Кириш Регистрация
16/05 00:00 Ман. Юнайтед 3-2 Ньюкасл
16/05 00:00 Реймс 1-0 Марсель
16/05 00:00 Ницца 1-2 ПСЖ
16/05 01:00 Сельта 2-1 Атлетик Бильбао
16/05 01:00 Хетафе 0-3 Атлетико
16/05 22:30 Лас-Пальмас 2-2 Бетис
17/05 00:30 Альмерия 0-2 Барселона
17/05 01:00 Реал Сосьедад 1-0 Валенсия
17/05 23:45 Фиорентина - Наполи
18/05 21:00 Лечче - Аталанта
18/05 23:45 Торино - Милан
19/05 00:00 Алавес - Хетафе

Муҳаббатдан туғилган футбол

Баҳо:
+ | -

Замонавий футболнинг ёрқин юлдузларидан бирига айланган Луис Суареснинг автобиографик асари ўқувчини фикр-мулоҳаза юритишга, ўз болалигини эсга олишга ундайди. Шунингдек, мустақил ҳаёт бўсағасида турган ёш футбол мухлислари учун катта тарбиявий аҳамиятга ҳам эга. Асарнинг биринчи бобида Луис ўсмирлик чоғида дуч келган қийинчиликлар ва илк муҳаббати ҳақида болаларча соддалик ва самимийлик билан ҳикоя қилади. Ҳужумчининг эътирофига кўра, унинг Софига бўлган оташин севгиси ўйинқароликдан воз кечишга мажбур этиб, ҳақиқий юлдуз даражасига олиб чиққан.

Кучли жала остида мени савдо марказининг ёнида кутиб турган Софининг либосларида қуруқ жой қолмаганди. Мен нодон эса бу пайт бино ичида ўйин автомати билан овора эдим. Ўйинга берилиб кетиб Софини илк учрашувга таклиф этганим ёдимдан кўтарилганди. Ахир уни белгиланган жойда қимир этмай кутиб турганини қаердан билай?

Хуллас, Софининг ота-онаси акасининг ўйинини томоша қилиш учун қўшни туманга кетганидан фойдаланиб, улар йўқлигида Софини учрашувга чақиргандим. У бекатга келганида қуёш чарақлаб турган, лекин бироздан кейин кучли ёмғир бошланган экан. Мени кута-кута зериккан Софи хавотирга туша бошлаб, уйимизга қўнғироқ қилиш учун кўчанинг қарама қарши томонидаги телефон буткасига ўтибди. Шу сабабли унинг либослари ивиб кетган экан. Аксига олиб, уйда телефон гўшагини кўтарган синглим Софига менинг бир қиз билан учрашувга кетганимни айтибди. Шундан ке­йин шўрлик Софи ўзининг аёвсиз равишда алданган қизлар сафига қўшиб қўйди ва ёмғирда ҳайкалдек тураверди. Ахир у мени фақат у билан учрашишга кетганимдан бехабар эди-да. Софи билан ўртамиздаги муносабатни бир кўришдаги муҳаббат дейиш мумкин. Бизни «Насьонал»да ёнма-ён тўп сурадиган дўстим таништириб қўйганди. Дўстим орқали унинг отаси билан ҳам танишиб олиб, у билан саломлашганда имкон қадар хушмуомала бўлишга интилардим. Чунки, мени ёқтириб қолишини жуда-жуда истардим. Эҳтимол ўша кезларда Софининг кўнглидан «Нима учун бу йигитча отамнинг атрофида гирдикапалак бўлиб қолдийкин?» деган фикр ўтган бўлса, ажабмас.

Мен Софи билан дискотекада танишган бўлсам-да, илк марта учрашувга савдо марказига таклиф этдим. Уни шалаббо қилган кучли жала туфайли акаси иштирокидаги футбол беллашуви ҳам бошқа кунга қолдирилган. Шу сабабли Софининг ота-онаси уйга барвақт қайтишгани сабаб синглисидан шошилинч хабар келди: «Тезроқ уйга қайт, ота-онам келишяпти». Шу тариқа биринчи учрашувимиз поёнига етди. Ўшанда мен 15, Софи эса 13 ёшда эдик. Орадан 10 йилча ўтгач, у менинг умр йўлдошимга айланди. У пайтлар ҳозиргидек уятчан эмасдим. Софилар уйига боришим билан музлатгични «ревизия» қила бошлардим. Бу маъшуқамни бироз ўнғайсиз аҳволга солиб қўярди. Онаси билан дўкондан келаётганини кўриб қолсам, мен учун нима харид қилишганини сўрашдан тортинмасдим. Бу одатим Софи учун сурбетлигимдан далолат эди. Онасига эса менинг бетгачопарлигим жуда ёқарди. Нима бўлганда ҳам ўсмирлик пайтимда сурбет ва қашшоқ йигитча сифатида таассурот қолдиргандим. Софи Монтевидео ортидаги овлоқ туманда яшагани боис, у ерга бориб келиш учун 40 песо маблағни клуб раҳбарларидан бири Уилсон Перес­дан сўраб олардим. У йўқ бўлган пайт Хосе Луис Эспозито ҳомийлик қиларди. Уларнинг иккиси ҳам менга нисбатан яхши муносабатда бўлишган. Ҳозир ҳам алоқани узган эмасман. Улардаги одамгарчиликни юксак қадрлайман, менга шунчалик ёрдам беришганига қарамай, ҳеч қачон таъмагирлик қилмаганман.

