Мен ҳозир айтмоқчи бўлган мулохаза балки кимнидир қизиқтириши ёки аксинча ҳам бўлиши мумкин. Лекин, ушбу мавзу айни вақтда долзарб бўлганлиги учун ҳам унга мурожаат этишни жоиз деб билдим. Ўйлайманки, ушбу фикрларга кўпчилик бефарқ қарамайди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан бери, жуда кўп сохаларда қатор ютуқларга эришилди, жумладан футболда ҳам. Бунга монанд тарзда, ёшлар ва ўсмир футболчиларимиз мунтазам равишда ЖЧ баҳсларида иштирок этиб келишмоқда. Аммо катталар миқёсида оладиган бўлсак, бу борада мақтанолмаслигимиз айни ҳақиқат.
Шу ўринда, мавзудан четлашмаган ҳолда, юртимиз футболи, ёш футболчиларимиз, легионерлар тўғрисида таниқли мураббий, айрим футболчилар ва бошқа фикрлар билан танишсак.
Германиялик мутахассис Андрей Вайберт юртимиз футбол ишқибозларига яхши таниш. Ёз ойларида у Ўзбекистоннинг бир қатор шаҳарларида ёш футболчилар учун мастер-класс ўтказиб, кўпчиликнинг назарига тушган эди. Ушбу ҳамкорлик натижасида «Насаф» футбол мактаби ёшлари учун икки ҳафталик ўқув-машғулот ўтказилганлиги бунга мисол. Айнан мана шу машғулот чоғида ундан Германия ва Ўзбекистон футбол мактаблари тўғрисида сўралганда, қуйидагича жавоб берди: «Германия ва Ўзбекистон футбол мактабларининг ўзига хос салбий ва ижобий томонлари бор, энг муҳими бу ёшда футболчиларни тайёрлашда бир хилликдан узоқлашиш лозим. Ёш болалар машғулотларда фақат футбол эмас, балки волейбол, гандбол ёки баскетбол каби спорт турларидан айрим элементларни ўзлаштиришлари керак. Қолаверса, уларга эркинлик яратиш зарур. Бунинг учун футбол мактабларида барча шароитлар яратилган бўлиши даркор. Таққослайдиган бўлсам, Германия футбол мактабларида одатда 18 ёшгача ёш футболчилар таҳсил олишади. Яна битта энг катта фарқ бу - Ўзбекистонда 16 ёшдан кейин кўпгина футболчилар эътибордан четда қолади. Бу ёшдаги футболчиларда иқтидор ва маҳорат етарли бўлса-да, улар янги жамоага бирданига мослашиб кета олишмайди. Натижада ушбу ёш тоифасидаги кўпчилик ўсмирлар футболни тарк этишга мажбур бўлишади».
2013 йили Туркияда ўсмирлар ўртасидаги ЖЧ вақтида Россия ўсмирлар терма жамоаси делегацияси вакили, Россия футбол иттифоқи аъзоси Макар Логвиненко ўсмирларимизга шундай таъриф берганди: «Молодци узбеки». «Бу футболчиларни сақлаб қолинг. Улар 17 ёшда жиззаки ва осмонда бўлишади. ЖЧ ни кўрган ҳар бир футболчи ўзини бошқалардан бир калла юқори тураман, деб ҳисоблайди. Бу туйғу эса уларга салбий таъсир ўтказади. Агар бу ёшда уларни тўғри тарбиялаб олсангиз, марра сизники. Айнан шу ёшдан келажакка умид қилса бўлади».
Бир пайтлари чап қанотдаги юришлари билан водийлик, айниқса фарғоналик мухлисларнинг бирдек ёқимтойига айланган, кейинчалик мураббийлик соҳасидаги янги қирраларини намойиш қилган Авхат Абдулин ҳозирги кунда Россияда фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, бу мутахассиснинг ҳали-ҳамон ўзбек футболига бефарқ эмаслиги унинг қуйидаги фикрлари мисолида яққол кўзга ташланади: «Кичик мундиалда иштирок этган Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг ютуқларидан жуда қувондим. Миллий терма ва етакчи клубларнинг халқаро майдондаги натижалари ҳам чакки эмас. Янги қурилаётган стадионлардан, келажакка умид билан юзланган футбол мактабларининг иш бошлаганидан ҳам хабарим бор. Умуман, ЎЗБЕКИСТОН - ИСТЕЪДОДЛАР ДИЁРИ».
Тошкентнинг «Локомотив» клуби билан ҳамкорлик қилаётган Россиялик таниқли шарҳловчи, футбол агенти, «Зенит - Пенза» клуби спорт директори Александр Градиленконинг мулоҳазалари диққатга сазовор: «Афсуски, Осиёдаги ЖЧ га саралаш ўйинларини ҳар доим кўриш имконияти йўқ. Фақат интернетдаги хабарлар орқали маълумот ва тасаввурга эга бўламан. Билишимча, етакчи футболчиларингиз бой араб клубларида ўйнашади. Мен билан ҳамкорлик қилган А.Клецковнинг Таиланд клубига ўтганини ҳазм қилолмадим. (Кейинчалик Клецков юртимизга қайтиб келди). Тўғриси, буни эшитиб ҳайрон ҳам бўлдим. Таиландга фақат дам олиш учун боришарди, шекилли. Кейин футболчининг хориж клубига йўл олиши учун яхшигина реклама керак. Энг катта реклама бу - Ўзбекистон чемпионатининг ўзи.
