Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

ЖЧ-2014: Жамоаларнинг ҳужумкор ҳаракатлари

Баҳо:
+ | -

Ўтган ҳафта ЖЧ-2014да урилган голлар таҳлилини ўз ичига олган яхлит мақолани ҳукмингизга ҳавола этган эдик. Бугун шу мавзуни давом эттириб, терма жамоаларнинг Бразилиядаги жаҳон чемпионатида бажарган ҳужумкор ҳаракатлари таҳлилига тўхталамиз. Зеро, бундай таҳлиллар ҳам мутахассислар, ҳам футболчиларга қайсидир ҳолатда наф бериши, оддий мухлисларни етарлича қизиқтириши турган гап. Демак, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институти «Футбол назарияси ва методикаси» кафедрасининг доценти Шамиль Тагирович Исаевнинг ҳужум ҳаракатларига қаратилган таҳлилий изланишлари билан танишиб чиқамиз.

Жорий йили ўтказилган ҳисоб бўйича 20-жаҳон чемпионати шуни кўрсатдики, аксарият жамоалар ҳужум йўналишида тезкор, ғайратли, комбинацион футболга мойил бўлиб боришяпти. Гарчи кўплаб жамоалар 3 нафар марказий ҳимоячига таянган ҳолда, орқа чизиқнинг зич ўйнашини таъминлаган бўлсаларда, охирги чемпионатда юқори маҳсулдорлик қайд этилди. Яъни жами 64та ўйинда 171та гол урилдики, бу ўртача кўрсаткич 2,6тани ташкил этганини англатади. Таққослаш учун айтсак, охирги 4та мундиалда маҳсулдорлик бундан паст бўлганди. Мана, иштирокчи жамоалар сони 32тага оширилганидан буён ЖЧларда нечта гол урилганига эътибор қаратинг:

ЖЧ-98 - 171та

ЖЧ-2002 - 161та

ЖЧ-2006 - 147та

ЖЧ-2010 - 145та

ЖЧ-2014 - 171та

Хуллас, 20-жаҳон кубогида маҳсулдорлик бўйича 1998 йили Францияда ўтган 16-мундиалда қайд этилган кўрсаткич такрорланди.

Кўплаб терма жамоалар ўйин бошланиши чоғи футболчиларнинг тактик жойлашувлари бўйича анча оммавий услубларни қўллашди. Улар 4-2-3-1 (бунда 2 нафар таянч ярим ҳимоячисига таянилади) ёки        3-5-1-1 (марказда 3 нафар ҳимоячи жойлашади) кўринишида бўлди. Лекин майдондаги воқеалар ривожига қараб, ўйиннинг маълум қисмида бу схемалар мунтазам равишда ўзгариб турди. Аксарият терма жамоалар ҳимоявий ҳаракатлар чоғи футболчилар йиғинчоқ тарзда жойлашишларига эътибор қаратишди. Бунинг натижасида ўз дарвозалари олдида зич марказий ҳудудни вужудга келтиришди. Гоҳида ҳимоя чизиғидаги ҳаракатлар билан шуғулланган футболчилар сони 8-9 нафарга етди. Бундай зич ҳимоя ташкил этилганида, табиийки, гол уриш катта муаммога айланади. Бироқ шунга қарамай, кўплаб ўйинларда маҳсулдорлик юқори даражада бўлди.

Ушбу мақолада жамоаларнинг ҳимоя ва ҳужумдаги тактик ҳаракатлари таҳлилини ўзаро таққослашни мақсад қилмаганмиз. Вазифамиз бошқа - ЖЧ-2014 иштирокчиларининг ҳужумкор ҳаракатлар чоғи қандай йўсинда гол уришганини ўрганиб чиқиш.

Футбол назариясида 2та ҳолат борки, улар асносида гол уриш мумкин - позицион ҳужум ва тезкор ҳужум. Мақоламиз айнан шу икки ҳужумкор ҳолатни таҳлил этишга қаратилган.

Тезкор ҳужум - бу 1-3 нафар футболчи иштирокида 1-3та узун ёки диагонал тўп узатиш орқали олдинга ўтиш. Футболчининг индивидуал маҳорати эвазига тўпни рақибдан олиб қўйиб, гол уриши ҳам тезкор ҳужум тоифасига киради (бунга Арьен Роббеннинг Голландия-Австралия, Робин ван Персининг Испания-Голландия ўйинида урган голлари мисол). Тезкор ҳужумлар чоғи рақибда ҳимояга жамланиш учун вақт бўлмайди. Зеро, иккинчи томон қўққисдан ҳамлага ўтади ва юқори тезликда ҳаракатланади.

