Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Асилбек Омонов: «Терма жамоага қайтишдан умидворман»

Баҳо:
+ | -

Куни кеча "Футбол Экпресс" газетаси мухбири жамоамиз дарвозабони Асилбек Омонов билан суҳбатлашди. Қуйида мазкур интервьюнинг тўлиқ варианти билан танишишингиз мумкин.

— Асилбек, даставвал “Оқ-тепа”га келиб қолишингиз қандай содир бўлгани ҳақида гапириб ўтсангиз?
— Жамоанинг собиқ бош мураббийи Александр Мочиновнинг таклифига кўра “Оқ-тепа”га келгандим. Александр Владимирович мени йиғинда синаб кўришини айтганди. У вақтда “Пахтакор” машғулотларида қатнашаётгандим. Келдим, машғулотларда қатнашдим ва якунда клуб билан шартнома имзоладим.

— Нега айнан биринчи лига клубини танладингиз? Ундан кўра, ўринбосарлар мусобақасида тўп суриш фойдали эмасмиди?
— Биринчидан, “Оқ-тепа” олдига олий лигага чиқиш вазифасини қўйган. Иккинчидан, биринчи лигада ўйинлари сони кўп. Табиийки, мен кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлардим. Ҳозирги ёшимда кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишим муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, ўринбосарлар таркиби сезиларли даражада ёшарган. Бундай ҳолатда ўринбосарлар сафида ўйнашим сал ўринсиз бўлса керак?!

— Биринчи лигада тўп суришнинг қандай фойдаларини сездингиз?
— Илгари “Янгиер” сафида 1-лигада ўйнаб, чемпионат мазасини ҳис қилиб кўрганман. Мен учун энг фойдалиси, бу ерда кўпроқ ўйин амалиётига эга бўляпман. Бу ҳолат мени хурсанд қилмоқда.

— Ўйин амалиётига эга бўлаётганингиз яхши, аммо чемпионат савиясичи?
— Агар ўринбосарлар мусобақаси билан солиштирадиган бўлсак, 1-лиганинг савияси анча баланд. Бу ерда қизиқарли учрашувларнинг сони кўпроқ.

— Ўзи қуйи лига сизда қандай таассурот қолдирди?
— Айтганимдек, илгари ҳам биринчи лигада ўйнаганман. Бу ерда менга энг ёқадиган жиҳат, ишқибозликдир. Мухлислик маданияти ажойиб даражада. Ишқибозлар ҳар доим футболчилар билан алоқада бўлишади. Уларга ҳар томонлама далда бўлиб, қўллаб-қувватлашади.

— Ҳозир биринчи лига ҳақида фақат ижобий фикрларни билдиряпсиз. Аммо салбий ҳолатлар ҳам учраб туради-ку?!
— Тўғри, хусусан, барча жамоаларнинг майдонлари кўнгилдагидек эмас. Ваҳоланки, футболда майдоннинг сифатида яхши бўлиши шарт. Акс ҳолда футбол ўз жозибасини йўқотади. “Хотира-79” жамоасининг уй стадионинг майдони талабга жавоб бермаслигига гувоҳ бўлдим. Ҳатто “Қўқон-1912” майдонинг ҳолати ҳам аъло даражада эмас ажабланарли.

— Ўйинларнинг бошланиш вақтлари ҳақида қандай фикрдасиз?
— Барча стадионларда ёритгичлар тўлиқ ишламаслиги туфайли айрим беллашувлар эртароқ бошланади. Клублар буни вазиятдан келиб чиқиб ҳал қилишади. Жазирама иссиқда тўп суриш футболчининг жисмоний ҳолатига салбий таъсир қилади.

— “Оқ-тепа” орқали олдинга қадам ташлашингизга кўзингиз етадими?
— Албатта кўзим етади. Ишончим бўлмаганида бу жамоада тўп сурмаган бўлардим.

— “Оқ-тепа”да тўп суришни бошлаганингиздан бери терма жамоадан таклиф бўлмай қўйди. Мураббийлар штаби биринчи лига ўйинларини кўрмайдими ёки қуйида тўп тепадиган футболчи терма жамоага керак эмасми?
— Буниси мураббийлардан сўраш керак. Мен терма жамоа билан Олимпиада ўйинларида иштирок этиш ниятидаман. Терма жамоамизга ёрдамим тегса ва бу орқали мухлисларнинг қувончига сабабчи бўла олсам хурсанд бўлардим.

— Балки ортга қайтиб, “Пахтакор”нинг асосий таркибига кириш учун ҳаракат қилиб кўрганингиз маъқулмикан?
— (ўйланиб) Биласизми, биринчи навбатда “Оқ-тепа” билан олдимизга қўйилган вазифани бажармоқчиман. Ҳозирги асосий мақсадим шундан иборат. Вақти келганда албатта “Пахтакор”га асосий дарвозабон бўлиб қайтиш ниятим бор. Аммо захирада ўтиришни истамайман.

