Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Вадим Абрамов: "Келишилган ўйинлар? Тасдиқламайман, лекин инкор ҳам қилмайман"

Баҳо:
+ | -

Жорий мавсум якунларига кўра Тошкентнинг "Локомотив" клуби мамлакат 23-миллий чемпионатининг кумуш медаллари, шунингдек, Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди.

Мавсум аввалида аксарият мутахассислар ҳам, мухлислар ҳам "темирйўлчилар"нинг чемпион бўлишини тахмин қилганди. Ҳақиқатан ҳам, таркиб борасида "Локомотив" бошқа жамоалардан кучлироқ кўринганди. Бу клуб таркибида юлдуз футболчилар кўп эди. Аммо ҳамиша ҳам юлдузлар кўчасида байрам бўлавермаслиги исботланди. Ўз майдонида "Пахтакор" билан бўлиб ўтган чемпионлик учрашувида Вадим Абрамов шогирдлари "оғизларидаги ош"ни олдириб қўйишди. Шундай бўлсада, клуб раҳбарияти "Локомотив"нинг бу йилги иштирокини ижобий дея баҳолабди. Шуни аниқ айтиш мумкинки, 2015 йилги футбол мавсумида ҳам жамоани Вадим Карленович бошқаради. Абрамов билан клуб раҳбарияти Ўзбекистон Кубоги финалидан олдин амалдаги шартномани узайтирган. Яъни, финалдаги натижа қандай бўлишидан қатъий назар, мутахассиснинг жамоада қолиши маълум бўлган. Биз куни кеча Вадим Абрамов билан учрашиб, айни мавсум якунлари хусусида дилдан суҳбатлашдик.

- Вадим Карленович, қарши бўлмасангиз, суҳбатимизни кубок финалидан бошласак.   
- Албатта. Биз мавсумнинг сўнгги ўйинида мухлисларимизни хушнуд этишни мақсад қилган эдик. Боиси, чемпионлик бой берилганидан сўнг бор умидимиз Кубокдан эди. Қолаверса, бу йил Ўзбекистон Темирйўллари ДАТК ташкил этилганига 20 йил тўлганди. Тўйга тўёна деганларидек, ҳеч бўлмаса клуб раҳбарияти ва ҳомийларимизга Ўзбекистон Кубогини тақдим этишимиз керак эди. Зиммамиздаги вазифани уддалаганимиздан хурсандман.

- Кўпчиликнинг фикри кўра, финал баҳси зерикарли ўтди. Шу куни иккала жамоанинг ҳам натижа учун ўйнагани бунга асосий сабаб бўлдими?

- Худди шундай. Финал битта ўйиндан иборат бўлади. Бундай учрашувларда дарвозаларга кўп тўп киритилмайди. Битта гол баҳс тақдирини ҳал қилиб қўяди. Олмалиқдаги учрашувда ҳам худди шундай бўлди. Жамоалар эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишди. Кейин "Бунёдкор" жамоаси биринчи бўлимда тайинли ҳужум ҳам ташкил этмади. Бу ҳам ўйиннинг зерикарли кўринишда ўтишига хизмат қилди. Биз биринчи рақамли жамоа сифатида ўйнадик. Ўзбекистон Кубогини қўлга киритган жамоа ОЧЛ йўлланмасига эга бўларди. Табиийки, бундай ҳолатда чиройли ўйнаб, мағлубиятга учрагандан кўра, натижа учун ҳаракат қилиб, ғалаба қозонган афзал. Биз айнан шу йўлни танладик ва мақсадимизга эришдик. Ўйлайманки, бундан жамоамиз мухлислари ҳафа бўлишмади.

- Жасур Ҳасановнинг қизил карточкаси ҳақида нима дея оласиз? Ярим ҳимоячи асабларини жиловлай олмадими ёки бошқа сабаб борми?
- Менимча, ҳакам қарор қабул қилишда бироз адашди. Бу вазиятда тўртинчи ҳакам ёрдам берса бўларди. Чунки у вазиятга анча яқинроқ турганди. Яхшиям четлатиш ўйиннинг сўнгги дақиқаларида рўй берди. Акс ҳолда, бу жамоамизга қимматга тушиши мумкин эди.

- Демак, ҳакамлар қароридан норозисиз?
- Йўқ, мен бундай демоқчи эмасман. Шунчаки, Ҳасанов билан боғлиқ вазият учун фикримни билдирдим. Кореялик ҳакамлар ўйиннинг бориши ва натижасига ҳеч қандай салбий таъсир ўтказишгани йўқ. "Пахтакор" билан ўйинни бошқарган амирлик ҳакамлар ҳам ўз вазифаларини яхши баҳога бажаришганди.

