Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Голни дабдабали нишонлаш ҳам санъат

Баҳо:
+ | -

Гол - футбол ҳаракатидаги энг кўп кутиладиган олий мақомдаги ҳолат. Табиийки, у тўпни дарвозага йўллаган футболчига улкан қувонч бағишлайди. Гоҳида ўта улкан... Football.ua сайтининг қуйидаги мақоласи футбол тарихидаги қувноқ ҳодисалар ҳақида. Аниқроғи, голни нишонлашга боғлиқ ажабтовур «ижод»лар хусусида.

Ниқобга қарши «қизил»

Бир неча йил олдин Бразилиянинг «Сантос» клуби Либертадорес кубоги доирасида «Коло-Коло» (Чили)ни қабул қилади. Ўйиннинг 52-дақиқасида ўша вақт катта умид уйғота бошлаган Неймар ўз одатига кўра, рақибнинг бутун ҳимоя чизиғини «чув» туширган ҳолда, «Сантос»нинг учинчи голини ўта осонлик билан уради. Қувонч туғёни ичида қолган ёш ҳужумчи юзига шахсан ўз қиёфаси акс этган ниқобни тортади. Фақат шуниси борки, у тескари кийилганди. Неймар голни нега бундай нишонлаганининг сабаби ҳеч кимга маълум эмас. Факт шуки, бу «ҳунар»дан сўнг учрашув ҳаками бир зум ҳам ўйланиб ўтирмай, ҳужумчини майдондан четлатган. Табиийки, Неймар реферининг қароридан норози бўлган ва трибунаости биноси томон қадам босишидан аввал ниқобни ечиб, уни жаҳл билан ҳакамга ирғитган. Шу жойда қўшимча қилиш жоиз, «Сантос» клуби майдонда камчилик бўлиб қолганидан сўнг чилиликлар бундан фойдаланиб, 2та гол уришган ва йирик ҳисобли мағлубиятдан қутулишган.

Голни нишонлаш - санъат

Замонавий футболда гол тантанасини оригинал тарзда уюштирадиган футболчилар ёки жамоаларни топиш қийин.Оригиналлик барқарор янгиликлар билан тўлдириб борилишини эса кутишга ҳам ҳожат йўқ. Лекин Исландиянинг «Стьярнан» клуби футболчиларига бу борада қойил қолсак арзийди. Мухлислар улардан нафақат голлар, балки уларни янгича нишонлаш усулини кутишга ўрганиб қолишган. Тўғри, исландияликлар ҳар бир ўйинда янги «ижод»ларини кўрсатишмайди, бироқ битта «ҳунар»ни ҳам узоқ ушлаб ололмайдилар. Айтишларича, улар ҳаттоки, машғулотлар якунлангач, маълум вақт майдонда қолиб, айнан голни қандай нишонлаш ҳақида бош қотиришар экан.

Пародиячи Буллард

Жимми Буллард доимо қувноқ футболчи сифатида кўзга ташланган. Уни бу борада бразилиялик Давид Луиз билан таққослаш мумкин. Жимми ҳам худди Луиз каби ҳар лаҳзада кулиш ёки ҳазиллашишга асос топади. Уларнинг ташқи кўринишлари ҳам ўхшаш. Айтайлик, ҳар икки футболчи қўнғирсоч. Хуллас, Англия премьер-лигаси доирасидаги ўйинлардан бирида «Халл Сити» клуби «Манчестер Сити» билан ўйнайди ва охирги дақиқаларда пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритади. 11 метрли зарбани муваффақиятли бажарган Буллард голни ўз жамоадошлари даврасида нишонлашга шошилади. Ажо­йиб саҳна: барча футболчилар доира ҳосил қилиб ўтиришади, Жимми эса тик турганча кўрсаткич бармоғи билан қандайдир имо-ишоралар қилади, гўёки, барчани нима учундир койиётгандек... Кейинроқ маълум бўлишича, кўнғирсоч ярим химоячи шундай саҳна кўриниши орқали бош мураббий Фил Браунга ўхшашликни ўйлаган. Зеро, у ўйинлардан олдин ўз футболчиларига шу тарзда кўрсатма беришга одатланган экан.

Ичишни хуш кўрувчи Мерсон

«Арсенал» (Лондон)нинг афсонавий ярим ҳимоячиси Пол Мерсон алкоголь ичимликларига сал суяки йўқроқ эди. Унинг Тони Адамс билан улфатчилиги бежиз достон бўлган эмас. Аммо Мерсон биринчи навбатда, ажо­йиб футболчи ҳисобланарди. Англия кубоги доирасида «Арсенал» ва «Тоттенхэм» ўртасида бўлиб ўтган ўйинда Адамс айнан Мерсоннинг қанотдан тўп узатиб беришидан сўнг гол уради. Бироқ ассистент голни шеригисиз мустақил нишонлашга қарор қилади. У майдон четида пиёниста қиёфасини ажойиб тарзда талқин этади: қўллари ёрдамида бирин-кетин стакан «бўшатади». Бу ҳолат Англия кубоги ярим финалида содир бўлганди ва «канонирлар» шундан кейин ҳал қилувчи баҳсда «Шеффилд Уинсдей»ни мағлубиятга учратиб, соврин соҳибига айланишган.

