Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Қуръа олдидан «қуруқ» гаплар!

Баҳо:
+1 | -1

Эртага олий лиганинг 2015 йилги мавсуми учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. ПФЛ одатдагидек декабрь ойидаёқ янги мавсум учун қуръа маросимини ўтказмоқда. ПФЛ расмий равишда 2015 йил олий лигада 16та жамоа иштирок этишини маълум қилганидан буён бу қарор ОАВнинг танқидлари остида қолиб кетди. Аммо ҳар қандай танқидга дош бериш бўйича етакчи бўлиб улгурган ташкилот бу сафар ҳам ўз анъанасига содиқ қолди. Қуйидаги мақола ҳам ПФЛга чивин чаққанчалик таъсир қилмаслиги аниқ. Биз бунга ўрганиб қолганмиз. Шунинг учун мақоланинг сарлавҳасини “Қуръа олдидан “қуруқ” гаплар!” дея номладик. Айтганимиздек, бугунги гапларимиз шунчаки бўлиб қолади. Лекин бу журналистга ўз фикрини билдириш учун тўсқинлик қилмайди. Ким аслида ҳақлигини муштарийларимиз билса бўлди. Боиси, асл баҳони улар қўйишади.

Олий лига – 2015. Сон маълум, ном номаълум!
Ишонасизми, гарчи эртага олий лиганинг 2015 йилги мавсуми учун қуръа ташланиши маълум бўлса-да, ПФЛ ҳали ҳам расман келаси мавсумда чемпионатда қайси жамоалар иштирок этишини эълон қилгани йўқ. Ҳа, худди шундай. Тўғри, расман бўлмаса-да, ЎФФ президенти Мираброр Усмонов Андижонга сафар уюштирганида “Андижон”ни олий лигада қолдирилганлигини таъкидлади. Қолаверса, ПФЛ раҳбари Фарҳод Магометов ҳам Андижонга борганида газетамизга берган қисқача интервьюсида “Андижон” келаси йил олий лигада қатнашишини айтиб ўтди. Бироқ ПФЛ расмий сайтида бу борада ҳеч қандай хабар чоп этилмади. На ўзбек тили саҳифасида ва на рус тилидаги бўлимда. Аниғи шуки, 18 ноябрь куни сайтда чоп этилган хабарда қуйидаги жумлалар келтирилган: “2015 йилги мавсум Ўзбекистон Чемпионатида иштирокчилар сонини кўпайтириш ҳақида қарор қабул қилинди. Унга кўра, 2015 йили Олий Лигада 14та жамоа ўрнига 16та жамоа иштирок этади. Эслатиб ўтамиз, Олий Лига иштирокчилари сони 2009 йилда 16тадан 14тага қисқарган эди. Олий Лига - 2015 иштирокчилари ҳақида батафсил маълумот кейинроқ берилади”. Рус тили саҳифасида сўнгги гап умуман йўқ. Очиғи, шундай кейин расмий сайтда иштирокчиларнинг номи берилишини кутдим, бироқ бу содир бўлгани йўқ. Гарчи иштирокчилар сони 16тага етказилганидан кейин “Андижон” ва “Сўғдиёна”ни олий лигада қолгани аниқ бўлган бўлса-да, ПФЛ буни расман тасдиқлашини кутгандим. Орадан икки ҳафта ўтиб, аниқроғи, 1 декабрь куни ташкилот расмий сайтида 17 декабрь куни олий лигага қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтиши ҳақида маълумот чиқди. Лекин бу сафар ҳам на рус тилида ва на ўзбек тилидаги саҳифаларда чоп этилган янгиликларда иштирокчиларнинг номи эълон қилинмади. Албатта ЎФФ ва ПФЛ раҳбарлари “Андижон”ни олий лигага қолишини таъкидлаганидан кейин бу ҳақида расмий сайтда хабар чиқиш-чиқмаслигининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Лекин регламентчи?! Аслида мени шу нарса қизиқтиради. “Андижон” регламентнинг қайси бандига асосан олий лигада олиб қолинди? Айтганча, унга шерик бўлиши деярли аниқ бўлган, аммо ПФЛ расмийлари томонидан интервью орқали ҳам тасдиқланмаган “Сўғдиёна”нинг ҳолати регламентнинг қайси бандига тўғри келар эканки, 2015 йил бемалол яна олий лигада иштирок этса?! ПФЛ шу нарсани изоҳлаб беришини кутгандим. Аммо улар жим бўлишди. Аввалига ПФЛ балки биринчи лига клублари билан ўтиш турнири ташкил қилмоқчи бўлса керак, шунинг учун иштирокчилар номини тўлиқ эълон қилмаётгандир, деган тахминга бордим. Бироқ қуръа эртага ўтказилса, қолаверса, қуйи лига иштирокчиларига ПФЛ томонидан ҳеч қандай хат бормаган бўлса, демак, ўтиш ўйинлари бўлмайди. Эртага “Андижон” ва “Сўғдиёна” олий лиганинг иштирокчилари сифатида таништирилади. Хўш, регламентда бу ҳақида нима дейилган? Бир эътибор қаратайликчи. 

