Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Шамиль Исаевдан ЖЧ-2014 голлари таҳлили

Баҳо:
+ | -

Яқинда таҳририятимизга Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтининг «Футбол назарияси ва методикаси» кафедрасининг доценти Шамиль Тагирович Исаевдан мактуб келди. Унда муаллиф ЖЧ-2014да иштирок этган энг яхши жамоаларнинг ўйин-лари таҳлилига боғлиқ айрим статистик маълумотларни ўз ичига олган мақоласини газетамиз саҳифаларида ёритишни сўраган. Дарҳақиқат, кўплаб таҳлилий ишлар махсус илмий журналларда чоп этилади ва афсуски, аксарият мураббийларимиз уларни ўқимайдилар. Натижада замонавий футболнинг тенденциялари кўпчилик учун номаълум бўлиб қолаверади. Ўйлаймизки, Шамиль аканинг таҳлилий иши нафақат мураббийлар, балки футболчиларга ҳам қўл келади. Умуман, бундай таҳлиллар билан танишиш оддий мухлисларга ҳам қизиқ бўлса керак. Демак, қуйида ЖЧ-2014да урилган голлар таҳлилини ҳукмингизга ҳавола этамиз.

Жаҳон чемпионатлари ўйин сифати стандартларини белгилайди, футболнинг замонавий тараққиёти қайси йўлдан кетаётганини яққол кўрсатади ва терма жамоаларнинг якуний иштирокига бевосита таъсир этган муҳим вазиятларни намоён қилади. Сир эмас, футбол томошабоплиги кўп жиҳатдан ўйиндаги маҳсулдорликка боғлиқ. Шунинг учун голлар қандай ва қайси ўйин ҳолатларидан урилгани хусусидаги таҳлил (ке-йинги бетдаги жадвалга қаранг) алоҳида қизиқиш уйғотади. Булар шунчаки, факт ва қуруқ статистика эмас. Бундай таҳлил ҳар бир мураббийга ўйинни ташкил этишда қўл келиши мумкин. Масалан, таҳлил натижалари машғулотлар жараёнида қайси жиҳатларга кўпроқ урғу бериш, ҳужумкор ҳаракатларда нималарни эътиборга олиш хусусида муайян хулоса чиқариш имконини беради.

Таҳлил учун гол урилган барча ўйин ҳолатлари икки қисмга ажратилган:

- Ўйин ҳолатидан урилган голлар;

- Стандарт вазиятлар амалга оширилганидан сўнг урилган голлар.

Таҳлил шуни кўрсатдики, ЖЧда 156та гол (бу 91 фоизга тенг) жарима майдони ичидан, 15та гол (9 фоиз) эса унинг ташқарисидан урилган. Ўйин ҳолатидан вужудга келган голлар салмоғи анча кўп - 130та (76,5 фоиз). Айтганча, қанотлардан уюштирилган ҳужумлар самараси ҳам чакки эмас - нақ 29та гол (17 фоиз) шундай ҳаракатлардан сўнг юзага келган. Хуллас, қанот ҳимоячилари ва ярим ҳимоячиларининг ён томондан оширган узатмалари голнинг энг асосий манбаларидан бирига айланди. Аксарият жамоалар рақибларнинг зич ҳимоя қўрғонини айнан шу йўналишда кўпроқ тор-мор келтиришди.

Айтиш жоиз, аксар жамоалар ҳимоя марказида 3 нафар футболчига таянишди. Шунинг ҳисобига қанот ҳимоячилари ҳужумда фаол иштирок этишди, бироқ ҳар доим ҳам ўз жойларига вақтида қайтишга улгуришмади. Ўрта чизиқ вакиллари эса олдинга чиқишган ҳимоячилар жойларини ҳар доим ҳам эгаллаш (суғурталаш) уддасидан чиқишмади. Натижада қанотларда тез-тез бўш ҳудудлар юзага келдики, бундан рақиб жамоа футболчилари ўйланган қарши ҳужумлар чоғи усталик билан фойдаланишди. Бошқача айтганда, 2-3та узатма ёрдамида майдон марказини босиб ўтишга қаратилган тезкор қарши ҳужумлар хавфли қуролга айланди. Бунда ҳужумнинг якуний палласида жамоа вакилларининг ўйин­чилик амплуаларидан қатъий назар, тезкор равишда ҳаракатланишлари ва олдинга ўтишлари ўзгача маъно касб этди. Яъни бундай ҳаракат ҳужумни эффектли якунлаш имкониятини оширди.

