Хабарингиз бор, 10 август куни миллий чемпионатимиз 15-тур учрашувлари якунига етади. Шу куни Қаршида мавсумнинг марказий ўйини бўлиб ўтади, Қаршидаги ўйиндан сал аввалроқ Тошкентда турнинг марказий учрашуви бошланади.
Айнан шу кунни қашқадарёлик футбол ишқибозлари интизорлик билан кутишмоқда, чунки турни якунловчи учрашувларнинг ҳар иккисида ҳам Воҳа жамоалари майдонда «жанг»га киришади. Тошкентдаги учрашувда биз одатда кучли бешликда кўришга ўрганиб қолган ва ўтган мавсумда Биринчи лига мусофирчилигини кўриб қайтган, Муборакнинг «Машъал» клуби ўтган мавсумда «олтин дублини» нишонлаган Тошкентнинг «Бунёдкор» клубига қарши майдонга чиқишади.
Ўйиннинг аҳамияти ҳар икки жамоа учун ҳам жуда баланд, бунга сабаб, «газчилар» биринчи даврани омадсиз бошлаб, анчагина очколардан маҳрум бўлишди, аммо жамоа давра ўрталаридан ўзларининг ким эканликларини ва қандай ўринларда юришлари кераклигини англади шекилли, бирин-кетин муҳим очколарни жамғарган ҳолда даврани бешликка яқин жойда тугатди, лекин иккинчи давранинг илк туридаёқ жамоа ўз ҳисобига керакли уч очкони ёздириб қўйди ва кучли бешликка жойлашиб олди.
Пойтахтликларда эса бунинг буткул акси бўлди, яъни «қалдирғочлар» мавсумни яхши бошлаб, кейин эса... Бундан кўриниб туринибдики, ҳар иккала жамоа биринчи даврада бой берилган очколар ўрнини тўлдириш учун майдонда кураш олиб боришади.
Тўғри, муборакликлар якшанба оқшомида «Бунёдкор»ни таслим этса ҳам 4-ўринга кўтарила олишмайди, аммо «газчи»лар «қалдирғочлар»га анча яқинлашиб олиш билан бирга уларни турнир жадвалида қувиб ўтиш имконига эга бўлишади. Бу албатта Қаршидаги ўйин билан боғлиқ. Демак, бизни олдинда кутаётган учрашувлар жуда қизғин курашларга бой бўлишини олдиндан тахмин қилишимиз мумкин. Катта эҳтимол билан голлар ҳам кўрамиз, бундай дейишимизга асос етарли, сабаби «Машъал» сўнги ўйинларда 2тадан кам гол урмяпти. Албатта «Бунёдкор» бор эътиборини ҳужумга қаратади. Бундан мубораклик футболчиларда қарши ҳужумда ҳам рақиб дарвозасига тўп киритиш имконияти бўлади. Нима бўлган тақдирда ҳам стадионга бориб ўйинни кўрмоқчи бўлган мухлисларни қизғин ўйин кутиб турибди.
Эслатиб ўтамиз, учрашув якшанба оқшомида, соат 19:00 да «Жар» стадионида бошланади. Биз ҳам ҳар иккала жамоа муҳлисларини стадионга чорлаймиз. Чунки ҳар бир футболчи голни мухлислар кўз олдида нишонлашни яхши кўради, Ўзбекистонда эса бу орзу. Хуллас, стадионда кўришгунча!