Крауч - робот

Питер Крауч - ноёб футболчи. Унинг ноёблиги гавдасининг тузилишида. Питер қанчалик новча бўлса, шунчалик озғин ҳам. Шу қадарки, баъзида баданида бир фоиз ҳам ёғ йўқдек таассурот уйғонади. Шу новча футболчи Англия миллий жамоаси сафида гол ургач, айнан ноёб гавдасини ишга солган. Йўқ, у қандайдир ихтирога қўл урмаган, шунчаки, аллақачон кашф қилинган робот ҳаракатини кўрсатган, холос. Алоҳида таъкидлаш керак, Краучнинг бу ҳаракати анча кулгули чиққани баробарида бироз даҳшатли ҳам кўринган. Футболчининг ўзи кейинчалик робот саҳнасини қўйидагича изоҳлаганди: «Кийиниш хонасида ҳазил тариқасида озгина рақс тушсам, жамоадошларим ўйинда гол урсам, албатта, шундай қилишимни тайинлашди...».

Товуқчасига чопиш ва...

Карлос Тевес «Бока Хуниорс»да ўйнаган вақти шунчаки, фантастик футбол кўрсатарди. У чўққига қараб юришни айнан ўша ерда, «Бомбонера»да бошлаган. Хўш, «Бока» футболчиси учун энг яхши нарса нима? Албатта, азалий ва ашаддий рақиб - «Ривер Плейт» дарвозасига гол уриш. Карлос Тевес «миллионерлар» дарвозасини шунчаки, оддий ҳолатда ишғол этмаган, у душман «қўрғони» ичида, яъни «Монументаль» стадионида, боз устига, ўйиннинг охирги дақиқаларида шундай қилиш уддасидан чиққан. Ўз-ўзидан тушунарлики, Карлитос дарҳол голни нишонлашни бошлаб юборган. У аввалига футболкасини ечган, бир лаҳза ўтмай, жон ҳолатда чопаётган товуқни тасвирлаган («жўжалар», «товуқлар» - «Ривер Плейт» футболчилари ва мухлисларини камситувчи лақаблар, айниқса, «Бока Хуниорс» фанатлари орасида). Табиийки, томоша бош ҳакамга ёқмайди ёки у стадионда тўполон чиқмаслигини ўйлайди, ҳарқалай, гол муаллифини дарҳол майдондан четлатади. Рефери яна Карлитосга нега қизил карточка раво кўрганини ажойиб тарзда тушунтириб берган эди.

Хайриятки, ойна пластик материалдан...

Ушбу воқеа Италия қуйи дивизионларидан бири, аниқроғи, ҳаваскорлар биринчилигида юз берган. Голкипернинг яққол хатосидан фойдаланган футболчи голни майдон четида чигалёзди машқларини бажаришаётган жамоадошлари қуршовида нишонлашни маъқул кўради. Уни шериклари қучоқ очиб кутиб олишга чоғланишади, албатта. Бироқ шу онда гол муаллифининг фикри ўзгариб, захира ўриндиғи томон шиддат билан югуради ва ...унинг ойнасига боши билан урилади. Тўғри, ҳеч қандай кўнгилсизлик кузатилмайди, чунки ўриндиққа ўрнатилган ён ойна пластик материалдан эди. Бундай «байрам»дан сўнг майдонга қайтган футболчи кўз олдида қизил карточкани кўради ва яна ортга равона бўлади. Фарқи шуки, бу сафар майдонни хомуш ҳолда, яна ҳакамга норозилик билдирганча тарк этади.

Видаль ва Бонуччи - боксчилар

Антонио Конте «Ювентус»ни бошқарган даврида туринлик футболчилар нафақат ўйинчилик маҳоратларини оширишди, балки голни нишонлашдек нозик юмушда ҳам маълум кўникма ҳосил қилишди. Чунончи, юқори ўйин сифати кўп гол уриш имконини берди ва уларни нишонлаш тантаналари ҳам хилма-хил тус олди. Хуллас, мавзу доирасида гапирсак, «Юве» томонидан «Фиорентина» тор-мор этилган ўйинда голлардан бири Артуро Видаль ҳисобига ёзилди. Маълум бўлишича, чилилик футболчи уни махсус нишонлаш борасида жамоадоши Леонардо Бонуччи билан аввалдан келишиб қўйган экан. Ушбу дуэт боксчилар жангини тасвирлади - италиялик ҳимоячи нокаут етказувчи, Артуро эса жабрдийда ролида. Умуман, томоша анча чиройли чиқди.

Катидис - нацист

Бир неча йил олдин Грецияда ҳаммани ҳайратга сол­ган воқеа кузатилди. АЕК ярим ҳимоячиси Гиоргиос Катидис самарали зарбадан сўнг мухлислар томон югура бора туриб,  футболкасини ечишга улгурди ва нацистларга хос тарзда салом йўллади. Табиийки, у бу хатти-ҳаракати билан дунё ҳамжамияти эътиборини ўзига торт­ди. Кўп ўтмай, 21 ёшли йигитча таниқли сиёсатчилар ва мухлисларнинг танқидлари остида қолди. Греция футбол федерацияси эса уни жиддий жазолади. Яъни умрбод миллий жамоада ўйнолмаслиги ҳақида ҳукм чиқарди. «Мухлислар билан нацистлардек саломлашишга қарор қилган футболчини кечириш қийин. У бу билан вазиятни издан чиқариши ҳеч гап эмасди. Қолаверса, ушбу ҳаракати нацистлик тузумининг барча қурбонларини таҳқирлаш ҳисобланади. Энг ачинарлиси, у футболнинг соф тинчлик элчиси эканлигига путур етказди» - Греция футболининг расмий кишилари шундай баёнот беришганди

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 21:38, 15.11.2014.
Ўқилди: 6962 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.