Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Эдгар Гесс: "Европаликлар миш-мишга устамонлар"

Баҳо:
+ | -

Олий лиганинг 17-туридан ўрин олган «Металлург»-«Бухоро» учрашуви футбол жамоатчилигининг алоҳида эътиборига тушди.

Бир томондан, 4:3 ҳисобида бекободликлар фойдасига ҳал бўлган ўйин Европанинг баъзи букмекерлик идоралари томонидан шубҳа остига олинди ва бу албатта, анчагина шов-шувлар туғилишига замин яратди. Иккинчи томондан, айнан шу ўйиндан сўнг «Бухоро» клуби бош мураббийи Эдгар Гесс ўз вазифасидан озод қилинди. Мазкур хабар ОАВда тарқалиши ҳамоно мухбиримиз Эдгар Яковлевич билан алоқага чиқиб, унинг юқоридаги мавзулар бўйича фикри билан қизиқди.

- Эдгар Яковлевич, «Бухоро» бош мураббийи лавозимидан кетганингиз ростми?
- Ҳа, афсуски, шундай. «Металлург» клубига қарши сўнгги баҳсни анча мазмунли ўтказиб, 3 марта гол урган бўлсак-да, якунда мағлубиятга учрадик. Мағлубият эса, 10та гол урмагин, барибир, мағлубият. Шунинг учун учрашувдан кейин клуб раҳбарлари йиғилиш ўтказиб, унда фаолиятимдан қониқиш ҳосил қилишмаётганликларини очиқ айтишди. Табиийки, бу сўзлар онгли равишда истеъфога чиқишимни анг­латар ва талаб этарди. Мен худди шундай қилдим. Яъни вазифамдан озод этишларини сўраб, ариза ёздим. Бор гап шу.

- Бу воқеалардан сўнг асабийлашаётган бўлсангиз керак-а?
- Мазкур ҳолат мураббийликни ўзи учун касб ҳисоблаган ҳар қандай инсон ҳаётида рўй бериши мумкин. Зеро, иш берувчи доимо натижа талаб қилишга ҳақли. Қолаверса, жамоам керакли ютуқларга эришмаётган эканми, демак, мен ўйинни ташкил этишда қандайдир хатоларга йўл қўйганман. Руҳий ҳолатимга келсак, мағлубият ва кўнгилсизлик албатта, ёмон таъсир этди. Лекин буларни тезроқ унутишга ҳаракат қиламан.

- Сиз юртимизда самарали иш юритган кам сонли хорижлик мутахассислар сирасига кирасиз. Аммо негадир Бухородаги фаолиятингиз омадли чиқмади. Статистиканинг кўрсатишича, охирги бор жамоангиз биринчи давранинг 5-турида «Сўғдиёна»ни сафар ўйинида мағлубиятга учратган. Шундан бери фақат мағлубият ва дуранглар кузатилди...
- Мавсум бошидан бери ўзим истаган жамоани шакллантиришга уриндим. Лекин ҳар доим ҳам истакларинг амалга ошавермайди. Маш­ғулотларда барча юкламаларни бажарган футболчи расмий ўйинда сира ўзига ўхшамай қолиши мумкин. Ахир бу - футбол ва у сир-синоатларга бой.

- Давралар оралиғидаги танаффус вақти таркибни ўзингиз истагандек кучайтира олганмидингиз?
- Тўғриси, тартибли ҳаракатлари шахсан ўзимга ёққан футболчилар билан жамоани бойитдик. Лекин бундан ўйин дарҳол кучаяди деган маъно чиқариш ноўрин. Чунки янги йигитларнинг таркибга қўшилиб кетишлари учун маълум вақт кетиши ҳаммага кундек равшан. Аслини олганда, биз кўпроқ ёшларга суянишни мақсад қилгандик. Бироқ ёш шогирдларимга муҳим ўйинларда бироз тажрибасизлик панд берди. Олий лигадаги аксарият жамоа­лар бир неча йиллардан буён таркибларини деярли ўзгартирмай келишади. Бизда ҳаммаси деярли «нол»дан бошланганди.

- Эдгар Яковлевич, сизга шу кунларда жуда долзарб бўлиб турган энг муҳим савол бермоқчимиз: Европадаги букмекерлик идоралари «Метал­лург»­га қарши ўйинни келишилган, деб тахмин қилишмоқда. Бунга қандай қарайсиз?
- Бу бемаънилик ҳақида эшитдим. Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, агар биз турнир жадвалининг ўрталарида бўлганимизда ҳам бошқа масала эди. Бироқ кундан-кунга лигадан тушиб кетиш хавфи кучаяётган клуб қандай қилиб ўйинни сотиши мумкин? Бу саволга ўша европалик «ақллилар» жавоб бера олишадими? Йўқ, албатта. Англия чемпионатининг илк турида қандайдир  «Суонси» «Олд Траффорд»­да «МЮ»ни енгди. Демак, бу ҳам келишилган ўйин экан-да?! Умуман, Ғарб­даги ҳолат менга таниш - улар бир жамоанинг ютуғига қўйилган «ставка»ларга қараб, ҳар нарса деяверишади. Аксинча, айнан «Металлург»га қарши баҳсда шогирдларим аввалгиларидан кўра анча яхшироқ, мазмунлироқ ўйин кўрсатишди ва шунинг учун ҳам ирода кучи эвазига бир неча марта вазиятни ўнглашни уддалашди. Аммо барибир, шум тақдирдан қочиб қутулолмадик. Футболчиларнинг ўйиндан ке­йинги ҳолатларини ўз кўзингиз билан кўрганингизда, бундай бўлмағур миш-мишларни тилга ҳам олмасдингиз.

- Улар ўзлари учун асос қилиб, сизнинг сўзларингизни олишгани ғалати, ахир. Зеро, «Қийин ўйинлар ортда қолди, энди фақат ижобий натижаларни кўзлаймиз», деб баъзиларда шубҳа уйғотибсиз...
- Ўша кимсалар иккинчи давранинг бошидаги рақиблар ва стадионлар ҳақидаги маълумотларга эътибор беришганмикин? «Нефтчи» майдонига сафар ҳар қандай клубни қийнаб қўяди. «Навбаҳор» ҳам худди шундай. Кейин ўз майдонимизда «Насаф»дан енгилдик. Қаршиликлар юқоридаги икки клубдан фарқли равишда, сафардаги ўйинларда ҳам ўта фаолдирлар. Бундай рақиблар билан курашиш ким учун осон? Тўғри, биз ҳар қандай ўйиндан олдин фақат максимал натижани кўзлардик. Аммо тузган режанг амалга ошаверса, футбол аллақачон зерикарли спорт турига айланиб қоларди. Бекободдан лоақал дуранг билан қайтганимизда, ҳаммаси ўзгарарди, бунга ишончим комил. Лекин... Мана, энди «Бухоро» ўз майдонида «Сўғдиёна»ни қабул қилади. Шахсан мен шу учрашувда фақат ғалаба қозонишимизга ишонардим. Афсус...

- Эндиги режаларингиз қандай? Ҳарқалай, «Бухоро»ни эртагаёқ унутиб юбормасангиз керак...
- Албатта. Тинч бир гўша топиб, ҳаммасини бирма-бир тарозига солиб чиқаман - қаерда адашдим, нимани нотўғри қилдим, аслида қандай йўл тутиш лозим эди...? Ахир, бу масалалар келажакда менга ас­қотиши мумкин.   

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 17:15, 29.08.2014.
Ўқилди: 5307 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.