Регламент бузилмаган, аммо...
Ҳа, ҳақиқатдан ҳам регламент бузилмаган. Регламентнинг 4-бўлим, 4.8-бандининг иккинчи қисмида қуйидагилар ёзиб қўйилган: Олий лигада сўнгги икки ўринни эгаллаган иштирокчилар тақдирига 2014 йил охирида ПФЛ Ижроиқўмитаси аниқлик киритади. Журналистлар ПФЛнинг олий лига иштирокчилар сонини 16тага етказганлиги ҳақидаги қарори футболимиз ривожи учун хизмат қилмаслиги ҳақида ҳар қанча ёзмасин, барибир фойдаси йўқ. ПФЛ регламентни бузмаган. Лекин ўша регламентда “Олий лигада сўнгги икки ўринни эгаллаган иштирокчилар тақдирини 2014 йил охирида ПФЛ Ижроиқўмитаси ҳал қилади”, деб қўйилган. Тушунмаганим шуки, “Андижон”ни олий лигада қолишини ПФЛ Ижроиқўмитаси ҳал қилдими? Агар шундай бўлса, нега Андижон сафарида “Сўғдиёна” ҳам олий лигада қолганлиги ҳақида маълумот берилмади? Айнан шу масала бўйича ПФЛ расмий сайтида расмий хабар чиқишини кутгандим. Лекин... Қизиғи, ПФЛ ўзининг эҳтиётини қилган ҳолда регламентда 2014 йил охирида деб қўйган. Қайси ой эканлиги номаълум. Хўп, агар Ижроиқўмита шундай қарорга келган бўлса, мазкур йиғилиш қачон ўтказилди? Тўғри, ПФЛ бу борада ОАВга маълумот беришга мажбур эмас, аммо қарорни асослаб бериш керакку?! Нафақат ЎФФ президенти, балки ПФЛ бош директори ҳам Андижон сафари давомида Ижроиқўмита йиғилиши ҳақида гапиргани йўқ. Аксинча, Фарҳод Абдуалиевич кейинроқ ҳамкасбимизга берган интервьюсида Андижонда бўлишганини, у ерда яхши инфратузилма шаклланганлигини, вилоятда футболни яхши кўришларини, қолаверса, бу йил жамоа ўзининг ярим асрлик тўйини нишонлашини айтиб, шу маънода ПФЛ клубларга ёрдам бершимиз лозимлиги таъкидлади. Аҳамиятлиси, режага кўра, футболимиз расмийлари Жиззах вилоятига сафар уюштирар экан. Вазиятга қандай баҳо беришни билмайсан киши. Регламент бузилмаган деймизку, бузилмаганга ўхшамаяпти. Бузилган десак, ПФЛ буни тан олмайди. Мақола ёзилаётган кунга қадар футболимиз расмийларини Жиззах томон сафар уюштирганлигини эшитмадик. Катта эҳтимол билан бу сафар қуръадан сўнг ўтказилади. Хўш, унда “Андижон” ва “Сўғдиёна” клублари қайси асосга кўра олий лигада олиб қолиняпти? Қуйида шу саволга жавоб топишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Агар “Андижон” юбилей сабаб олий лигада олиб қолинган бўлса, бу ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди. Унда регламентга юбилейини нишонлайдиган шаҳарларнинг жамоалари учун олий лига эшиклари очиқ деган бандни қўшиб қўйиш керак. Агар барча вилоятларда футбол бўлиши учун мазкур жамоалар олий лигада қолдирилган бўлса, унда келинглар, Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Сирдарё вилоятларини ҳам эсдан чиқармайлик. У томонларда ҳам мухлислар футболни ростакамига яхши кўришади. Керак бўлса, жамоаларига моддий томондан ҳам ёрдам беришлари мумкин. Аслида олий лигадан тушиб кетган икки клуб тақдирини ПФЛ Ижроиқўмитаси ҳал қилиши бироз ғалати. Уларнинг тақдири аниқ – биринчи лига. Бундан бошқача бўлиши мумкин эмас, бўлганида ҳам биринчи лигада олий лигага чиқишни хоҳлаган жамоалар билан ўтиш ўйинлари ўтказилиши лозим. Мусобақа аутсайдерлари тақдирини Ижроиқўмита ҳал қилаверса, унда мусобақани шу тартибда ўтказайликки, жамоалар лигадан тушиб кетмасин. Барибир шундай бўлаверар экан. 

