Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия - Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР - Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн - Хитой
14/11 19:00 Кувайт - Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон - Фаластин
14/11 21:15 Ироқ - Иордания
14/11 21:15 Қатар - Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА - Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

ЖЧ-2014 спектакли бошланди

Баҳо:
+ | -

Бу йилги жаҳон чемпионати кутилганидан ҳам қизиқроқ бошланди. Қолаверса, ушбу мундиал олдингиларидан тубдан фарқ қилмоқда. Бу ҳар бир жабҳада яққол кўзга ташланиб қолди. Демак, жаҳон чемпионатининг дастлабки таассуротлари билан ўртоқлашамиз.

ҲАКАМЛАР ТАЛАБГА ЖАВОБ БЕРМАЙДИ!
Футбол мусобақаларининг қандай ўтиши, аввало, ҳакамларга боғлиқ. Шу боис футболнинг энг нуфузли мусобақасига энг тажрибали ҳакамлар жалб қилиниши кутилганди. Аммо ҳозирча вазият бунинг аксини кўрсатиб бермоқда. Дастлабки учрашувни бошқарган Нишимуранинг хурмача қилиқлари-ю, ақл бовар қилмас қарорлари, Мексиканинг иккита ҳаққоний голининг бекор қилиниши мухлислар ҳафсаласини пир қилди. Бу эса жаҳон чемпионатига мутасаддилар томонидан унчалик жиддий қаралмаган, шекилли, деган хулосани келтириб чиқаради ҳатто. Лекин, албатта, бундай бўлиши мумкин эмас.

БРАЗИЛИЯ АСЛ КУЧИНИ КЎРСАТДИМИ?
Чемпионликка асосий даъвогар бўлган Бразилия дастлабки ўйинини ишончли ғалаба билан якунлади. Аммо айнан ана шу ўйин мезбонларнинг узоққа бора олмаслигини кўрсатиб бергандек бўлди. Биз кучли дея таърифлаганимиз ҳимоя чизиғи Хорватиянинг босимига қийинчилик билан дош берди, биз у қадар кучли эмас дея таъкидлаганимиз ҳужум чизиғи эса фикримиз тўғри эканлигини исботлади. Тўп билан муомала қилиш борасидаги устунлик ҳеч қандай наф бермади, чунки ҳужумда вазиятларни якунлай оладиган футболчи йўқ. Неймар эса бундай савиядаги мусобақаларда асосий ижрочи бўлишга ҳали ёшлик қилади. Умуман олганда, Сколари қўллаган тактика, танлаган таркиб ўзини оқламайдигандек кўринмоқда. Тўғри, бу биринчи ўйин, аммо ҳали Хорватиядан анча кучли бўлган рақиблар билан тўқнашишга тўғри келади.

ДЕЛЬ БОСКЕГА АТАЛГАН ТАРСАКИ
Чемпионликка даъвогарлар сафида иккинчи бўлган Испания мухлисларга умуман кутилмаган лаҳзалар тақдим этди. Амалдаги жаҳон чемпионлари ҳали шуҳрат осмонидан тушишга улгуришмаган, шекилли. Акс ҳолда, чемпионатни бунақа бошламаган бўлишарди.

Аслида, Испаниянинг муваффақиятли ўйинига бўлган шубҳа дель Боски таркибни танлаганидаёқ бошланганди. Бу мураббий асосий таркибга киритмаган футболчилар Испаниянинг асосий ижрочилари сирасига киришарди. Хесус Навас, Альваро Негредо... бу қаторни анча давом эттириш мумкин. Ахир бу футболчилар чемпионатга боришга арзимайдиган даражада тажрибасиз эмасди. Қолаверса, таркибда ушбу футболчилардан тажрибасиз ёки бир хил савиядаги ўйинчилар ҳам бор. Голландияга қарши ўйинда эса ана шу хатолар ўз таъсирини кўрсатди.

Испаниянинг ҳимоя чизиғида тўп сураётган футболчилар эса очиқчасига ҳеч нарса қила олишмади. Чунки пенальтидан Хави Алонсо ҳисобни очганидан сўнг испанлар ғалаба қозонишларига тўлиқ ишонишди, бу эса ортиқча жон куйдирмасликка сабаб бўлди. Испанияликлар, барибир, ғолиб бўламиз қабилида жуда хотиржам тўп суришди. Кўзлари очилганида эса анча кеч бўлганди. Мазкур ҳолатда эса, биринчи навбатда, бош мураббий айбдор. У футболчиларни ўзларига керагидан ортиқча ишонтириб юборган кўринади.

