Дель Боске Испания терма жамоасини қайта тузмоқда ва бу жараёнда ёшларга катта имконият тақдим этяпти. «Қизил фурия»нинг омадли дебютантларидан бири - бу «Валенсия» ҳужумчиси Пако Алькасер. Уни валенсияликлар ҳозирдан кимсан Давид Вилья меросхўри ўрнида кўришмоқда. Ҳам клуби, ҳам терма жамоасида тобора ёрқинроқ ўйин кўрсатаётган иқтидорли ҳужумчи билан яқиндан танишиш фурсати келди.
Давид Вилья бундан 9 йил олдин «Сарагоса»да ўйнарди. Ҳаракатлари чакки эмасди, аммо маҳсулдорлиги билан яққол кўзга ташланмасди. Вилья фақат «Валенсия»га ўтганидан кейингина уни терма жамоанинг асосий умиди сифатида тилга ола бошлашди. Ҳаётда ҳеч нарса абадий бўлмаганидек, тез орада таркибни янгилаш эҳтиёжи сезилди. Шундай қилиб, мураббийлар айнан Вильяга эътибор қаратишди. У ишончни етарлича оқлади. Аввалига саралаш ўйинларида қатнашди, кейин жаҳон чемпионатига борди ва вақт ўтиши билан голлар сони бўйича асосий ўйинчига айланди. Хўш, «Валенсия»нинг ҳозирги ёш ҳужумчиси ҳам ўтмишдоши каби термада асосий ролга чиқа оладими? Бунга қодир бўлса керак. Зеро, Вилья нафақат асосий ҳужумчига айланди, балки «Қизил фурия» тарихидаги энг яхши тўпурар ҳам бўлди. Тўғри, Франциско Алькасер ҳаётида ҳаммаси нисбатан енгилроқ кечмоқда. Мисол учун, уни Вильядан кўра, тезкор илғашди. Қолаверса, Пако (испанча одатга асосан қисқартирилган исми) жароҳат каби турли тўсиқларга дуч келгани йўқ. Асосийси эса, у миллий жамоага ўтгунча Испаниянинг барча ёш тоифасидаги термаларида ўйнади ва ҳаттоки, ўсмирлар ўртасидаги Европа чемпионати финалида гол ҳам урди. Айнан Алькасернинг иккинчи тўпи ўйиндаги ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Қисқаси, Пакони мунтазам кузатиб боришди ва гарчи клубида унга дарҳол ишонч билдирмаган бўлсаларда, ҳисобдан асло чиқаришгани йўқ. Яъни ҳам жисмонан, ҳам руҳан қувватга тўлишини сабр билан кутишди. Мана, натижа - голлар тезда келди.
Янги тўпурарнинг туғилиши барчанинг кўз ўнгида юз берди, тўғри, ҳамма ҳам буни тўла илғамади. Айтайлик, Алькасер ўтган йилиёқ кўпчиликни ўзига қаратганди. Жумладан, россиялик мухлисларни ҳам. Ўшанда «Кубань» ЕЛ 2-тури доирасида «Валенсия» билан Краснодарда ўйнаган ва Пако нафақат юқори савия эгаси, балки омадли йигит эканлигини ҳам исботлаганди. Зеро, «Кубань» дарвозабони Беленов унга мавсумдаги илк голни йўқ жойдан ҳадя этганди. Бу жамоалар ўртасидаги жавоб учрашувида ҳам Пако яна гол урди. Айтганча, бу сафар нафақат дарвозабонни алдаб ўтди, балки деярли ўткир бурчакдан тўпни тўрга йўллаш имконини топди. Буниси энди юксак маҳоратининг маҳсули. Ахир ҳар бир муваффақиятни омадга боғлаш ҳам инсофдан эмас. Ҳарқалай, алоҳида таъкидлаш жоиз, тўпни дарвозабон устидан ошириб ёки ҳимоячилар ёнидан ташлаб қўйиш зарурати туғилса, Алькасер доимо айнан шундай услубни қўллайди. Унинг кўплаб голлари тақдир инъомидек кўриниши бор гап. Айтайлик, ЕЛда «Базел»га қарши кечган баҳсда «хет-трик» қайд қилганди. Умуман, испанлар айнан Алькасер туфайли финалга чиқишди, дейиш мумкин.