Аслида мен олий лигада иштирокчилар сони оширилганига умуман қаршиман. Сабаби, бу футболимизнинг ривожи учун хизмат қилмаслиги айни ҳақиқат. Бундай ишонч билан гапириш нотўғридир, аммо биз ҳам бир неча йиллардан буён футболимизга хизмат қилиб келяпмиз. Ким нимани хоҳлаётганини аллақачон тушиниб етганмиз. Шунинг учун ҳам олий лигада жамоалар сони нафақат 14та, балки 12тага ҳам туширилиши тарафдори эдик. Назаримда бу фикрларимни бошқа ҳамкасбларим ҳам қўллайди, аммо ПФЛ умуман кутилмаган қарорга келди. Хўп, шундай экан, нега унда биринчи лигада 3-4 – ўринларни эгаллаган клублар билан ўтиш турнири ташкил қилинмади? Нега “Андижон” ва “Сўғдиёна” ҳеч қандай шартларсиз олий лигада қолдирилди? ПФЛ ўтиш турнири ўтказмагани ва иштирокчилар сонини оширганининг сабабини тахмин қилиб кўрдим, аммо бунга мажбур қиладиган омилни топа олмадим. Жумладан, иштирокчилар сони оширилгани ОФК талаби билан десак, бу тўғри эмас. Маълум бўлишича, ОФК бундай талабни 2011 йил қўйган. Лекин ҳозирги талаб бошқача: бир мавсумда кубок ўйинлари билан қўшиб ҳисоблаганда клуб 27та ўйин ўтказса кифоя. Бизда айнан шундай ҳолат ҳукмронлик қилаётган эди. Қолаверса, 27та ўйин жамоалар сони оширилиши билан эмас, ўйинлар сони билан ҳисобланар экан. Демак, бу олий лига иштирокчилари сонини оширишга сабаб бўла олмайди. Агар чемпионатда ўйинлар сонини ошиши замон талаби дейдиган бўлсак, иштирокчиларни камайтириш орқали ҳам бунга эришиш мумкин. Бунга мисоллар талайгина. Кўриниб турибдики, ПФЛ буни ҳам ҳисобга олмаган. Айтганимиздек, агар мақсад ўйинлар сони кўпайиши бўлганида чемпионатни уч ёки тўрт даврали тизимда ўтказиб, бунга эриша олардик. Кўриниб турибдики, ПФЛ олий лига иштирокчилари сонини 16тага етказишдан бошқа нарса кўзлаган. 

ПФЛ регламентининг 3-бўлими клубларга қўйилган талаблар учун ажратилган. Мазкур бўлимдаги талабларга назар ташлайдиган бўлсангиз, олий ва биринчи лига жамоалари учун деярли бир хил талаблар қўйилган. 16та талаб орасида фақат иккитасидагина фарқ бор. Биттаси, олий лига клублари қошида аёллар жамоаси бўлиши керак. Бу талаб биринчи лига клубларига тегишли эмас. Иккинчи фарқ, олий лига клубларининг ўз футбол мактаблари бўлиши лозим. Биринчи лига жамоалари эса, БЎСМ ёки футбол мактаблари билан узоқ йиллик шартномаларга эга бўлишса, етарли. Таъкидлаганимиздек, қолган талаблар бир хил. Кўриниб турибдики, биринчи лига жамоаси ўз-ўзидан олий лигага чиқишга лойиқ бўлиши шарт. Битта камчилик бўлиши мумкин, у молиявий ҳолат. Сабаби, иккала лигадаги молиявий ҳолатлар орасида ер билан осмонча фарқ бор. Аниқроғи, тўланадиган маош ва мукофот пуллари бўйича фарқ катта. Аммо ташкилий масалалар борасида муаммо бўлмаслиги шарт. Албатта агар ҳаммаси регламент бўйича бўлса, шундай бўлиши аниқ. Бунинг учун аввало ПФЛнинг ўзи регламентга амал қилиб, талабга жавоб бермаган клубларни мусобақага қўймаслиги керак. Лекин ПФЛ бир неча йиллардан буён бундай йўл тутаётгани йўқ, шунинг учун бўлса керак охирги вақтларда ўзи-ўзини танқидлар ичига ташлади. 

