Кириш Регистрация

2014 йилда фаолиятига якун ясаган футболчилар. ТОП-5

Баҳо:
+ | -

2014 йил ҳам якунига етиб бормоқда. Ортда қолаётган йил футбол оламида ажойиб воқеа-ю ҳодисаларга бой бўлди.

Айниқса, йил якунига келиб бир қатор футболчилар ўз фаолиятларига якун ясашга қарор қилишди. Уларнинг миллионлаб футбол ишқибозларига олам-олам шодлик улашишганини инобатга олган ҳолда кимлар бу йил ўйинчилик карьерасини тугатганини бир ёдингизга солишга қарор қилдик.  

1. Тьерри Анри
Ушбу француз футболчисининг жаҳон футболи ривожига қўшган ҳиссасини тавсифлаш учун бутун бошли мақола ҳам етмайди. Анри футболчилик фаолияти давомида “Монако”, “Барселона”, “Ювентус” каби буюк жамоалар шарафини ҳимоя қилишга муваффақ бўлди. Аммо уни деярли бутун дунё айнан “Арсенал” сафида кўрсатган қойилмақом ўйинлари билан ёдга олади. Француз футболи тарихига ўз номини зархал ҳарфлар билан битиб қўйишга муваффақ бўлган Анрининг илк профессионал клуби “Монако” бўлганди. Таъкидлаш жоиз-ки, айнан ушбу жамоа сафида у ўзининг “иккинчи отаси” — Арсен Венгер билан танишганди. Кейинчалик уларнинг тақдирлари яна туташди. Қаердалигини эса ўзингиз жуда яхши биласиз.

“Канонир”лар сафига бориб қўшилган Анри тезда ушбу жамоанинг “юраги”га айланишни уддалайди. Мазкур клуб сафида ажойиб 8 мавсумни ўтказган Тьерри “тўпчилар” жамоаси рамзига айланишга эришади. Унинг қойилмақом ҳаракатлари, тўп билан “тил топиша олиш” ва гол сезиш қобилияти Анрига оламшумул машҳурлик тақдим қилади. Аммо у Чемпионлар лигасида ғалаба қозонишни жуда ҳам истарди. Анрининг ушбу орзуси “Барселона” сафига кўчиб ўтгач амалга ошади. Мазкур клуб сафида ҳам муқобил ўйин кўрсатишда давом этган футболчи кейинчалик океан ортига равона бўлди.

У ерда “Нью-Йорк Ред Буллз” жамоаси учун ўйнаган Анри бу йил ўз фаолиятини якунлашга қарор қилди. Нима ҳам дея олардик?! Унинг кўрсатган ажойиб ўйинлари миллионлаб футбол ихлосмандлари қалбидан жой олганини ва мухлислар уни соғинишларини таъкидлашимиз мумкин. Унинг янги иши – телеэкспертликда эса Анрига омад тилаймиз!
 
2. Хуан Себастьян Верон
Верон – футбол тарихидаги энг ажойиб футболчилардан бири. Ҳа, кўпчилик унинг “Манчестер Юнайтед”да унчалик омади юришмаганини таъкидлайди, аммо Верон ўзи ўйнаган бошқа клубларнинг ҳаммасида жамоа етакчисига айлана олганди. Аргентиналик футболчи 28 миллион фунт эвазига “қизил иблислар” сафига кўчиб ўтганди. Инглиз жамоаси ва мухлислари Верондан жуда кўп нарса кутишганди. Аммо ўз ички оламини ўзи ҳам яхши тушунамаган чарм тўп устаси туманли Альбионда ўзини кўрсата олмайди. Аммо бундай ҳолат ҳар қандай футболчи билан содир бўлиши мумкин-ку!
Ахир Хуан Верон Аргентина ва Италия чемпионатларида энг кўзга кўринган ва мухлисларнинг доимий эътиборида турган футболчи эди. У бажарган жарима тўплари, узоқ масофага амалга оширилган тўп узатмалар ҳар қандай мухлис-у мутахассисга ёқарди. Фаолияти давомида жуда кўплаб жамоалар шарафини ҳимоя қилган Хуан Верон сўнгги вақтларда ўзининг қадрдон “Эстудиантес” жамоасида ўйнаб келаётганди. Аммо у ушбу мавсум ўз карьерасига якун ясашга қарор қилди. Эндиликда қардон клубига президентлик қилаётган Верон футболдан бутунлай кетгани йўқ.
 
