Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

“Фронт ортидаги ҳарбийлар” ёхуд шифокор Марат Хузияхметов билан суҳбат

Баҳо:
+ | -

Футболда шундай соҳа вакиллари борки, миллионлар ўйинининг ривожи учун катта ҳисса қўшса-да, меҳнатлари омманинг эътиборига тушмайди. Лекин улар меҳнат қилишда давом этаверишади. Худди фронт ортидаги меҳнаткашлар сингари. Бугун шундай инсонларнинг бири билан уюштирган суҳбатимизни тақдим қиламиз. Александр Мочинов мураббийлигидаги ўсмирлар, Миржалол Қосимов мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоасида массажчи-физиотерапевт лавозимида фаолият кўрсатган ва кўрсатаётган Марат Хузияхметов бир неча йиллардан буён ўзбек футболида меҳнат қилиб келмоқда. Футболчиларимизнинг ютуқларида бу инсоннинг ҳам хизмати борлигини инобатга олган ҳолда суҳбатлашдик. Даставвал, Марат ака фаолияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.

- Болалигимдан футболга ошно тутинганман. Ёшлигимда “Старт” жамоасида тўп сурганман. Футболчилик давримда марказий ярим ҳимоячи амплуасида ҳаракат қилардим. Тошкент Ирригация ва Мелорация институтида таҳсил олиш жараёнида даргоҳ жамоасида ҳам тўп сурганман. 1984 йил институтдаги ўқишимни тамомлагач йўлланма бўйича Россияга ишлаш учун жўнаб кетдим. У ердаги уч йиллик фаолиятимдан сўнг 1987 йил юртимизга қайтиб, “Авиастроител” жамоаси шарафини ҳам ҳимоя қилдим. Клуб ўша вақтларда Ўзбекистон чемпионатида иштирок этарди. Биз МДҲ давлатлари бўйлаб қатор халқаро мусобақаларга борганмиз. Хусусан, Болтиқ бўйи мамлакатлари – Эстония, Латвия, Литваларда бўлиб, турнирларда қатнашганмиз. Бутсаларимни михга илгач бир неча йил футболдан узоқда юрдим. 2000 йилга келиб, массаж курсларида таҳсил олдим ва 2001 йил Эдгар Гесс мураббийлигидаги Олма Отанинг “Цесна” клубида массажчи-шифокор бўлиб ишладим. Ўшанда биз биринчи лигадан олий лигага чиқишни уддалагандик. Жамоа олий лигага чиққач, номини “Олма Ота”га ўзгартирди. Ёдингизда бўлса, бу клубда тўпурар ҳужумчимиз Жаъфар Ирисметов ҳам тўп сурганди. Кейин Тошкентда “Ардус” мини-футбол жамоасида ишлаб, футболчилар билан бир қаторда кўплаб совринларга эга чиқдим. Шундан сўнг “Машъал-Академия” ва бош жамоасида фаолият кўрсатдим. Клубдан кетганимдан кейин орада бироз танаффус бўлди. 2014 йилнинг июль ойида Терма жамоалар маркази билан шартнома имзолаб, даставвал 1998 йилда туғилган болалардан иборат Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида шифокорлик қилдим. Терма жамоа билан Таиландда ташкил этилган қитъа биринчилигида қатнашдик. Гарчи гуруҳдан чиқиш вазифасини бажарган бўлсак-да, чорак финалда Сурияга ютқазиб қўйдик. Ўсмирлар термаси тугатилгач, миллий терма жамоага массажчи-физиотерапевт лавозимига қабул қилиндим.    

- Массажчи-физиотерапевт ва шифокор бўлиб ишлашингиз учун тегишли лицензияни олганмисиз?
- Албатта. ЎФФ қошидаги “Футбол-МЕД” тиббий марказининг тегишли лицензиясига эгаман. Қолаверса, Қозоғистонда ва юртимизда тиббиётга доир билимларимни оширганман. Қисқаси, шифокорлик қилиш учун қўлимда учта диплом бор. Бундан ташқари, игна билан даволаш бўйича махсус курсларда ҳам таҳсил олганман.

- Футболчилар машғулотлар орқали навбатдаги учрашувларга тайёргарлик кўради. Шифокорларчи? Улар қай тартибда ўзларининг савиясини ошириб боришади?
- Спорт тиббиётига доир китобларни ўқиймиз. Малакамизни оширишга хизмат қиладиган барча янгиликлардан бохабар бўлиб боришга ҳаракат қиламиз. Зеро, бошқа соҳаларда бўлгани сингари спорт тиббиётида ҳам йилдан-йилга янгиликлар бўлмоқда. Хусусан, даволаш учун янгидан-янги дорилар ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Биз буни билишимиз керак. Билганда ҳам уларни тезроқ амалиётда синаб, футболчиларга зарурини танлаб олишимиз зарур. Қолаверса, бўш вақтларимизда бошқа клубларда ишлайдиган ҳамкасбларимиз билан ҳам гаплашиб, ишларимизда юз бераётган воқеаларни ўртага ташлаб муҳокама қиламиз. Боиси, бу ҳам билимларимизни ошишига хизмат қилади. Биласиз, кўпчиликдан кўп фикр чиқади. ЎФФдан шифокор, массажчиларга янада эътиборли бўлиб, уларни иложи борича хорижга малага оширишлари учун жўнатишларини сўраб қолардим. Сабаби, Европада малака оширилса, бу футболимизнинг ютуғига ҳам айланади. 