Хўш, унда нега ПФЛ ўтиш турнирларини ташкил қилмади? Биринчи жавоб, бу банд регламентга киритилмаган. Лекин регламентда олий лигадан тушиб кетган клублар келаси йили ҳам кучлилар сафида қатнашиши ҳақидаги банд йўқ. Буни юқорида таъкидлаб ўтдик. Шундай экан, спорт тамойилларига амал қилган ҳолда ўтиш турнири ўтказиш ПФЛнинг ҳурмати ошишига хизмат қиларди. Агар “Сўғдиёна” ва “Андижон” мажбурий равишда олий лигада олиб қолинган тақдирда ҳам ўтиш турнири ўтказилиши мақсадга мувофиқ эди. “Обод” ва “Оқ-тепа” Тошкент клублари, ўзи олий лигада асосан пойтахт жамоалари қатнашади, дейдиган бўлсак, унда олий лига иштирокчиларини бутун Республикага ажратиб чиқайлик. Шунда барчага тенг ҳурматда бўлган бўламиз. Демак, бу ҳам ўтиш турнири ўтказмасликка асос бўла олмайди. “Обод” ва “Оқ-тепа” буни хоҳламади дейлик. Бироқ бу ҳам нотўғри. Биласиз, мен бундан уч ҳафта муқаддам ҳар иккала клуб раҳбарлари билан суҳбатлашдим. Уларнинг ҳар иккиси ҳам жамоа олий лигада иштирок этишга тайёр эканлигини таъкидлади. Ҳатто “Оқ-тепа” раҳбари суҳбат давомида ПФЛга бу борада расмий хат билан чиққанини ҳам айтиб ўтди. Шундай билиш мумкинки, ўтиш турнири ўтказмасликка бу ҳам сабаб бўла олмайди.

Клубларнинг олий лига талабларига мос келадиган стадиони йўқ дейишимизга ҳам асос йўқ. Боиси, регламентнинг 3-бўлим, 3.5-бандида қуйидагилар ёзилган: Расмий учрашувларни ўтказиш учун энг камида 5 минг мухлисни қабул қилишга мўлжалланган стадионга эга бўлиши ёки ижарага олинганлиги ҳақидаги шартномаси бўлиши лозим (стадионнинг ёритгичлари камида 1200 люкс даражада ёритиши керак). 

Биласизми, бу талаб ҳар иккала лига клубларига ҳам тегишлидир. Демак, олий ёки биринчи лигада иштирок этишни истаган жамоалар стадион борасида камида шу талабни бажариб қўйишлари лозим. “Обод” ва “Оқ-тепа”нинг стадионларининг ёритгичлари талабга тўғри келиши мумкин, аммо трибуна борасида бундай дейиш мушкул. Билишимизча, “Оқ-тепа” ўйингоҳи 3 минг мухлисни ўз бағрига сиғдира олади, “Обод”ники эса, 300тага ҳам етмаса керак. Аслида шу ернинг ўзида регламент бузилган. Аммо ПФЛ клубларнинг имкониятидан келиб чиққан ҳолда уларга ёрдам бериб келади. Бироқ бу ҳам ўтиш турнири ўтказмасликка асос бўла олмайди. Боиси, мазкур клубларнинг уй стадионлари талабга тўғри келмаса, регламентдаги талабга кўра, бошқа ўйингоҳларни ижарага олишлари мумкин. Хусусан, Тошкент шаҳри ва вилоятида юқоридаги талабларга мос келадиган стадионлар талайгина топилади. Асосийси, юқоридаги икки клуб олий лигада қатнашишни истаётган экан, нега ПФЛ уларга бундай имкониятни тақдим этмаётгани кишини ажаблантиради. Айтганча, олий лиганинг кўплаб клубларида ҳомий бошқа ташкилот, стадион умуман бошқа ташкилотга қарашли. Буни бир ўрганиб чиққан инсон жуда яхши билади. Яъни, қайсидир маънода клубларни ўз шахсий стадиони йўқ. Шунинг учун қуйи лига жамоаларида олий лига талабларига тўғри келадиган стадион бўлмаслигига ажабланишнинг ҳожати бўлмаса керак. 