- Ўзимизда ҳам Эрматов, Коваленко сингари ФИФАнинг элит ҳакамлари бор эди. Уларнинг бирига ишонч билдирилса ҳам бўлармиди?
- Эрматов номзодига қўшилишим мумкин. Лекин Коваленко борасида фикрим ўзгача. У "Бунёдкор" билан миллий чемпионатимиз доирасида ўтказилган учрашувда бир нечта хатоларга йўл қўйган эди.

- Ўзи аслида ўша икки ўйинга хориждан ҳакамларнинг таклиф этилиш ғояси клублардан чиққанмиди ёки бу ПФЛнинг танловимиди?

- Мен ўз жамоамга жавоб бераман. Биз хорижлик ҳакамлар масаласида ПФЛга мурожаат қилмаганмиз. Менимча, бу ЎФФ ва ПФЛнинг ташаббуси билан амалга ошган.

- Ўзбекистон Кубогидаги ғалаба "Локомотив"га ОЧЛ эшикларини очди. Жамоа ўтган икки мавсумда ОЧЛнинг плей-офф босқичида омадсизликка учради. Бу йил жамоангиз катта эҳтимол билан гуруҳ босқичида иштирок этса керак. Ҳар эҳтимолга қарши ...
- Фикрингизни тушундим. Биз плей-оффда ўйнашга ҳам тайёрмиз. Тайёргарликни шунга монанд тарзда олиб борамиз.

- Тайёргарлик режаси ишлаб чиқилдими?
- Янги йилгача Тошкентда йиғин ўтказамиз. Ҳозир энг катта муаммо бу таркиб билан боғлиқ бўлади. Миллий терма жамоа йиғинига ҳозирча олти нафар футболчимиз таклиф олди. Бу ярим жамоа деганидир. Дарвозабондан ташқари, ҳимоя чизиғимизнинг деярли барча аъзолари икки ой давомида терма жамоа ихтиёрида бўлишади. Январь ойида Осиё Кубоги-2015нинг ўтказилишини инобатга олсак, футболчиларимиз клубимиз ихтиёрига февраль ойидагина қайтиши ойдинлашади. Тасаввур қиляпсизми, икки ой мобайнида асосий таркибнинг олти нафар футболчисиз машғулот ўтказамиз. Февраль ойида эса ОЧЛ-2015 мавсумига ҳам старт берилади. Биз учун бу жараён жуда қийин ўтиши аниқ.

- ОЧЛ учун мўлжалланган легионерларнинг 3+1 лимитидан фойдаланасизми?
- Ҳа, бу ҳақда бош қотиряпмиз. Юқорида айтганимдек, асосий таркибнинг олти нафар футболчисиз мавсумга тайёргарлик кўришимизга тўғри келади. Мен бу футболчиларимизга умид боғламаяпман ҳам. Ҳали терма жамоадан сафимизга қай ҳолатда келишлари ҳам номаълум. Шу боис, легионерлар лимитидан фойдаланамиз.

- Бу борада кўз остингизга олиб қўйган футболчиларингиз борми ёки селекция жараёни энди бошланадими?
- Бундай футболчилар бор. Бир неча ой давомида ўйинларини кузатиб келдик. Лекин уларнинг исм-шарифларини ҳозир ошкор қила олмайман. Сабаби, ҳали улар билан музокараларни ҳам бошламадик. Улар билан шартнома масаласида ҳали гап-сўз ҳам йўқ. Шу боис, легионерлар масаласида ҳозир тайинли фикр билдира олмайман. Январь ойидаги йиғинимизда бир неча легионерларни кўрикдан ўтказамиз.
 
- Жамоаларимиз легионерлар масаласида асосан болқонлик футболчиларга қаратишади. Сиз ҳам бу анъанага содиқ қоласизми?
- Бу легионерлар Аляскадан бўлмаслиги аниқ (кулади). Ўзимизга яқин қитъадан бўлади. Кўрикдан ўтказадиган легионерларимиз маҳаллий ўйинчиларимиздан савияси баланд бўлмаса, уларга жавоб бериб юборамиз.  

- Мавсумлар оралиғида жамоага таклиф этиладиганлар орасида ўзимизнинг маҳаллий футболчилар ҳам бўладими?
- Албатта. Биз биринчи галда эътиборимизнинг ўзимизнинг ўйинчиларга қаратамиз. Бу йилги мавсум давомида бир неча нафар футболчиларни кузатиб бордим. Кўз остимга олиб қўйган ўйинчилар бор. Фақат масала уларнинг таклифимизга қандай жавоб беришида. Мажбуран бирор футболчи билан шартнома имзоламаймиз. Бундай ўйинчилардан фойда бўлмайди.
 
- Шунинг билан бир қаторда шартномаси якунланаётган футболчилар ҳам бор. Улар билан келишувни узайтириш бўйича музокаралар бошландими?
- Бу масалани энди кўриб чиқамиз. Мавсум эндигина якунланди. Кун тартибида бундан буён шу масала туради.