- Бошқа клублардаги ҳамкасбларингиз билан алоқа қай даражада?
- Барча билан яқин муносабатдамиз. Юқорида таъкидлаганимдек, ҳар хил масалаларни муҳокама қиламиз. Табиийки, бунда кўпчиликдан ҳар хил фикр чиқиб, ўсишга эришилади. Мен кўпроқ “Бунёдкор”даги ҳамкасбларим билан гаплашиб тураман. Керак бўлса, футболчиларни уларнинг олдига маслаҳат олишлари учун жўнатаман. 

Тошкент Тиббиёт академиясида “Спорт тиббиёти” кафедраси очилган. Келажакда нафақат футболга, балки спортнинг бошқа турлари бўйича ҳам ушбу кафедрадан кучли шифокорлар етишиб чиқиши мақсадида шундай йўл тутилган. 

Агар клубларимиз тиббиётнинг замонавий технологияларини сотиб олишса, бу нафақат уларнинг, балки футболимизнинг ҳам ютуғига айланган бўларди. Чунки бу орқали футболчиларини мавсумга соғлом тайёрлаш имкониятларини кенгайтиришарди. Зеро, бу бугунги кун футболида муҳим аҳамият касб этади.

- “Футбол-МЕД” тиббий маркази бир йилда икки марта олий ва биринчи  лига клублари аъзоларини кўрикдан ўтказади. Бу қанчалик зарур деб ўйлайсиз?
- Бу нафақат зарур, балки керак, деб ўйлайман. Боиси, спортчи ҳар доим соғлом бўлиши лозим. Акс ҳолда юқори натижаларга эришиб бўлмайди. Қолаверса, ҳар хил кўнгилсизларнинг ҳам олди олинади. Тез орада “Спорт тиббиёти” маркази ишга тушади. Миллий олимпия қўмитаси билан бир бинода фаолият кўрсатадиган мазкур марказда спортнинг барча турларида фаолият кўрсатадиган спортчилар кўрикдан ўтказилади. Марказга замонавий технологиялар олиб келиниши режалаштирилган. ЎФФ ва Олимпия қўмитаси президенти Мираброр Усмонов таъкидлаганларидек, марказга хорижлик мутахассислар ҳам келиб, ишлаб, керак бўлса, малакасини ҳам ошириб кетишлари мумкин. Чунки бундай марказ дунёнинг барча давлатлари ҳам йўқ.

“Футбол-МЕД” маркази биз шифокорларга беш йиллик рухсатнома беради. Шуни уч йилга туширишлари тарафдориман. Сабаби, айтганимдек, тиббиётда йилдан-йилга ўзгаришлар бўлмоқда. Шундай экан, кўпроқ ўқиб-ўрганиш зарур. Бу борада марказ ўтказадиган семинарлар ҳам асқотади. Яна бир гап: бизда физиотерапевт курслари йўқ. Ваҳоланки, бу ҳам алоҳида йўналиш. Клубларимизда массажчи физиотерапевтлик қилади. Аслида булар бир-биридан тубдан фарқ қилади. 

- Терма жамоадаги асосий вазифангиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Яъни, физиотерапевт нимага жавоб беради?
- Асосий вазифамиз футболчиларни ўйиндан-ўйинга жисмоний тарафдан яхши тикланишини таъминлашдир. Яъни, футболчилар ўзларида қандайдир оғриқ сезишса, биз шифо берадиган массаж курсларини ўтказамиз. Бошқа даволаш курсларидан ҳам фойдаланамиз. Қисқаси, вазифамиз футболчиларни учрашувдан-учрашувга тез тиклашдир. 

- Сизлардан фарқли равишда бош шифокор нимага жавоб беради?
- Шифокор умумий ҳолатга масъул. Аниқроқ тушунтирадиган бўлсам, футболчиларнинг овқатланиш тартиби, яъни, чой, сув, таомлар таркиби, допинг назорати, ўйинчини майдонга тушишига рухсат бериш бош шифокорнинг ваколатига киради. 

- Массажчи билан физиотерапевт бирга тилга олинадими ёки ҳар иккаласини орасида фарқ борми?
- Бир хил деса ҳам бўлаверади. Айрим жойларда бу иккаласи ажратилади, лекин фарқи йўқ, десам муболаға бўлмайди. Хусусан, Осиё Кубоги вақтида барча иштирокчи терма жамоаларда массажчи эмас, физиотерапевт деб юритилишига гувоҳ бўлдим.

