Ўзбекистон футбол федерацияси 1994 йилдан ФИФА ва ОФК аъзоси ҳисобланиб, миллий терма жамоамиз шу кунгача Осиё кубоги ва Жаҳон чемпионати саралашида муносиб қатнашиб келмоқда. 1996 йилдан бошлаб эса Осиё кубоги финал босқичида иштирок этиб келмоқда. Бу қувонарли ҳол, албатта. Аммо, жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиш масаласи энди Россияда ўтадиган навбатдаги мундиалга қолгани, биз ўзбекистонлик мухлисларни ранжитгани бор гап. Ҳа, майли-да, унгача ҳар ким ўз иши билан банд бўлиб турганимиз маъқулдир, балким…
Интернетдан олинган маълумотларга таянадиган бўлсак, 2018 йилда Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида тарихда илк марта ФИФА таркибидаги барча 208 мамлакат миллий терма жамоалари саралашда қатнашиш учун ариза топширгани маълум бўлган. Улар кейинги 2 йил давомида 31та йўлланма учун кураш олиб боришади. Ташкилотнинг 209 аъзоси Россия эса, ҳар галгидек мезбон сифатида саралаш босқичидан озод этилган.
Осиё Футбол Конфедерацияси ЖЧ-2018 саралаш баҳслари механизмига бир қатор ўзгартиришлар киритгани ва унга кўра ЖЧ-2018 ва ОК-2019 саралаш баҳслари бирлаштирилгани ҳақидаги хабарни ўқиган эдим. Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2018 саралашини 2-босқичдан бошлайди. Мени қизиқтираётган нарса, бу албатта қуръа натижаси. Нега деганда, бизга ким рақиб бўлишидан қаътий назар, буёғига энди «Оқ бўриларнинг бир вақтнинг ўзида иккита қуённи овлаш» вақти келди. Сабаби эса барчага маълум.
1994 йилдан миллий терма жамоамиз Осиё кубоги ва Жаҳон чемпионати саралашида қатнашиб, шу кунгача Осиёнинг 33та терма жамоаси билан учрашган экан. Уларнинг номларини келтириб ўтишни ҳожати йўқ, менимча. Лекин, ҳалигача биз билан рақиб бўлмаган терма жамоалар ҳақида бир оз тўхталиб, уларнинг номларини келтириб ўтмасам бўлмас, ҳар қалай бизга “сирли” жамоалар-да!.
Булар - Афғонистон, Покистон, Бутан, Бруней, Непал, Гуам, Лаос, Макао, Мьянмар, Филиппин, Шарқий Тимор ва Мальдив ороллари. Балким, ушбу жамоалардан бир-иккитаси бу сафарги қуръа натижасига кўра биз билан рақиб бўлиб қолар, ким билади дейсиз. Сабаби саралашнинг иккинчи босқичида 40та жамоа 8та гуруҳга ажратилиб, ҳар бир гуруҳда 5тадан жамоа иштирок этишини ҳисобга олсак, юқорида номлари келтирилган “сирли” жамоалардан бири гуруҳимизга тушиб қолса, бизга “бош оғриқ” бўлиши эҳтимоли бор. Чунки, ҳозирги замонавий футболда ҳар қандай рақибни ҳурмат қилиш вақти келди. Бунга мисол - охирги Осиё кубогида ўзининг дебютини ўтказган Фаластин термасининг ўзи кифоя.
UZBEKISTONIM никли мухлис