Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Ана сенга, Бразилия ёхуд «чемпитонам»-2

Баҳо:
+ | -

Хуллас, мазза қилиб Наримонни кўриб ўтирувдик, пудбол тугаб қолди. Аттанг!.. Ҳа-зил. Шутка. Биз, чоллар, баъзан шундай си-фи-си-фи-чис-кий ҳазил қилиб турамиз. Нос элитганда... Ёки кампир билан жиқиллашиб қолганда... Ёки оҳак кам бўлганда...

Инчунун, бир ой мазза қилдик. Муртозникида. Катта экранда кўрдик. Муртоз бало-да! Параболкаси бор, движоги бор, кўп нарсани билади. Ҳамма ёқ тартибли, саранжом-саришта. Собиқ аписсер, ҳатто кампирининг ясама тиши ҳам қилт эмай туради... Барака топгур, томошани аъло даражада ташкил қилди. Хамир овқат, гўжа, ҳар бир кишига биттадан туфдон, бу ёқда апсанка кампирлар хизматда. Яна сенга нима керак... дейдиган одам йўқ. Катта ўғли духтир, жужурний – биронтанинг  пеналтида мазаси қочиб қолса, қарайди. Ён хонада, эҳтиёт шарт, мулла ҳам ётипти. У ҳам жужурний. Кечаю кундузи ухлагани ухлаган. Пудбол кўрса, рўзаси бузилишидан қўрқади. Лекин эшикни қия очиб қўйган, уйғоқ пайти бизларга қўшилиб, аранг “гў-ў-лл” деб қўяди. Бизларга, биронта янгилик бўлиб қолса, уйғотасизлар деб тайинлаб қўйган. “Янгилик” дегани, агар бирон-ярим оёғини узатиб қолса... дегани. Синипдош-да!.. Лекин ярим финалга келганда ўзи жўнаворди. “Сизлар ҳали-бери ўладиганга ўхшамайсизлар, бошқа жойга кетдим” деди. Шовдир ”энди бемалол сўкинсанглар бўлади, мўлла кетди” дейди.

Муртознинг мен билмаган қирралари кўп экан. Чемпионатнинг саккизоёғи, тўғрироғи, учоёғига айланди (бизларда учинчи оёқ деганда ҳасса тушунилади). Биринчи тур ўйинлари тугаганда кейинга турга қайси жамоалар ўтишини юз фоиз айтиб берди. Ҳаммамиз қойил қолдик. Испанларнинг бошига италияликларнинг куни тушади, Англия битта Руни билан ҳеч ёққа боролмайди, италияликлар бу чемпионатга тайёр эмас, португалияликлар ҳам, фаранглар қанчалик зўр бўлмасин ярим финалга етиб боролмайди девди, ҳаммаси тўғри чиқди. Ярим финалга чиқадиган тўртта жамоани чемпионат бошланмасидан айтиб берувди. Фақат... Фақат... Бразилия унга панд берди. Охирги икки ўйинда... Нима ҳам дердик, бу мамлакат фақат ҳужумчи етиштиради, ҳимоячи эмас... Кемпионлар чемпион бўлолмади...

Финалда Аргентинага ишқибозлиқ қилдик. Улар чемпионликка лойиқ эдилар. Улар олмонларни тўхтатган ягона жамоа бўлди, лекин омад улардан юз ўгирди. Мессининг совринни олиб ҳам хурсанд бўлмаганлигинг сабаби шу... Аммо олмонлар чемпионатда қандай ўйнаш кераклигини, номдорлик, ўтмишдаги шуҳрат билан ҳеч қаёққа бориб бўлмаслигини, ҳар бир жамоага айрича тактика қўллаш, иккита жамоа билан бир хил ўйнаб бўлмаслигини бутун дунёга кўрсатиб берди. Ва бугун уларнинг ютуқлари тасодифий эканлигига, мени кечирасизлару... ит ҳам ишонмайди! Немис машинаси қайта ишга тушди! Уни, билмадим, яқин орада ким тўхтата олади. Шу борада гаплашиб турганимизда Шовдир “уларни кейинги чемпионатда биз тўхтатамиз” девди, Муртоз “бунга асос борми ё орзу” деди. Шовдир “орзу, орзу” девди, Муртоз “агар орзу бўлса, кел, яхшиси, бир минут сукут сақлайлик” деди... Роса кулдик, кейин сукут сақладик.

