Осиё Ўйинларининг бугунги кун дастуридан ўрин олган эркин кураш баҳсларига старт берилди. Бугун эркаклар ўртасида 4та вазн тоифасида баҳслар ўтказилади. Уларда 3 нафар курашчимиз иштирок этишмоқда.
Дастлаб 61 кг.гача бўлган вазнда Жамшид Кенжаев ўз баҳсини бошлади. Қуръага кўра у илк босқичдаёқ эронлик курашчига тўғри келди. Ҳамюртимиз Масъуд Исмоилпуржуйбарийга қаршилик кўрсата олмади ва мағлуб бўлди. Эронлик финалгача етиб борса, Кенжаевда бронза медаль учун курашиш имконияти юзага келади.
Сўнгра 74 кг.гача вазнда Рашид Қурбонов 1/8 финални ҳиндистонлик Нарсингх Панчам Ядавга қарши ўтказди. Баҳс анча мураккаб кечди. Биринчи бўлимда ҳинд спортчиси 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Иккинчи бўлимса эса Рашид аввал ҳисобни тенглаштирди, сўнгра ҳисобда олдинга чиқиб олди - 3:2. Қурбонов чорак финалда туркманистонлик Рамазон Қамбаровга қарши баҳс олиб боради.
86 кг. вазнда Умиджон Исмановнинг мағлубияти аламли бўлди. У нимчорак финалда қозоғистонлик Есболат Нуржумбаевга қарши беллашувда 8-5 ҳисобида олдинда бораётганди. Бироқ баҳс тугашига 1 дақиқа қолганида Умиджон тақиқланган ҳаракат (фол) ишлатди шекилли, ғалаба Қозоғистон курашчисига тақдим этилди.