Коста Рика терма жамоаси 1-турда Уругвай устидан қозонилган ғалабани тасодиф эмаслигини исботлади ва Италияни ҳам ҳаққоний равишда мағлуб этди!
Ушбу ўйинда ўртага нимчорак финал йўлланмаси қўйилганди. Ғалаба қозонган жамоа муддатидан аввал плей-офф масаласини ҳал қилиб қўярди. Дуранг натижа ёки коста-рикаликларнинг ғалабасини Англияни гуруҳ босқичидан кейин ортга қайтариши аниқ эди. Шу боис, Англия терма жамоаси мухлислар Италияга чин дилдан мухлислик қилишди.
Биз яна ҳакамлар мавзусига тўхталишга мажбурмиз. Чилилик ҳакам Энрике Оссес ўйин бошиданоқ ғалати стратегия танлади. Италиялик футболчи майдон марказидан рақиб ўйинчидан ўтиб кетаётганида Коста Рика ярим ҳимоячиси тактик фол ишлатди. Яъни Италия яхшигина ривожланиши мумкин бўлган вазиятдан маҳрум бўлди. Аммо ҳакам бу вазиятда сариқ карточка бермади. Аслида бундай вазиятлар сариқ карточка билан жазоланиши шарт, ҳаттоки у ўйиннинг дастлабки дақиқалари бўлса ҳам.
Бу билан ҳакамнинг хатоси якунланмади. Ўйиннинг 42-дақиқасида Коста Рика ҳужумчиси Жоел Кэмпбелл "Милан" ҳимоячиси Абатени алдаб, жарима майдончаси кириб зарба бериш учун қулай вазиятга чиқаётганида ортдан етиб келган Кьеллини ҳужумчини очиқчасига итариб йиқитди. Негадир чилилик ҳакам 100 фоизли пенальтини беришни истамади. Тушунарсиз ҳолат. Бу ерда пенальтидан ташқари Кьеллини камида сариқ карточка кўрсатилиши керак эди. Ҳакамнинг хатти-ҳаракати Коста-Рика терма жамоаси футболчилари, мураббийлар штабида кескин норозилик уйғотди. Барча такрорий лавҳани кутаётганида Коста-Рика ҳужумга ўтди ва чап қанотдан етказиб берилган тўпни Брайан Руис дарвозага йўллади. Тўп дарвоза тўсинига тегиб, ерга тушди ва ортга қайтиб чиқди. "Гол-лайн" технологиясини қўллашга қарор қилган ФИФАга раҳмат. Ушбу технология ЖЧда иккинчи марта ҳакамлар кўра олмаган вазиятда гол бўлганини аниқлаб берди. Голдан кейин Коста Рика бош мураббийи Хорхе Луис Пинто бармоғи билан юқорига ишора қилиб, "Худо бор"...
Италия нега мағлубиятга учради? Назаримизда, Италия биринчи рақам остида мукаммал ўйин кўрсата олмайди. Ҳужум ташкил қилишда итальянлар Пирлога ҳаддан ташқари боғланб қолишган. Унинг заргарона узатмалари ҳимоядан ўтиб, ҳужумчига аниқ етиб борса, унда рақибга осон бўлмайди. Иккита вазиятда шундай бўлди ҳам. Аммо Балотелли икки марта вазиятдан фойдалана олмади. Дастлаб у бирга-бир вазиятда тўпни дарвозабоннинг устидан ошириб, дарвозага йўллашда мўлжалда адашган бўлса, иккинчи вазиятда жарима майдончаси ташқарисидан йўллаган кучли зарбасини посбон эгаллаб олди. Бошқа вазиятларда эса Коста-Рика рақибнинг оддий кўринган ҳужумларини жонбозлик билан бартараф этди. Италиядан фарқли равишда Коста-Рика тўпни жуда чиройли назорат қила олди. Бунда колумбиялик мутахассиснинг ўрни жуда катта. Жаҳон даражаси билан ўлчаганда ўртамиёна футболчилардан ажойиб жамоани шакллантириб, уни ЖЧни олиб келди ва иккита жаҳон чемпионларини мағлубиятга учратди. Яна бир марта қойил, Хорхе Луис Пинто ва Коста Рика!
Коста Рика муддатидан аввал плей-офф йўлланмасини қўлга киритди. Англия эса ортга қайтиш учун чиптага буюртма берадиган бўлди. Ушбу гуруҳнинг сўнгги туридаги Уругвай-Италия баҳси финалга тенг бўлади. Бу ўйинда Италияни дуранг натижа ҳам қаноатлантиради.
ЖЧ-2014. "D" ГУРУҲИ, 2-ТУР
ИТАЛИЯ – КОСТА РИКА 0:1 (0:1)
Гол: 0:1 – 44 Руис.
Италия – Буффон, Абате, Бардзальи, Кьеллини, Дармиан, Де Росси, Мотта (Кассано, 46), Пирло, Кандрева (Инсинье, 57), Маркизио (Черчи, 69), Балотелли.
Коста-Рика – Навас, Гамбоа, Дуарте, Гонсалес, Уманья, Диас, Борхес, Техеда (Куберо, 68), Руис (Бренес, 81), Боланьос, Кэмпбелл (Уренья, 74).
Огоҳлантиришлар: Балотелли (69), Куберо (71).
№ | Жамоа | Ў | Ғ | Д | М | Т-Н | О |
---|---|---|---|---|---|---|---|
1 | Коста-Рика | 2 | 2 | 0 | 0 | 4-1 | 6 |
2 | Италия | 2 | 1 | 0 | 1 | 2-2 | 3 |
3 | Уругвай | 2 | 1 | 0 | 1 | 3-4 | 3 |
4 | Англия | 2 | 0 | 0 | 2 | 2-4 | 0 |