Энди таассуротлар билан ўртоқлашсам. Бизлар, чоллар жамоаси, ҳаммамиз – Бразилияга  ишқибозлик қилдик. Лекин охирида ёмон порот қилди. Олмонлар қандай ҳоҳласа шундай, қанча хоҳласа шунча урди. Гўё уларнинг ўрни алмашиб қолгандек! Одам бошига битта гол бўлишига бир баҳя қолди. Охирига бориб, олмонлар биров-бировига тўп узатмай ҳам қўйишди, “мен ҳам битта урай, мен ҳам битта урай” деб талашиб қолишувди, Асқар болам пайтдан фойдаланиб битта уриб қолди. Олмонлар ўзларини тирниропкадагидай тутишди. Бразилияга қўшилиб бизлар ҳам йиғладик. Бизлар қатори бир чол бор экан, соқол-мўйловини сариққа бўяб, бизлар янтоқ чопганда киядиган шлапага ўхшайдиган похол шлапа кийиб олган – ясама кубикни қучоқлаганича қолди-кетди. Қани энди, иложи бўлса супургига минсангу, ўша чолни мингаштириб бу ёққа олиб келсанг, бизлар унинг кўз ёшини артиб, юпатиб, ёш томган соқолларини тавоб қилиб, “юқсин-юқсин” қилсак... Йиғласа ҳам, чемпионат кўрди-ку!.. Шовдир ҳўнг-ҳўнг йиғлаб, бошини сарак-сарак қилиб, нуқул “нимагу” дейди. Муртоз унинг жонига бадтар тегиб, “нимани магу қилувдинг-ку, бу ёғини қойиллатасан” дейди. Шовдир “илгари нима қилганимни билмайману, бундан кейин вапше қилолмасам керак, руҳим тушиб кетди” дейди... Ивв-в-в-вв, тўжи нимагу...

Энди кайфиятни кўтариш учун иккита ҳангома айтиб берсам.
Муртоз Шовдирга (Бразилия – Германия ўйинидан сўнг):
— Ҳаммасига сен айбдорсан... Эсингдами, Марселла аптогол билан чемпионатни очиб берганида, “ануви қўзивой ўзига-ўзи уриб қўйди, бу ёмон аломат, охири яхши тугамайдиёв” деган эдинг, фаришта омин деган экан.
Шовдир жиғибийрон бўлиб:
— Мен қаердан билипман... Ҳаммасига ануви... бирнарсаари сабабчи (Сколари демоқчи – таъкид Тўлан каминтатирдики). Канэшни ютқазади-да!.. Туяга Силва чиқиб кетган, Неймар жароҳат олган, Кака вапше йўқ, Роналдо бўлса тиливизир кўриб ўтирипти.
Муртоз:
— Неймарнинг жароҳат олганини кўрдим, лекин Силванинг нимага туяга чиқиб кетганини эслолмаяпман... Роналдонинг тиливизир кўриб ўтирганини қаерда кўрдинг?
Шовдир:
— Кўздан қопсан, жўра, кунига пудболдан олдин рекламада чиқиб, ув-ввв дейди-ку!
Муртоз:
— Том, у Роналдо эмас, Наримон-ку!
Шовдир:
— Йўғ-е!.. “Чолиқуши”даги Наримонми? Рашод Нури... Сувтекин ёзган.
Муртоз:
— Сувтекин эмас, Гунтекин! Кейин, ундаги Наримон “дарвозабон”, буниси – ҳужумчи!
Шовдир:
— Сувтекин-ми-и, Гунтекин-ми-и, барибир текинга ёзмаган-ку!.. Хўш-ш... Бу Наримон деганинг қайси камандада ўйнайди?
Муртоз (кўзини қисиб):
— “Билайн”да.
Шовдир:
— Мен билмаган ўйинчилар ҳали кўп экан...
Бошқа бир куни Шовдир менга:
— Тўлан, сен ташқарига чиққанингда зўр нарсадан қолиб кетдинг. Сувсарес биттасини тишлаб олди!
— Суаресми?.. Тишлаб олди?!. Кимни?  
— Битта ўйинчини. Елкасидан тишлади. Безлигини қара, ўзи “елкаси оғзимга тегиб кетди” дегандай ўтириб олипти! Камера бўлмаса экан!
— Кўп югуриб, очқагандирда!
— Очқаса... бўличка есин!.. Э-э, нималар деяпман.. Майдонда... ҳеч кимни тишламаслик керак. Жуда тишлагинг келган бўлса, гўл уролмаётган бўлсанг, ана, дарвозабонни тишла, тўғрими!.. Бечора, энди... киндигидан қирқта укўл олади...
        