Яна бир омилни ПФЛ ўтиш турнири ўтказмаганига сабаб бўлган бўлиши мумкин деб ўйладик, лекин унга ҳам асос топа олмадик. Яъни, “Обод” ва “Оқ-тепа”нинг молиявий ҳолати. Ваҳоланки, бу ҳам тўғри келмайди. Чунки жамоаларнинг бюджети бир-биридан катта фарқ қилиши Европа давлатлари ҳам учрайди. Оддий мисол, Испания чемпионатида “Эспаньол” ёки “Райо Вальекано” сингари клублар охирги марта қачон медаллар учун кураш олиб борганини эслай олмасангиз керак. Ёки жуда қиммат нархларга футболчи сотиб олишганини ҳам билмаймиз. Чунки улар бунга қодир эмас. Аксар чемпионатларда молиявий томондан бақувват бўлган клублар чемпионлик учун курашади ва йирик трансферларни амалга оширади. Шунинг учун ҳам иштирокчиларнинг бюджетлари орасидаги фарқ бўлиши табиий. Демак, клуб молиявий томондан бақувват бўлмаса ҳам ПФЛ талабларини бажарса ҳамда футболчиларга белгиланган маошларни ўз вақтида берса, шунинг ўзиёқ уни мусобақада иштирок этишига замин яратади. Чемпионат савиясини ошириш учун жамоаларнинг молиявий имкониятини яхшилашдан кўра, келишилган ўйинларга қарши жиддий кураш олиб борган маъқул. Акс ҳолда ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Бу энди бошқа масала.

Айтганча, билишимизча, олий лига клублари ПФЛга мавсум аввалида йиллик сметани тақдим қилмайди. Чунки улар бунга мажбур эмас. Шунчаки, ҳомий ташкилотлар жамоани олий лигада қатнашишига молиявий томондан ёрдам бериши борасида кафолат хати беради. Аммо айтингчи, шундай ҳолатда ҳам қайси жамоаларимиз молиявий муаммоларга дуч келаётгани йўқ? “Андижон” ва “Сўғдиёна”ни қўйиб турайлик, улардаги молиявий муаммони оддий мухлис ҳам билади. Футболчилар шу даражага чиқишдики, ийманмасдан, ўзбекчиликни бир четга суришиб, пулларини ола олишмаётганини бемалол гапиришмоқда. Уларни ҳам тўғри тушунамиз. Чунки ёлғонлар уларни ҳам тўйдириб юборган. Хўш, қани ўша кафолат хатларини самараси? Регламентга кўра олий лигадан тушиб кетмаган бошқа клубларда қанча муаммо борлиги ҳозир ҳам ҳеч кимга сир эмас?! Шундай экан, “Обод” ва “Оқ-тепа”нинг йиллик сметаси миллиард-миллард бўлмаслиги ўтиш турнири ўтказмасликка асос бўла олмайди. Биламиз, уларнинг ҳар иккаласи ҳам хусусий жамоа саналади. Регламентнинг 3-бўлими аввалида қуйидагича ёзиб қўйилган: Олий ва биринчи лигада иштирок этадиган клублари хусусий ҳам бўлиши ёки қайсидир ташкилотга қарашли ҳам бўлиши мумкин.

