Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Осиёда ЖЧ-2018 ва ОК-2019 саралашининг бирлаштирилиши: Кимга фойда-ю, кимга...

Баҳо:
+ | -

ОФК  навбатдаги жаҳон чемпионати ва Осиё кубоги-2019 учун ўтказиладиган саралаш борасида катта ўзгариш қилди. Энди бу мусобақалар йўлланмалари учун кечадиган саралаш алоҳида турнир сифатида эмас, яхлит кўринишда ташкил этилади. Бундан хабарингиз бор, албатта. Келинг, аввало, янги формат хусусида гаплашиб олсак.

ЯНГИ ФОРМАТ

Аслида буни тушуниб олиш унчалик қийин эмас. Янги нарса ҳар доим мураккаб ва тушунарсиз кўринади. Аммо ОФК томонидан татбиқ этилаётган янгиликнинг ҳеч қандай тушунарсиз томони йўқ. Шунчаки, 2та саралаш мусобақаси бирлаштирилди, холос. Унга кўра, рейтинг жиҳатидан энг кучсиз термалар биринчи босқичда ўзаро ҳисоб-китоб қилиб оладилар ва иккинчи раундда 40та жамоа ўйнайди. Агарда кучсиз терма жамоалар саралашда иштирок этишдан маъно кўрмасалар, биринчи босқич ўтказилмай қолиши ҳам мумкин. Муҳими, иккинчи раундда 40 жамоа иштирок этса, бас. Қолаверса, бунинг биз учун қизиқ томони ҳам йўқ, чунки Ўзбекистон термаси барибир, биринчи босқичда қатнашмайди. Ўрнимиз баланд бизнинг.

Хўп, майли, давом этайлик. Саралашнинг иккинчи босқичида 40та жамоа 8та гуруҳга ажратилади. Демак, ҳар бир гуруҳга 5тадан жамоа тушади. Раунд якунида 1-ўринни эгаллаган жамоа Осиё кубогига тўғридан-тўғри йўл олади. Ғолиблар билан бир қаторда энг яхши натижага эришган 4та 2-ўрин соҳиби ҳам қитъа биринчилигида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Шу тариқа Осиё кубоги йўлланмасига эга бўлганлар сони 12тага етади. Айнан шу жамоалар жаҳон чемпионатига бориш учун курашишда давом этадилар. Қолганлар эса яна гуруҳларга бўлиниш асосида Осиё кубогининг қолган 12та чиптасини талашадилар. Аммо улар ЖЧ йўлланмасидан батамом умид узадилар.

Осиё кубоги йўлланмасини нақд қилиб қўйган жамоалар эса икки гуруҳга бўлиниб, мундиал учун «жанг» бошлайдилар. Буниси энди 3-босқич ҳисобланади. Гуруҳларда 6тадан жамоа ўйнайди ва якунда 1-2-ўринни олганлар ЖЧ-2018 йўлланмасига эга бўладилар. 3-ўрин соҳиблари эса ўзаро ҳисоб-китоб қиладилар ва ғолиб чиққан жамоа яримта чиптани бутун қилиш учун ўзга қитъа вакили билан кураш олиб бориши лозим.

Бўлди. Кўриб турганингиздек, бу форматнинг ҳеч қандай мураккаб томони йўқ. Аммо янги тизим ўзбек футболи учун қай даражада фойда ёки зарар эканлиги борасида истаганча баҳслашиш мумкин. Келинг, бунисини энди алоҳида кўриб чиқамиз.

ФОЙДАЛИ ЖИҲАТ

Аслида тан олиш лозим, Осиё кубоги учун ўтказилаётган саралаш мусобақалари Ўзбекистон терма жамоаси учун керак эмасди. Чунки саралашда иштирок этаётган жамоалар ўртасидаги фарқ ўта катталиги сабабли, ўйинлар мухлисларда етарли қизиқиш уйғотмаётганди. Масалан, 2015 йилги Осиё кубоги йўлланмаси учун терма жамоамиз БАА, Гонконг ва Вьетнам билан бир гуруҳда кураш олиб борди. Бу рақиблар ичида фақат БАА жиддий эканини кўриш мумкин. Аммо қитъа биринчилиги учун 2та жамоага йўлланма берилганини инобатга олсак, бу борада ҳар қандай «интрига» йўққа чиққанини тезда англаймиз. Гонконгликлар минг чиранмасинлар, дурангдан нарига ўтолмадилар. Шунда ҳам 11 футболчи билан ҳимояга ётиб олиб... Жавоб ўйинида эса барибир, мағлубиятга учрашди. Шундай экан, бундай саралашнинг боридан йўғи яхши эмасми?

Бу борада фақат «С» гуруҳини истисно қилиш мумкин. Ундан Саудия Арабистони, Ироқ, Хитой ва Индонезия  термалари ўрин олишганди ва якунда охирги иккиси Осиё кубогидан мосуво бўлди. Тан олиш лозим, шу гуруҳда ўйинлар анча шиддатли кўриниш олди. Аммо бу камёб ҳолат эканини инобатга олсак, ОФКнинг янги форматини фақат маъқуллаш мумкин. Ўзбек мухлиси учун Осиё кубоги саралашига нисбатан охирги чинакам қизиқиш 1995 йили Тожикистон термасига қарши кечган жавоб ўйинида кузатилганди. Ёдингиздами, ўша йили Яман термаси саралашда иштирок этишдан бош тортгани сабабли, бизнинг гуруҳга ажратилган ягона йўлланма тақдири Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро учрашувлар натижасига кўра, ҳал қилинганди. Ўзбекистон термаси Душанбега иккинчи таркиб билан борган ва кутилмаганда, 0:4 ҳисобида мағлуб бўлиб қайтганди. Жавоб учрашувида эса жамоамиз 5:0 кўринишида ғалабага эришиб, қитъа биринчилиги йўлланмасини қўлга киритганди. Ўша ўйинда нималар бўлиб кетганини ҳали-вери унутмасак керак. Шундан буён Осиё кубоги саралаш ўйинида стадион тўлганини деярли кўрмадик. Шундай экан, бу мусобақа учун саралаш амалда тугатилгани тўғри қарор эканлигини айтиш мумкин.

ЗАРАР

Осиё кубоги саралаши бекор қилингани фақат бир томондан зарар келтириши мумкин - энди терма жамоамиз қўшимча 6та расмий ўйиндан маҳрум. Бу учрашувлар жамоа ўйинининг шаклланишида қўл келаётганди. Масалан, 2013 йил баҳорида ўтказилган Осиё кубоги саралаши мундиал квалификациясининг муҳим ўйинлари олдидан анча қўл келганди. Ёдингизда бўлса, ўшанда Миржалол Қосимов Осиё кубоги саралашидан тажриба мақсадида фойдаланишини очиқ айтганди.

Энди терма жамоамиз бундай қилолмайди ва мундиал учун курашга бирдан киришишига тўғри келади. Чунки ЖЧ ва Осиё кубоги саралашини иккинчи босқичдан дарҳол бошлаймиз ва табиийки, анча-мунча кучли жамоаларга қарши ўйнашимизга тўғри келиши мумкин. Ўзи шундоқ ҳам ўртоқлик ўйинлари муаммо саналган вақт терма жамоа футболчиларининг ўйин амалиётисиз қолишлари чатоқ-да...

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 13:10, 24.12.2014.
Ўқилди: 8641 марта.
Фикрлар: 13 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.