- Жамоангизнинг биринчи рақамли дарвозабони Игнатий Нестеровнинг шартномаси якунланди. У билан гаплашиб кўрдингизми?
- Игнат шубҳасиз, жамоамизнинг етакчи футболчиси ҳисобланади. Мавсум давомидаги муваффақиятларимизда Нестеровнинг хиссаси катта бўлди. Шартноманинг узайтирилишида бевосита Игнатнинг фикри муҳим роль ўйнайди. Биз ҳеч кимни мажбурлаб шартномага қўл қўйдирмаймиз ва ўйнатмаймиз ҳам. Агар у жамоада қолса, бундан хурсанд бўлардим.

- Нестеровнинг кетиши бу жамоангиз учун катта йўқотиш бўладими?
- Билмадим. Унинг жамоани тарк этиши ҳақида ҳеч қандай гап йўқ. Ўйлайманки, у билан шартномани узайтирамиз. Келаси мавсум ОЧЛда иштирок этишимизни инобатга олсак, бунга умид қилсак бўлади.  

- Фарҳод Тожиев билан қандай келишмовчилик юзага келди?
- Ҳеч қандай. Фарҳоднинг шартномаси якунланди. Унинг ўзи келишувни узайтирмасликни лозим топди. Юқорида айтганимдек, биз ҳеч кимни мажбуран жамоада олиб қолиб ўйнатишни истамаймиз. Бундан фақат зарар бўлади. Футболчининг ўзига ҳам, жамоа кўрсатадиган натижага ҳам. Тожиев клубни алмаштиришни истади ва биз унга бу борада омад тиладик.

- Мавсумни деярли ўтказиб юборган Марат Бикмаев ўзи майдонга тушган ўйинларда жамоа муваффақиятига катта хисса қўшди. Биргина кубок финали фикримизга исбот бўла олади.
- Маратнинг потенциали юқори. У Россия премьер-лигасида катта тажриба тўплаган. Финал учрашувида ҳам унинг тўп узатишидан сўнг Ҳасанов дарвозани ишғол қилди. Афсуски, жароҳати сабаб деярли икки мавсумни ўтказиб юборди. Унинг имкониятларини билганим учун ҳам жароҳати бўлишига қарамай у билан шартнома имзоладик. Янги мавсумда ундан умидимиз катта.
   
- Хориж йиғинлари ташкил этиладими?
- Ҳозир шу ҳақда бош қотиряпмиз. Режага кўра, январь ойида хориж йиғинлари ташкил этилади. Декабрда Тошкентда тайёргарлик кўрамиз.

- Қачон "Локомотив" футбол мактаби ва ўринбосарлари орасидан асосий таркибда ўйинчиларни кўрамиз?
- "Локомотив" болалар футбол мактаби ташкил этилганига уч йил вақт бўлди. Яна 3-4 йилдан сўнг футбол мактабимиз мева бера бошлайди. Бу йилги мавсумда Қувондиқ Рўзиевдан умидим катта эди. Шахсан ўзим ўринбосарларимиз иштирокидаги учрашувларни кузатиб келяпман. Бизда истеъдодли ёшлар талайгина. Яқинда хорижда ўтказилган халқаро турнирларда ёш тарбияланувчиларимиз совринли ўринларни эгаллаб қайтишди.

- Вадим Карленович, келинг энди миллий чемпионатимиз ҳақида ҳам гаплашсак. "Пахтакор"га қарши кечган учрашувда чемпионликдан маҳрум бўлдинглар. Ўз майдонингизда қабул қилинган мағлубият аламли бўлди. Ўша ўйинда нима етишмади?

- Футболчилар терма жамоа ихтиёридан кеч етиб келишди. Назаримда чарчоқ аломатлари сезилиб қолди. Кейин ўша куни футболчиларимиз юзага келтирилган вазиятлардан ҳам фойдалана олишмади.

- Тўғрикуя, лекин "Пахтакор" футболчилари ҳам шундай вазиятда эдилар. Боз устига, улардан кўпроқ футболчи терма жамоага жалб этилганди...
- "Пахтакор"нинг ютуғи ўз футболчиларини эртароқ жамоа сафига қайтара олди. Бизда эса бунинг иложи бўлмади. Энди ҳозир айтиладиган ҳар бир сўзим баҳонадек таассурот қолдириши мумкин. Шу боис, бу мавзуда ҳозир гапиришдан фойда йўқ.

