Футболда дарвозабон жамоанинг ажралмас қисми саналади. Жамоанинг муваффақияти ҳам кўпинча айнан дарвозабонга боғлиқ. Жумладан, Германия терма жамоаси ҳамда Бавария клуби дарвозабони Мануэль Нойернинг ЖЧ-2014 даги ҳаракатлари ва клубдаги фаолияти жонбозлиги жамоасини қийин вазиятлардан олиб чиққан. Бежизга германиялик посбон “Олтин тўп-2014”га давогарлик қилмаяпти.
Яна бир мисол тариқасида “МЮ” дарвозабонини келтирсак. Сўнгги пайтларда ҳимоя муаммоларидан боши чиқмаётган “манкунианликлар” клуб посбони Давид Де Хеага миннатдорлик билдирса ҳам бўлади. Қийин ва ўта муҳим учрашувларда испаниялик дарвозабон жамоасини муқаррар голлардан сақлади ва кетма-кет икки ой клубнинг энг яхши ўйинчиси деб эътироф этилди. Испаниялик футболчининг ажойиб ўйинидан қониқиш ҳосил қилган “қизил иблислар” раҳбарияти уни тез кунларда сайёрамизнинг энг қиммат дарвозабонига айлантириши мумкин. Ҳозирча эса бугунги кунга қадар энг қиммат даврозабонлар топ-10 лигини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Сальваторе Сиригу (Италия)
Клуб: ПСЖ (Франция, Париж)
Йиллик маоши: £2,6 млн.
Бугунги ўнлигимизни ПСЖ дарвозабони Сальваторе Сиригу очиб беради. Италиялик посбон 2011 йилдан буён парижликлар сафида ҳаракат қилиб келмоқда. Клуб асосий дарвозабони араб инвесторларидан йилига 2,6 миллион фунт маош олади.
Уго Льорис (Франция)
Клуб: “Тоттенхэм” (Англия, Лондон)
Йиллик маоши: £3 млн.
Франция терма жамоаси даврозабони икки йилдан буён “шпорлар“ дарвозасига “қўриқчилик” қиляпти. Бунинг эвазига 27 ёшли футболчи йилига 3 миллион фунт билан тақдирланиб келмоқда.
Давид Де Хеа (Испания)
Клуб: “Манчестер Юнайтед” (Англия, Манчестер)
Йиллик маоши: £3,64 млн.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, “манкунианлик” аъзоси Де Хеа тез кунларда дунёнинг энг қиммат посбонига айланиши мумкин. Ҳозирча эса, испаниялик моҳир қўлқоп эгаси йиллик 3,64 миллион фунт билан саккизинчи поғонада бормоқда.
Пепе Рейна (Испания)
Клуб: “Бавария” (Германия, Мюнхен)
Йиллик маоши: £4,2 млн
Бир вақтлар “Ливерпуль”даги фаолияти учун Англия чемпионатининг “Энг яхши дарвозабони” номига лойиқ деб топилган Пепе Рейна ҳозирги кунда “Бавария” заҳира ўриндиғини доимий равишда тўлдириб турибди. Шунга қарамай, Мануэль Нойернинг дублёри баъзи бир асосий дарвозабонларга қараганда “тузуккина” маош олади. Испаниялик футболчининг йиллик даромади 4,2миллион фунтни ташкил қиларкан. Рейна сингари заҳирада ўтириб талайгина пул топадиган ўйинчи бўлмаса керак.
Жо Харт (Англия)
Клуб: “Манчестер Сити” (Англия, Манчестер)
Йиллий маоши: £4,68 млн.
Англия терма жамоаси дарвозабони “шаҳарликлар” сафида 4,68 миллион фунт олар экан. Клуб асосий дарвозабони учун ушбу маблағ ёмон эмас.
Виктор Вальдес (Испания)
Клуб: эркин агент
Йиллик маоши: £5 млн.
“Барселона” клубининг собиқ посбони “каталонияликлар” сафида ҳаракат қилган вақтида йилига нақд 5 миллон фунт олган экан. Ҳозирги кунда, “бечора” Вальдес ярим йилдан буён ўзига “бошпана” излаш билан овора.
Петр Чех (Чехия)
Клуб: “Челси” (Англия, Лондон)
Йиллик маоши: £5,2 млн.
Тибо Куртуанинг соясида қолиб кетган Петр Чех ҳозирги ҳолатидан нолимаса ҳам бўлади. Ахир унинг йиллик маоши 5,2 миллион фунтни ташкил қилади. Чехиялик футболчи заҳира ўриндиғида ўтириб пул ишлашни Пепе Рейнадан ўрганса бўларкан-а?!
Жанлуижи Буффон (Италия)
Клуб: “Ювентус “ (Италия, Турин)
Йиллик маоши: £5,5 млн.
Ниҳоят кучли учликка ҳам етиб келдик. Ҳақиқий садоқат ва ифтихор рамзига айланиб улгурган Жанлуижи Буффон 1997 йилдан буён Италия термаси ҳамда 2001 йилдан буён “Ювентус” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Ҳозирги кунга қадар ҳам 36 ёшли дарвозабон ажойиб формада эканини кўришимиз мумкин. Дарвоқе, унинг йиллик маоши 5,5 миллион фунтга тенг экан.
Мануэль Нойер (Германия)
Клуб: “Бавария” (Германия, Мюнхен)
Йиллик маоши: £5,6 млн
Германия терма жамоаси ҳамда “Бавария” клуби посбони Мануэль Нойер дунёнинг энг зўр дарвозабони эканлигини “Олтин тўп – 2014”га даъвогарлик қилаётганидан англаш қийин эмас. Клуб сафида Мануэль Нойер 5,6 миллион фунт олар экан.
Икер Касильяс (Испания)
Клуб: “Реал Мадрид” (Испания, Мадрид)
Йиллик маоши: £6,3 млн
Яна бир садоқат рамзи – Икер Касильяс ҳамон рақобатбардош эканини барчага исботлади. ЖЧ-2014даги муваффақиятсизлигига ва мухлисларнинг эътирозига қарамай Касильяс терма жамоа ҳамда клуб ҳам миқёсида биринчи рақамни сақлаб келмоқда. “Қироллик” клуби эса унга йилига 6,3 миллон фунт тўламоқда.