Жаҳон чемпионатидаги яна бир ўта қизиқарли ўйин ниҳоясига етди. Гуруҳ босқичида Россияни мусобақадан чиқариб юборган Жазоир ўзининг энг яхши ўйинини намойиш қилиб берди.
Воҳид Халилходжич шогирдларида ҳеч қандай босим қолмаган ва уларнинг йўқотадиган нарсаси йўқ эди. Шу боис, улар ҳеч нарсадан ва ҳеч қандай номдан қўрқмасдан жанг қилишди. Биринчи бўлимда яратилган вазият ва ўйин борасида африкаликлар ҳаттоки устунликка эга бўлишди. Совуққон немислар ҳимояда хушёрликни йўқотмай, сўнгги узатмаларни қайтариб туришди. Ўйиннинг 17-дақиқасида "Спортинг" ҳужумчиси Ислом Сулаймоний ҳисобни очганди, бироқ қанот ҳаками бир неча сантиметрли офсайдни қайд эта олди.
Дарвоқе, Жазоирнинг ўйин услубини яхши ўрганган Мануэль Нойер бу кеча Германия терма жамоасида сўнгги ҳимоячи вазифасини аъло даражада бажариб турди. Тезкор ҳужумчиларга олис масофадан етказилган тўпга биринчи бўлиб чиққан германиялик посбон бир неча маротаба дарвоза дахлсизлигини сақлаб турди.
Иккинчи бўлимда "немис машинаси" тезликни ошириб борди. Айниқса, асосий вақтнинг сўнгги 10 дақиқаси Жазоир учун анча қийин кечди. Мюллер ва Швайнштайгер томонидан йўлланган хавфли зарбаларни Райс Мболий ақлбовар қилмас сэйвлар орқали қайтариб турди.
Бразилиялик ҳакам Сандро Риччи ўйинга қўшимча бўлимларни белгилади. Асосий вақтнинг сўнгги дақиқаларидаги босимни ҳали "совутмаган" немислар 92-дақиқада ниҳоят Жазоир дарвозасини ишғол қилишди. Мюллер чап қанотдан тўпни дарвозабон майдончасига узатиб берди ва захирадан майдонга тушган Андре Шюррле яқин масофадан дарвозани ишғол қилди.
Кучи қолмаган бўлса-да, африкаликлар олдинга ўтишди. Бурчак тўпидан кейин Мустафо дарвозани ишғол қилишига бир баҳя қолди. Қўшимча бўлимлар якунланишига 1 дақиқа қолганида эса Месут Ўзил жамоасининг иккинчи голини киритишга муваффақ бўлди. Агар шу гол бўлмаганидами...
Тўртинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Жазоир битта тўп киритишга муваффақ бўлди. Ўнг қанотдан етказилган тўпни Жабу яқин масофадан дарвозага йўллади! Ўйиннинг сўнгги сонияларида жазоирликлар яна битта ҳужум ташкил қилишга муваффақ бўлишди. Мажид Бугерра жарима майдончаси ичида бош билан зарба берди, Нойер эса бу зарбани ўтказиб юбора олмасди!
Нимчорак финал ўйинлари бўлиб ўтаётган учинчи кунда пенальтилар сериясига гувоҳ бўлмадик. Аммо интрига бўйича пенальтилардан қолишмайдиган қўшимча бўлимларни кузатдик.
Чорак финалда марказий ўйин тайин: Франция - Германия!
ЖЧ-2014, НИМЧОРАК ФИНАЛ
ГЕРМАНИЯ - ЖАЗОИР 2:1 (0:0). Қўшимча бўлимлар - 2:1.
Голлар: 1:0 – 92 Шюррле, 2:0 – 119 Ўзил, 2:1 – 120 Жабу.
Германия: Нойер, Ж.Боатенг, Мертесакер, Мустафий (Хедира, 70), Хёведес, Швайнштайгер (Крамер, 109), Лам, Кроос, Ўзил, Гётце (Шюррле, 46), Мюллер.
Жазоир: Мболий, Мандий, Аллиш (Бугерра, 97), Белкалем, Ғулом, Мустафо, Таидер (Браҳимий, 78), Ласен, Фегулий, Суданий (Жабу, 100), Сулаймоний.
Огоҳлантиришлар: Аллиш (42), Лам (107).