчиси Наврўзбек Қаиповни боксчиларга хос тарзда зарба бериб, майдонга қулатди. Қизилга тортадиган вазиятда ҳакам сариқ карточка кўрсатиш билан чекланди холос. Орадан яна 5 дақиқа ўтар-ўтмас Маркс Қуранбаев ҳам Қаиповни очиқдан-очиқ тўхтатиб қолади. Мезбонларнинг қўполликларига бош ҳакам кўз юмди.

«Орол» жамоаси гол урганидан кейин, ҳакам  хоразмликлар ҳисобни тенглаштиришлари учун қўлидан келган барча ишни қилди. Хуршид Отамуродов қўлларини бекитиб, кўкраги билан тўпни қайтарган эди, унга жуда яқин турган ҳакам пенальти белгилади. «Хоразм» пеналтини тепди, «Орол» дарвозабони 11 метрлик жарим зарбасини қайтариб, уни қайтадан эгаллаб ҳам олган эди, Қосимов жаримани қайтадан бажариш лозимлигини кўрсатди. Энг ажабланарлиси, Янгибоев тўпни қайтариб, уни юқорига сакраб эгаллаб оламан дегунча ҳакам жим турди. Фақатгина тўп дарвозабоннинг қўлига тушганидан кейингина, қайтадан 11 метрлик нуқта кўрсатди. Буни қандай тушуниш мумкин ахир? Меҳмонлар шок ҳолатига тушиб қолишди ва ҳакамга эътироз билдира бошлашди.  Ҳакам ўйин тизгинини қўлдан чиқариб, бироз довдираб қолганида, кутилмаганда майдонда учрашув комиссари Константин Смирнов пайдо бўлди. Унинг буйруғига асосан дастлаб «Орол»дан Самат Палванов четлатилди. Кейин эса «Хоразм» футболчиси Низом Нуровга ҳам инспекторнинг буйруғи билан қизил карточка кўрсатилди. Қизиқ ўйинни ким бошқариши керак ўзи? Ҳакамми ёки инспектор? Шу куни бош ҳакам образини бажариб берган Қосимов инспектор Смирновнинг «қўғирчоғи» вазифасини бажариб берди. Қайтадан тепилган пенальти гол билан якунланди. Ҳисоб 1:1.

Ҳакам захирадаги ҳамкасбига қарата ўйинга 4 дақиқа қўшиб берилиши лозимлигини кўрсатган эди, бироқ инспектор жаноби олийлари бу вақтни 2 тага қисқартиришни буюрди. Захира ҳаками буйруқни бажарди. Константин «ака»нинг назорати остида 1-тайм ҳам тугади.

Иккинчи бўлимда ҳакам ижросидаги «масхарабозлик»лар яна давом этди. «Хоразм» футболчилари 2 марта офсайд ҳолатига чиқиб кетишди. Ён ҳакам ҳар иккаласида байроғини кўтарди. Бироқ жаноб Қосимов майдонда ким ҳокимлигини уларга исботлаб берди. Ҳеч қанақасига офсайд йўқ деб ҳисоблади. Агар ҳаммасини бош ҳакам ечар экан, унда ёрдамчи қанот ҳакамларининг нима кераги бор? Балки кейинги ўйинларда Қосимов битта ўзи ҳакамлик қилиб қўя қолар?

Хуллас, шу куни ҳакам ва инспектор  «Хоразм»нинг ғалаба қозонишини жуда хоҳлашди. Ўйин охирида «Орол» дарвозасига яна бир бор йўқ жойдан пенальти белгилаб берди ва улар хоҳлаганидек мезбонлар ютуққа эришишди. Энг ажабланарлиси, мезбонларнинг чироқ йўқ деб ўйинни камерага тушириб турган камерачини касеталарини яшириб ташлашгани бўлди.

Тўғрисини айтсам, умрим бино бўлиб, бунақа ҳакамликни кўрмагандим. Агар Қосимовга ўхшаган ҳакамлар шунақа қилиб футболни «ўлдиришадиган» бўлишса, биз икки дунёда ҳам жаҳон чемпионатига чиқа олмаймиз. Бунақа қўғирчоқ ҳакамлар ва Смирновга ўхшаб ўйинни ечиб ўтирадиган инспекторлар ўзбек футболининг оёғига болта уришар экан, футболимиз ҳеч қачон ривожланмаслиги муқаррар. Хўп майли, натижа унутилар, ўйин ҳам унутилар. Бироқ бундай ҳакамликдан кейин футболчиларнинг футболга бўлган меҳрлари, иштиёқлари йўқолиб қолмаслигига ким кафолат беради? Ҳаммамиз яхши биламиз, 1-лигада кўпинча ёш, эндигина футболга қадам қўяётган йигитлар тўп суришади. Улар илк қадамлариданоқ мана шундай «ўйин»ларни кўрганликларидан кейин қандай аҳволга тушишади. Бу уларнинг руҳиятига таъсир қилмайдими? Наим Қосимовга ўхшган «қўғирчоқ»лар қанчадан-қанча ёшларнинг футболдан кўнглини қолдираётганликларини билишармикан? Билишса ҳам уларда инсоф деган нарса асло қийналмаса керак. Агар бўлса ўша инсоф.

Хуллас, ПФЛ дагилардан бир нарсани ҳам илтимос, ҳам талаб қилиб қоламиз. Ўйинларга иложи борича савияли ҳакам ва инспекторларни тайинлашни ва мезбон жамоадан  ҳар бир учрашувнинг камида 2 та камера орқали олинган видеотасмасини талаб қилсин. Улар ҳам кўришсин қуйи лигаларида қандай ҳакамлар ишлаётганлигини. «Хоразм» - «Орол» ўйинининг видеотасмасининг йўқлиги эса ҳакамлар учун ягона плюс бўлиши мумкин. Бироқ улар мухлислар ва футболчилардан оладиган қарғиш бир кунмас бир кун тегиши аниқ. Наим Қосимов ва инспектор жаноби олийлари Константин Смирновларни «Орол» жамоаси иштирокидаги бошқа ўйинларга тайинланмасликларини сўраб қоламиз. Мен бу гапларни жаҳл устида ёки кимгадир уйдурма қилиш мақсадида ёзаётганим йўқ. Ҳаммасини обдон таҳлил қилиб ёзмоқдаман. Ҳар кимнинг ўзига берсин инсоф деган нарсани.

Жеткер Сагидулаев.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 09:49, 08.06.2014.
Ўқилди: 12911 марта.
Фикрлар: 60 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.