Германия ва Аргентина терма жамоалари шу пайтга қадар Жаҳон чемпионатларининг финалида икки марта тўқнаш келишган ва энди улар учинчи марта олтин медаль тақдирини ўзаро ҳал қилишади.
Бу жамоалар 1986 ва 1990 йилларда кетма-кет иккита Мундиал финалида ўйнашган. Мексикада мусобақада "альбиселеста" ғолибликни қўлга киритган бўлса, орадан 4 йил ўтиб немислар уч карра жаҳон чемпионига айланишган.
Германия ҳам, Аргентина ҳам мазкур ЖЧда бирор марта ҳам мағлубиятга учрашмади. Аммо улар финалга қадар турли таассуротлар билан етиб келишди. Немислар гуруҳ босқичида бор кучларини кўрсатишмади, аммо ўйиндан-ўйинга кучайиб боришмоқда. Аргентиналиклар эса гуруҳ босқичига нисбатан плей-оффда кучсизроқ кўринишди.
Йоахим Лёв таркиб борасида битта йўқотишга эга. Шкодран Мустафий жароҳат олган. Қолган барча ўйинчилар финалга тайёрлар. Лёв Бразилияга қарши ўйнаган таркибни финалда ҳам туширса керак. Аргентинанинг таркиби борасида ҳам шу фикрларни айтиш мумкин. Анхель Ди Мария асосий таркибга қайтса, Серхио Агуэро захирада қолади.
Фикрлар
Йоахим Лём, Германия терма жамоаси бош мураббийи: "Финал ўйини фаолиятимдаги энг қийин ўйин бўлади, деб айтмаган бўлардим. Фаолиятимда муҳим ўйинлар бўлган. Лекин бир нарсани тушуниш керак, ҳар қандай ўйиндан кейин ҳам ҳаёт давом этади. Албатта, мағлубиятга учрасак, ғазабланамиз, аммо бу терма жамоанинг ҳам, немис футболининг ҳам келажаги бор".
Йенс Леманн, Германия терма жамоаси собиқ дарвозабони: "Аргентина ушбу мусобақада жуда кучли, бекорга улар бор-йўғи 3та тўп ўтказиб юборишмади. Уларнинг ҳужум чизиғида Игуаин, Месси, Агуэро, Лавесси каби фантастик ўйинчилар бор. Лекин улар Германияни ютишга қодир эмаслар. Бундестим эса мустаҳкамроқ ва ишончлироқ. Бизнинг кўпгина футболчиларимиз ҳар йили энг юқори савияда ўйнаб келишмоқда. Ҳеч бўлмаса, сўнгги мавсумга аҳамият қаратинг. "Бавария"нинг неча нафар футболчилари халқаро мусобақаларнинг ҳал қилувчи ўйинларида иштирок этишди? Бу катта аҳамиятга эга. Боиси, бундай ўйинларда улкан тажриба тўпланади".
Алехандро Себалья, Аргентина терма жамоаси бош мураббийи: "Немис футболчиларига бош кўтаришга имкон бериш керак эмас. Германия - нафақат кучли терма жамоа, балки сайёрамизнинг ақлбовар қилмас энг кучли жамоаси. Унинг ҳужумлари тўлқин сингари кўп ва турли томондан уюштирилиши мумкин. Немисларни мағлуб этишимиз учун идеал ўйнашимиз керак. Ҳимояда жуда ҳам тартибли ўйнаб, ҳужумдаги имкониятларни қўлдан чиқармаслигимиз лозим.
Лионель Месси, Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси: "Биз мамлакатиз учун энг муҳим бўлган ўйинда майдонга тушамиз. Менинг орзуларим тинимсиз меҳнат ва илк ўйиндан бошлаб бутун жамоа бўлиб фидойилик эвазига рўёбга чиқади. Бунинг иложи борлигини билардик. Бизни бу ерга халқимиз — аргентиналиклар бошлаб келишди. Ҳали орзумиз рўёбга чиқмади, биз ғалаба қозонишни истаймиз ва бунга тайёрмиз".