Алоҳида қайд этиш ўринлики, қанотдан узатилган тўплардан сўнг 17та гол (10 фоиз) оёқ ва 12та гол (7 фоиз) бош билан урилди. Қолаверса, айнан қанот узатмалари натижасида 5та автогол қайд этилди. Бу қанот ўйинчиларининг ҳужумдаги роллари ошиб бораётганидан далолат бермоқда.

Майдон маркази бўйлаб амалга оширилган ҳужумларга келсак, бунинг самараси 26та гол (15 фоиз)га тенг. Шунча гол ҳимояланувчи жамоа футболчилари орасидан тўп ташлаш комбинацияси ёки бўш ҳудудга узатма самарасидир. 15та гол эса жарима майдони томон диагонал тўп ошириш (узун, ўртача ёки қисқа) орқали урилди.

Самарадорлик бўйича навбатдаги ўйин вазияти - бу футболчи алдамчи ҳаракатларни амалга оширган ҳолатлар. Рақиб жамоанинг 1-2 нафар аъзосини усталик билан алдаб ўтиш мустаҳкам ҳимоя қўрғонини ҳам саросимага солиши тайин. Бундай индивидуал ҳаракатлардан сўнг 19та (11 фоиз) гол урилгани фикримизни тасдиқлайди. Қисқаси, юқори индивидуал маҳорат жамоанинг ҳужум ҳаракатларида эффект ошишида ҳал қилувчи фактор сифатида кўринди. «Кучли индивидуаллик - кучли жамоа» - бу тушунча ҳар қандай шубҳадан холи. Айниқса, замонавий шароитда, футболчининг шахс фактори биринчи ўринга чиққан пайт.

Дарвоза устунлари ва тўсини, пос­бон ёки футболчиларга тегиб қайтган тўплардан кейин ҳосил бўлган голлар таҳлили ҳам анча қизиқарли. Бундай ҳолатда 13та гол (8 фоиз) урилган. Албатта, бунда ҳужум қилувчи жамоа футболчисининг тўғри позиция танлаши, зарбадан сўнг тўпнинг қайтарилиши ёки кимгадир (шунингдек, тўсин ва устунларга) тегиб қайтишини олдиндан сеза билиш қобилияти муҳим ҳисобланади. Оддий айтганда, футболчи хавфли ҳужум пайти керакли жойда пайдо бўлса, бас. Айнан шу жиҳат ҳам жамоа маҳсулдорлигини нисбатан оширади. Яна бир ҳолат эътиборга молик: 10та гол (6 фоиз) футболчининг қанот бўйлаб юриши ва бурчак    чизиғи атрофи ёки рақиб жарима майдони ичида туриб, ортдан югуриб келган шеригига тўп ошириши натижасида қайд этилди. 2-3 нафар футболчи иштирокидаги «девор» услуби нисбатан кам самара берди. Бундай комбинациялардан сўнг 7та гол (4 фоиз) урилди. Кўриниб турибдики, рақиб зич ҳимояга таянган ҳолатда ҳужум қилувчи футболчидан бир тепишда қисқа ва аниқ тўп узатиш учун алоҳида маҳорат талаб этилади. Акс ҳолда, унинг уринишини зич ҳимоя осонликча йўққа чиқаради. Хусусан, «девор» услубини қўллаган футболчилар тўпни нозик ва асосийси, тезкор тарзда узатишлари керак, шундагина дарвозани нишонга олиш учун реал вазият туғилади.