— “Оқ-тепа” Ўзбекистон Кубоги баҳсларида “Пахтакор” билан тўқнаш келди. “Шерлар” раҳбарияти сизни майдонга тушишингизга рухсат берганида ўзингизни нималарга қодирлигингизни исботлашга ҳаракат қилармидингиз ёки одатий ўйингизни намойиш қилармидингиз?
— Албатта ҳаракат қилардим. Ҳар бир футболчи ўзининг жамоасига қарши учрашувда нималарга қодирлигини кўрсатгиси келади. Шу ўринда мен ҳам. Бироқ бу насиб қилгани йўқ. Агар шундай имкониятга эга бўлганимда “Оқ-тепа”нинг асосий таркибида шунчаки ўйнамаётганимни исботлаш учун қўлимдан келган бор имкониятимни ишга солардим. Рости, бундай имконият берилишини сўнгги дақиқаларгача кутгандим. Аммо...

— “Пахтакор”га қайтсангиз рақобатда ютиб чиқишингизга ишонасизми? Сизга бунинг учун нечта ўйин керак?
— Ўзимга ишонаман. Инсон ўзига ишонмаса касбининг устаси бўлиб етишмайди. Нечта ўйинга келсак, мураббийлар битта учрашувда имконият берса шундан ҳам фойдаланишга ҳаракат қилардим. Асосийси, ишонч. Ўйинлар сонини аҳамияти йўқ. Очиғи, аввалги йиллардан шундай имконият берилишини жуда кўп кутдим. Биргина имконият берилганида ҳам ундан фойдаланишга ва ўзимга кўрсатишга ҳаракат қилардим.

— Холис айтингчи, ўз устингизда аввалгидек ишлаяпсизми ёки бу борада пасайиш кузатилганми? Айтмоқчиманки, балки терма жамоа мураббийлари сизда қандайдир пасайишни кузатишгандир? Шунинг учун клубга таклифнома жўнатилмаётгандир?
— Мен ҳар доим олдинга интилганман. Қўйган мақсадим сари ҳаракат қиламан. Ўзим бошқа дарвозабонлардан кучсиз деб билмайман. Тўғри, дарвозабонлар жуда кўп. Шуларнинг орасида менга ҳам ҳеч бўлмаса бир марта ишонч билдиришларини истардим. Агар терма жамоа мураббийлари менга битта бўлса ҳам имконият беришса, ишонаманки, уларнинг ишончини оқлайман.

— Сўнгги йилларда ёшлар термаси сафида Осиё чемпионати саралаш ўйинларида, финал босқичида, жаҳон чемпионата тўп сурдингиз. Январь ойида 23 ёшгача бўлган терма жамоага таклиф этилдингиз. Шундан кейин бирданига бу эшиклар ёпилди. Бу ҳолат сизга қандай таъсир қилди?
— Рости, қаттиқ таъсир қилди. Бундай вазиятга тушиб қолишимни кутмагандим. Нега бундай бўлаётганининг сабабини ҳеч тушунмаяпман.

— Балки терма жамоада мураббийлар штаби ўзгаргани туфайли шундай вазиятга тушгандирсиз?
— Ҳар бир мураббийнинг ёқтирган ўйинчиси бўлади. Шундай бўлса-да, айтганимдек, мени ҳам терма жамоага таклиф қилишларини, ўзимни кўрсатишимга имконият беришларини истайман. Шуҳрат Мақсудов тажрибали мутахассис. Осиё чемпионате вақтида Шуҳрат аканинг машғулотларига, футболчиларга бўлган муносабатига эътибор қаратдим. Мураббийимизнинг кўп хислатлари ёқди. Оғир вазиятга тушиб қолганимизда, яъни, мағлубиятга учраган ўйинларимизда ундан чиқиб кетиш йўлини кўрсатиб турди. Ютқазганимизда барча айбни ўзига олгани, шогирдларини айбдор қилмаслиги мени ҳайратда қолдирди. Ҳар доим шогирдларини олдинга бошлайди. Футболчиларни хориста тўп суришларини хоҳлайди. Ҳар томонлама руҳий далда бўлади. Қисқаси, Шуҳрат ака ажойиб мураббий.