Ҳозирда Пако «Боруссия» (Дортмунд) нигоҳида турибди. Агар Марко Ройс кетадиган бўлса, немислар айнан испан йигитини ўринбосар сифатида харид қилмоқчилар. Тўғри, «Валенсия»нинг янги соҳиби ёш иқтидорни қўйиб юбормоқчи эмас. Кўпчилик яқинда Германия ва Испания термалари ўртасида бўлиб ўтган ўртоқлик ўйини орқали Ройс ҳамда Алькасерни амалда ўзаро таққослаб кўришни ўйлаётганди. Бироқ бу баҳсда ҳар иккиси майдонга тушгани йўқ ва «Қизил фурия» ютқазди - 0:1. Албатта, ўйин сифатида бўйича Ройс малакалироқ, бироқ Алькасер - шиддат билан ўсаётган футболчи. Қолаверса, улар аслида бошқа-бошқа позицияда тўп суришади. Умуман, ҳар бир ҳужумчи эътиборни жамлаш хусусиятига эга бўлиши шарт. Шунинг учун юқорида Вильяни эсладик. Зеро, Давид «Сарагоса»даёқ барчасини тўғри йўлга қўйганди. Алькасер ҳозир айнан шундай ривожланиш босқичида. Ҳа, унинг учун ҳар бир ўйинда гол уриш муҳим, бироқ энг асосийси, яхши ҳужумчи ва ажойиб ҳужумчи оралиғидаги масофани бир ҳатлаб босиб ўтиш. Шу маънода Дель Боскенинг ишончи ғоят катта аҳамиятга эга. Ҳозирча Пако терма жамоанинг расмий ўйинларида голлар урмоқда, «Валенсия»да ҳам бу ишни яхши уддаламоқда. Ваҳоланки, унинг шериклари - Негредо ва Родриго ҳам гол уришни жуда яхши кўришади. Лекин улар орасида айнан Алькасер ажралиб турибди ҳамда майдонни камдан-кам ҳолатда самарали ҳаракатсиз тарк этяпти. Турли фронтлардаги рақобат эса ёш ҳужумчини ўсишига ёрдам бермоқда. Паконинг ўзи «Лос Чес» билан янги шартнома тузишга мойил. Мақсади - мавсум якунига қадар янада баландроқ овозда ўзини эслатиш. Табиийки, «Вилья меросхўри» ўзининг 21 ёшида барчасига дарҳол эришолмайди. Ахир унинг миллий жамоада Диего Костадек ҳужумчи билан рақобатлашишига тўғри келади. Тан олиш жоиз, жароҳатидан сўнг тикланаётган «Челси» вакили нисбатан тажрибали, бақувватроқ ва машҳурроқ. Лекин масаланинг иккинчи томони шуки, Испания термасида ҳар доим ҳам энг таниқли ҳужумчи энг омадли бўлавермайди. Яна ўша Вильяни мисол келтирамиз. У аввалига мадридлик Рауль, кейин Торрес билан рақобат олиб борганига қарамай, мунтазам ўйнади ва якунда «Қизил фурия» учун ҳаммадан кўп гол урди. Пако Алькасернинг тақдири қандай кечишини вақт кўрсатади, албатта. Ҳозирча у яхши старт олди. Муҳими, Пако чаққон, ҳаракатчан, айёр ва ақлли йигит. Айниқса, вазиятни тез илғаши, ҳимоячиларни ғафлатда қолдириш салоҳияти келажакда буюк тўпурарга айланишидан нишона бўлса, ажабмас. Терма жамоадаги 5та ўйинда 3та гол урганию, яна биттасига ҳаммуаллифлик қилгани юқоридаги таърифларга ҳужжат.
Маълумот учун
Франциско Алькасер Гарсия
Туғилган санаси ва манзили: 1993 йил 30 август (21 ёш), Торренте, Валенсия (Испания)
Фуқаролиги: Испания
Бўйи: 175 см. Вазни: 69 кг.
Позицияси: ҳужумчи
Клуби: «Валенсия»
Рақами: 9
Клубдаги фаолияти: «Валенсия»-Б - 2009-2012 (60та ўйин, 42та гол); «Валенсия» - 2010-... (34та ўйин, 12та гол); «Хетафе» - 2012-2013 (20та ўйин, 3та гол)
Терма жамоадаги фаолияти: Испания (U-16) термаси - 2009 (3та ўйин); Испания (U-17) термаси - 2009-2010 (11та ўйин, 14та гол); Испания (U-18) термаси - 2011 (3та ўйин, 5та гол); Испания (U-19) термаси - 2011-2012 (16та ўйин, 7та гол); Испания (U-20) термаси - 2013 (7та ўйин, 3та гол); Испания (U-21) термаси - 2013-2014 (1та ўйин); Испания миллий жамоаси - 2014-... (5та ўйин, 3та гол)