"Барселона" янги бош мураббий ва таркибдаги бир қанча янги футболчилар билан мавсумдаги илк ўйинда йирик ғалабани қўлга киритди.
Тақвимга кўра "Барса"га 1-турда нисбатан кучсизроқ рақиб "Эльче" тушганди. Бу ҳолат Луис Энрикега бемалол янги футболчиларга ишонч билдириш имкониятини берарди. Мураббий шундай қилди ҳам. Янги мураббий қўл остида каталонияликларнинг ўйин услуби кескин ўзгариб кетди деб айтиш қийин, барибир тўпни назорат қилиш қолган.
Илк дақиқалардан майдон эгалари рақиб дарвозаси томон босимни ошириб боришди. Мунир ал-Ҳаддодий ва Иньестанинг зарбалари дарвоза тўсинига тегиб қайтганидан кейин навбатдаги уринишда Месси ҳисобни очди. Дарвоқе, "Барселона" яна прессингда фаол иштирок эта бошлади. Бунинг натижасида Бускетс рақиб жарима майдончаси яқинида тўпни эгаллаб олди ва Месси томон уни етказди. Лео эса нима қилиш кераклиги яхши билади - 1:0.
Орадан 2 дақиқа ўтар-ўтмас "Барса" етакчиларидан бири Маскерано майдондан четлатилди. "Эльче" ҳужумчси Гарри Родригес дарвозабон билан бирга-бир вазиятга қочиб кетаётганида Маскерано уни қоидага хилоф равишда тўхтатди. Натижада Хавьерга тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатилди.
Ушбу четлатиш "Барса"нинг фойдасига ишлади, десак ҳам бўлади. Боиси, шундан сўнг Энрике шогирдлари янада жипслашган ҳолда ўйнай бошлашган бўлса, меҳмонлар рақибнинг майдонда кам бўлиб қолганини билган ҳолда олдинга интилишди. Аммо "Эльче" ҳужум қилишга тайёр эмасди. Боз устига, иккинчи бўлимнинг 50-сониясида Ракитичнинг майдон марказидан етказган чиройли узатмасини Мунир ал-Ҳаддодий голга айлантирди. 2:0.
Янги футболчилар боғланмаси гол билан якунланаётганида эски футболчилар бир четда қараб тура олишмасди. Алвеснинг узатмасини қабул қилган Месси 2-3 футболчини алдаб, дарвозанинг пастки бурчагини аниқ нишонга олди. 3:0.
Ўйин тақдири деярли ҳал бўлганди. Шу боис жамоалар катта куч билан олдинга интилишмади. "Барса" мавсумни ишончли ғалаба билан бошлади.
Испания Ла-лигаси, 1-тур
Барселона – Эльче 3:0 (1:0, 2:0)
Голлар: 1:0 – 42 Месси, 2:0 – 46 Мунир, 3:0 – 63 Месси.
"Барселона": Браво, Дани Алвес, Альба, Матье, Рафинья (Бартра, 46), Маскерано, Иньеста (С.Роберто, 78), Бускетс, Ракитич, Месси, Мунир (Педро, 67).
"Эльче": Титонь, Суарес, Альбакар, Ломбан, Хосе Анхель (А. Хименес, 54), Гарри Родригес, Пашалич (Адриан, 81), Пелегрин, П.Москера, Коро (Фажр, 66), Жонатас.
Огоҳлантириш: Пашалич (55).
Четлатиш: Маскерано (44).