Кириш Регистрация

Баджаҳл болакай. Уэйн Рунининг фожиаси ҳақида

Баҳо:
+ | -

Айни вақтдаги Англия терма жамоасининг биринчи рақамли ҳужумчиси ва сардори бундан роппа-роса 10 йил аввал "МЮ"да ўз дебютини нишонлаган.

Ўтган ушбу қисқа вақт ичида у кўплаб рекордларни янгилади, Европа Чемпионлар Лигасида зафар қучди, аммо шунга қарамай суперюлдузга айланмади. Eurosport.ru интернет-портали мухбири Павел Городницкий Уэйн Рунининг кечмиши нима сабабдан ҳеч қачон бахтли якун топмаслиги борасида мулоҳаза юритади.

Сэр Алекс Фергюсоннинг автобиографик китобидан футбол жамоатчилиги учун ниҳоятда қимматли бўлган маълумотлар ўрин олган. Шотланд мутахассиси китобнинг биринчи бобида "МЮ" етакчилари билан қай тарзда муносабатда бўлганини ҳикоя қилса, кейинги бобда энг сир тутилган мавзулар – жамоани руҳлантириш бўйича катта фойда берган усуллар, бошқа мураббийлар билан ўзаро даҳанаки жанглар (бу ерда бечора Венгер ва Бенитес назарда тутилмоқда – муаллиф изоҳи) ва титулга эга чиққан "Ман Сити"ни мардларча олқишлаш ("шаҳарликлар" шоҳсупага кўтарилгач Ферги "Юнайтед"нинг келаси йилги олтин мавсуми унинг учун энг сўнггиси бўлишини ҳис қилади) ҳақида сўз юритади. Рио Фердинанднинг допинг можароларига аралашиб қолиши, Дэвид Бекхэм билан юзага келган низо, супериқтидор эгаси Криштиану, Рой Киннинг ғалати қилиқлари – жанр қонун-қоидаларига кўра, Руни ҳақидаги очерк Руд ва Роналду оралиғида жойлашиши керак эди.

2004 йили Фергюсон ўзининг даҳо психолог эканини намойиш қилди – жароҳатидан яқинда тикланган Уэйннинг дебюти "Фенербахче"га қарши ЕЧЛ баҳсига тўғри келди. 18 ёшли йигитча мураббийнинг юксак ишончидан руҳланиб турклар дарвозасига 3 бор тўп киритади. Бир ой ўтиб эса Руни "Арсенал"нинг мағлубиятсиз сериясига чек қўяди.

Ана шундай ёрқин стартдан сўнг Уэйн "Ёш футболчиларнинг барча нуқсонлари" деб номланган ўқув қўлланмасини нашр эттиради: сабрли қаллиқларини молиявий чайқовчилар билан алмаштириш, мураббийни "бошланғич таркибда аниқ майдонга тушаманми?" деган саволга тутиш, телефонни полга уриб синдириш, ёлғончи агентларга ишониш, жамоадошлар билан қўрс муносабатда бўлиш ва ҳоказо.

… Ферги тўққиз йил давомида Уэйннинг жисмоний кўрсатчикларини яхшилаш устида изланди,  унинг тунги саргузаштларига одоб доирасидан чиқмай муносабат билдирди, терма жамоа муваффақиятсизлигидан кейин ҳам форвардни руҳан қўллаб-қувватлади.

Бироқ Руни 2010 йилнинг августида нима сабабдандир Фергюсонга "МЮ"да суперклуб бўлиш учун имконият йўқлигини ва шу боис жамоадан кетмоқчилигини айтишга жазм этди. Бу воқеа – инсон улғайса-да, аммо фикран камолга етмаслигига ёрқин исбот бўла олади.

Сэр Алекс Уэйннинг қарашларини рад этиб бўлмас далиллар билан осонликча йўққа чиқарди ("Қачон биз охирги марта титул учун курашмадик? Сўнгги йилларда неча бор ЧЛ финалида ўйнадик?"), шундан сўнг у жамоада қолди ва мавсумни кўнгилдагидек ўтказди. Ғазаб отига минган Руни айтган сўзларини осонликча қайтиб олди.

Рунининг футболдаги тақдири – барча кўрсатчиклар бўйича ҳавас қилгудек. Тезлик, зарба, керакли позицияга чиқиб бориш, майдонни кўриш бобида Уэйн олий баҳога лойиқ. Аммо ҳатто  ўша Фергюсон даврида ҳам у АПЛда икки марта 20тадан кўп гол урган. Ван Гал бошқарувида эса Уэйндан бундай натижани кутишнинг ўзи мантиққа зид, чунки ҳозирда голланд мутахассиси Рунидан марказий ҳужумчи сифатида эмас, балки хавбек ўрнида фойдаланишни маъқул кўрпмоқда.

Амплуанинг ўзгариши ҳодисаси Уэйннинг сардорлик боғичини қабул қилиши ва жамоадаги энг кўп маош олувчи футболчига айланган вақтида содир бўлди. Энди ҳеч ким Ферги услубида унга ғамхўрлик қилиб, йўл-йўриқ кўрсатмайди, аммо клубдан ҳайдаб юборишга ҳам биров журъат этмайди – чунки барча Ван Галнинг сардорларга катта ҳурмат билан ёндашишидан яхши хабардор ("Менинг жамоамда сардор ҳамиша майдонга тушади", - деганди Луи Ван Перси ҳақида ЖЧ-2014 маҳали).

… Ўтган ҳафтадаги уикенддан олдин Руни Каррингтондаги базада The Sunday Times журналисти билан суҳбатлашди. Майк Тайсон тасвири туширилган футболкада, ўйчан нигоҳлар, оҳиста ва мулоҳаза билан айтилган жавоблар кўпчилик эътиборини тортди.

"Мен Алан Ширердек сермаҳсул ўйин кўрсатаман", "Фаолиятим охиригача "Юнайтед"да қолишни истайман", "Мен сардорман – ва мен жамоадаги шерикларимга ёрдам беришим керак" – тан олиш жоиз, бундай фикрлардан кейин Руни ҳақиқатдан ҳам улғайгани, камол топгани ва ўзини анча босиб олгандек таассурот уйғонди.

Кейин эса Уэйн "Вест Хэм"га қарши майдонга тушди ва Стюарт Даунингнинг тиззасига очиқчасига зарба берди. Яна қандай ҳолатда? Ҳисоб 2:1лигида. 59-дақиқада. Рақиб жарима майдонида. Оддий вазиятда…

Алан Ширер? Сардор? Жамоадошларга ёрдам бермоқчисан? Йўқ, Уэйн, сен ҳамма вақт баджаҳл ёш болакай бўлиб қолаверсан!

Ва энди Алекс Фергюсон ҳам ёрдам бермайди. Сенинг гапларинг яна аввалгидай фақат оддий сўзлигича қолаверади.

Маҳмуджон АЗИМОВ таржимаси

Манба: www.arena.uz
Киритилди: 17:16, 06.10.2014.
Ўқилди: 6863 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.