Бундан ташқари, ўтган ҳафта Эроннинг «Фулад» клубидан селекционер мураббий Ненад Николич юртимизда меҳмон бўлди. Ташрифдан кўзланган мақсад «Фулад» учун ўйинчи қидириш эди. Хорватиялик мураббий 2та ўйинни кўришга ва ўзига маъқул келган футболчиларни кўздан кечириб олишга муваффақ бўлди.
Шунингдек, ушбу мутахассиснинг футболчиларимиз ҳақидаги айтган фикрлари шундай бўлди: «Менга «Бунёдкор» ярим ҳимоячиси С.Рашидовнинг ҳаракатлари ёқди. Биласизми, мен учун футболчининг тўпсиз ҳаракат қилиши ҳам жуда муҳим. Шундай ўйинчилар борки, улар тўпсиз қолганда ҳаракатсиз қолишади ва орқага қайтиб ҳимоячиларга ёрдам беришмайди. Рашидовда шунақа камчилик бор экан. У қачонки тўп ўзига тушсагина ўйинда иштирок этяпти, бошқа пайт унинг бор-йўқлиги деярли сезилмади. Менимча, Сардор Рашидов «Фулад» да ўйнаб кетса керак, фақат унинг ўзи Европага кетишни хоҳлаяпти. Менга шунингдек, ҳужумчи Воҳид Шодиевни ҳам тавсия қилишди. Тўғри, у яхши ҳужумчи, гол уради, лекин муаммо шундаки, Воҳид фақат жарима майдончаси ичидагина хавфли кўриняпти. Майдоннинг қолган қисмида у ўйнаётгани йўқ, пиёда юради деса ҳам бўлади. Қисқаси, Шодиевда «портлаш» ҳиссини сезмадим. «Пахтакор» да эса 10-рақамда тўп тепадиган Жамшид Искандеров бор экан. Унинг ҳам ўйини менга ёқди, фақат унда ҳам муаммо шу: тўп билан ўзини кўрсатяпти, бошқа пайт кўринмаяпти». «Тўп ўз соҳибига бўйсуниши шарт. У ўз эгаси нимани хоҳласа, шуни бажариши лозим. Шундагина футболчининг ўйини қовушади», - деганди Михаил Ан.
«Спортда ғолиб бўлиш учун ҳар бир мураббий қуйидаги 5та омилга эътибор қаратиши лозим: техника, тактика, жисмоний тайёргарлик, менталитет ва руҳият» зарурлигини таниқли мураббий Бора Милутинович таъкидлаган.
«Ёшларга эътибор қаратмасак, футболимизда ўсиш кузатилмайди» бу фикрлар «Пахтакор - 2» бош мураббийи Нуъмон Ҳасановга тегишли.
«Хориж клублари скаутлари учун чемпионатимиз қизиқ эмас»лигини «Пахтакор» футболчиси Егор Кримец ўринли вақтда айтиб ўтди.
Демак, юқоридаги инсонларнинг фикрларидан шуни англаш мумкинки, ўзбек футболида ҳали ҳамон ҳал қилиниши лозим бўлган ишлар анчагина эканлиги ойдинлашади.
Шу билан бир қаторда, мавзудан озгина лирик чекиниш қилган ҳолда «Кучли футболчиларни тайёрлашда қанчалик яхшимиз?» деган саволни ўртага ташласак, бунга ҳеч бир футбол мураббийи эътироз бирдирмаса керак. Ҳақиқатдан ҳам, бизда ҳамон ёшлар футболидан катта футболга кўчиб ўтишда мураббий ва футболчилар олтин оралиқни топа олишмаяпти. Табиийки, кучли футболчилар кўп етишиб чиқмаётгани ва бошқа муаммолар туфайли Европанинг кучли чемпионатларида бирор ўйинчимиз пайдо бўлаётгани йўқ. Ҳозирча биргина Илёс Зейтуллаевдан ташқари бирорта футболчимиз кучли бешлик сирасига кирувчи лигаларда майдонга тушмаган. Оқибатда эса, фақат Осиёнинг бошқа давлатларидан бориб тўп сураётган футболчиларнинг ҳаракатларини ҳавас ила кузатяпмиз, холос. Солиштириш учун айтадиган бўлсак Германия бундеслигасида 11 нафар япониялик, 5та кореялик ва 2та австралиялик ўйинчилар ҳаракат қилишмоқда. Италия «А» сериясида 2та япониялик ва 1та австралиялик, Испания Ла-лигасида 1та япониялик ҳамда 1та таиландлик (!) ва ниҳоят Англия премьер-лигасида 1та япониялик, 2та кореялик футболчи жавлон уришмоқда. Албатта, япон ва корейсларга ҳавас қилмай иложимиз йўқ. Чунки, улар аллақачон кўҳна қитъани забт этиш билан бир қаторда, ўз клубларининг етакчиларига айланиб улгуришган. Бизникилар эса...
Афсуски, бизда ўсмир ва ёшларни катта футболга кўникишида, уларга имконият бериш, футболчини техник ва жисмоний тарафдан ўстириб боришда анчайин катта муаммолар кўзга ташлапяпти. Зеро, ёшларга кўпроқ имконият берилсагина уларнинг савияси ошиб, келажакда кучлироқ чемпионатларга йўл олишлари мумкин. Акс ҳолда, «Эски ҳамом, эски тос» деганларидек яна ҳозирги ҳолатда қолиб кетаверамиз.
Муҳсинжон ЭРМАТОВ