Нидерландия Қироллик футбол уюшмаси ўйин давомида ўзини селфи услубида суратга олган футболчиларни сариқ карточка билан жазоланиши ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда “Telegraaf” нашри хабар берди.
“Ўйинчилар бундай ҳолатда сариқ карточка билан жазоланишларини билишлари керак. Ҳамма ўз ҳиссиётларини намоён қилиш ҳуқуқига эга, бироқ бундай хатти-ҳаракат ўйин суръатига таъсир қилади”, – деб айтди футбол уюшмаси вакили.
Мамлакат футбол уюшмаси раҳбарларининг фикрича, селфи ўйинни бироз чўзишга бўлган ҳаракатдек қабул қилинади ва ўзини кўрсатган ўйинчи огоҳлантириш билан жазоланади.
Бундай қарорга келинишига 12 январь куни Италия А сериясида “Рома” ва “Лацио” ўртасидаги учрашувдаги бўлиб ўтган воқеа сабаб бўлди. Ўша учрашувда Римнинг “Рома” жамоаси сардори Франческо Тотти “Лацио” дарвозасига гол ургандан кейин, мобиль телефон олиб, ўзини мухлислар билан бирга суратга олган эди.