Энди яна айрим лавҳаларни эслатсам... Агар да Винчи ҳаёт бўлганида “Мана, дел Бўс-ки!” деган суврат солган бўларди. Дел Бўски нимага лабини чўччайтиргани ҳақида санъатшунослар роса тортишган бўлишармиди!.. Ёки занжи болам қорнига тўп солиб юрганини эсланг. Бу ҳаракати билан у “чемпионатдан кейин менга ўхшаган гўлурарлар туғилади” демоқчи бўлдими ё “хоҳловчилар бўлса, ўзим ташаббус кўрсатаман” деганими, ўзи билади... Акинпеепнинг ўтказворган тўпини сирк дастурларига киритса бўлади...
        
Капеллла менда уйини ё ҳамёнини йўқотган одам тасаввурини уйғотди. Шовдир “қаерга бориб қолганини эслаёлмаяпти” дейди. Менимча, у жамоасини экискурсияга олиб борган. “Эсларингда тутинглар, жаҳон чемпионати мана шунақа бўлади. Яхшилаб кўриб олинглар. Шунақа-шунақа жамоалар иштирок этади... Агар қўлимиздан келса, битта дуранг қиламиз. Қўлимиздан келса ҳам, келмаса ҳам барибир уйга қайтамизу, ана ўшанда бир бало қилармиз... Энди бўлса, тезроқ уйга қайтиш чораларини кўришимиз керак. Рейслар ҳали кам эканлигидан фойдаланиб қолишимиз керак. Баҳоналарни олдиндан ўйлаб қўйганман... Лекин сизлар ҳам... саа-л бўлса ҳам ўйнашинглар керак эди... Эҳ, қаердан ҳам сизларга мураббий бўлдим!” демоқчи бўлаётгандай гўё.

Лекин Нишимуранинг “ниши” қайтгани яхши бўлди. Ҳакамларни шунақа жазолаб турилса, уларнинг савияси ошади. Балки, умуман четлаштириш ҳам керакдир...

Кейин... пеналти масаласини ҳам қайта кўриб чиқиш керак. Пеналти билан жамоанинг кучини аниқлаб бўлмайди. Тағин... қанча ишқибозлар юрак хуружидан ўлиб кетяпти. Менимча, экстра-таймлардан кейин жамоаларга захирада ўтирган ўйинчилар орасидан учта-учтадан – олтита ўйинчини бирданига алмаштиришга рухсат бериб, “олтин тўп”гача ўйнатиш керак. Ана ўшанда ҳам ютқазган жамоанинг кўнгли ўзидан қолсин. Бу билан биз жамоларнинг чидамлилигию заҳира кучи қанча эканлигини билиб оламиз ва бу, ўйлайманки, пеналтига нисбатан анча адолатли бўлади... Хуллас, пеналтида ютиш учун – асосий  вақтни... ўйнамаса ҳам бўлади. Бу жиҳатдан олганда, “Барса”ни кўча болалари ҳам доғда қолдиришлари мумкин... Ечиб бўлмайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Ўйлайманки, калласи катта мутахассислар бу ҳақда ўйлаб кўришар...

Чемпионат кетганлар билан эмас, қолганлар билан қизиқ, албатта. Испанларсиз ҳам ўйинлар зўр бўлди. Ва пудбол, албатта, жамоавий ўйин. Буни ёддан чиқармаганлар озми-кўпми натижаларга эришишди, кўзларимизни қувонтиришди, йиғлатишди. Эсда қоладиган ўйинлар, ачинишлар кўп бўлди. Колумбия, Мексика, Коста-Рика... Мурғак болакайларнинг берилиб гимн куйлаётганларини, мағлубиятдан йиғлаётганларини кўриш таҳсинга, ҳурматга лойиқ. Бразилияликларга раҳмат!

Муртознинг таклифи:
— Суареснинг мураббийига шуни айтмоқчи эдим: “Ҳурматли мураббий! Аввало, юрагингиз отнинг калласидай эканлигига қойилман. Кейин, сиздан бирдан-бир илтимос, Суареснинг таомномасига гўштни албатта ва кўпроқ киритинг. Ҳали ёш, айтиб бўлмайди, Россия чемпионатига ҳам бориб қолиши мумкин. Жамоаларни эмлатишга тўғри келиб қоладими деб қўрқаман...  

Сўнгсўз Шовдир дўстимизга:
— Ҳамма нарса яхши бўлдию, битта нарсада адолатсизлик қилинди. Қўл иккита, пирчатка иккита, тўғрими! Лекин немис дарвозабонга бир пой соврин берилди. Нега? “Иккинчиси қани-и-и-и” деган савол туғилади. Жавоб битта: ё ташкилотчиларнинг шунга калласи етмаган, ё олдин кетганларнинг биронтаси суриб кетган...     
Суҳроб Очилов

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 12:17, 19.07.2014.
Ўқилди: 9857 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.