Кўпинча футбол беллашувлари арафасида норасмий даромад йўлини ахтарардим: «Агарда гол урсам 20 песо берасизми?» Бу пул эвазига мен Софи яшайдиган Солимарга етиб олардим. Табиийки, доимо пулга муҳтож эдим. Ойим, ака-укаларим, опа-сингилларимдан пул сўрай олмасдим. Тўғри, баъзан опам ортиқча маблағи бўлса, мендан аямасди. Бундан ташқари, ёнимизда телефон карточкаларидан коллекция тўплайдиган бир киши яшарди. Бўш вақтларимда телефон буткаларини текшириб юрардим. Баъзан ойим ҳам кўмаклашарди. Шу йўл билан йўлкирага пул топардим. Албатта, Софининг ота-онаси мени қашшоқ тумандан келадиган дайди сифатида қувиб юборишлари ҳам мумкин эди. Шахсан мен улар ўрнида бўлганимда, эҳтимол шундай йўл тутган бўлардим. Бироқ улар менга доимо меҳрибонлик қилишди. Отаси уйда бўлмаган пайтлар мен бўлажак қайнонамга уй ишларида кўмаклашиб турардим. Баъзида Софи билан жанжаллашиб қолсак, онаси менинг ёнимни оларди. Ўйлашимча, у мен Софини қаттиқ севиб қолганимга ишонч ҳосил қилганди. Чиндан ҳам автобус чиптасига пул тополмай қолсам, яёв юриб бўлсада уни кўргани боришимни яхши биларди. Баъзан уйга қайтишга пул тополмай тун бўйи йўл юришга тўғри келарди.

Айтишим мумкинки, менинг ҳаё­тимни, футболчилик фаолиятимни Софи қутқариб қолди. У билан танишгунинга қадар машғулотлардан кечикишим ёки уларни ўтказиб юборишим мумкин эди. Бу борада кейинчалик афсуслансамда, салбий одатларимга чек қўёлмасдим. Интизом талаб даражасида эмасди - тун бўйи дайдиб юрардим. Шу боис, «Насьо­нал» мен билан алоқани узиш ниятида эди. Ана шу ҳал қилувчи паллада Уилсон менинг тарафимни олиб, клубдан яна бир марта имконият беришни илтимос қилди. Менга эса бундан унумли фойдаланишимни маслаҳат берди. Айни пайт ҳаётимда Софи пайдо бўлди. У билан танишгач мен тамоман ўзга инсонга айландим. Гарчи биз илк марта дискотекада танишган бўлсакда, дўстларим тунги клубларга боришни тўхтатишмади. Мен ҳам ўйнаб-кулишни хоҳлардим. Лекин Софи билан бирга эканлигим бунга йўл қўймасди. 16 ёшга чиққач, бор эътиборимни футболга қаратдим. Шанба кунги ўйинлардан кейин унинг уйида қолардим. Агар у бўлмаганида, якшанбани спорчи учун хос бўлмаган кишилар даврасида ўтказган бўлардим. Балки тамоман ўзга инсон бўлиб етишармидим. Софининг ички олами меникидан кескин фарқ қиларди. 7 ёшимда она шаҳримни тарк этишга тўғри келган бўлса, 9 ёшимда ота-онам ажрашиб кетишди. Шу сабабли кўп вақтимни кўчада ўтказардим. Софи билан сайр қилиб юрганимизда у Монтевидео атрофидаги овлоқ туманларни яхши билишимдан ҳайрон қоларди. Биз акам иккимиз ана шу хавфли ҳудудни пиёда босиб ўтган ҳолда машғулотларга қатнардик. Баъзида эса ойим бизни кузатиб қўярди. Автовокзалда фаррош бўлиб ишлаши туфайли ҳар доим ҳам вақти бўлмасди. Ҳарбий соҳада ишлаган отам айрим ўйинларимга имкони топарди, лекин машғулотларни доимий равишда кузатишга вақти бўлмасди. Кейинчалик у армияни тарк этиб, дуч келган иш билан шуғуллана бошлади. Уларга фаровон турмуш насиб этмади. Шунга қарамай, мен ота-онам, ака-укам ва опа-сингилларимдан хафа эмасман. Уларни қаттиқ ҳурмат қиламан. Бу борада Софи рисоладагидек тарбия олишга муваффақ бўлганди. У ўзининг билим ва кўникмаларини менга ўргата бошлади. Бошланғич синфда 2 йилга қолиб кетганим боис, болалардан 2 ёшга катта эдим. Софининг аралашувидан кейин ўзлаштиришим яхшилана бошлади. Қўшимчасига, машғулотлардан қайтиб келгач, кечки мактабда ҳам ўқий бошладим. Уй вазифаларини бажаришда Софи ёрдам берарди. Хуллас, у рисоладагидек билим олишга мажбур этарди: «Луис, ахир сен тентак эмассан-ку! Шунчаки дангасасан, холос». Агар уй вазифасини бажармасам, мен билан гаплашмай қоларди. Шу тариқа мен тамоман ўзга инсонга айландим - ўқишга ҳам, машғулотларга ҳам жиддий эътибор қарата бошладим. Секин-аста пул топиш йўлини ахтара бошладим. Мақсадим, Софи билан учрашишга борганимда унга қандайдир совға олиб бориш эди. Ташқи кўринишимга ҳам эътибор қарата бошладим. Либосларим ўта жулдур бўлмасада, талаб даражасида эмасди.

