Яқинда интернет саҳифаларида “Гулистон”нинг ўтган мавсумдаги иштироки, унинг инқирози ҳақидаги мақолани ўқиб, ҳайрон қолдим. Нега десангиз, унда келтирилган айрим мисоллар асоссиздир.
Масалан, ўша маълумотни берган шахс “Гулистон” кучлилар сафидан тушиб кетган бўлса-да, чемпионат якунида клуб мутасаддилари жамоа аъзоларига “банкет” қилиб берди деб ёзибди. Рости, буларнинг барчаси уйдирма, сафсата гаплар. Чунки, ўша тадбирда шахсан ўзим ҳам қатнашганман ва барча харажатларни бош мураббий Б.Ашурматов тўлаганини кўргандим.
Энг қизиғи, ўша мақолада футболчиларга барча қарзлар тўлиқ тўланган дейилган. Мен сиз сайт ходимларига ҳам қойил қолмадим. Менимча, матбуот саҳифаларида чоп этиладиган мақолалардаги фикрлар асосли бўлиши шарт-ку?! Йўқ, уйдирма гапларни чиқаравериш керак эмасда, ахир?! Ўтган йили “Гулистон” сафида майдонга тушган футболчилардан сўраб кўрингчи? Қайси ойгача маош ва мукофот пулларини олишган–у, қайси ойларнинг пуллари кимларгадир “насия” қилинган?! Бировнинг устидан мағзава ағдаргандан кўра, ўзингни айбингни тан олгин... Ҳамма қоп–қора, ўзилари эса оппоқ эмиш...
Клуб ижрочи директори Ҳасанбой Эгамбердиевнинг сўзларига эса энсанг қотади. Нима эмиш, футболчилар шартнома бандларини тўлиқ бажаришмагани учун сентябрь ойидан кейинги ойликларини бермаймиз... Хўш, футболчи “робот” эмаску, унинг танасини мойлаб қўядиган?! У ҳам инсон, унинг оиласи, фарзандлари, тўйи, маъракаси бор. Холбуки, футболчининг меҳнат шартномаси 1 январдан то 31 декабргача тузилишини Ҳасанбой Эгамбердиев билмаса? Хўш, муаллиф ўша мақолада футболчиларга яратиб берилган шарт–шароитлар хусусида, нега тўхталмаган? Футболчилар ошхонасида қурбақалар сакраб юрганига нима дейсиз? Шаҳардаги биноларнинг бирини тепасига катта қилиб – “Гулистон” профессонал футбол клуби қароргоҳи” деб, ёзиб қўйилган. Воҳаланки, бу иморатнинг “усти ялтироқ, ичи қалтироқ”бўлиб, унинг хоналари тўлиқ таъмирланмаган, бетартиб ҳолда бўлган. Ишонмасангиз, Гулистонга келиб кўрсангиз бунга иқрор бўласиз. Қолаверса, футболчиларнинг бу ерда бирор кун ҳам яшашмаганини фикримизни тасдиқлайди. Аммо ПФЛнинг “жаноб” ходимлари уни клуб базаси сифатида расман қабул қилишгани кишини ажаблантиради. Жамоанинг ёшлар таркиби аъзолари ўз уйларидан қатнаб машғулотларда иштирок этишганини кўпчилик билмаса керак. Улар клуб ошхонасида умуман овқатланишмасди. Айтингчи, тўйиб овқатланмаган футболчидан қандай қилиб ижобий натижани кутиш мумкин?
