Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Орадан етти йил ўтиб «Цементчи» биринчи лигага қайтди (таништирув)

Баҳо:
+ | -

Ўзбек футболида ўз ўрнига эга бўлган Қувасойнинг «Цементчи» жамоаси кейинги йили яна биринчи лига баҳсларида иштирок этади. Бу жамоа сўнгги марта биринчи лигада 2007 йилда қатнашганди. Мана орадан шунча йил ўтиб, жамоа яна Ўзбекистон биринчилигига қайтди. Сезиб турганингиздек, бугунги мақоламиз биринчи лиганинг яна бир янги вакили «Цементчи» жамоасига бағишланади.

Ўзига хос тарих
«Цементчи» номи тилга олинганда 2003 йилда «Пахтакор» билан дуранг ўйнаган, ўз вақтида Фарғона вилояти Ҳоким кубоги баҳсларида зафар қучган жамоа мухлислар хаёлига келади. Умуман олганда, «Цементчи» - ўзига хос тарихга эга жамоалардан биридир. Жамоа бир неча мавсум биринчи лига ўйинларида иштирок этган. Ҳар мавсум қувасойликлар фаворитлар қаторида тилга олиниб келинган. 2003 йили эса «Цементчи» Олий лигада қатнашган. Аммо 2008 йилга келиб жамоанинг биринчи лигада ҳам иштирок эта олмаслиги маълум бўлди.

Янги марралар
Қувасой аҳлининг футболга бўлган меҳри бошқача. Шуни инобатга олган «Цементчи»нинг собиқ ўйинчилари Абдумалик Ҳакимов ва Илҳомжон Зайлобиддинов 2013 йилга келиб жамоани қайта тикланишга мувваффақ бўлишди. 2013 йилда жамоа вилоят биринчилиги, иккинчи лига баҳсларида иштирок этди. Бу йил эса қувасойликлар учун жуда омадли келди. «Цементчи» вилоят чемпионатида иккинчи ўринни эгаллади. Бундан ташқари, яқинда Фарғонада бўлиб ўтган ўтиш турнирида қувасойликлар маррага иккинчи бўлиб етиб келишди. Умуман олганда, жамоа ўз олдига юқори мақсадларни қўйган. «Цементчи»ни янги марралар кутиб турибди.

Режалар
Жамоанинг стадиони ва базаси ҳавас қиладиган даражада десак муболаға бўлмайди. Энди жамоа олдида мухлислар ишончини оқлаш вазифаси турибди. Жамоанинг тайёргалик режаси қандай? Селекция ишлари қачондан бошланади? Умуман янги мавсумда жамоа олдига қандай мақсадлар қўйилган? Шу ва шу каби саволларга «Цементчи» мураббийи Абдумалик Ҳакимов қуйидагича жавоб қайтарди.

— Биринчи навбатда мен ва шеригим Илҳом Зайлобиддинов «В» лицензияси учун бўлиб ўтадиган ўқиш масаласини ҳал этишларимиз керак. Биз бу борада ЎФФдагиларига мурожаат этганимизда бироз кеч қолганимизни айтишди. Лекин ҳужжатларни тайёрлаб туришимиз кераклигини бўш жой бўлиши билан бизга хабар беришларини маълум қилишди.

Агар ўқиш масаласи ижобий ҳал бўлса, биринчи йиғинимизни 20 январдан кейин бошлаймиз. Бунинг акси бўлса 10 январда мавсумга тайёргарликни бошлаймиз. Сафимизни бир қатор тажрибали футболчилар билан тўлдиришни режалаштирганмиз. Ҳар бир чизиқда камида икки нафардан маҳоратли ўйинчилар бўлиши керак. Шунингдек, маҳалий ёш футболчиларга ҳам жиддий эътибор берамиз. Якунига етган мавсумда жамоа шарафини ҳимоя қилган кўплаб футболчилар билан шартнома имзолаймиз. Айтганча, 23 ёки 26 декабрь куни биринчи лигага чиққанимиз учун футболчиларни тақдирлаш маросимини ўтказиш режалаштирилган.

Бош мураббий масаласи?
Ҳозир мухлисларни бир савол қийнамоқда. Биринчи лигада «Цементчи»ни ким бошқаради. Бу борада Абдумалик Ҳакимов шундай дейди.

— Расмий жиҳатдан мен бош мураббий бўламан. Лекин Илҳом Зайлобиддинов ва менинг вазифам бир хил бўлади. Ҳар бир ишни иккимиз маслаҳатлашган ҳолда бажарамиз. Бизнинг ҳамкорлигимиз жамоага асқотишига ишонаман. Кези келаганда, жамоани қўллаб-қувватлаб келаётган клуб президенти Муҳсинжон Меҳмоновга ўз миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман. У кишининг саъй-ҳаракатлари эвазига Қувасойга катта футбол қайтди. Келажакда мухлисларимизнинг ишончини оқлаш учун қўлимиздан келган барча ишни бажаришга тайёрмиз.

Мураббийлик ҳаяжони
Абдумалик Ҳакимов ва Илҳом Зайлобиддиновнинг мураббийлик соҳасида иш бошлаганига кўп вақт бўлгани йўқ. Лекин қисқа фурсат ичида уларнинг бу борадаги ютуқлари салмоқли бўлди, дейиш мумкин. Айниқса, ўтиш турнирида бу тандемнинг қандай кучга эга эканлиги яққол намоён бўлди.

Ўтиш турнирида қайси учрашув қийин бўлди-ю, қайси ўйин нисбатан осон ўтди, деган саволимизга «Цементчи» устози шудай жавоб қайтарди.

— Биласизми, футболчилик давримда ўйинларни тоифага ажратардим. Мана буни осон бўлди, мана буниси оғир кечди деб. Лекин мураббий учун ҳар бир учрашувнинг ҳаяжони бошқача бўлар экан. Ўйин арафасида ва ўйин пайтида бутун вужудимни ҳаяжон қамраб олади. Агар жамоа ютса, кайфиятим ҳам кўтарилиб, ҳаяжонлар босилиб кетади. Борди-ю, ютқазиб қўйсак ҳаяжон икки баробар ортади.

Ўтиш турнирида бу нарса яққол билинди. Шуни айтишим мумкинки, «Боёвут» жамоаси менга ёқди. Бу жамоа анча шаклланган экан. Айнан уларга қарши кечган ўйинда бироз қийналдик. Лекин «Ёзёвон лочинлари»га қарши кечган баҳсда омадимиз келмади. Биз рақибга нисбатан яхшироқ ўйнагандик. Аммо футболда омад келмаса барчаси бекор экан.

Аброр Деҳқонов
«Футбол инфо» газетасидан олинди

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 10:12, 10.12.2014.
Ўқилди: 5789 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.