- Мураббийлар сизлар билан футболчиларнинг ҳолатини муҳокама қилишадими?
- Албатта. Мураббийлар штаби, хусусан, бош мураббий футболчиларнинг ҳолати билан жиддий тарзда қизиқади. Керак бўлса, ҳар бир ўйинчининг соғлиғи билан қизиқиб, уларнинг тайёгарлигини сўраб чиқади.

- Терма жамоамизнинг Осиё Кубогидаги иштироки хусусида қандай фикрдасиз?
- Ўйлашимча, мусобақада ёмон қатшаганимиз йўқ. Гарчи ярим финалга чиқа олмаган бўлсак-да, терма жамоамиз турнирда мазмунли ўйин намойиш қилиб берди. Фикримча, бу таркиб билан 2018 йил Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига бемалол чиқа оламиз. Чунки терма жамоамизда кучли, интилувчан мураббий ишламоқда. Қолаверса, яхши футболчилар ҳам йиғилган. 

- Терма жамоамизнинг мусобақага кўрган тайёргарлиги ҳақида нима дейсиз? Хитойга қарши ўйинда футболчиларимиз жисмоний тарафдан ютқазгандек кўринишди.  
- Хитойга қарши ўйинимиз Австралиянинг Брисбен шаҳрида бўлиб ўтди. Бу шаҳарнинг об-ҳавоси бизга жуда иссиқлик қилди. КХДР билан учрашувдан сўнг Брисбенга сомалётда учдик. Навбатдаги беллашувга футболчиларни тикланишлари учун икки кун бор эди. Бироқ бу икки кун бизга бироз камлик қилди. Шунинг учун жисмоний ҳолатимиз яхши бўлса-да, Хитой билан баҳснинг иккинчи бўлимида чарчоқ сезилгандек бўлди. Бу тайёргарлигимиз ёмон бўлганидан эмас, балки шаҳарнинг иқлимига мослашишимиз қийин кечгани билан боғлиқ эди.

- Мусобақага БААда икки ой давомида тайёргарлик кўргандик. Тайёргарлик жараёнида Австралиянинг муҳити ҳисобга олинмаганмиди?
- Албатта ҳисобга олинган. Шунчаки, барибир қийин бўлди. Жумладан, Австралияга етиб борганимиздан сўнг олти соатлик вақт тафовутини енгиб ўтишимизга 4-5 кун сарфладик. Эътибор беринг, дастлабки 4-5 кунимиз вақт билан курашишга кетди. Кечки пайт уйқу келмайди, кундузи ўз-ўзидан ухлайверасиз. БААдаги йиғинлар давомида мусобақага қадар футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигини оптимал ҳолатга олиб чиқиш учун икки маҳалдан машғулот ўтказилганди. Бунинг самараси ўлароқ турнирда ўйинчилар жисмоний тарафдан рақибларга ютқазгани йўқ.  

- Футболда шифокорларнинг ўрни беқиёс. Улар футболчиларни ўйиндан-ўйинга тайёрлайди, оёққа турғазади. Лекин ўйинчининг муваффақиятида унинг иқтидори-ю, меҳнати эътиборга олинади. Шифокорларнинг меҳнатини ҳеч ким эсламайди. Бу сизларни бироз бўлса-да, хафа қилмайдими?
- Нега энди. Биз бир жамоамиз. Жамоамизнинг муваффақияти учун хизмат қиламиз. Улар ҳам, биз ҳам ўз вазифамизни бажарамиз. Бошқача айтганда “фронт ортидаги ҳарбийлар”миз. Бундан хафа бўлишга ҳаққимиз йўқ. 

- Ҳамкасбларингиз орасида кимларни алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?
- Барчасини, ҳамма ҳамкасбларим билан илиқ муносабатдаман. Лекин барибир энг яқини “Бунёдкор” ва Ўзбекистон миллий терма жамоасида ишлаётган Абдулла Ризбоевдир. У адашмасам 6-7 йилдан буён термада фаолият кўрсатади. Босқичма-босқич барча термаларда ишлаб, мана шунча йилдан буён асосий термада ҳам ишламоқда. Абдулла билан яқин дўстмиз. Футболчилар орасида бир гап борку: жамоадошим билан бир-биримизни сўзсиз тушунамиз деган. Ризбоев иккимиз ҳам бир-биримизни шу даражада сўзсиз тушунамиз. Шунинг учун терма жамоада ҳам тил топишимиз қийин кечгани йўқ. 

Фурқатбек НИШОНОВ суҳбатлашди.  

Манба: www.arena.uz
Киритилди: 21:02, 27.02.2015.
Ўқилди: 5051 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.