Испания қўллаган тактика ҳам Бразилияникига ўхшаш. Яъни дель Боски тўп билан кўпроқ муомала қилишга эътибор қаратган. Лекин тезлик, вазиятлардан самарали фойдаланиш йўқ. Бу эса мағлубиятга олиб келди. Бразилия ҳам шу тактика қурбони бўларди, агар ҳакамлар ўйинни тузукроқ бошқаришганида. Эсингизда бўлса, хорватларнинг дастлабки голи (аниқроғи, Марселонинг автоголи) тезкор қарши ҳужум натижасида киритилганди. Голландия ҳам ана шу тактикага амал қилди. Сокин, тартибли ўйнайдиган Испанияни тезкорлик ва таваккалга асосланган ўйин билан қарши олди.

Испанияда яққол ҳужумчи йўқлиги сезилиб қолди. Асосий таркибда майдонга тушган Диего Коста нимадир қилишга уринди, лекин у ҳали бундай мусобақаларга тайёр эмаслиги сезилиб қолди. Фернандо Торрес эса аксарият ҳолларда “берсанг, ейман, бермасанг, ўламан” қабилида ҳаракат қилади. Бош мураббий унинг ўрнига Негредони танлаганида ақллироқ қарор бўлармиди? Эҳтимол, Торрес ҳали ўзини кўрсатар. Буни энди вақт кўрсатади. Бир қарашда Испания ёмон ўйин кўрсатмади. Фақат нотўғри танланган тактика, тезкорликнинг иккинчи планга тушиб қолиши панд берди. Аслида, Чемпионлар лигаси ярим финалида Мадриднинг “Реал” жамоаси Каталониянинг “Барселона”сидан қолган тактика эскирганини кўрсатиб берганди. Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Испаниянинг бундай тактика танлашига, эҳтимол, таркибда “Барселона” футболчиларининг кўплиги сабабдир. Чунки Хави ёки Иньестани тезкор футболда тасаввур қилиш қийин. Балки, фақат бир жамоага суяниб қолмасдан, бошқа клубларда тўп сураётган испаниялик футболчиларга имконият бериш керакдир. Ахир бундай футболчилар истаганча топилади, тажрибалилари ҳам талайгина.

ЯНГИ ДАЪВОГАР — БАЛАНД ПАРВОЗ ИШҚИБОЗЛАРИ
Биз чемпионликка навбатдаги даъвогарни ҳам аниқлаб олдик, бу — Голландия. Луи ван Гал шогирдлари Голландия терма жамоаси ҳам чемпион бўлишга қодир кучга эга эканлигини исботлашди. Агар голландияликлар ана шу темпда ўйнашса, унча-мунча рақиб бу жамоани тўхтатиб қола олмайди.

Арьен Роббен. Афтидан, бу футболчи ҳали-бери қаримайдиган кўринади. Испанияга қарши кечган ўйинни кўриб, унинг 30 ёшга тўлганига ҳам ишонгимиз келмади. Айниқса, Рамосни қувиб ўтиб, дарвозани ишғол қилгандаги тезлиги, шижоати лол қолдирди. Беихтиёр “Баракалла, Арьен” деб ҳайқиргимиз келди. Ҳатто Испания термаси мухлислари ҳам унга тан беришган бўлса, ажаб эмас. Робин ван Перси эса фантастик ўйин намойиш этди. Бўрттириб юборгандирмиз, эҳтимол. Лекин Персининг бош билан урган голи ҳақиқатда фантастика эди. Қарши ҳужумла ажойиб ҳаракат қилган учар голландлар ўйиндан олдин ван Гал ваъда қилган вазиятларни яратишди ва шуларнинг бештасидан самарали фойдаланишди. Аслида, натижа янада йирикроқ тус олиши ҳам мумкин эди, лекин Касильяс баъзи вазиятларда маҳорат кўрсатди.

Бироқ таъкидлаш керакки, Испания ҳамон чемпионликка асосий даъвогар бўлиб қолаверади. Голландиядан учралган йирик мағлубият эса тажрибасизлик эмас, лоқайдлик ва нотўғри тактика оқибати. Шундай экан, ҳали бу жамоа ҳақиқий кучини кўрсатади. Голландияга эса ана шу шиддатни туширмаслиги ва зафарлик одимларни давом эттиришини тилаймиз.

Низомжон Исломов

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 14:40, 15.06.2014.
Ўқилди: 5371 марта.
Фикрлар: 43 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.