Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Баҳодир Қўчқоров: «ЖЧда 16та офсайдни қайд этиб, рекорд ўрнатдим»

Баҳо:
+ | -

17 июль куни Қирғизистон футбол федерацияси матбуот залида Равшан Эрматов бригадаси таркибида ЖЧ-2014га борган Баҳодир Қўчқоров ва мухлислар ўртасида узоқ кутилган учрашув бўлиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, Марказий осиёлик ҳакамлар жамоаси Бразилияда 4та учрашувни бошқарди: Швейцария-Эквадор (1-тур), АҚШ-Германия (3-тур), Мексика-Хорватия (3-тур) ва Голландия-Коста-Рика (1|4 финал). Шу тарзда Равшан Эрматов жаҳон чемпио­натларида энг кўп ўйинда ишлаган ҳакамга айланди. Эътиборлиси, аввалги мундиалда ҳам ҳамюртимизга айнан қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров ёрдамчилик қилганди. Демак, у ЖЧ доирасидаги 9та ўйинда лайнсмен вазифасини бажаргани билан мақтаниши мумкин. ФИФА лайнсмени ўз юртига қайтгач, кенг кўламли воқеадан олган таассуротлари билан ўртоқлашдан ташқари, ҳакамликда татбиқ этилган янгиликлар хусусида гапириб берди, энг содиқ мухлисларига совғалар топширди. Айтганча, учрашув арафасида Қирғизистон футбол федерацияси Баҳодир Қўчқоров ҳақида ёзилган шеърлар учун алоҳида танлов эълон қилганди.

- Биринчи навбатда, шундай илиқ қабул учун йиғилганлар ва футбол федерациясига миннатдорчилик билдираман, - дея сўз бошлади Қўчқоров. - Мана, ниҳоят, уйда, ватанимдаман ва сизлар билан кўришиб турганимдан бағоят бахтиёрман!

- Баҳодир Зокирович, аввало, жаҳон чемпионатининг энг ёрқин таассуротлари билан ўртоқлашсангиз...

- Барчангиз яхши биласиз, Бразилияда футбол биринчи рақамли спорт тури ҳисобланади. У ерда деярли ҳамма - 6 ёшдан тортиб, 90 ёшгача бўлганлар футбол ўйнашади. Майдончалар жуда кўп: пляжлар, мактаблар, ҳовлиларда. Чемпионатнинг ўзи эса шунчаки, фантастика! Албатта, кутилмаган натижалар ҳам қайд этилди. Зеро, футбол фақатгина ўйин эмас, балки яна фан, одамлар ҳаёти ҳамдир. Бразилияликлар жуда яхши таассурот қолдиришди. Улар меҳмонларга ўта самимий муносабатда бўлишар экан. Яна ўзимнинг шахсий рекордим ёдимда қолди. Чемпио­нат якуни бўйича ўйинлар вақти 16та вазиятда ўйиндан ташқари ҳолатни қайд қилибман. Эътиборлиси, уларнинг ҳаммаси бехато бўлгани ФИФА статистикасида алоҳида ёзиб қўйилди.

- 2018 йили Россияда ўтадиган кейинги жаҳон чемпионатига ҳам боришни режалаштиряпсизми?

- ФИФАда ҳакамларнинг ёшига нисбатан чеклов мавжуд.  Ҳозир 44 ёшдаман ва 2та жаҳон чемпионатида ишлашга улгурдим. Энди Авс­тралияда бўлиб ўтадиган навбатдаги Осиё кубоги турнирига бориш учун таклиф олишдан умидворман. Ўйлайманки, шундан сўнг фаолиятимни тугатишим керак. Хуллас, афсуски, Россия мундиалига ҳакам сифатида боролмайман. Лекин оддий мухлис бўлиб боришимга ҳеч нарса халақит бермайди. Бундай ният ҳам йўқ эмас. Фао­лиятимни якунлагач, ўз тажрибамни ёш авлодга беришни режалаштиряпман. Зеро, менда кўплаб материал­лар бор. Қолаверса, ҳозир кундалик тутяпман. Унга қандай ҳомийлик қилганим, қаерларда бўлганимни ёзиб бораман. Шундай орзум борки, вақти келиб Қирғизистондан ЖЧга бир киши эмас, бутун бригада борсин. Бу мақсадда бор билимимни сарфлашга тайёрман. Айни пайт 11 нафар шогирдим бор. Улар билан кунига 2 маҳал шуғулланяпмиз ва бунинг учун ҳақ олмайман.

- Голландия - Коста-Рика ўйини нимаси билан ёдда қолди?

- Мен ҳеч қачон майдонда айнан кимлар ўйнаётганига қарамайман - бу ишимга халақит беради. Мен учун майдонда футбол юлдузи, миллио­нер йўқ, фақат жамоалар либосининг ранги мавжуд. Ахир футбол ўйинида ҳакамлик қилиш - бу концерт кўриш эмас. Озгина эътиборсизлик қимматга тушиши мумкин. Қисқаси, ўйин эмас, футболчиларнинг хатти-ҳаракатларини диққат билан кузатаман. Бошқача айтганда, ўйинни мухлис эмас, балки профессионал сифатида кўришим шарт.

Ўйлайманки, айрим футболчилар юлдузлик мақомига қаттиқ берилиб кетишди. Уларнинг бутсалари ўта ёрқин рангда, соч турмаклари дабдабали, татуировкалари ҳаддан таш­қари кўп. Буни тушунишим қийин.

- Бразилиядан дўстларингиз, яқинларингизга нималар олиб келдингиз?

- Асосан бразилча эсдалик буюмлари, тўплар... Дўконма-дўкон айланиб, харидлар билан шуғулланганим йўқ. Чунки у ерга ҳакамлик қилиш учун боргандим. Менинг ишим - гитаранинг ингичка торидек нафис ва жуда эҳтиёткор бўлиш талаб этилади.

- Ўз ишингиздан қониқиш ҳосил қилдингизми?

- Албатта, ғоят хурсандман, виждоним жонажон ватаним, Қирғизис­тон ФФ, ФИФА ҳакамлар қўмитаси олдида тоза.

- Айтингчи, финалда қайси жамоага мухлислик қилдингиз?

- Бундай саволларга доимо бир хил жавоб бераман: футболда фақат битта жамоа мухлисиман - бу Қиғизистон термаси. Финалга келсак, унда ўз дўстим - реферига тарафкашлик қилдим. Унинг бехато ишлашини хоҳладим.

Мен мураккаб касбни танлаганман, лекин агарда ҳаётимни қайтадан бошлаш имконияти тақдим этилган тақдирда ҳам, барибир, футболни танлардим. Чунки бу спорт тури мени тарбиялади ва у туфайли бутун дунёни кўрдим!

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 21:08, 23.07.2014.
Ўқилди: 8220 марта.
Фикрлар: 27 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.