Италиянинг “Парма” жамоаси футболчилари кейинги турда, сафарда “Женоа” жамоасига қарши ўтказиладиган учрашувга йўл машиналарида боришади. Раҳбарият бу ўйинга футболчиларни жўнатиш учун автобус топиб бера олмаган. Бу ҳақда жамоа сардори Александро Лукареллига асосланиб Reuters хабар берди.
“Жорий мавсумда раҳбарият билан 4 марта учрашдим ва бу масалани ҳал қилишга уриндим. Охирги учрашувимиздан кейин мен, Генуя билан ўйнай олмасак керак деб ўйладим. Лекин биз бугун жамоадошларим билан ўйинга тайёргарлик ўтказдик, 1 март куни биз ўйинни ўтказиш учун ўз ҳисобимиздан 5-6 машина ёллаб, Генуяга борамиз”, – дейди Александро Лукарелли.
Эслатиб ўтамиз, Италия чемпионатининг 24 турида “Парма”нинг “Удинезе” билан ўтказиши керак бўлган ўйини, мезбонларда юзага келган молиявий муаммо туфайли қолдирилган эди. Италия Футбол федерацияси бу жамоа мавсумни якунлаб олиши учун 5 млн евро ёрдам пули ажратишни режалаштирмоқда.