Позицион ҳужум - тўпни узоқ вақт назорат қилиш натижасида қисқа ва ўртача узатмалар ёрдамида амалга ошадиган комбинацион ҳаракат. Бунда узатмаларнинг маълум қисми майдон эни бўйлаб амалга оширилади, айниқса, ҳимоя чизиғидаги футболчиларнинг ҳужумга қўшилишлари жараёнида. Тартибли ҳимояни оз куч сарфлаб, доғда қолдириш аҳён-аҳёнда насиб этади, шунинг учун ҳужумга етарли миқдорда ўйинчилар ўтишлари ва майдоннинг муайян ҳудудида сон жиҳатидан устунликни таъминлашлари зарур. Одатда позицион ҳужумларда 4 нафардан кўп футболчи иштирок этади ва умумий узатмалар сони 5тадан (Бразилия-Колумбия ўйини мисол) 24тагача (Бразилия-Германия ўйини мисол) етади.

Дарвозаларнинг ишғол этилиши билан тугаган ҳужумкор ҳаракатлар майдоннинг қайси қисмида бошлаганини алоҳида ўрганиб чиқиш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун майдон 4та тенг ўйин ҳудудига бўлинди. Майдоннинг ҳар бир ярмида 2тадан ҳудуд: 1 ва 2-зона жамоанинг ўзига қарашли қисмида, 3 ва 4-зона рақибга тегишли қисмида (шу асосда тузилган 21-бетдаги жадвалга эътибор қаратинг).

Жадвалдан кўриниб турибдики, тезкор ҳужумлар орқали 80та гол (47 фоиз) урилган. Улардан 44таси (26 фоиз) жамоа ҳужумни майдоннинг ўзига қарашли ярмидан, 36таси (21 фоиз) эса рақибга тегишли ҳудуддан бошлаган вақт юзага келган. Бу шундан далолат берадики,    ҳимояланувчи жамоа футболчилари майдоннинг ўзларига қарашли ярмида тўпни олиб қўйишган маҳал дарҳол тезкор ҳужумга асос солишган. Яъни 2-3та аниқ узатмалар ҳисобига тўпни рақибнинг жарима майдонига етказишган. Шундай тарзда тезкор ҳужумнинг самара бериши таъминланган. Айтганча, бундай ҳужумларнинг якуний қисмида фақат олдинги чизиқ вакиллари эмас, балки ўрта ва орқа чизиқ ўйинчилари ҳам иштирок этишган. Айрим вазиятларда ҳаттоки, қанот ҳимоячилари марказий ҳужумчи ролини бажаришган. Бундай ҳолатда уларнинг ҳудудларини ўрта чизиқ ўйинчилари суғурталашган. Ўйинлар таҳлили шуни кўрсатдики, етакчи жамоалар қарши ҳужумга ўтиш хоҳиши ва буни уддалай олишларини намойиш этишган. Боз устига, улар қарши ҳужумларни хилма-хил тарзда ташкил қилишган - узун тўп ошириш, 1-3та ўртача, лекин кескин узатма, «девор» услубидаги комбинация ёки рақибни индивидуал маҳорат эвазига алдаб ўтиш ҳисобига.

Замонавий футболда майдонда турли вазифаларни бемалол бажаришга қодир кенг қамровли, яъни универсал футболчига талаб катта. Ўз навбатида, жамоа шакллантириш учун ҳам алоҳида талаблар бор. Шунинг баробарида ҳозирги вақтда у ёки бу ўйинчилик позициясига футболчи танлашда қатъий талаблар йўқ. Аниқроқ айтганда, футболчининг аниқ амплуасига. Зеро, энди гап универсал жамоа шакллантириш хусусида бормоқда. Ўзига хос «трансформер»ни эслатувчи жамоа қўққисдан ўзгарадиган вазиятни тезда англаши муҳим. Футболчи ўз захирасида қанчалик кўп техник хилма-хилликка эга бўлса, рақиб жамоа шунчалик катта қийинчиликка дуч келади. Унинг футболчилари қарама-қарши томоннинг хилма-хил ҳаракатларига қандай тўсқинлик қилишни ўйлагунча, ҳужум поёнига етиши ҳеч гап эмас. Қисқаси, бугун юқори савияли футболчи тайёрлашда техник маҳоратни сайқаллаш биринчи даражага кўтарилгани бежиз эмас. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, рақибнинг зич ҳимоясини ёриб ўтишда ёрқин индивидуаллик кўп қўл келган. Ҳарқалай, голларнинг катта қисми юқори индивидуал маҳорат эвазига урилган. Робин ван Перси, Криштиану Роналду, Арьен Роббен, Хамес Родригес, Неймар (Лионель Мессини айтиш шарт эмас) каби футболчилар тез-тез якка ҳолда рақибнинг ўта зич ҳимоя қўрғонини бузишга уринишади ва буни ажойиб тарзда уддалашади ҳам.