— Шуҳрат Мақсудов шундай тажрибали мутахассис экан, унда нега терма жамоамиз гуруҳдан нарига ўта олмади?
— Ҳамма гуруҳдан чиқишимизга ишонганди. Омад келмаса қийин экан. Биз футболчилар Шуҳрат ака бошчилигида гуруҳдан чиқиб, байроғимизни юқори кўтарган ҳолда хурсандчилик билан юртимизга қайтиб келишни истагандик. Болалар билан келишиб, ютуғимизни мураббийга ҳадя қилишни хоҳлагандик. Терма жамоамиз Мақсудов мураббийлигида биринчи марта йирик мусобақада иштирок эти. Футболчи сифатида мураббийимиздан қониқдим. Учрашувга танланган тактикаси ва ўйин услуби мени хурсанд қилди. Бошқа мураббийлардан бу борада ажралиб турарди.

— Терма жамоадан ткали бўлмаётгани алам қиляптими?
— Ҳа. Терма жамоа мураббийлари биринчи лига клубларидан футболки таклиф қилинмаслиги алам қиляпти. Ваҳоланки, 1-лиганинг савияси ўринбосарлар мусобақасидан кучлироқ. Қолаверса, олий лиганинг бош жамоаси захирасида ўтиргандан биринчи лигада асосий таркибда ўйнаган маъқул. Боз устига, "Оқ-тепа" сингари ўз олдига олий лигага чиқиш вазифасини қўйган клуб сафида мунтазам равишда ўйнаш янада фойдали. Терма жамоа мураббийлар штаби нимага асосан ўйин амалиётига эга ўйинчини эътибордан четда қолдиришларини тушунмайман. Айрим вақтларда терма жамоага қайтиш учун “Пахтакор”нинг захирасида ўтирганим маъқулмикан деб ўйлаб қоламан. Шу саволга ҳеч жавоб топа олмаяпман. Ҳақиқат шуки, ҳаммаси мураббийга боғлиқ.

— Энди "Оқ-тепа" ҳақида гаплашсак. Мавсум янги жамоангиз учун қандай ўтмоқда?
— Жуда яхши. Учрашувлар қизиқарли ўтяпти. Хурсандман, чунки ўз олдига мақсад қўйган клуб таркибида ўйнаяпман. Вазифани бажара олсак, янада хурсанд бўламан. Чемпионатда қатнашаётган барча клублар ўзига яраша кучли, таркибида олий лигада ўйнаган футболчилар бор. Хусусан, "Қўқон-1912", "НБУ-Осиё", "Хотира-79". Бу жамоаларга қарши ўйинлар анча шиддатли ва курашларга бой тарзда кечди. Шундай бўлса-да, биз ўз вазифамизни бажариш йўлида ҳаракат қиляпмиз. Бизнинг жамоада ўйинчиларни бир-бирига бўлган муносабати аъло даражада. Қисқаси, мени клубнинг ички муҳити қониқтирмоқда.

— Сизнингча, "Оқ-тепа" бу таркиби билан кўзланган мақсадига эриша оладими?
— Олий лигага чиқиш учун бир нечта жамоа кураш олиб бормоқда. Табиийки, йўлланмани қўлга киритиш осон эмас. Шу боис таркибни янада кучайтирсак мақсадга мувофиқ бўларди. Сабаби, бир ҳафтада иккитадан учрашувда майдонга тушяпмиз. Бу ўз-ўзидан футболчиларда чарчоқ аломатларини келтириб чиқаради. Ўйинчи ўзини тиклаб олиши учун камида тўрт кун керак бўлади.

— "Ғарб" минтақасида "Шўртан" рақибларини сезиларли даражада ортда қолдирди. Бу иккинчи босқич ўйинлари олдидан уларга яхшигина имконият беради. Шундай келиб чиқиб айтадиган бўлсак, олий лигага бериладиган иккинчи йўлланма учун қолган клублар кураш олиб борадими?
— Мен бундай деб ўйламаган бўлардим. Боиси, "Шарқ" минтақаси "Ғарб"га нисбатан кучлироқ деб ўйлайман. “Шўртан” қайд этаётган ҳисоблардан ҳайронман. Ғузорликлар иккинчи босқичда қийналишади. Чунки "Шарқ" минтақасида "Шўртан"га жиддий қаршилик кўрсата оладиган клубларнинг сони жуда кўп. Ўйлайманки, уларга етиб оламиз ва олий лигага биринчи ўрин билан чиқамиз. Аслида бу ерда ўрин муҳим роль ўйнамайди. Асосийси, олий лигага чиқиш.

— Давралар орлиғида олий лига клубидан таклиф бўлса қабул қиласизми?
— Клуб раҳбарлари билан маслаҳатлашган ҳолда Қабул қиламан, аммо айтганимдек, захирада ўтиришни истамайман. 21 ёшимда олий лигада ўйнаш мен учун яхши натижа деб ўйлайман.

Манба: "Футбол Экспресс" газетаси

Манба: www.oq-tepa.uz
Киритилди: 16:29, 16.07.2014.
Ўқилди: 4609 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.