Рақамлар
— ЖЧ-2014 финали Европа ва Жанубий Америка жамоалари ўртасидаги ўнинчи Мундиал финали бўлади.
— Европа жамоалари ҳали бирор марта Лотин Америкасидаги ЖЧларида ғолибликни қўлга киритишмаган.
—Германия терма жамоаси кетма-кет 17та халқаро ўйиндан бери мағлубиятга учрамаяпти.
— Икки карра жаҳон чемпиони ҳисобланган аргентиналиклар (1978, 1986) ва сайёрамизнинг 3 карра чемпиони германияликлар (1954, 1974, 1990) ўзаро ЖЧларида еттинчи маротаба ва финалда учинчи маротаба тўқнаш келишмоқда.
— Бу жамоалар ўртасидаги сўнгги ўйин ЖЧ-2010 чорак финал босқичи доирасида бўлиб ўтганди. Эрматов бошқариб борган учрашувда немислар Диего Марадона жамоасини 4:0 ҳисобиди мағлуб этишганди. Голлар Томас Мюллер, Арне Фридрих ва Мирослав Клозе (2та) ҳисобига ёзилганди.
— Германия ва Аргентина терма жамоалари турли мусобақалар доирасида ўзаро 20 марта тўқнаш келишган. 9та ўйинда аргентиналиклар ғалаба қозонишган бўлса, 6та ўйинда немисларнинг қўли баланд келган, 5та ўйин эса дуранг билан якунланган.
— Германия терма жамоаси учун бугунги ўйин саккизинчи финал бўлади. Ҳеч бир жамоа финалга бунчалик кўп чиқмаган.
— Андре Шюррле, Кристоф Крамер, Шкодран Мустафий, Эрик Дурм, Марио Гётце, Юлиан Дракслер ва Маттиас Гинтер Германия сўнгги марта чемпионликни қўлга киритган 1990 йилдан кейин туғилишган.
— Германия ушбу ЖЧда 17та гол уришга муваффақ бўлди. Бу натижа мазкур мундиал учун рекорд натижа ҳисобланади.
— Германия терма жамоаси ўйинчилари томонидан йўлланган зарбаларнинг 19 фоизи гол билан якунланган. Фақат Колумбия терма жамоаси мазкур ЖЧда немисларга нисбатан самаралироқ ҳаракат қилишган (22%).
— Германия терма жамоаси барча ЖЧларида 223та гол урган. Ушбу кўрсаткич орқали улар Бразилиядан (221та гол) ўтиб кетишди.
— Мировлав Клозе гол урган учрашувларда Германия терма жамоаси бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган: 41та ғалаба ва 8та дуранг.
— Аргентина аввалги 2та ЖЧнинг плей-офф босқичида айнан Германияга ютқазиб, турнирни тарк этган.
— Аргентина терма жамоаси 27та ўйиндан бери мағлубиятга учрамаяпти: 19та ғалаба ва 8та дуранг.
— Лионель Месси ЖЧ-2014нинг 4та баҳсида учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди.
— Лионель Месси (82) ва Анхель Ди Мария (81) футболчиларни алдаб ўтиш бўйича етакчи ҳисобланишади.
— Анхель Ди Мария дарвоза томон 26 марта зарба берган. Фақат Карим Бензема (32) уна нисбатан кўпроқ зарба йўллаган.
— Аргентина терма жамоасининг ўртача ёши — деярли 29 ёш. Бу мундиалдаги энг "қария" терма жамоа ҳисобланади.
Ҳакамлар
Финални италиялик ҳакам Никола Риццоли бошқариб боради. Унга қанотларда ҳамюртлари Ренато Феварини ва Андреа Стефани ёрдам беради. Ушбу ЖЧда Риццоли финалгача 3та ўйинни бошқарди Испания-Голландия, Нигерия-Аргентина ва Аргентина-Бельгия.
Тахминий таркиблар