Бугун Қаршида “Динамо” жамоаси билан назорат учрашувини ўтказган "Насаф" рақиб устидан ишончли ғалабага эришди.
Ўйин тақдири амалда биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ҳал этилди. Учрашувнинг 18-дақиқасида чамаси 35-метрлар узоқлиқдан белгиланган жарима зарбасини ҳимоячи Алишер Юсупов ўзининг кучли ва аниқ зарбаси билан дарвозага жойлаб қўйган бўлса, орадан кўп ўтмай Лазиз Убайдуллаев орадаги фарқни иккитага оширди. 38-дақиқага келиб ўнг қанотдан узатилган тўпни Игорь Таран товони билан тўрга йўллаган бўлса, бўлимнинг сўнгги дақиқаларида стандарт вазиятдан кейин марказий ҳимоячи Мақсуд Каримов яқин масофадан кучли зарба билан ҳисобни янада йириклаштирди.
Иккинчи бўлимда ҳар иккала жамоа таркибида бир қатор ўзгаришлар кузатилди. Натижада мезбонларнинг бироз хотиржамлигидан фойдаланган самарқандлик футболчилар икки бор Ўткир Юсупов қўриқлаётган дарвозага гол уришнинг уддасидан чиқишди. Энг муҳими шу куни ҳар иккала жамоа устозлари ўйин амалиёти кам бўлган бир қатор футболчиларнинг имкониятларини яна бир бор синовдан ўтказиб олишди.
Қаршилик мухлисларнинг севимли футболчиси Шоҳруҳ Гадоев ҳам ушбу учрашувда иккинчи бўлимда тўлиқ майдонда ҳаракат қилди ва ўз ҳаракатлари билан йиғилганларда илиқ таассурот қолдирди.
Назорат учрашуви. 07.09.2014.
"Насаф" - "Динамо" 4:2. (4:0)
Қарши шаҳри. “Марказий” стадиони.
“Насаф”: Михаил Наумов (Ўткир Юсупов, 46), Мақсуд Каримов, Шерзод Аъзамов, Алишер Юсупов, Лазиз Убайдуллаев (Ботир Қораев, 46), Эркин Бойдуллаев (Нажмиддин Нормуродов, 64), Акрам Баҳриддинов (Илҳом Юнусов, 46), Улуғбек Дадабоев (Шоҳруҳ Гадоев, 46), Артур Геворкян (Лазиз Убайдуллаев, 67), Игорь Таран, Азамат Алланизяов (Илҳом Шомуродов, 46).