Сизнинг сайтингизга маълумот берган “жаноб”, Тошкентда “Локомотив”га қарши кечадиган учрашув олдидан гулистонлик футболчилар байкот эълон қилишгани, “темирйўлчи”ларга қарши майдонга тушишмаслиги борасида лом–мим демаган. Боиси, “Гулистон” футболчилари клуб раҳбариятидан тўрт ойлик маошларини талаб қилишган. Машғулотларнинг бирига вилоят ҳокимлиги вакиллари ҳам ташриф буюрган чоғда жамоа мураббийлар штаби футболчилар иш ташлашлари мумкинлиги тўғрисида огоҳлантиришган. Ўз ўрнида, жамоа аъзолари вилоят ҳокимлиги вакилларидан “бизга барибир, истаган жойларингга бориб шикоят қилинглар”, деган жавобни олишган. Футболчилар эса Ўзбекистон Футбол Федерациясига боришларини айтишган. Вазиятни чигаллаштиришни истамаган ҳокимлик вакиллари футболчилар қарзларининг маълум қисмини беришган. “Локо” билан ўйин август ойида ўтган бўлса, футболчилар эса 2013 йилнинг апрелидан то август ойига қадар маошларини олишмаган. Буни эса клуб мутасаддилари ҳисоб-рақамимизда пул йўқ дея изоҳлашган...
Бахтиёр Ашурматов бош мураббий этиб тайинланганда барча сирдарёлик мухлислар жуда хурсанд бўлгандик. Кези келганда, унинг маҳоратига тан бермасдан иложимиз йўқ. У ҳеч кимга керак бўлмаган “тоифа”даги футболчилардан иборат ҳужумкор жамоани шакллантира олганди. Яъни, у 2012 йили биринчи лигада тўп суриб, жамоанинг кучлилар сафига қўшилишида ўзларининг муносиб улушларини қўшган деярли барча футболчиларни таркибда олиб қолганди. Биз Бахтиёрнинг меҳнатини қадрлаймиз. У вилоятимизда кам фурсат меҳнат қилган бўлса-да, узоқ йилларга татигулик ишларни амалга оширди. Унутилмас учрашувларни тақдим этиб кетди. Масалан, “Гулистон”нинг уй ўйинларига маҳаллий мухлислардан ташқари Бекобод, Фарғона, Андижон, наманганлик ишқибозларнинг ҳам ташриф буюришганини бир неча марта кўргандик. Жамоамиз учун 2013 йилги мавсумни жуда омадли бошланганди. Илк учрашувда сафарда “Қизилқум” 0:2 ҳисобида мағлубиятга учратилгач, жамоамизга бўлган меҳримиз икки ҳисса ошганди. Пойтахтимиздаги муҳташам “Бунёдкор” стадионининг очилиш учрашувида “қалдирғоч”лар “Гулистон”ни қабул қилишганди. Мазкур ўйинга 20 минг сўмга (!) чипта сотиб олиб, баҳсни бевосита воқеа жойидан кузатгандик. Сўнги пайтда кўпчилик ишқибозлар ўзбек футболида, мамлакат олий ва биринчи лигасида “келишилган ўйинлар” сони ортиб бораётгани борасида мураббийларни айблашмоқда. Шуни унутмаслик лозимки, “келишилган ўйинлар” “ўйинларни сотиш”да клуб ҳомийлари ва мутасаддиларининг ҳам “яхшигина” хизматлари бор. Демоқчиманки, агарда клуб раҳбарияти футболчиларга ўз вақтида ойлик маошларини беришса, ўзбек футболида бундай дилхираликларга барҳам бериларди.
Юқорида “Гулистон”да юза келган камчиликлар, клуб мутасаддилари кўз юмган муаммолар хусусида баҳоли қудрат тўхталдим. Лекин, жамоамизнинг олий лигадан тушиб кетишида нафақат, мураббийлар, футболчилар балки ПФЛ, мамлакатимизнинг етакчи реферилари, вилоят мутасаддилари, шунингдек, айрим шахслар ҳам ўз ҳиссаларини қўшишганини яхши биламиз. Агарда Сирдарё вилояти ҳокимлигига олий лигада ўз жамоаси керак бўлганида, маҳаллий мутасаддилар 2013 йилги хатолардан етарли хулосалар чиқаришиб, жамоа негизини сақлаб қолишарди. Назаримда, баъзи боқимандаларга вилоятимизда футбол бўлмагани яхши. Ортиқча, бош оғриққа не ҳожат. Футбол керак бўлганида “Гулистон”ни биринчи лиганинг биринчи босқичидан олиб қолишарди, тўғрими?! Хуллас, шунақа гаплар...
Иномжон Илмиржонов