2003 йилда мамлакатдаги иқтисодий инқироз туфайли Софи оиласи билан Испанияга кўчиб ўтишди. Бу мен учун энг улкан фалокат эди: «Тамом, энди мен уни ҳеч қачон кўрмайман!» Софи ота-онаси билан Барселонага йўл олди. Энди Солимарга бориб келиш учун эмас, балки Испанияга қўнғироқ қилишга пул тўлайдиган бўлдим. Софи эса мен учун учрашиш учун сартарошлик касбини ўргана бошлади. Уругвайда бўлишнинг ягона йўли шу эди. Бироқ бу режа иш бермади. Орадан бир йил ўтгач у менга қўнғироқ қилиб, тезда Испанияга етиб боришимни илтимос қилди. Акс ҳолда, бир умр кўрмаслигимизни таъкидлади. Ана шу мураккаб вазиятда ўша пайтдаги агентим - Даниэль Фонсека халоскоримга айланди - сафар харажатларини ўз зиммасига олди. Акам эса 60 доллар пул берди. Ўша пайт мен бунинг қанчалик оз эканлигини билмасдим. Шу зайлда 16 ёшимда Европага илк марта йўл олдим. Ўшанда ўзимни дунёдаги энг бадавлат киши деб ҳис этгандим. Сафар жуда қисқа бўлди. Лекин энг муҳим нарсани аниқ тушуниб етдим: «Софи билан бирга бўлишим учун Европада ўйнашим шарт!».

Уругвай пойтахтида талабалар томонидан 1919 йилда ташкил этилган «Ливерпуль» номли клуб мавжуд. У Монтевидеони кўмир билан таъминлайдиган Англиянинг Ливерпуль порти шарафига номланган. 2006 йилда Голландиянинг «Гронинген» клуби вакиллари «Ливерпуль» ҳужумчиси Элиас Фигероа ўйинларини назоратдан ўтказиш учун у ерга боришганди. Бироқ улар Монтевидеода яна бир кун қолиб, «Насьонал»нинг 19 ёшли ҳужумчиси Луис Суаресни ҳам кўрикдан ўтказишади. Аслида бу режа голландиялик меҳмонларда йўқ эди. Суаресни улар ҳатто рўйхатга ҳам киритган эмасдилар. Бироқ селекционер Градс Фулер билан спорт-директори Ханс Нийландга маҳаллий мутахассислар Суарес ҳақида илиқ фикрлар билдиришди. Европаликлар Луис учун бир кунни қурбон қилишга рози бўлишди. Шу тариқа улар эртасига «Насьонал» ҳужумчисининг ўйинларини томоша қилишди.

«Йўқ, бизга бошқа футболчи керак» - дейишди «Гронинген» вакиллари, Фигероа ўйинини кўрганларидан кейин. Эртасига меҳмонлар менинг иштирокимдаги учрашувни кузатишди. Ўша оқшом «Насьонал» «Дефенсор Спортинг»га қарши майдонга тушган, чемпионликни нақд қилиш учун биз ғалаба қозонишимиз шарт эди. Ўша куни мен мавсумдаги энг ёрқин учрашувимни ўтказдим, битта гол ҳам урдим. Очиғи, мени хорижий меҳмонлар кузатишаётганидан тамоман бехабар эдим. Боз устига, «Гронинген» ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмасдим. Мен фақат унинг Барселонага Монтевидеодан кўра яқинроқ эканлигини билардим, холос. Хуллас, голландия­ликлар ишончига киришим учун ўша ягона учрашув кифоя қилди. Улар трансфер борасидаги барча масалаларни ишчанлик билан ҳал қилишди. «Шу кунги ўйин эса менга Европа чиптасини ҳадя этди. Бунга биринчи навбатда, Софига бўлган чин муҳаббатим ва унинг улкан кўмаги эвазига!».

Содиқжон РАҲМОНОВ тайёрлади.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 21:18, 14.12.2014.
Ўқилди: 7119 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.