3. Жуниньо Пернамбукано
Жуниньо ҳақида ортиқча гапиришга ҳожат йўқ. Роберто Карлос, Бекхэм, Роналдиньо, Криштиану Роналду ва бошқа “усталар”ни ҳурмат қилган ҳолда айтишимиз мумкин-ки, Жуниньо жарима тўпларини ижро этиш борасида ҳар кимга “дарс бериш”га қодир футболчи эди. Жаҳон футбол аҳли бразилиялик оғир-босиқ, аммо футбол майдонида ҳақиқий жангчи қиёфасида намоён бўлган ўйинчи томонидан қойилмақом тарзда амалга оширилган стандарт вазиятларни тез-тез ёдга олиб туради. Бунга шубҳа йўқ. Фаолиятининг асосий қисмини “Лион”га чин маънода “бахшида этган”  Жуниньо француз клубининг йўлбошчиси эди. Унинг етакчилигида “Лион” ҳар қандай гранд клуб учун ҳам “бош оғриғи” бўларди. Аммо Жуниньонинг кўп йиллик меҳнатларини қадрламаган мазкур жамоа у билан шартномани узайтирмади. Камтар ва ножўя сўзлар ишлатмайдиган Жуниньо эса вазиятни тушунди ва кетди.

Аммо бразилиялик юксак иқтидор эгаси кетгач, “Лион” Францияда ўртамиёнага айланиб қолди. Шундай бўлгандан кейингина клуб раҳбарияти Жуниньонинг жамоада тутган ўрни қандай бўлганини тушунди, назаримизда. Бир статистик маълумотни эътиборингизга ҳавола этсак: Жуниньо Пернамбукано “Лион”да ўйнаган пайти жамоа киритган умумий голларнинг 44%ида ушбу футболчининг хизматлари беқиёс бўлгани диққатга сазовордир. Бу эса Жуниньонинг нақадар юксак истеъдодга эга эканини исботлайди. Ҳозирда фаолиятини тугатган бразилиялик шунчаки футболдан дам олиш билан банд.

Аммо унинг тез орада яна “миллионлар ўйини”га қандайдир вазифада қайтишини тахмин қилсак бўлади. Балки у “Лион”га устозлик қилиб, жамоани яна кучлилар сафига қайтарар!..
 
4. Габриэль Хайнце
Яна бир аргентиналик футболчилик фаолиятини тугатди. Хайнце карьераси давомида деярли барча “кучли бешлик” чемпионатларида ўйнашга улгурди, фақат немис Бундеслигасини ҳисобга олмаганда. Кўхна қитъанинг кўплаб гранд жамоаларида ўйнашга муваффақ бўлган Хайнце фаолияти давомида турли хил соврин-у унвонларга эга чиққан. Тўғри, Габриэль Хайнце “Реал” ёки “МЮ”да етакчи футболчилардан бўлмаганди. Аммо у ҳар доим жамоасига керакли вазиятларда наф келтира олган. Лекин терма жамоада у чин маънода етакчилардан бири эди. Одатда ишончли ҳимоячиларга ёлчимайдиган Аргентина терма жамоаси сафида ҳимоя қўрғонининг метин аъзоси бўлган Габриэлни аргентиналик мухлислар жуда ҳам севишарди. Хайнце футболга илк қадамларини қўйган “Ньюэллс Олд Бойз” жамоасида футболчилик фаолиятини якунлади.
 
5. Харри Кьюэлл
“Лидс Юнайтед”нинг аср бошидаги ажойиб ўйинларини эслай оласизми? Унинг таркибидаги иқтидорли футболчиларни-чи?! Австралиялик Харри Кьюэлл ана шундай ўйинчилардан бири эди. “Лидс” сафида ёрқин ўйин намойиш этган Кьюэлл ўша пайтдаёқ кўпчиликнинг эътиборини ўзига қарата олганди. Аммо жамоаси худди “Титаник” каби чўка бошлагач, футболчи “Ливерпул”дан қўним топди. Дастлаб мазкур клуб сафида яхши ўйнай бошлаган Кьюэлл кейинчалик асосий таркибдаги ўрнини йўқотиб қўйди. Сабаби уни жароҳатлар доимий таъқиб қиларди. Бу эса футболчининг ўйинига таъсир кўрсатди.

Кейинчалик футболчи Англияни тарк этиб, Туркия, Қатар чемпионатларида ўз омадини синаб кўради. Сўнгги йилда ўз юртида “Мельбурн Харт” шарафини ҳимоя қилган Кьюэлл ҳам футболчилик фаолиятини якунлади.

Зоҳир Акрамхонов.

Манба: www.sports.uz
Киритилди: 22:57, 26.12.2014.
Ўқилди: 5072 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.