Энди позицион ҳужумлар таҳлилига қараймиз. Жаҳон чемпионатида 91та гол (53 фоиз) айнан шундай ҳужумлар орқали вужудга келди. Эътиборлиси, шулардан нақ 64таси (37 фоиз) майдоннинг биринчи ярми (гол урган жамоага тегишли қисми)да бошланган ҳужумлар самарасидир. Майдоннинг рақибга тегишли ҳудудида тўпни олиб қўйиш орқали бошланган ҳужумлардан сўнг эса 27та гол (16 фоиз) урилган. Мутлақ даражада кўп терма жамоалар эффектли ҳимоя воситаси сифатида юқори прессингни қўллашган. Шунга яраша, тўп рақибга тегишли ҳудудда йўқотилгач, шу заҳоти уни қайтариб олишга уринишган. Натижада тўп қайтарилгани ҳамоно рақиб жамоа дарвозаси томон ҳужум бошланган. Ҳа, бундай ўйин тузилмаси кўп куч-қувват талаб этади, бироқ тажрибадан ойдинлашдики, шундай услуб анча эффектли бўлиб чиқди.

Хўш, қайси тактик ўйин варианти алоҳида функционал тайёргарликни талаб этади? Албатта, майдоннинг рақибга тегишли ҳудудида тўпни олиб қўйиш учун футболчиларнинг жисмоний тайёргарликлари махсус даражага олиб чиқиши шарт. Бундан ташқари, позицион ҳужумларда имкон қадар кўп футболчи иштирок этишини ҳисобга олсак, мабодо тўп йўқотилса, бу муайян муаммоларни туғдиради. Ахир тўп рақибга олдириб қўйилгач, ҳар доим ҳам барча футболчилар ўз жойларига қайтиш ва зиммаларидаги ҳудудни ёпишга улгурмайдилар. Бунинг учун ҳам юқори жисмоний тайёргарлик керак. Зеро, тўпнинг бемаврид йўқотилиши ёки олдирилиши рақибга қарши ҳужум ташкил этиш имкониятини яратади. Чунки унинг олдида бўш ҳудудлар юзага келади. Футболда эса айнан бўш ҳудудга эга бўлишлик кўп нарсани ҳал қилади.

Айтиш жоиз, жаҳон чемпионатида энг юқори маҳсулдорликни Германия терма жамоаси қайд этди. Немислар жами 18та гол уришди. Шундан 5таси (28 фоиз) тезкор ҳужум ва 13таси (72 фоиз) позицион ҳужум натижасида юзага келган. Чемпион жамоа мисолида ҳам кўряпмизки, позицион ҳужумнинг улуши катта.

Якунда, хулоса ўрнида қуйидагиларни алоҳида таъкидлаш ўринли:

- Кўплаб терма жамоалар юқори савиядаги ҳужумкор футбол намойиш этишгани ҳисобига 171та гол урилди. Бошқача айтганда, ҳар битта ўйинга ўртача 2,6та гол тўғри келди;

- 53 фоиз гол позицион ҳужумлар натижасида юзага келди;

- 47 фоиз гол эса тезкор ҳужумлар самараси;

- Индивидуал томондан кучли футболчилар ностандарт ҳаракатлари эвазига ўйин тақдирини ёлғиз ўзлари ҳал қилиб қўйишлари мумкинлиги кўринди;

- Кўплаб термалар юқори прессинг (тўп майдоннинг рақибга тегишли ярмида олиб қўйилди), жамоавий ўйин (ажойиб ҳаракатлар ва комбинациялар) ва ижрочилик маҳоратининг гўзал уйғунлашувини намойиш қилишди.

Ўтказилган таҳлил мутахассисларга асосий факторларни белгилаб олиш, индивидуал, гуруҳ ва жамоавий ҳужум ҳаракатларини мукаммаллаштиришда нималарга эътибор қаратишни аниқлашда қўл келса, ажабмас.

Шамил Исаев

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 20:37, 18.11.2014.
Ўқилди: 7337 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.