- Ўша ўйинда "Пахтакор" футболчилари тезлик эвазига жамоангизни мағлуб этди. Мағлубиятсиз мавсумни якунлаган жамоа ҳақиқатан ҳам ҳаммадан кучли эдими?
- Мен "Пахтакорни" чемпионлик билан табрикладим. Энди ўйиннинг ўйин билан фарқи бўлади. Масалан, биз кубок баҳсларида "Пахтакор"ни икки ўйин натижасига кўра мағлуб эта олдик. Демакки, бу ишни чемпионат учрашувида ҳам уддаласак бўларди. Лекин амалда бундай бўлиб чиқмади.

- Испанияда иккита чемпионат бор дейишади. Бирида "Реал" ва "Барселона" жамоалари иштирок этса, иккинчисида қолган 18 та клуб қатнашади. Ўзбекистон чемпионатига ҳам худди шундай таъриф берса бўлади. Бу борада фикрингиз қандай? Чемпионатимизда ўзгариш бўляптими?
- Фақат Испанияга эмас, Франция, Италия, Германия чемпионатларига ҳам шундай таърифни бериш мумкин. Биргина Англия чемпионатида нисбатан тернг кучли жамоалар жам бўлган ва шу боисдан ҳам премьер-лига кучли ҳисобланади. Аутсайдер жамоанинг кучли клубни мағлуб этиш ҳолатлари ҳар бир турда учраб туради. Ўтган мавсум билан таққослаганда, ижобий томонга катта ўзгаришлар йўқ, деб ҳисоблайман. Ўзига яраша плюслари ҳам бор, лекин минуслари ундан кўпроқ.   
   
- Сўнгги пайтларда келишилган ўйинлар ҳақида кўп гапириляпти. Бу борада сизнинг позициянгиз қандай?
- Келишилган ўйинлар борлигини тасдиқламайман, лекин инкор этмайман ҳам. Аммо айблов исботланмагунича, унинг ҳеч қандай кучи бўлмайди. Бундай гап-сўзларга ўрин қолдирмаслик учун чемпионатимиз тизимини ўзгартириш керак. Қозоғистон, Жанубий Кореяда бўлгани каби икки босқичли миллий чемпионат тизимини йўлга қўйиш керак. Иккинчи босичда кучли олтиликдан жой олган жамоалар ўртасида мусобақа ўтказиш лозим. Ўшанда 6-ўриндаги жамоада ҳам чемпионлик учун имконият юзага келади. Бундай кучли рақобатда истеъдодлар ҳам кашф этилади. Табиийки, стадионлар ҳам бундай ўйинлар натижасида мухлислар билан гавжум бўларди. Шахсан мен шундай чемпионат ўтказилиши тарафдориман.

- Сизнингча, жорий мавсум кашфиёти бўлган уч нафар футболчи ким?
- Бу саволга жавоб бериш қийин. Лекин сўраган экансиз, бу саволга жавоб бераман. Биринчи навбатда менга Жамшид Искандаровнинг ўйинлари маъқул келди. У Пахтакор жамоасида етакчилик ролида бўлди. Шу клуб таркибидаги Кахи Махарадзе ҳақида ҳам шундай фикрдаман. Кахини жуда яхши биламан. Бу йилги мавсумда унинг янги қирралари кашф этилди. Сардор Рашидов ҳам яхши таассурот қолдирди. Лекин у барқарор ўйин намойиш этмади. Кубок финалида Салим Мустафоев унга имконият бермади. Рашидов ва Искандаров ҳали терма жамоада ҳам ўзларини кўрсатишлари керак. Шунда уларга тўлиқ баҳо бериш мумкин бўлади. Ҳозирча бу футболчилар миллий терма жамоанинг биринчи рақамли футболчилари эмас.

- Январь ойида Австралияда Осиё Кубоги бўлиб ўтади. Ҳозир сиздан терма жамоамиз ҳақида сўрамоқчи эмасман. Умуман, бу галги қитъа чемпионатидан нималарни кутяпсиз?
- Австралия ўз майдонида ўйнаётган экан, бу жамоанинг чемпионлик йўлида имкониятлари юқори бўлади. ОФК таркибига қўшилганига бир неча йил бўлишига қарамай, Яшил қитъа терма жамоаси ҳеч қандай ютуққа эришмади. Тўғри, яқинда клуби ОЧЛда бош мукофотни қўлга киритди. Лекин терма жамоа борасида бундай фикр билдира олмайман. Шахсан менга тўрт йил аввал Қатарда ўтган Осиё Кубоги ҳар томонлама маъқул келганди. Муҳаммад Бин Ҳаммам қитъа футболи ривожига улкан хисса қўшди. Уни яқиндан билганим учун бу сўзларни айтяпман. Уни ФИФА президенти Йозеф Блаттер коррупцияда айблади. Лекин бу айбловларнинг ҳеч бир ўз тасдиғини топмади. 

Манба: "Интерфутбол" газетаси, www.olamsport.com
Киритилди: 19:26, 20.11.2014.
Ўқилди: 5927 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.