Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Shermuhammad Abdug‘ofurov

Forza Inter! «Inter Milan» klubi haqida tahliliy-sub’ektiv blog

Янги Интер: кимлар келди, кимлар кетди?

Баҳо:
+0; -0

Ўтган футбол мавсумининг сўнгидаёқ Роберто Манчини янги мавсум бошига қадар “Интер” таркибида кўп ўзгаришлар бўлишини таъкидлаган эди. Шундай бўлса ҳам, кўпчилик Манчинининг “таркибга 8-9 янги футболчи келади” деган гапини ҳазилга йўйган эди.

Кеча тунда трансфер ойнаси ёпилди. Ҳисоб-китобларга кўра “Интер” ёзги трансферлар учун 100 миллион евро атрофида пул сарфлаган. Шунинг баробарида “Интер” учун кераксиз деб топилган футболчиларнинг сотилишидан 92 миллион евро даромад қилган.

Ўтган мавсум давомида ҳимоя чизиғи “Интер”нинг энг заиф нуқтаси экани яққол сезилиб қолди. Ранокья, Жуан Жесус ва Видич йўл қўйган бир қатор қўпол хатолар унчалик кучли бўлмаган рақиблар билан бўлган ўйинларда Манчини жамоасини қимматли очколардан махрум этди. Шу боис ёзги трансфер ойнаси ҳимоя қўрғонини мустаҳкамлашдан бошланди. “Интер” сафига “Гранада” таркибида тўп сурган ва бу йилги “Копа Америка”нинг энг зўр ёш футболчиси деб топилган Жейсон Мурильо ва “Атлетико”нинг тажрибали ҳимоячиси Жоао Миранда келиб қўшилди. Шунингдек, “Барселона”да иши юришмаган Мартин Монтойя ҳам Роберто Манчини жамоасида ўз омадини синаб кўришга қарор қилди.

Хабарингиз бор, Милан шаҳрининг икки жамоаси ўртасидаги дерби дунёнинг энг машҳур ва кучли дербиларидан ҳисобланади. Бу дерби нафақат Сан-Сиро майдонида, балки майдон ташқарисида, хусусан, трансферлар борасида ҳам давом этади. Бу йил бу икки жамоа Жоффрей Кондогбия учун бир неча кун давомида шиддатли кураш олиб боришди ва якунда “кўк-қора”лар ғолиб чиқишди. Кондогбиянинг кейинроқ айтишича, у бош мураббийи Роберто Манчини билан телефонда гаплашгач, “Интер”ни танлашга қарор қилган.

Ҳимоя ва яримҳимоя озми-кўпми эпақага келтирилгандан сўнг Манчини ҳужум чизиғини мустаҳкамлашга, ўтган мавсум тўпурари Мауро Икардига ёрдамчилар излашга киришди. Аввалига “Манчестер Сити”га сиғмай қолган Стеван Йоветич ҳарид қилинди. Трансфер ойнаси ёпилишига бир неча кун қолганда, салкам икки ой давом этган узоқ ва оғир музокаралардан сўнг, Иван Перишич “Вольфсбург” жамоасидан “Интер”га келиб қўшилди.

Трансфер ойнасининг сўнгги кунида яна уч нафар футболчи “Интер” таркибига келиб қўшилди. “Галатасарой”дан бразилиялик ёш ҳимоячи Алекс Теллес ва яна бир бразилиялик футболчи Филипе Мело эндиликда кўк-қора либосда тўп суради. “Рома”нинг ҳужумкор яримҳимоячиси Адем Льяич ҳам мавсум сўнгига қадар “Интер”да тўп суради.

Мақола бошида айтиб ўтилганидек, “Интер” бир қатор футболчилар билан хайрлашди. Марко Андреоли, Здравко Кузманович, Лукас Подольски каби футболчиларнинг жамоани тарк этиши анча аввалдан маълум эди ва бу трансферларга деярли ҳеч ким кўп эътибор қаратгани йўқ. Лекин, ёш ва умидли яримҳимоячилар Матео Ковачич ва Джердан Шакирининг мос равишда “Реал” ва “Сток Сити”га сотиб юборилиши кўпгина мухлисларни ранжитгани ҳам бор гап. Эрик Тоҳир бу икки трансферга изоҳ бериб, Шакири бош мураббийга кераксизлиги, Матео Ковачич эса УЕФАнинг “молиявий фэйр-плэй” қоидаларига мос келиш учун сотилганини айтиб ўтди. Икки футболчи ҳам “Интер”да ўз ўрнини топишга анча қийналганини эътиборга олсак, менимча, уларни сотиб жамоа раҳбарияти тўғри қарорга келди. “Лацио”дан катта умид ва маблағ эвазига сотиб олинган бразилиялик яримҳимоячи Андерсон Эрнанес ҳам кеча 11 миллион евро эвазига “Ювентус”га трансфер қилинди. Шунингдек, кеча “Интер” Сафир Тайдер ва Эзикель Скелотто билан ҳам хайрлашди. Жазоирлик футболчи “Болонья” таркибига бориб қўшилган бўлса, Скелотто билан шартнома бекор қилинди.

Барча амалга оширилган трансферлардан сўнг “Интер” таркиби ўтган йилги билан солиштирганда умуман бошқача кўриниш олди ва асосий таркибда ўтган мавсумда тўп сурган фақатгина уч футболчига жой топилди, холос. Қуйидаги расм орқали бунга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.

Ёзги трансфер ойнасини таҳлил қилсак, бугунги ҳолат ва имкониятлардан келиб чиқиб, “Интер” жуда яхши ҳаракат қилди, деб ҳисоблаш ўринли. Пьеро Аузилио ва Марко Фассоне бош мураббий Роберто Манчини сўраган деярли барча футболчиларни Миланга олиб келишга эришишди. Қолаверса, дарвозабон Самир Ханданович ва ҳужумчи Мауро Икарди жамоада олиб қолинди. Баъзи ҳаридлар аллақачон майдонда ҳам мухлисларни қувонтиришга улгуришди. Мавсумнинг илк икки ўйинида Мурильо ва Мирандадан иборат ҳимоя чизиғи жуда ишончи ўйин кўрсатган бўлса, Стеван Йоветич илк икки “Интер” рақиблари дарвозасидан жой олган учта тўпнинг барчасига муаллифлик қилди.

Янги мавсум олдидан умидлар катта. Мавсум давомида жамоа чиройли ўйинлари, ғалабалари билан мухлисларни хурсанд қилишига ва мавсум якунида “Чемпионлар лига”сига йўлланма берувчи дастлабки уч ўриндан бирини эгаллашига ишонамиз!

Forza Inter!

Киритилган сана: 01.09.2015 15:47. Ўкилди: 7266 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.