Мустаҳкам, зич ва йиғинчоқ ҳимояга таянадиган жамоалар учун узоқ масофа (16,5 метрдан баланд)дан бериладиган зарбалар ҳам хавф-ли саналади. Бироқ Бразилия мундиалида узоқ масофадан йўллаган зарбалар маҳсули меъёридан озроқ бўлди. Аниқроқ айтсак, бундай уринишлардан сўнг атиги 6та гол (3,5 фоиз) вужудга келди. Бу шундан далолат бермоқдаки, ҳимоя чизиғи узоқ масофадан зарба йўллашга у қадар кўп имконият қолдирмаган ва зарба йўлланган тақдирда ҳам тўп йўналишини тўса олган.

Стандарт вазиятлар амалга оширилганидан сўнг урилган голлар таҳлили ҳам алоҳида қизиқиш уйғотиши табиий. Охирги вақтларда футболда стандарт вазиятлар самараси, яъни эффекти нисбати пасайгани таъкидланмоқда. Айтайлик, УЕФА ҳисоботига кўра, ЧЛ-2012|2013да «стандарт»лардан урилган голлар 26 фоиздан 20 фоизга тушган. ЖЧ-2014да стандарт вазиятлардан жами 41та гол (23,5 фоиз) урилди. Демак, «стандарт»лар самараси пасаётгани хусусидаги тенденция терма жамоаларга ҳам дахлдор.

Энг кўп гол бурчак тўпи амалга оширилганидан сўнг урилди - 19та (11 фоиз). Кўплаб жамоалар ушбу ўйин элементига алоҳида эътибор қаратишади. Хусусан, жарима майдонида бир гуруҳ футболчиларнинг тўхтамай ҳаракатланишларига қаратилган машқлар махсус ўзлаштирилади. Чунончи, ҳаттоки, битта ўйин давомида бурчак тўпларини мутлақо бошқа-бошқа, бир неча вариантларда амалга ошириш мумкин. Статистика гувоҳлик беряптики, бурчак тўпини амалга ошириш пайти футболчилар аввалдан синаб кўрилганидек ҳамжиҳат ҳаракатланишса, бу «стандарт» жамоанинг ҳужум салоҳиятини сезиларли даражада кучайтиради.

Самарадорлик бўйича навбатдаги ўйин вазияти - жарима зарбаси бўлиб, бундай ҳолатда урилган голлар сони 15та (9 фоиз)ни ташкил этди. Бевосита жарима зарбасидан 3тагина гол урилди, қолган 12та гол пенальтилар самараси. Бразилия терма жамоаси футболчилари энг кўп - 3 марта 11 метрли жарима зарбаси тепишди. Голландия термаси дарвозаси томон эса айнан 3 марта пенальти белгиланди.

Жамоалар жарима ва эркин зарба ҳолатидан кейин тўпни ўйинга киритиб, 6та гол (4 фоиз) уришди. Яна 1та гол эса тўп «аут»дан ташланганидан сўнг юзага келди. «Стандарт»лардан сўнг ҳужум салоҳиятининг пасайгани бевосита ҳимоядаги сифатли ҳаракатларга боғлиқ. Бунда ҳам жамоавий, ҳам индивидуал ҳаракатлар назарда тутилмоқда. Бош-қача айтганда, кўплаб жамоалар стандарт вазиятлардан сўнг рақибларни махсус қўриқлаш усулидан мутлақо эффектли тарзда фойдаланишди.

Якунда таҳлил бўйича хулоса чиқариб, қуйидаги муҳим жиҳатларни алоҳида таъкидлаш жоиз:

- Асосан бутун ўйин давомида тезкор футбол кўрсатишга уринишган жамоалар яхшироқ натижаларга эришишди;

- Голларнинг мутлақ катта қисми (91 фоизи) жарима майдони ичидан урилдики, машғулотлар жараёнида айнан шу ҳудудда кўпроқ ишлаш фойдадан холи эмас;

- Рақибнинг зич ҳимоясини бузишда қанотлардан ҳужум уюштириш энг самарали усуллардан биридир;

- Кўплаб голлар чарчоқ кучайган ҳолатларда урилди.

Муаллиф: «Ушбу мақолада ҳам профессионал жамоалар мураббийлари, ҳам ёш футболчилар билан ишлайдиган мутахассисларга қўл келиши мумкин бўлган маълумотларни тақдим этишга уриндим».

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 22:51, 10.11.2014.
Ўқилди: 6952 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.