Кўриниб турибдики, регламентга кўра, ҳар иккала клуб ҳам олий лигада иштирок этиши мумкин. Албатта биз тўғридан-тўғри деяётганимиз йўқ, ўтиш турнири орқали. Гап бу ерда уларнинг пули камлиги-ю ёки стадиони йўқлигида эмас. Ҳар иккала муаммони ҳам ҳал қилса бўлади. Хусусий клублар эканлигидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, мазкур жамоалар бошқаларга нисбатан футболчиларга н камроқ маош тўлашади, лекин барқарорликни сақлаб қолишларига ишониш мумкин. Айтганимиздек, гап пулда эмас, уни тўғри сарфлашда. ПФЛ клубларнинг ҳомийларидан кафолат хати сўраганидан кўра, молиявий фейр-плейни йўлга қўйса, нимагадир эришиши мумкин. Хусусий клублар давлат бюджетидан маблағ сарфламайди. Табиийки, ўзининг чўнтагидан пул сарфлаётганида барча жиҳатларни эътиборга олади. Ўз-ўзидан молиявий тартиб юзага келади. Майли, катта-катта суммадаги маблағлар олиб юрган ўйинчилар бу клубларда ўйнамасин, лекин ўзининг содиқ футболчилари билан ҳам мусобақада қатнашаверади. Бу содиқ ўйинчилар кеча олган 100 сўмига яна 100 қўшиб берса ҳам ўйнайверади. Улар олий лигада ўйнаяпмиз, деб 1000 сўм талаб қилмайди. Қайсидир маънода ҳар иккала клубни ҳам яқиндан билганим боис, шундай деяпман. 

Биласизми, олий лигага хусусий клублар кириб бориши мусобақанинг қони янгиланишига замин яратарди. Молиявий томондан тортиб, бошқарув тизимигача. Давлат бюджети ҳисобига кун кўраётган клубларимизнинг бугунги мақсади нима эканлигини тушуниб етганимизга анча бўлди. Шундай экан, хусусий жамоаларга ҳам имконият берсак мақсадга мувофиқ бўларди. 

Эртага қуръа – “Суғур куни!”
Эртага олий лигага қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Катта эҳтимол билан тадбир қуйидагича кўриниш олади. Фарҳод Магометов йиғилишни кириш сўзи билан очиб беради. Ўтган мавсумнинг бизга ёд бўлган статистик маълумотлари билан таништиради. Шу аснода клуб расмийларини жиддий тарзда танқид қилади. Кейинги йил талабларимизни кучайтирамиз дейди. Кейин ОАВ ва клуб расмийларидан савол сўрайди. Сўнги ПФЛ етакчи мутахассиси Валерий Лёткин Бергер тизими бўйича ўтказиладиган қуръа ташлаш шартларини тушунтириб беради. Бир неча йиллардан буён бир хил тартиб, бошқача айтганда “Суғур куни”! Қуръа ташлаш маросимлари ҳар доим бир хил тартибда ўтказилавергани боис, ёд бўлиб кетган. Бир хил кун такрорланаётганга ўхшайди. Бу ерда битта нарса фарқ қилиши мумкин. Аввалги қуръа маросимларидан фарқли равишда ОАВ бу сафар Фарҳод Абдуалиевичдан иштирокчилар сонини 16тага етказилганининг асосини сўраши мумкин. ПФЛ раҳбарининг бунга қандай асоси борлигини билмадимку, лекин барибир ўзини оқлаб, вазиятдан чиқиб кетишини тахмин қилса бўлади. Икки йил олдинги қуръа маросимида бир ҳамкасбимиз “қачон олий лигада жамоалар сони кўпаяди”, деган саволга Фарҳод Абдуалиевич “сизлар “Шўртан” ва “Гулистон”да бўлган ишларни билмайсизларда, мен ичидан биламан, шунинг учун биз ҳали иштирокчилар сонини оширишга тайёр эмасмиз”, дея жавоб қайтарганди. Қизиқ, “Андижон” билан “Сўғдиёна” ҳам молиявий муаммоларга ўралашиб ётган бўлса, ПФЛ қандай қилиб, жамоалар сонини оширишга қарор қилди? Бунга қандай асоси бор экан. Эртага шуни асослаб беришга ҳаракат қиладиган кишининг маърузаси қуръа маросимини “суғур куни” бўлиб қолмаслигига ёрдам бериши мумкин. Қолгани бир хил бўлади. Катта эҳтимол билан келаси йилги қуръа маросимлари ҳам шундай тартибда ўтиб кетади. Футболимизнинг ривожи учун бошқача ёндошув бўлмас экан, ПФЛ танқидлар остида қолиб кетаверади. Қуръа маросимларини “суғур куни”дек ўтказиб юбораверади. 

Фурқатбек НИШОНОВ

Манба: www.arena.uz
Киритилди: 00:18, 17.12.2014.
Ўқилди: 9155 марта.
Фикрлар: 39 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.